loader
Foto

Путин дунёсига параллел равишда россияликлар кредитга ботиб боряпти

"Давлат ғазнасида пул керагидан ортиқча. Шу даражада кўп-ки, бунақасини мамлакат кўрмаганига анча бўлган. Россияда энг муҳим экспорт товар бўлган нефтнинг ўзи баррели 85 доллар, яъни 2014 йил нархлар кескин тушиб кетгандан кўп – ўшанда нарх 115 доллардан 30 долларгача тушганди. Кейинчалик нефт фақат бир марта, 2018 йил маълум муддат шу даражада бўлди. Иккинчи ўриндаги муҳим экспорт товари бўлган табиий газ нархи бир неча ҳафтадан бери 2008 йил хом ашё «буми» чўққига чиққан пайтдагидан ҳам катта", - дейди журналист.

"Fitch рейтинг агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу йил бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга нефт ва газ экспортидан 125 млрд доллар (9 трлн рубл) даромад келиб тушади. Бу инқирозли 2020 йилдан қарийб 70% кўп ва ҳаттоки инқироздан олдинги 2019 йил кўрсаткичидан ҳам катта. Молиявий «ёстиқ» ҳам ўсяпти: халқаро олтин-валюта захиралари икки ойдан бери 600 млрд доллардан ортиқ – бу даража ҳам илгари қайд этилмаган. Оғир вақтлар учун захира саналган Миллий фаровонлик фондида 191 млрд доллар ётибди, бу ЯИМнинг 12%ига тенгдир. ЕИ бўйича ўртача 94%га тенг бўлган давлат қарзи эса, аввалгидек, 20%дан паст", - дейилади мақолада.

"Шундай қилиб, давлатда пул бор ва деярли қарз йўқ. Россия фуқаролариан фарқли равишда. Улар бундан анча яхши кунларни ҳам кўришган. 2014 йил иқтисодий шокдан кейин давлат бор кучи билан тежашга уринаётгани сабабли улар ҳеч қандай ортиқча пулни ҳис қилишмаяпти. Бунинг ўрнига улар шу даражада кредитга яшаяптики, ҳатто марказий банк бир неча марта хавотирини эълон қилди. Қарзларнинг ҳаддан ошиб кетиши хавфли пуфакка айланмасмикан?"

"Бир йилда аҳолининг банклардан қарзлари 26% га ошиб, 23 трлн. рублга етди. Бу тарихда биринчи марта одамлар рублдаги ҳисобрақамларда сақлайдиган пул миқдори билан тенглашган ҳолатдир".

"Ипотека билан бир қаторда, ўсиш суръати, айниқса, истеъмол кредитлари учун ҳам юқори. Марказий банк маълумотларига кўра, биринчи саккиз ой ичида улар 14% га ошди ва 11,1 трлн рублни ташкил этди".

"Россияда «пуфак» сўзидан иложи борича фойдаланмасликка ҳаракат қилишади. Лекин барибир Марказий банк хавотирга тушди. "Эҳтимол, вазият ҳали жуда жиддий эмас, - деди Москва ФБК стратегик таҳлил институти раҳбари Игор Николаев Die Presse билан суҳбатда, - лекин, албатта, бир тенденция бор. Ва у камаймаяпти".

"Бир қарашда, иқтисодиёт ва истеъмол соат каби ишлаяпти. (...) Лекин ташқи кўриниш алдамчи бўлади. Бу йил ўсиш суръати 3%ни ташкил қилган иқтисодиёт 2022 йилга келиб, 50 йилдан бери бўлиб келган турғунлик режимига қайтиши кутилмоқда. Жорий истеъмол талаби учдан икки қисмига, сентябрь ойида ўтказилган "Райффайзенбанк" таҳлили кўрсатилгандек, ишлаб топилган пуллар билан эмас, балки қарзга олинган пуллар билан белгиланади".

"Бу қалтис тенденция, "чунки аҳоли тасарруфидаги реал даромадлар узоқ йиллардан бери пасайиб бормоқда", - дейди иқтисодчи Николаев".

"Иш ҳақи ва бандлик ҳозирда яна ўсиб бормоқда, лекин Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, бу ўтган йилги йўқотишларни қоплаш учун етарли эмас, шундай экан, реал даромадга нисбатан тенденция 2019 билан таққослаганда салбий бўлиб қолмоқда. Чунки ҳозир Россияни глобал инфляция қамраб олган. Вазирлик маълумотларига кўра, нарх ошиши олдиндан башорат қилинган 5,8% ўрнига 7,4% бўлади. Албатта, бу қисман Путин шу орқали Ғарбдан ўч олишни истайдиган озиқ-овқат импортига эмбарго каби ички омилларга ва бозор рақобатининг йўқлигига боғлиқ".

"Ғарбдан фарқли раившда, мақсадли инфляция даражасини 4% даражада белгилаган марказий банк асосий фоиз ставкасини мунтазам ошириб боради. Ҳозирги пайтда у 6,75%ни ташкил қилади. Йил давомида у 4,25%г тенг бўлган", - таъкидлайди нашр.

"Буларнинг барчаси кредитларни янада қимматроқ қилади. Лекин бу кредит «буми»ни пасайтирмади. Жумладан, шу сабабли ҳам-ки, кўп одамлар учун карз пуллар омон қолишга ёрдам беради. Москва кредит қарздорларига ёрдам марказидан Александр Докукин интервьюлардан бирида айтганидек, 20%га яқин россияликлар кредит ҳисобига даволаниш учун харажатларни, 18%и болалар таълими учун ва ундан ҳам кўпроғи мавжуд кредитлар бўйича фоизлар учун пул тўлайди. Бу, шунингдек, тобора кўпрок сонли пенсионерлар учун амал қилади. Аксарият учун шахсий банкротлик ягона йўл бўлиб қолади".

"Кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари 10%дан 14%гача эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Оғир аҳволдан чиқиш ва ниҳоят, аҳоли даромадларини яна ошириш учун кўплаб дастакларни босиш керак", - дея хулоса қилади Die Presse. - Бошқа нарсалар қатори давлат ҳам унинг метин тежамкорлигини танқидий кўриб чиқиши мумкин, дейди иқтисодчи Николаев. "Давлат «қора кун»га пул йиғяпти. Аммо ҳукумат яна кўпроқ пул бериши учун қачон у етарли даражада қора рангга бўялади?"

Манба: Die Presse

Абу Муслим таржимаси