loader
Foto

Бирлашиш

Зеро, ҳар бир шахс Ислом аҳкомларидан ўзига керакли бўлганини олаверади. Шунинг учун ҳам илоҳий хитоб, буйруқ ва наҳийлар фақат ёлғиз шахсларга қарата айтилмай, балки ҳаммага баробар айтилган. Қуръонда ва суннатда шариат ҳукмлари шундай баён этилган:

«Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз - шоядки, нажот топсангиз» (Ҳаж сураси, 77-оят).

Мусулмон киши Аллоҳга илтижо қилиб, унга ёлборганида ҳам ўз тилидан эмас, балки кўпчилик номидан илтижо қилади. Масалан: «Сенгагина ибодат қиламан ва сендангина мадад сўрайман», деб эмас, балки «Сенгагина ибодат қиламиз ва сен-дангина мадад сўраймиз», деб илтижо қилади. Аллоҳдан яхшилик ва ҳидоят сўраганда ҳам мусулмон киши ўз биродарларини унутиб қўймайди. «Ўзинг бизларни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Бизларни шундай зотларнинг йўлига бошлагин. Ўзинг уларга тўғри йўлни инъом қилгансан», деб сўрайди. Аллоҳ барча инсонларни тарқоқ ҳолда алоҳида-алоҳида бўлиниб яшасин, деб яратган эмас. Аллоҳ Ўз пайғамбарларини ҳам инсонларни ягона дин ва ягона йўлга етаклаши учун юборган. Аллоҳ азалдан инсонларга ўз динларини бўлиб юборишларини ҳаром қилган. Афсуски, ёлғизликни хоҳловчи, худбин кишилар бу улуғ васиятни унутиб қўйдилар ва илоҳий меросни рад этишди. Натижада, одамлар турли гуруҳларга бўлиниб, бир-бирларига ҳийла-найранг ишлатадиган, ҳатто ёмонликни ҳам раво кўрадиган бўлиб кетдилар.

«(Пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман. Албатта, бу (динингиз) бир миллатдир (яъни ислом динидир). Мен эса, сизларнинг Раббингиздирман, бас, Мендан қўрқингиз!» (Мўминун сураси, 51-52-оят).

Илмнинг ахлоқ ва ихлосдан ажраб қолиши аҳли илмлар учун катта мусибатдир. Дин келгунига қадар одамлар залолатда яшаб, узоқ вақт ҳақ йўлни топа олмасдан қийналган. Инсон ҳаётини дин тартибга солди. Лекин баъзи бир дин пешволари ўз хоҳишларича иш тутиб, илмларини восита қилиб олганларидан кейин кўп кишилар тўғри йўлдан адашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога дуо қилиб, фойдасиз ишдан паноҳ сўрар ва: «Эй умматим, Мендан кейин сизларга маҳмадона мунофиқнинг раҳбар бўлиб қолишидан қўрқаман», дея марҳамат қилардилар. Ҳа, кўнгли бузуқ одам илмни фасод ишларга восита қилиб олади. Азалдан башариятнинг пароканда ва тарқоқ бўлиши ҳам шулар туфайлидир.

«(Эй имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани -шариат қилди: «Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!» (Эй Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишилдрни ҳидоят сари йўллар. Улар (ўтган қавмлар) ўзларига (бўлинмаслик ҳақида) билим (ҳужжат) келганидан сўнг ўзаро ҳасад (адоват) қилишиб, фирқа-фирқа бўлиб кетганлар...» (Шўро сураси, 13-14-оятлар).

«...Ҳужжатлар (оятлар) келгандан кейин, шу китоб берилганларнинг ўзи ҳаддан ошиб (ҳасад қилиб), у тўғрида ихтилоф қилдилар...» (Бақара сураси, 213-оят).

Илм холис Аллоҳ учун ўрганилмаса, бундай илмнинг мусибати қаттиқ бўлиб, мусулмонларни фирқа-фирқага бўлиб юборади. Ҳаётда тушунча ва фикрларнинг бир хил бўлмаслиги табиий. Лекин бу фирқа-фирқаларга бўлиниб кетишга сабаб бўлолмайди. Одамларнинг ўз тушунча ва фикрларини ўз хоҳиш-истакларига биноан ишга солишлари бунга сабаб бўлади. Бу ўринда ҳақиқатни қандай аниқлаш мумкин? Бунинг учун ҳақиқатни топмоқчи бўлганларнинг ниятлари тўғри бўлмоғи лозим. Узоқ йиллар ихтилофга сабабчи баҳс-тортишувлар бўлган. Албатта, бу ихтилофлар сиёсий манфаатларга боғлиқ. Булар Аллоҳнинг динини ҳамда ҳаётни бузувчи бўлганлиги учун Ислом динидан чиқиш ва кофир бўлиш билан баробар бир иш, дея ҳисобланади.

«Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур» (Анъом сураси, 159-оят).

Аллоҳ таоло мусулмонларни динда ихтилоф қилиш, бир-бирларидан фарқ қиладиган, бир-бирига душман бўлиш ва лаънат айтувчи гуруҳларга бўлиниб кетишдан қаттиқ қайтарган:

«Хужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз!

Ана ўшаларга улкан азоб бордир. Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): «Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!» Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир» (ОлиИмрон сураси, 105-107-оятлар).

Кишиларнинг қалбан бир-бирларига яқин бўлиши Ислом таълимотининг улуғлиги ва ўзаро бирдамлик лозимлигига далолат қилади. Бир амални инсон ёлғиз ўзи ёки бошқалар билан биргаликда адо этганида, у амалнинг ажри ҳар хил бўлади. Масалан, намозхон бомдод ёки пешин намозини ёлғиз ўзи қандай адо этса, жамоат билан ҳам худди ўшанда адо этади. Лекин муқаддас динимизда айнан шу намозни жамоат билан адо этган кишига ажрини йигирма баравардан зиёда қилиб белгилаб берди. Бу эса инсонни узлатни тарк этиб, жамоатга бирлашиши, қўшилиши учун бир тарғибдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Уч хил ишга мўминнинг қалби ғашланмайди. Улар: Аллоҳга холис амал қилиш, мусулмонларга самимий муносабатда бўлиш, жамоатга қўшилиб юриш».

Мусулмон киши доимо жамоат билан бирга бўлиши учун Аллоҳ таоло намозларни жамоат билан адо этишни буюрган. Кейин кўпчилик аҳолини бирлаштириш учун ҳар ҳафтада жума намозини, яна каттароқ жамоатни йиғиш учун ҳайит намозларини жорий этган. Ер куррасининг ҳамма жойидаги мусулмонларни жамлаш учун ҳажни фарз қилди ва барча мусулмонларни кўриштириш мақсадида ҳаж ибодати учун маълум макон ва замонни белгилади.

Мусулмонлар тарқоқ бўлмай жамоат-жамоат бўлиб яшашлари учун Расулуллоҳ алайҳиссалом қуйидагиларни айтганлар: «Шайтон битта ёки иккита одамни адаштириб юборишдан умидвор бўлади. Лекин учта одамни адаштира олмайди». Сафарга чиққанларида саҳобаларнинг бўлиниб-бўлиниб дам олишаётганларини кўриб: «Мана шу бўлиниб ўтиришлар ҳам шайтондан», деганлар. Агар инсонларни ҳақ нарса жамламаса, уларни ботил нарса бўлиб-бўлиб юборади. Шунингдек, инсонларни Аллоҳга ибодат қилиш бирлаштирмаса, шайтон уларни тарқатиб юборади. Бундан ташқари, инсонларни охират неъматлари мафтун қилмаса, дунё матоҳлари устида хусуматлашиб қоладилар. Шунинг учун ўзаро душманчилик жоҳилият ва имонсизлик одати ҳисобланган. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Мендан кейин бир-бирингизни ўлдирадиган кофир кимсалардан бўлиб кетманг!». Динимиз инсонларнинг ўз тушунчаларига кўра ҳар хиллигини эътироф этади. Шунинг учун холисона амал қилмоқчи ва ҳақиқатни танимоқчи бўлган кимсага адашса, битта савоб, адашмаса, иккита савоб ваъда қилинади: «Агар бир олим тўғри ижтиҳод қилса, унга икки савоб, агар адашса, бир савоб бўлади», дея Пайғамбаримиз марҳамат қилганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинадан чиқиб кетаётган саҳобаларга: «Аср намозини Қурайза қабиласига етганда ўқинглар», дедилар. Баъзилар Расулуллоҳнинг бу буйруқларини аср намози вақти Қурайза қабиласига етгунча ўтиб кетмаса, деб аср намозини йўлда ўқидилар. Бошқалар эса Расулуллоҳнинг буйруқлари зоҳирини олишди ва аср намозини Қурайза қабиласига етиб олганларидан кейин қоронғу тушганда ўқишди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ижтиҳодларини тўғри қабул қилдилар ва эътироз билдирмадилар. Бу эса илмий ихтилофларнинг олдини олишдаги Ислом кўрсатмасидир.

