loader
Foto

Немис олими Исломдаги бир мўъжизани тасдиқлади

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда инсон вужудидаги, табиатдаги жуда кўп ҳайратланарли илмий далиллар баён қилинган. Уларнинг кўпи замонамизда олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида кашф қилинди ёки тасдиқланди. Келажак технологиялари воситасида очилажак яна кўпгина илмий далиллар борлиги шубҳасиз.  Аллоҳ таоло айтади: “Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!” (Фуссилат сураси, 53 оят)

Анъом сурасининг 21 оятида эса: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар” деган.

Ҳурматли ўқувчилар, қуйидаги маърузада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси эканларига ва биз у зотнинг белгиларини инкор этмай, аксинча сўзсиз эргашишимиз кераклиги ҳақидаги  ишончли ҳужжат-далиллар билан танишасиз. 

Думғаза мўъжизаси

Steißbein – думғаза (хвостцовая кость)

Думғаза инсон умуртқа поғонасининг энг охирги суяги бўлиб, инсоннинг бир аъзоси ҳисобланади, у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Бошқа суяклардан фарқли ўлароқ у ерда чириб ҳам кетмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  кўпгина ҳадиси шарифларида айтилишича, инсон думғаза суягидан яратилган, кейин қиёматда яна шундан яратилади.

Ҳадиси шарифларда айтилишича: Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:“Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади”.

Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ҳадис китобларида, Имом Аҳмад “Муснад”ида ва имом Моликнинг “Муватто”сида ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай деганлар:

“Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – “ажбуз-занаб” деб аталувчи думғазадир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади” (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисларда думғаза ҳақидаги бундай фикрлар ва далиллар ифодасини топган:

- Инсон думғазадан яратилган

- Думғаза ерда чириб кетмайди

- Қиёмат куни ҳар бир инсон шу суякдан қайта тирилади

Қуйида ушбу сўзларни исботловчи илмий далиллар келтирилади.

Илмий далил

1. Ҳомила ривожланишининг даврлари

Нутфа ва тухумҳужайра қўшилганидан сўнг ҳомила (эмбрион) ривожлана бошлайди. Уруғланган тухумҳужайра бўлинишни бошлайди: бир ҳужайрадан иккита, улардан эса тўртта ҳосил бўлади ва ҳоказо. Ҳужайраларнинг бўлиниши ва ривожланиши “эмбрионал диск” шаклланишигача давом этади, улар иккита қатламдан иборат:

1) Ташқи эпипласт:

Бу ерда цитотрофобласт жойлашган бўлиб, у ҳомила она қонидан ва бачадон деворидан керакли озуқа билан таъминланиб туриши учун эмбрионни бачадон деворига маҳкам ўрнаштиради. 

2) Ички хипопласт:

Бунда, Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳомила ҳосил бўлади. 15 кун сўнг эмбрионнинг энг пастки қисмида «жўн тасма» (примитивные полосы) деб аталмиш биринчи чизиқларни пайқаса бўлади. Бу чизиқнинг охирида эса биринчи кичкина чизиқча, яъни «жўн тугунча» (примитивный узел) бор.

«Жўн тасма» ҳосил бўладиган тараф «эмбрионал диск»нинг орқа томони бўлади. Қуйида “жўн тасма” ва «жўн тугунча»дан барча аъзолар ва тўқималар шаклланиши баён этилади.

- Эктодерма: тери ва марказий асаб тизимини ташкил қилади

- Мезодерма: ҳазм қилиш йўли, юрак, қон айланиш, суяклар, сийдик ва жинсий тизимлар,  тўқима ости, лимфа ва талоқларда юмшоқ мушакларни ҳосил қилади

- Этдодерма: овқат ҳазм қилиш тизимидаги шиллиқ парда, нафас олиш тизими, ҳазм қилиш йўлига тегишли аъзолар, қовуқ,  қалқонсимон без ва эшитиш йўлларини ҳосил қилади

“Жўн тасма” ва “жўн тугунча” умуртқанинг охирги қисмигача давом этиб чўзилганидан сўнг булардан думғаза ҳосил бўлади.

Хулоса: думғаза “жўн тугунча” ва “жўн тасма”дан ташкил топган бўлиб, улар ўсиб  уч қатлам ҳосил қилиши мумкин, булардан эса ҳомила шаклланади: эктодерма, мезодерма ва эндодерма.

Эмбрион ривожланишида “жўн тасма”нинг катта аҳамиятга эга эканининг далили сифатида Британиянинг WARNEK қўмитаси (Инсон ирсияти ва уруғлантириш соҳаси бўйича нуфузли қўмита) тадқиқотчи ва шифокорларга сунъий йўл билан уруғлантирилган ва  “жўн тасма” шаклланган эмбрионлар устида тажрибалар олиб борилишини ман қилади.



2. Ҳомиланинг ноқислиги думғазанинг инсон учун она ҳужайра экани далилидир

Думғазанинг сўнгги умуртқасида жойлашган “жўн тасма” ва “жўн тугунча”дан ҳомила пайдо бўлиб ва шаклланганидан кейин “жўн тасма” ва “жўн тугунча” унинг хос хислатларини сақлаб қолади. Бордию улар айний бошласа, ҳомила билан биргаликда шиш (тератома) пайдо бўлиши ва у бузилган ҳомилани айрим тўла шаклланиб улгурган аъзолар  (масалан, тиш, соч ва ҳоказо, шунингдек қўл ва оёқ бармоқлари) билан бирга намоён қилиши мумкин бўларди. Шундай қилиб, жарроҳ бу шишни очиб кўрганида тўлиқ шаклланган аъзолар борлигини аниқлайди.  Бундан думғаза таркибида аслида она ҳужайралари борлиги маълум бўлади.

2-расм: : Тератома -  думғазанинг умуртқа поғонаси билан уланган жойи

3. Ханс Спеманн тажрибалари

Тадқиқотчилар аниқлашича, ҳужайраларнинг тузилиши ва ҳомиланинг ҳосил бўлиши “жўн тасма” ва “жўн тугунча”дан бошланади. Бу қисмлар тузилишидан олдин ҳужайраларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг бўлиниши асло мумкин эмас. Буни исботлаган энг машҳур тадқиқотчилардан бири  немис олими Ханс Спеманндир. У “жўн тасма” ва  “жўн тугунча”лар устида ўтказган тажрибаларида уларнинг ҳомила ривожланишини ташкил қилишини аниқлади ва шунинг учун уни “The primary organizer” (яъни «бирламчи асос» - «бошлаб берувчи») деб атади.

У тажрибаларини амфибиялардан (сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшай оладиган жонзотлар) бошлади. Тажрибаларининг бирида у бир ҳомилани “бирламчи асоси”ни айни шу “ёш”даги (яъни,  учинчи ёки тўртинчи ҳафталик биринчи ҳомила давридаги) бошқа ҳомиланинг эпипластига кўчириб ўтқазди. Бу тажриба кўчириб ўтқазилган “бирламчи асос”дан  иккинчи эмбрионнинг пайдо бўлишига олиб келди. Кўчирилган аъзо “янги муҳит” атрофидаги ҳужайраларга таъсир кўрсатди. Натижада биринчи ҳомила танасида иккинчи ҳомила ҳосил бўлди.

3-расм:

«Бирламчи асос» кўчириб ўтқазилганидан кейин иккинчи ҳомиланинг пайдо бўлиши чизмаси. Манба: Keith L.Moor. The Developing Human.

4. Думғаза ҳужайралари шикастланмайди ва бузилмайди.

1931 йил Спеманн “бирламчи асос” ҳосил қиладиган тўқимани майдалаб, уни қайта кўчириб ўтқазади, майдалаш эса тажрибага таъсир қилмайди ва ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. 1933 йили Спеманн ва бошқа тадқиқотчилар худди шу тажрибани такрорлашади, аммо бу сафар “бирламчи асос” ҳосил қиладиган тўқимани майдалашдан олдин қайнатишади.

Аммо бу сафар ҳам ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бу ҳужайрага ҳеч нарса таъсир қилмаслиги маълум бўлади.

1935 йил  Спеманн “бирламчи асосни” кашф этгани учун Нобел мукофотини олади.

