loader
Foto

Ўқувчи болалар мактабга юбкада келиши мумкин

Франция таълим вазирлиги ўз жинсини ўзгартирган ўқувчилар учун мактабда бўлиш шароитларини яхшилашга ёрдам берадиган ҳужжатни чоп этишга тайёрланмоқда.

 «Трансгендер», «нобинар*» ва «интерсекс**». Бир неча ой тараддудланган таълим вазирлиги ўз жинсини ўзгартирган ва мактабда уларга нормал муносабатда бўлишларини истаган ўқувчилар сонининг ўсиб бориши муносабати билан таълим муассасаси ўйнаши керак бўлган ролга аниқлик киритишга тайёрланмоқда. Таълим ҳамжамияти вакиллари эшитгандан сўнг, вазирлик «Трансгендер болалар учун мактаб муҳитида бўлиш шароитларини қандай қилиб яхшилаш» циркулярини нашр қилади.

«Figaro» қўлга киритишга муваффақ бўлган ушбу матн лойиҳасида муаллифлар исмини ўзгартириш, кийим алмаштириш хонаси, ҳожатхона ва дам олиш хоналаридан фойдаланиш бўйича сўровларни қондиришга қаратилган қоидаларни ўрнатишга ҳаракат қилишган. Чунки жойларда мактаб маъмурияти томонидан ҳам, ўқитувчилар томонидан ҳам бундай ўқувчиларга муносабат турлича.

Исмни ўзгартириш масаласи

Аввало, исмни ўзгартириш ва жинсни ҳисобга олган ҳолда исмларни ишлатиш масаласи мавжуд. Агар ўқувчи вояга етмаган бўлса ва ариза иккала ота-онанинг розилиги билан топширилса, "танланган исмни мактаб жамоасининг барча аъзолари ишлатишини таъминлаш керак", дейилади ҳужжатда. Кейин янги исм барча мактаб ҳужжатларида: давомат рўйхати, мактаб ошхона картаси, кутубхона картаси ва компьютер хонаси иш картасида фойдаланилади. Бошқа томондан, бу исм фақат фуқаролик ҳолати далолатномаларида кўрсатилган исмни тан оладиган миллий дипломларни беришда ҳисобга олинмайди.

Агар вояга етмаган ўқувчининг ота-онаси боланинг илтимосига кўра исмдан фойдаланишга қарши эътироз билдирса, муассаса уни ўзгартира олмайди, дейилади ҳужжатда. Ҳамма нарса тушунарлидай, гўё. Лекин ҳозирги кунда бу шунчаки оддий эмас. Уазе ўрта мактабида ота-оналар иккинчи федерациясидан Юбер Салаун уни "нейтрал исм" билан аташларини истаган бир қиз воқеасини ҳикоя қилади. "Ота-онаси ажрашиб кетганди. Ота бунга рози бўлди, лекин онаси рози эмасди. Ўқитувчилар одатдаги исмдан фойдаланишга рози бўлишди. Улардан бири бундан мустасно. У туғилганда берилган исмдан фойдаланишни талаб қилди. Ва мунтазам равишда ўқувчини йўқ, деб белгилаб борди. Шунда ўқувчилар улар устидан шикоят қилиш билан таҳдид қилган ўқитувчига қарши петиция имзолашди".

«Уларнинг танаси ўзларига тегишли»

Давлат таълим муассасалари ўқувчиларининг ота-оналар Федерацияси вакилларининг фикрига кўра, энг қизғин муҳокамалар «ўқувчи ота-онасини хабардор этмасдан танлаган исмни мактаб қабул қила олиши масаласи» билан боғлиқ, чунки охир-оқибатда, «уларнинг танаси ўзларига тегишли». У бундай, деб ҳисобламайди ва бундай вазиятлардан шок ҳолатига тушган оилалар билан мулоқотга чақиради.

Гомосексуаллик мавзуси билан боғлиқ бўлган Sud Éducation касаба уюшмалари федерацияси (барча таълим ходимлари) бошқача фикрда. 21 сентябрда чоп этилган брошюрада касаба иттифоқи ўз ходимларига ота-онасини огоҳлантирмаган ҳолда жинсини ўзгартириш истагида бўлган ўқувчиларга муносабатини яхшилашни тавсия қилади. «Ўқувчилар – болалар ва/ёки ўсмирлар бўлишидан қатъи назар, ўзлари танлаши керак (…) Агар у сиздан бу ҳақида илтимос қилса, ўқувчи танлаган исмдан фойдаланинг», дейилади брошюрада.

Юбка ҳамма учун, лекин ҳожатхона эмас

Мактаб кийимларига келадиган бўлсак, ҳужжат лойиҳасида қоидаларнинг жинсий бўйича табақалаштирилган кўрсатмаларга тушмаслигини таъминлаш зарурлиги таъкидланади. «Рухсат этилган ва тақиқланган кийим ва аксессуарлар барча талабалар учун истисносиз». Бошқача қилиб айтганда, юбка ҳар бир киши учун рухсат этилади, лекин кроп-топ кийиш шарт эмас.

Ва ниҳоят, ҳожатхона, кийим алмаштириш хонаси, дам олиш хонасидан фойдаланишга келадиган бўлсак, ҳужжатда «жойлар мавжудлиги» қараб «турли вариантлар» санаб ўтилган. Қоидага кўра, ўқувчи ўзининг идентификациясига мувофиқ ҳожатхона ва кийим ўзгартириш хонасидан фойдаланишни танлаши мумкин. Бу қоида ётоқхоналар учун ҳам амал қилади. Агар мактабда мавжуд бўлса, талаба "гендерсиз ҳожатхона"дан фойдаланиши мумкин. Мактаб, шунингдек, «умумий кийим алмаштириш хоналари ва душхонадан фойдаланиш жадвалини тузиш ҳақида ўқувчи билан келишиб олиши" мумкин. Бундай қоидалар, "имкон қадар", мактаб экскурсиялари ва саёҳатлар пайтида ҳам қўлланилиши керак.

Жинсни алмаштириш йўли бошланғич мактабдан бошланади

Таълим вазирлиги ҳужжати бошланғич мактабдан тортиб ўрта мактабгача – барча ходимлар учун мўлжалланган. Матнда қайд этилишича, бир неча йил давомида вазирлик гомофобия ва трансфобияга қарши курашиш мажбуриятини зиммасига олади ва бу мажбурият идораларо фаолиятнинг бир кисми ҳисобланади.

«Шуни ёддан чиқармаслик керакки, гомосексуаллик бу — патология эмас», — дейилади ҳужжат муқаддимасида. «Тиббиёт муассасалари, жумладан ЖССТ эндиликда туғилган пайтдаги жинс ва ўзгартирилган жинс ўртасида номувофиқлик руҳий хасталик ҳисобланмаслигини тан олади (…) ёшидан қатъи назар, шахснинг гендер ўзлиги ягона кўрсаткичи унинг ўзини қандай ҳисоблаши саналади».

Абу Муслим таржимаси

*ўзини эркак ёки аёл сифатида ҳисобламайдиган шахс

** Аёл ёки эркак танасининг стандарт таърифларига мос келмайдиган жинсий хусусиятлар билан туғилган шахслар