Бир шайхнинг ҳузурига кишилар келишиб, улар ўртасида бундай савол-жавоб бўлиб ўтди:

-    Намозхонлар масжидда жанжаллашмоқда.

-    Нима учун?

-    Баъзилар таровиҳ намозини саккиз ракаат ўқишмоқчи. Баъзилар эса йигирма ракат.

-    Менинг нима қилишимни истайсизлар?

-    Улар сизнинг фатвоингизни кутишмоқда.

-    Фатво шуки, масжид беркитилиб, таровиҳ намози ўқилмасин. Чунки таровиҳ намози нафл ибодат. Мусулмонларнинг бирлашуви эса фарз. Нафл амал фарз амални тўхтатмаслиги керак. Албатта, Аллоҳ розилиги учун ихлос қилиш, дин ва барча инсонлар учун фойда келтирйши жанжал қилишдан яхшироқдир.

Ислом умматни турли балолардан сақлаб қолиш учун ўз таълимотини етказишга буюради. Афсуски, шунга қарамай умматнинг бўлиниб кетишига сабаб бўладиган бало-офатлар пайдо бўлаверади. Бу борада уламолар тавсияси мана бундай: «Ҳар қандай ёмон-мункар ишни ўзгартириш ёмон ҳолатга олиб борса, у тарк қилинади. Тўғри, бир мункар ишнинг қолиши зарар. Ёмонроқ ҳолатга тушиб қолиши эса катта зарардир. Бу ҳолатда зарари озроқ иш танланади. Ахир, бемор ўзининг тоқатига қараб чора кўради. Агар беморнинг ҳаётига хавф-хатар бўлмаса, чора қилишга ўтади. Акс ҳолда, беморда иллат кетмай қолаверади».

«Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва «шамолингиз» (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол сураси, 46-оят).

Мусулмонларни Аллоҳ Ўз даргоҳидаги савоблар-дан умидвор бўлмаган кимсалар йўлига юришидан қайтарган:

«Ўз юртларидан - кибр ва риёкорлик билан чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар каби бўлмангиз! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини қамраб (ҳисобга) олувчидир» (Анфол сураси, 47-оят).

Ислом умматнинг аҳил ва жипс бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг бўлиниб кетишларига йўл қўйилмайди ва дарҳол унга сабаб бўлувчи омилларнинг олдини олинади. Динимиз душманлари мусулмонларни тўғри йўлдан адаштириш учун аралашиб юрадиган айғоқчиларни белгилайдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Охирги пайтларда умматимда ҳайрон қоларли ишлар рўй беради. Умматни пароканда қилмоқчи бўлганни -у ким бўлишидан қатъи назар - жазоланглар». Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай одамлар ҳақида шундай дейди:

«Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!» (Нисо сураси, 115-оят).

Аллоҳнинг бу огоҳлантиришидан ажабланманг. Чунки мусулмонларнинг бўлиниб кетишлари учун сабаблар бўлганидек, бўлиниш оқибатлари нима бўлиши ҳақида огоҳлантиришлар ҳам бор. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Ким Аллоҳга итоат этмаса ва умматни пароканда қилиб вафот этса, у жоҳилларча ўлган бўлади». «Яхшими, ёмонми, мўминлигига бепарво бўлиб, умматимни ўлдирган кимса биздан эмас». Уммат илмли одамнинг илмидан фойдаланмоғи ва лойиқ кимсаларни ҳурмат қилмоғи лозим. Одамлар амалпарастлик дардига дучор бўлсалар, ўзлари ҳам фойдалана олмайдилар, бошқаларни ҳам фойдалантирмайдилар. Аллоҳ изн берган одам раҳбар - етакчи бўлади. Шунинг учун Ислом мусулмонларни амалпарастликдан қайтаради. Абу Мусо айтади: «Пайғамбаримиз ҳузурларига кирдим. Мен билан икки киши ҳам кириб, улар Расулуллоҳдан, алайҳиссалом, бирор амалга тайинлашни сўраганларида амалга тайинламадилар».

Анвар қори Турсунов

"Фазилатлар китоби"дан