Доктор Усмон ал-Жийлоний ва шайх Абдулмажид Аз-Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди)

Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идиши) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораторияси) олиб боришди. Гистология ва патология университети профессори доктор ал-Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган).

Мўъжиза жиҳати

Муҳаммад алайҳиссаломнинг думғаза ҳақидаги ҳадислари Пайғамбаримизнинг илмий мўъжизаларига киради, чунки эмбриология инсон танасининг барча қисм ва аъзолари думғазадан чиққанини аниқлаган бўлиб, ҳомилашунослик тилида буни «бирламчи асос» (первичный образователь) ҳам дейишади. Бу «бирламчи асос» ҳужайраларнинг кўпайишига ва тўқималарнинг дифференциациялашувига сабаб бўлади, бу эса асаб тизимининг бирламчи шаклда ривожланишига олиб келади. Ўлимдан кейин, Қиёмат куни инсон шу суякдан, аниқроғи шу суякнинг эмбрионни ҳосил қилдирадиган ҳужайраларидан қайта таркиб топади.

2. «Бирламчи асос»ни  такрорий қайта кўчириб ўтқазилиши, майдаланиши ёки куйдирилиши тажрибага асло таъсир қилмайди, эмбрион ҳеч нарсага қарамай ҳосил бўлаверди.  Куйдирилиш ҳам думғаза суяк ҳужайрасининг тўқималарига таъсир қилмаслиги аниқ бўлди. Бу тажрибалар натижаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидаги думғазанинг ерда чиримаслиги ва бутунлай йўқ бўлиб кетмаслигини ҳақидаги гапларини бутунлай тасдиқлади.

(Аллоҳ таоло билувчидир).

Абу Муслим таржимаси

(way-to-Allah.com)

* * * * *

Думғаза ҳақида янги маълумотлар 

Қиёмат сурасининг 3-оятида бундай дейилган: «Инсон унинг суякларини тўплай олишимизга шубҳа қиладими?». Ояти каримада айтиляпти: айрим инсонлар шунчалик нодон ва фаросатсизки, ҳатто ўлганларидан кейин қиёматда Биз уларнинг суякларини тўплаб қайтадан тирилтиришимизга ишонмайди. Бу нарса Бизга асло қийинчилик туғдирмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар: «Суяк ва мурдаларга айланиб кетгач, ҳақиқатан ҳам янгитдан яралиб, тирилармикинмиз?» дейишади» (Исро, 49); «Бу – Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлари ҳамда: «Суяк ва мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб, қайта тириламизми?» деганларнинг жазосидир» (Исро, 98); «Ахир ўша инсон Биз уни олдин ўзи йўқ нарса бўлган пайтида яратганимизни эсламайдими?!» (Марям, 67).

Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг амри билан тупроққа айланган инсонлар ва ҳайвонлар ўсимликка ўхшаб ердан униб чиқади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сўнгра Аллоҳ самодан сув туширади ва инсонлар ердан кўкат ўсгани каби униб чиқадилар. Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи думғазадир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади» (Имом Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом: «Инсон думғаза суягидан яратилган, кейин яна шундан қайта яратилади», деганлар. Яна бир ҳадисда: «Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, яна ундан яратилади», дейилган (Бу суяк умуртқа охиридадир, катталиги нўхатдек бўлиб, ичида илиги йўқ. Замонавий тиббиёт ўн тўрт асрдан сўнг Расули акрамнинг ушбу сўзлари ҳақлигини исботлади: олимлар умуртқа суяги охирида бир неча минг даража иссиқда ҳам эриб-йўқ бўлмайдиган ва инсон коди жойланган махсус суяк борлигини аниқлашди). 

Ушбу оят Умар ибн Робиъа ҳақида туширилган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Менга қиёмат куни ҳақида гапириб беринг, у қачон содир бўлади, унда қандай ҳолатлар бўлади, нималар рўй беради?» деб сўради.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу ҳақда сўзлаб бердилар. Шунда у: «Эй Муҳаммад, ўша куни шу азобларга қолсам ҳам сизни тасдиқламайман ва сизга ишонмайман. Аллоҳ мана шу суякларни тўплай олармиди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширди.