loader
Foto

Исломда ердан ташқари ҳаёт гипотезасига қарашлар

Кўплаб олимларнинг фикрига кўра, ҳаётнинг ердан ташқари шаклларини топиш инсоният учун навбатдаги буюк қадам бўлади. Дарҳақиқат, ушбу ташаббусларнинг энг нуфузли тарафдорларидан бири бўлган америкалик астроном Карл Саганнинг (Carl Sagan) сўзларига кўра, бундай тадқиқотлар «инсон тури учун космик» контекст топишдан иборат, яъни моҳиятан «ўзини ўзи излаш» ҳисобланади.

Эҳтимол, бу гаплар баландпарвоз бўлиб кўринар, лекин бундай кашфиёт жуда катта имкониятлар очиб бериши, бундан ташқари, инсоният тамаддуни ривожига кескин таъсир этишини тушуниш учун башоратчи бўлиш шарт эмас.

Бундай лойиҳани буюк миссия деб ҳисоблаш учун иккинчи сабаб шундаки, унинг муваффақиятли натижасига ўн ва ҳатто юз йилдан кейин умид қилиш мумкин. Ва бу энг оптимал башоратлар ҳисобланади!

Ҳозирги кунда Қуёш тизимига энг яқин бўлган объектларни (Марс, Европа, Титан ва б) истисно қилганда, тадқиқотлар асосан галактик сигналлар/хабарлар топиш ҳаракатидан иборат, бу эса бизнинг транспорт технологияларимиз у қадар ривожланмаганлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бироқ, имкониятлар қанчалик паст бўлмасин, мақсад шу қадар муҳимки, у билан қизиқиб қолиш учун бизда барча асослар бор.

Инсоният Дантов ўлчови билан тўқнашувдан ўзига хос маданий шокни потенциал бошидан кечириши лозим эканлиги сабабли, турли фалсафа ва қадриятлар тизимларининг ердан ташқаридаги ҳаётни излашга бўлган муносабати ва бу изланишларнинг бизларга таъсирини кўриб чиқиш қизиқиш уйғотади.

Ушбу мақолада биз исломнинг умумий позициясини баён қилишга уриниб кўрамиз, бунда ушбу диний анъанада бу масала бўйича узил-кесил фикр йўқлигини ёддан чиқармаймиз. Хусусан, классик давр ва замонавий олимлар талқинида фундаментал ислом матнларини кўриб чиқамиз. Биз гипотеза тариқасида, ердан ташқари тамадун очилишига «ислом» реакциясини баён қилишга уриниб кўрамиз: исломнинг мурожаатини бундай мавжудотларга қўллаб бўладими? Уларда ўз ҳаракатлари учун жавобгарлик хосми? Уларни ажр куни ташвишлантирадими? ва ҳ.к.

Энг бошидан шуни таъкидлашни истардикки, афсуски, бу предметга классик ислом даврида ҳам (X-XIV асрлар), ҳозирги кунларда ҳам камчилик олимлар мурожаат қилмоқда. Бошқа томондан, бу масалага доир диний матнлар талқини шу қадар турличаки, бу мазкур предметнинг муҳокамасини янада қийинлаштиради.

Муҳокамаларимиз предметига ўтишдан олдин иккита муҳим жиҳатни изоҳлашни истардик.

Биринчидан, таъкидлаш жоизки, кўплаб мусулмон олимлар ва Қуръон шарҳловчилари коинотда бошқа оламлар мавжудлиги эҳтимолига қарши камдан-кам эътироз билдирадилар ёки умуман эътироз билдирмайдилар. Уларнинг нуқтаи назарини тасдиқлайдиган қатор оятлар бу далилларни ошкора қилиб қўяди. Уларнинг айримларини кўриб чиқамиз:

«Аллоҳ етти осмонни ва улар мислидек ерни яратган зотдир…» (Қуръон, 65:12)

(кўп марта айтиб ўтилганидек, Қуръон тилида «етти» бу «кўп» демакдир);

«Бас, барча ҳамд осмонларнинг Роббига, ернинг Роббига ва оламларнинг Роббигадир!» (Қуръон, 45:36)

(Қуръоннинг илк оятларидаги каби ғоя: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман! Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин» (Қуръон, 1:1-2)).

Аслида, буюк файласуф ва илоҳиётчи (IX-X аср) ўзининг кўп жилдли тафсирини шундан бошлайдики, унинг фикрига кўра, дастлабки оятлар осмонда ҳаёт мавжудлигини назарда тутади…

Айрим шарҳловчилар, айниқса, классик даврдаги шарҳловчилар «осмонлар» сўзини жисмоний бўлмаган сифатида талқин қилади (яъни фаришталар [1] ва жинлар [2] олами).

Нисбатан яқинда «осмон оламлари» талқини пайдо бўлди. Бу ҳақида замонавий Қуръон шарҳловчиси Юсуф Али (Yusuf Ali) 1934 қуйидаги сўзларни ёзган:

«Ҳаёт фақат бизнинг кичик сайёрамиз билан чегараланмайди. Марс сайёрасида худди одамлар каби тирик организмлар мавжудлиги ҳақида гипотеза аллақачон пайдо бўлган …  ва ҳаёт у ёки бу шаклда коинот бўйлаб сочилиб ётган миллионлаб омон жисмлари орасида мавжуд деб тахмин қилиш мумкин» («Муқаддас Қуръон: матн, таржима, шарҳлар».)

Худди шу тарзда, Морис Бюкай (Maurice Bucaille) ўзининг машҳур «Библия, Қуръон ва фан» китобида ёзадики:

«…Қуръон ўқувчилар бутун Оламда бизнинг еримиз каби ерлар топиш мумкинлигини билгач, жуда ҳайрон қолади …».

Иккинчидан, таъкидлаш жоизки, ердан ташқарида энг оддий шаклда ҳаёт мавжудлиги (масалан, ўсимликлар) мусулмон олимлари орасида ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган. Кўплаб олимлар осмонда ўсимликлар мавжудлиги ҳақида Қуръонда ҳам, масалан қуйидаги оятда ёзилган деб айтадилар:

«…махфий ва ошкор қилган нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?» (Қуръон, 27:25).

Ушбу оятни шундай тушуниш мумкинки, гап ўсимликлар ҳақида кетяпти, чунки араб тилидаги «хаб'а» сўзи («махфий» деб таржима қилинган) «яширин, махфий» маъносини ҳам, «ўсимликлар» маъносини ҳам англатиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, ушбу ишда биз энг оддий ҳаёт шаклларининг кашф қилинишини кўриб чиқамиз, чунки улар катта теологик оқибатларга олиб келмайди.

Исломга кўра, инсоннинг Коинотдаги ўрни

Қадим замонлардан инсониятнинг Коинот ҳақидаги ва унда ўзининг ўрни ҳақидаги тасаввурлари жуда кучли ўзгарган ва ривожланган. Соддалаштирилган-геоцентрик ва антропоцентрик моделдан «оддийлик тамойили»га (унга кўра инсоният – коинотнинг кенг табиий ландшафтида оддий турдан бошқа нарса эмас) ва ниҳоят, антропик моделига (бунда одамлар мавжудлиги Коинот тавсифномаси ва эвлюциясида асосий ролни ўйнайди), шунингдек, коинотлар хилма-хиллиги назариясига (унга кўра бизнинг коинот асосан ҳаётдан ва маънодан маҳрум бўлган сон-саноқсиз коинотлардан бири, холос) ўтиш рўй берди.

Шуниси диққатга сазоворки, инсоннинг Коинотдаги ўрнига исломий қараш бир хил эмас: Қуръонда бизни бор мавжудотлар орасида марказга қўядиган оятлар ҳам, биз – уларнинг орасида ақлан ва ахлоқан масъулиятли бўлганлар ҳам мавжуд кўплаб турлари орасида бири эканлигимизни айтадиган оятлар.

Улардан инсон – қолган ҳамма нарса унинг атрофида айланадиган ўқдир деб хулоса чиқариш мумкин бўган оятлар орасида қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

«Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир.» (Қуръон, 22:65)

«У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди.» (Қуръон, 14:33)

«Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор.» (Қуръон, 31:20)

Шу билан бир пайтда бошқа оятлар инсоннинг Коинотдаги муҳимлигини пасайтиради:

«Албатта, осмонлару ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.» (Қуръон, 40:57).

Юсуф Алининг шарҳлашича:

«Инсоннинг ўзи – коинотнинг заррадай бир қисми, нима учун у ўзини ҳаммадан баланд қўяди?».

Бошқа оятларда айтилишича, инсоннинг, масалан, коинот пилапоясидаги ҳолати маълум даражада нисбий, масалан:

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Қуръон, 17:70)

Таъкидлаш жоизки, «Ўзимиз яратган кўп нарсалар» деганда айрим фарқларга эга бўлган бошқа мавжудотлар мавжудлиги, лекин «мутлақо афзал»лик инсонга бириктириб қўйилгани кўзда тутилади.

Ислом космогониясида инсоннинг Коинотдаги марказий роли ёки муҳимлиги ҳақида ушбу баҳс мусулмонлар анъаналарида ва маданиятида асрлар давомида, асосан мутафаккирлар ва файласуфлар, баъзида эса илоҳиятчилар орасида ҳам давом этмоқда. Мисол учун, исломнинг «олтин асри» машҳур олимларидан бири бўлган Беруний Коинотни «дунёларнинг энг яхшиси» деб, инсонни эса – унинг мавжудлигидан мақсад деб ҳисоблган. Бошқа томондан, Ибн Рушд (Аверроэс – ислом тарихида машҳур файласуф) Коинот унда одам яшаши учун яратилган, лекин ҳамма нарса инсон учун яратилмаган деб ҳисоблаган.

Ердан ташқари ҳаёт шакллари ва Қуръон: «дабба» - танаси бўлган, онгли мавжудотлар

Қуръон – исломнинг муқаддас китоби бўлиб, уни мўминлар Худониннг каломи деб ҳисоблайдилар – у ердан ташқари онгли ҳаёт мавжудлигини турли хилда кўрсатиб ўтган. Бу ишоралар одатда Аллоҳ билан боғлиқ турли мўъжизалар ҳақидаги оятларда мавжуд бўлади.

Айрим олимлар уларни ердан ташқари ҳаёт мавжудлигининг узил-кесил ишораси деб ҳисобласа, бошқалар эҳтиёткорлик билан унинг мавжуд бўлиши эҳтимоли сифатида талқин қилади, бунда кўпинча бу эҳтимол исталган ҳолатда ҳам ислом ақидаларига зид келмаслигини қайд қилади.

Бу оятларнинг айримларини кўриб чиқамиз. Масалан, ердан ташқари ҳаёт мавжудлиги қуйидаги оятда энг очиқ ишора қилинган:

«У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир» (Қуръон, 42:29)

Бу ерда оригинал (ва асосий) сўз «дабба» араб тилидан «жониворлар» сифатида таржима қилинган. Юсуф Али шарҳларига кўра, «дабба» сўзи «барча турдаги жонли судралиб юрувчи ҳайвонлар» демакдир. Бошқа шарҳловчларнинг ҳисоблашича, бу сўз фаришта кабитанасиз руҳий мавжудотлардан фарқли равишда «танаси бор ва ўзи ихтиёрий раившда ҳаракат қила оладиган ҳар қандай онгли мавжудот» маъносини англатади. Худди шу сўз бошқа бир муҳим оятда ҳам қўлланади:

«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. …» (Қуръон, 24:45).

Қуръоннинг 42-сураси 29-оятини шарҳлар экан, XII асрда яшаб ўтган мусулмон олими Шаббир Ахмад Усмани таъкидлайди:

«Бу оятдан яққол келиб чиқадики, худди ер устида турли жониворлар – тирик мавжудотлар – бўлгани каби, улар осмонларда ҳам мавжуд».

Осмонларда Аллоҳ уларнинг устидан ҳукмронлик қиладиган тирик мавжудотлар борлиги кўзда тутиладиган яна бир оят:

«Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар» (Қуръон, 19:93) [3],

сўнгра:

«Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар» (Қуръон, 19:94-95).

Бу эса шуни англатиши мумкинки, ушбу мавжудотларда ахлоқий жавобгарлик ҳақида тушунча мавжуд, улар ўз ҳаракатлари ва меҳнатлари учун жавоб бера олади, бундан хулоса чиқариш мумкинки, ушбу организмлар ривожланган бош мия ва онгга эга.

Шундай қилиб, бу ва бошқа оятлар турли олимлар талқинида Ердан ташқарида ҳам бошқа ҳаётнинг бошқа шакллари мавжудлигини назарда тутади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири, илк ислом даврида Қуръонни мукаммал билган шахслардан бири бўлган ибн Аббос розияллоҳу анҳу юқорида айтилган оятни («Аллоҳ етти осмонни ва улар мислидек ерни яратган зотдир…» (Қуръон, 65:12)) бизнинг сайёрамз каби ва биз каби онгли мавжудотлар яшайдиган кўплаб сайёралар мавжудлиги ва уларда ҳам бизнинг Нуҳ, Исо ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам каби пайғамбарлари борлигининг тасдиқланиши сифатида кўриб чиқади.

Қолаверса, тан олиш керакки, бизга маълум бўлгандек, бу нуқтаи назарни бошқа ҳеч қайси мусулмон олимлари қўллаб-қувватламаган. Лекин шунга қарамай, бу нуқтаи назар илк мусулмон олимлари орасида ўзига хос ўринга эга бўлган (саҳобаларнинг ўзи уни «умматнинг донишманди» деб атаган) энг нуфузли саҳобалардан бирига тегишли эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, жуда қизиқарлидир.

Навбатдаги оят кучли баҳс-мунозаралар ва диққат билан ўрганиш учун учун асос бўлган, чунки ҳисобланадики, унда гап ердан ташқаридаги ҳаёт ва ердан ташқаридаги онг ҳақида боради:

«У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир» (Шуро сураси, 29).

Кам сонли илк шарҳловчилар унда сайёрамиздан ташқарида мавжудотлар борлигига ишорани кўрган. Масалан, клссик даврдаги Қуръон шарҳловчиси Ал-Фарра (IX-X асрлар) гап фақат ер ҳақида кетяпти деб ҳисоблаган ва «уларда» сўзига эътибор қаратмаган. Бошқа классик муфассирлар, масалан, Табари (IX-X асрлар) ва Қуртуби (XIV аср) ҳам гап фақат ер ҳақида кетяпти деб ҳисоблаган, Қуръоннинг энг машҳур шарҳловчиларидан бири Ибн Касир (XV аср) «жониворлар» сўзи умумлаштирилган тарзда одамлар, фаришталар, жинлар ва ҳайвонларни кўзда тутади, агар табиийки, ерда ҳам, осмонларда ҳам жойлаштирилган бўлиши лозим.

Қуръоннинг яна бир классик шарҳловчилар билан Мужоҳиднинг (VII аср) ҳисоблашича, ушбу оятда фақат одамлар (ерда) ва фаришталар (осмонда) ҳақида гапирилади. Бошқа томондан, Ибн ал-Мунир (XIV аср) таъкидлайдики, араб тили меъёрларига кўра, «дабба» сўзи (бу ерда «жониворлар» сифатида таржима қилинган) одамлар ва фаришталарга мансуб бўлиши мумкин эмас, шу сабабли у оятнинг мазмунини фақат ерда яшайдиган мавжудотлар билан чеклаш лозим деб хулоса чиқаради. Боз устига, қайд этилишича, бошқа бир оятда («Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар…» (Қуръон, 16:49)) «фаришталар» «жониворлар»дан («дабба») аниқ ажратилган.

Замонавий шарҳловчи Ал-Алуссий (XIX аср) осмонлар ҳақида ёдга олиб ўтилганини айтади ва шундан хулоса чиқарадики, ушбу оят коинотда ҳам тирик жонзотлар мавжудлигини назарда тутади.

Ҳозирги кунда шарҳловчилар нафақат юқорида келтирилган оятларнинг «осмон» талқинини таъкидлаб кўрсатади, балки баъзида «Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир» ибораси одамнинг бу жонзотлар билан учрашиш эҳтимолини англатади …

Исломнинг ердан ташқаридаги онгга мурожаати қандай?

Агар келажакда биз қандайдир ердан ташқаридаги онгдан аниқ хабар олишимизни тахмин қиладиган бўлсак, мусулмонларнинг бунга жавоби ва ушбу мавжудотларга муносабати қандай бўлади? Юқорида баён қилинган сабабларга кўра бу кашфиёт, шубҳасизки, улкан омма учун маданий «шок» бўлгани ҳолда ислом учун жиддий теологик муаммо бўлмайди. Ҳаттоки ушбу предмет билан боғлиқ бўлган Қуръон оятларини жуда эҳтиёткорлик билан шарҳлайдиган мусулмон олимлари ҳам бу воқеани енгиллик билан қабул қилишга мойилдир, чунки у Худонинг қудрати ва донолигига тўлиқ мос келади.

Албатта, бундай мавжудотларга муносабат кўзда тутилган муайян хислатларга: «ақллилик» даражасига, биз, одамларга бўлган майлига ва энг аввало, уларнинг бизга бўладиган муносабатига боғлиқдир [4].

Тан олиш керакки, бундай учрашув ҳақида мулоҳаза юритадиганлар агар Коиннотда биздан бошқа кимдир борлиги ҳақиқатда аниқланадиган бўлса, қанчалик улкан физиологик, морфологик ва интеллектуал узилиш аниқланиши мумкинлигини доим ҳам тушунмайди. Кўпчилик одамлар морфологик ва психологик тузилиши бўйича бу жонли мавжудотлар ҳеч бўлмаса қисман бизга ўхшаш бўлади, яъни биз у ёки бу тарзда ҳамма инсон турига мансуб бўлган улкан оиланинг қандайдир янги бир аъзосига дуч келамиз деб тасаввур қилади. У билан тўғридан-тўғри мулоқот биз учун ҳалокатли бўлиши мумкинлиги, чунки фан-техника тараққиёти бобида биз улар билан таққослаганда тахминан «тош асри»да бўлиб чиқишимиз мумкинлиги ҳақида камчилик ўйлайди.

Нима бўлганда ҳам, агар биринчи алоқадан кейин узоқ вақт давомида коммуникация тўғридан-тўғри мулоқотсиз юлдузлараро хабарлар билан чекланади деб тахмин қиладиган бўлсак, ушбу босқичда, эҳтимол, морфология ва ташқи кўриниш (тана шакли, қўл-оёқлари ва кўзлари сони, организм тўқималарининг жисмоний хусусиятлари, мулоқот қилиш усули) эмас, балки фақат уларнинг интеллекти ва психологияси аҳамиятга эга бўлади (улар урушқоқми ёки тинчликсеварми? Қандай мантиққа риоя қилади? Альтруистик мойилликлари борми?). Шу сабабли «ўзаро алоқа қилиш» масалалари ҳақида ўйлаб кўриш ва бу мавжудотларга психологик кўникиб олиш учун етарлича вақтимиз бўлади.

Агар интеллектуал ривожланиш бўйича биз алоқага киришадиган мавжудотлар биздан анча узоқ бўладиган бўлса, эҳтимол, биз тўлақонли коммуникация йўлга қўя олмаймиз. Агар уларнинг ривожланиш даражаси бизникидан анча юқори бўлса, ушбу мавжудотлар билан мулоқот қилиш, эҳтимол, агарда чумолилар одам билан мулоқот қилишга киришиш ҳақида қарор қабул қилганида бизнинг улар билан мулоқотимизга ўхшаб кетарди. