loader
Foto

Дунёнинг ҳаммаси ҳикмат...

Мўмин бу дунёда хотиржам бўла олмайди, ундан насибасини олади-да, қалби билан Ҳақ азза ва жаллага интилади.

Эй инсонлар! Мен сизларни нафс, ҳаво, шайтон ва дунёдан юз ўгиришга чақираман. Шундай ҳолатда ҳаракат қилинглар ва бу ишда ноумид бўлманглар. У зотдан тил учида эмас, қалбларингиз билан сўранглар, Илмига амал қилмаган инсон жоҳилдир. Гарчи хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлса ҳам. Илмни амалсиз равишда таълим олиш кишини халққа қайтарса, уни амал ила ҳосил қилиш Ҳаққа қайтаради ва дунёда беҳожат этади. Бутун ҳаёти давомида Ҳақ азза ва жалланинг Ўзи унга ҳамроҳ бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «У солиҳ бандаларга ёр бўлур» (Аъроф, 196). Аллоҳ уларнинг зоҳирларию ботинларига ҳам ёр бўлади. Уларнинг зоҳирларини ҳиммат, ботинларини илм билан парваришлайди. Шунда улар Ундан бошқадан қўрқмайдилар, умид ҳам қилмайдилар. Фақат Ундан оладилар ва фақат Унинг учун берадилар.

Бу охирзамонда ўзгариш ва алмашишлар кўпаяди. Сен дунёнинг қулисан, халқ учун риёкорлик қилиб, улар учун амал қиласан ва Ҳақ азза ва жалланинг назар қилишини унутиб қўйгансан. Зоҳирда охират учун амал қилиб кўринсанг-да, аслида ҳамма амалинг ва мақсадинг дунё учундир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар банда охират амали билан зийнатлансаю, охиратни ирода қилмаса, осмонларда исми ва насаби ила лаънатланади» (Суютий ривояти).

Эй мунофиқлар, мен сизларни биламан. Лекин Аллоҳ азза ва жалла яширгани боис, мен ҳам сизларни ошкор қилмайман. Аъзоларингиздан уялмайсизларми? Зоҳирни нажосат ва гуноҳлардан покла-май туриб, ботинни поклашни даъво қилманглар!

Эй фарзанд! Қазога рози бўлиш талашиб-тортишиб дунёга етишишдан яхшироқдир. Сиддиқларнинг қалбларидаги ҳаловати шаҳват ва лаззатга етишиш ҳаловатидан яхшироқдир. Инсонларга илм, амал ва ихлос тили билан сўзла, амалсиз илм билан сўзласанг, бунинг фойдаси бўлмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Илм амал билан ҳамоҳангдир. Агар амал унга жавоб берса яхши, акс ҳолда уни тарк қилади».

Ҳолингга вой! Сен қандай қилиб, ундай қавмнинг йўлини даъво қиласан, ваҳоланки, сен ўзингга ҳам ўзгаларга ҳам ишонмайсан. Сенда ер юзида ўзинг қўрқадиган ва умид қиладиган Зотга ишонч йўқ. Сенда зуҳд ҳам йўқ, дунё нарсасини хоҳлайсан. Тавҳид ҳам йўқ, Аллоҳга ишонган бир кимсани кўрсанг, дунё ва охиратдан ажраган фақир сифатида кўрасан.

Эй жамоа, мени тингланглар ва қалбларингиздан менга бўлган муҳаббатларингни чиқаринглар. Ваҳоланки, мен сизларга меҳрибон, оғирларингизни кўтарувчи, айбларингизни ёпувчи, Аллоҳ хузурида яхшиликларингиз қабул, гуноҳларингиз кечирилишига шафоатчи бўлсам, менга қандай туҳмат ва ғийбат қиласизлар?

Эй фарзанд! Мен сени ўзим учун эмас, сени ўзинг учун тайёрлаяпман. Манфаатингни алдамчи дунё қўлидан қутулишини хоҳлайман. Аллоҳ суйган бандасини дунё билан қолдириб қўймайди, балки ҳар лаҳзада Аллоҳ улар билан, улар Аллоҳ билан бўладилар. Уларнинг қалблари доимо Аллоҳ зикрида ва ҳимоясида хотиржамдир. Эй Парвардигор, бизларни ҳам улардан қилгин ва уларни асраганингдек бизни ҳам асрагин.

Эй мунофиқ! Аллоҳ хоҳлаган бандасининг қалбини очади ва у туфайли кўплаб инсонларни ҳидоят қилади ва унга бўйсундириб қўяди. Сен шу мунофиқлигинг билан инсонларни ўзингга қаратмоқчимисан?

Эй ўғлим, шаҳватларни тарк қилиб, қалбинг ила улардан бутунлай поклан. Аллоҳнинг илми ҳеч качон ўзгармайди, сенга насибанг ўз вақтида келади. Сен жаҳолат чўққисида ўтирма, аввал бил, сўнгра ажра.

Аввало, Аллоҳнинг ҳукмларини бил, сўнгра узлатга чекин. Фақат уламолар суҳбатидан чекинмагинки, уларнинг суҳбати узлатингдан афзалдир. Агар бир олимни учратсанг, маҳкам тутиб, ундан илм ўрган. Илм эгаллаганингдан кейин нафсу ҳаво ва шайтонингга эргашмасдан узлат қил. Агар узлат қилсанг, шу қоидага кўра қил. Акс ҳолда узлатинг вақтни беҳуда нарсага сарфланган бир фитна бўлиб, дунёда офатлар дўзахида, охиратда эса мунофиқлар ва кофирлар учун ваъда қилинган дўзахда куяди.

Ҳолингга вой! Илмни даъво қиласану, жоҳилнинг ғазабидек ғазабланиб, унинг хурсандчилигидек хурсанд бўласан. Дунё ва инсонлар ҳурмати билан хурсанд бўлишинг қалбингни қорайтириб, ҳикматни унуттиради. Мўмин киши фақат Аллоҳ билан хурсанд бўла^ди. Агар дунё тоатинг учун бўлса, дунёингдан Аллоҳ йўлида юрганлар манфаатланадиган ва уларнинг тоатларига ёрдам бераётган бўлса, бу яхши. Кечаю кундуз хавфда тургин, токи сени Унинг раҳмати бутунлай ўраб олсин. Эй Аллоҳни танимай, раҳматидан бенасиб қолган киши! Эй Аллоҳга қалбини топширмаган ва ботини билан боғланиб, Унинг амрларини тутмаган инсон, булардан огоҳ бўл!

Эй жамоа! Аллоҳ содиқларнинг қалбларини ёш-ликларидан тўғри йўлга солиб қўяди. Уларга бало келган вақтда қилган сабрлари туфайли Аллоҳга яқинликлари ортади. Бало офатлар уларни хор қилиб қўймайди. Эй уларнинг қалбларига озор берувчи, Аллоҳ раҳматидан маҳрум бўлган банда! Тавба қил!

Эй ўғлим, инсонларнинг хизматини қил ва улар учун камтар бўл, агар шу ҳолингда доимий бўлсанг, уларнинг саййидига айланасан. Ким Аллоҳ учун унинг солиҳ бандаларига тавозеда бўлса, Аллоҳ уни дунё ва охиратда азиз қилади. Бир қавмнинг хизматида бўлганинг учун Аллоҳ даражангни кўтариб, уларга бошлиқ қилар экан, Аллоҳнинг хос бандаларининг хизматида бўлсанг, қандай даражаларга эга бўлар экансан?!

Эй Парвардигор, иноят ва лутфингдан бўлган яхшиликларингни қўлларимизга ва тилларимизга жорий қил.

Ҳақиқий илм ворислари илм, амал ва ихлосда тўғри бўладилар. Сен ўзингга берилмаган нарсага бўйин чўзмасдан, қадрингни бил. Аллоҳ сени қодир қилган нарсаларга рози бўл, амрига бўйин эг. Шунда Аллоҳ сенга илтифот қилади, оғирларингни енгил қилиб, дунё ва охиратда дўстингга айланади. Агар мўминнинг имони қувватли бўлса, муқин деб номланади. Агар муқиннинг ийқони кучли бўлса, ориф дейилади. Орифнинг маърифати кучли бўлса, олим дейилади. Олимнинг илми кучли бўлса муҳиб (Аллоҳни севгучи) дейилади. Агар кишида бу нарсаларнинг барчаси тўғри бўлса, у Аллоҳга яқинлиги туфайли бошқа барча нарсалардан беҳожат бўлади. Унга ҳукм ва илмларнинг сирлари маълум бўлади. Киши бу даражага етса, дунёнинг ўзи унинг ортидан эргашиб юради. У ўзига ризқ келадиган йўлни билмасада, ҳеч ким унинг йўлини тўсиб қўя олмайди. Чунки илми ўчиб, зоил бўлиб кетмаслиги учун Аллоҳ унга барча нарсани муҳайё қилиб қўяди. Гўёки она кўкрагини боласига тутганида, бола истаса-истамаса, ризқ тушганидек ризқи унга етиб келаверади, ихтиёрсиз у билан қувватланиб, ундан зарарлар даф қилиниб, манфаатлар жалб қилиниб туради.

Абдулқодир Жийлоний

"Фатҳур Раббоний" китобидан