Ҳаракатсизлик, ҳаракат, кураш
Соат тобора яқинлашмоқда. Ва бу безовта қилмаслиги мумкин эмас. Бизни шошилинчликнинг ўзи эмас, балки бунга тайёр эмаслигимиз ташвишга солмоқда. Чўзиш, кечиктириш, кейинга қолдириш ташвишларни кучайтиради. Шундай қилиб, биз иродани қўлимизга оламиз, режалар тузамиз ва ҳаракат қилишни бошлаймиз. Жараёнга берилиб кетамиз, натижа бўлмаса азобланамиз, муваффақиятни кўргач – Борлиқ билан муносабатга киришамиз. Кейинроқ эса соатни (ساعة) яна унутганимизни пайқаб қоламиз. Қизиқ, ҳаракатсиз қоганимизда соатни (ساعة) кўпроқ ёдга олардик, демак, унга яхшироқ тайёрланган бўлардик. Ҳаракат қилишни бошлагач эса, нима учун ҳаракат килаётганимизни унутамиз. Ҳаракатсизлик йўқотади, ҳаракат эса чалғитади. Иккала ҳолатда ҳам имтиҳондан йиқиламиз ва умидсиз равишда биоахлат оқимига қўшиламиз. Дилемма ечим талаб қилади.
Кураш ҳолатига киришиш ечим бўлиши мумкин. Кураш режимида ҳаракат қилиб, одам нафақат Соатни эсда тутади, балки бевосита унинг яқинлигини ҳис қилади, у билан бирлашди, шу Соат, Финалга айланади. Онг фақат чексизлик ҳақида далолат бериб, ҳамма нарсанинг Поёни борлигини таъкидлаганда амалга ошади. Амалга ошиш мана шу курашдир. «Жиҳод (кунт билан қилинган ҳаракат, кураш (الجهاد)) амалларнинг энг яхшисидир», деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Лекин кураш бу ўйламасдан у ёқдан бу ёкқа югуриш, жазавали имо-ишоралар ва сабабсиз калтаклаш эмас. «Кураш стратегияни назарда тутади», дейди Ҳайдар Жамол ва Борлиқ тизими билан курашга чақиради.
Трансцендентлик учқуни
(трансцендент - инсонга фақат олий ҳол даражасидагина намоён бўлиши мумкин бўлган моҳият)
Дунё ҳақида ўз тасаввурига эга бўлиш керак. Ҳақиқий, аниқ тасаввурга. Бизга тақдим этилган фактлар реал вокеликка мос келадиган, аниқ карта билан текширилган бўлиши керак. Агар улар мос келмаса, «фактлар учун шунчалик ёмон». Фикрлашда бундай ёндашув нохолислик бўлиб кўринади. Ҳақиқат фактлар ҳақида ахборотни ўзлаштириш асносида юзага чиқади, деб ҳисобланади. Агар кўплаб «факт»ларга эътиборлироқ қарасангиз, улар хусусий фикрлар ва изоҳлардан иборат эканлиги маълум бўлиб қолади. Айнан «фактлар» илгаклари билан бизни ўзгаларнинг реал воқелик хариталари тузоғига туширишга уринишади.
Шу сабабли Жамол айтадики: «аввал дунё ҳақида ўзингизнинг реал, чуқур тасаввурингизни топинг». Биз ички учқунни тинглаб, априори асосларимизни аниқлашимиз керак. Бу "учқун"ни чуқур интуиция, юрак, маънавий ҳис-туйғулар деб атанг. Бу фақат руҳ таъсири эмас, балки қаттиқ ақлий меҳнат натижасидир.
Бизга тушунишни талаб қиладиган фактлар дунёси тақдим этилади. Аммо дунёни тушуниш дунёнинг ўзи ёки унинг ҳосилалари орқали бўлмаслиги керак. Тафаккур объектининг ўзидан фикрлаш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Дунёни фақат бу Дунёдан, Борлиқдан ташқарида англаш мумкин.
Парвардигор эса Борлиқдан ташқаридадир. У инсонга илоҳий, борлиқдан ташқари учқунни - Руҳуллоҳ (روح الله) заррасини киритди. Ва инсон бу трансцендент учқун орқали ҳақиқат харитасини шакллантириши мумкин ва лозим, ҳеч бўлмаганда буни қилишга ҳаракат қилиш керак. Мана шундан кейин ҳар бир далил билим ва онгимизга ўрнатилишидан олдин яхшилаб ишлаб чиқилади.
Онг орзу қилади
Инсон орзу қилади. Орзу қилиш - бу инсон хоҳиши муайян фикрни ёки фикрнинг кўринишини, тасаввурни Борлиқда мужассамлашишини хоҳлашидир. Бўлмайди. Ш маънода бўлмайдики, одам, «статус кво» ҳолатида қолиб, фақат Борлиқ берилганлигини идрок эта олади. Албатта, оддий ва ҳатто илмий ақл инсон барибир кўнглидаги нарсасига ўз меҳнати билан эришаётгани ҳақида жуда кўп "далиллар" тақдим этади, псевдо-эзотерик эса "фикрнинг моддийлашуви" ва ҳ.к. ҳақида гапиради. Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин: ниятлар рўёбга чиққан тақдирда ҳам, улар ҳар доим - "у (унчалик) эмас", "вақтида эмас", "жойида эмас", "бундай эмас", "бу ҳислар эмас", "нотўғри нархда ..." , ва бошқа "...эмас"дир.
Инсон онги шунчаки
Инсон онги шунчаки гувоҳлик берибгина қолмай, балки «моддийлаштиришни буюра оладиган» ҳолат бу Борлиқ олиб ташланиб, унинг ўрнини Янги, Бошқаси алмаштирганда келади. У фақат "ўша дунёда" бўлади ва агар эришилган бўлса, Унинг инояти билан мукофот сифатида берилади. Қуръонда жаннат ҳақида ваъда қилинганидек: « Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир»
Бу эса шуни англатадики, бизнинг орзу-хаёлларга берилувчанлигимиз инерт лой қўғирчоқ ҳолатидан "эркин радикал" ҳолатига ўтишга бўлган ғайришуурий истагимиздан далолат беради. Инсон ғайришуурий равишда Борлиқ ландшафтининг предмети, Борлиқ ўйинчоғи бўлиб қолишни хоҳламайди ёки Борлиқнинг гўзаллиги, даҳшатлари, драмалари, буюклиги, пастлиги, абадий эмаслиги ҳақида пассив фикр юритишни истамайди. У ўз ниятларини шу ерда ва шу пайтда эркин амалга оширишни хоҳлайди, у ўзини Борлиқ диктатурасидан озод қилишни хоҳлайди.
Жамол айтадики: «Эркинлик курашда қўлга киритилади. Кураш стратегияни назарда тутади. Стратегия сюжетни амалга оширишдан иборат. Сюжет эса Мазмунни очиб беради».
Демак (қолгани менинг талқинимда) Инсон дастлаб ўз фикрлашини Борлиқ билан норозилик фаол Иродасига айлантириши лозим. Бунинг учун у Борлиқ (Иблис) архетипидан чиқиши ва Одам архетипига кириши, яъни Одамий бўлиши керак. Сюжетнинг мазмуни шундайми?
Англаб етиш
Америка фильмларидан бирида, аноним лудоманлар (патологик қимор ўйинларига қарам бўлган одамлар) сеанси вақтида фильм қаҳрамони учрашув иштирокчиларига карата дейди: «Сизнингча, ғалаба қозониш истаги сизни казинога жалб қиладими? Бўлмаган гап! Бундай бўлиши мумкин эмаслигини жуда яхши биласиз. Агар бирор нарсани ютган бўлсангиз ҳам, сиз олган ҳамма нарсани ҳавога учириб юборасиз. Йўқ, сиз ютқазишни хоҳлайсиз. Қарсиллатиб ютқазишни. Нега? Чунки тўсатдан бор нарсангизни йўқотиб, сиз ҳақиқий даҳшатни ҳис қиласиз. Ва бу даҳшат сизнинг БОР эканингиз, мавжудлигингизни ҳис қилишга имкон беради. Бу даҳшат пайти сиз ШУ EРДА ва ШУ ПАЙТДАсиз! Борлигингизни, мавжудлигингизни қайта ҳис қилиш истаги сизни ўйинга ундайди ...».
Ҳайдар Жамолнинг айтишича, инсон ўзининг реаллигини ҳақиқатда даҳшат, кучли ларзага келиш ёки оғриқ пайтида ҳис қилади. Лекин, таъкидлайди у, бошқа усул ҳам бор. Онг унга тушадиган предметларни акс еттириш ҳаракати билан тавсифланади. У ўзини кўриши учун акс этиши лозим. Кўзгуда ўзига қараб турган кўз каби. Инсон ўз фикрини нутқда, матнда ёки бошқа бирор артефактда ифодалаганда, ўз онгини кўра бошлайди. Нутқ ёки матн фикрнинг энг яхши инъикосидир (фикр бир вақтнинг ўзида онгнинг ҳолати эканлигига қўшилган ҳолда). Нутқ / матн Тилдан тўқилади.
Кўринишидан, матн ёзиш Ўзликни англашнинг энг яхши усули бўлиб туюлади. Оғриқсиз, йўқотишсиз, зарбасиз. Аммо қийинчиликларсиз бўлмайди. Ёзиш жараёнида ибораларни танлаш, самимийлик ва ҳалолликни сақлаш оғриқсиз жараён эмас. Матн ёзилганда эса одам ўз фикрларининг етук эмаслиги ёки тўмтоқлигини, онгининг заифлиги ва дидсизликни, ҳатто ибтидоийлигини ҳам кўриши мумкин. Кўзгуга қаради ва шишган, хира кўзларни кўрдим. Лекин бори шу. Рулетка сизнинг рақамингизни кўрсатмади. Қабул қилинг ва имзоланг, бу сизнинг фикрларингиз.
Ичимизда биз ўзимиз ҳақимизда ҳар қандай нарсани ўйлашимиз мумкин, лекин биз матнда бошқасини бермадик, яъни бошқаси йўқ эди. Агар биз фақат шу нарсани соғинадиган бўлсак, демак, биз онгимиз ҳақиқатини тўлиқ англамаган бўламиз. Даҳшатга тушиш керак эди.
Даҳшат, мана шу бизнинг фикрларимиз мазмуни ва сифатига яраша муносабатдир. Бу даҳшат бизни ҳақиқий воқеликни ҳис қилишга қайтаради. Ўз онгининг ҳақиқатини ҳис қилиш, эҳтимол янги матнлар ёзишга жалб қилади. Улар аввалгиларидан сифат жиҳатидан яхши томонга фарқ қилади деган умид бор. Қаттиқ ҳаяжондан кейин фикрлаш бошқача бўлади. Унинг ифодасидан кейин фикрлаш ҳар доим бошқача бўлади. Ва бу унинг ҳақиқатини ҳис қилади.
Ва бу матн менинг фикримни даҳшатга солиши керак, акс ҳолда мен ўзимни кўрмайман.
Посткоммуникация
Ноам Хомский ҳақ бўлган кўринади: инсон тили алоқа учун емас, балки фикрлаш учун. Жамолнинг айтишича, тил ривожланиш натижасида пайдо бўлиши мумкин эмасди, у ташқаридан берилган. Тил туфайли, демак, ўз фикрлаши туфайли ҳам инсон аслида инсондир.
Бутун тарих давомида инсон тилдан алоқа воситаси сифатида фойдаланган. Борлиқ тақозоси остидаги алоқа тилнинг таназзулига ёрдам беради. Тил, фақат алоқа воситаси бўлиб, фикрлаш воситаси бўлишдан тўхтайди. Тилнинг кейинги "ривожланиши" мулоқотга тақлид қилишга олиб келади. Бу тўлдириш воситасига айланади ва бундай тўлдиришни ҳозир "контент"деб аташ урф бўлган.
Узлуксиз ахборот оқимига бўлган эҳтиёж жимликка тоқат қилмайди. Лисоний нутқ йўқолиб бормоқда, сўзларнинг маъносиз оқимлари тобора унинг ўрнини эгаллаб бормоқда. Кейинги босқич товушни тақлид қилиш оқимларининг кўпайиши бўлади, сўзларнинг ўзи эса йўқолади. Тил тушунчалар билан ишлаш аппарати сифатида умуман мавжуд бўлмайди. Демак, интеллект йўқолади.
Тилнинг ўлимини нима тезлаштиради? Ўйлайманки, бу энг аввало, ҳар бир паузани тўлдиришга чанқоқлик. Узлуксиз контент етказиб бериш фикрларни етук қилишга имкон бермайди, керакли ишни бажаришга имкон бермайди, ўйлашга имкон бермайди. Баъзан жимлик ўйламай гапиришдан кўра чуқурроқ маънога эга бўлиши мумкин. Жисмоний табиат бўшлиққа тоқат қилмагани каби, инсон ҳаёти ҳам сукутга тоқат қила олмайди.
Тилни ўлдирадиган яна бир сабаб: бу саволнинг сўниши. Агар сиз саволга жавоб бермасангиз, у савол ҳавода муаллақ қолади ва таъқиб қилади. Ва агар сиз жавобни симуляция қилсангиз, унда савол ўчирилади. Шундай қилиб,"зиёлилар","сиёсатчилар" ва, албатта, "руҳонийлар" фикрлаш ва мулоқот тилини инсон кун тартибидан узиб ташлашади. Одамларга фақат тушуниб бўлмайдиган нарсалар ва товушларга тақлид қилиш қолади.
Жамол томонидан қайд қилинган посткоммуникацион давр анъанавий шаманизм учун янги имкониятлар очмоқда. Жаҳолатнинг "Олтин даври" сари олға!
РАВИЛЬ ГУСЕЙНОВ
Абу Муслим таржимаси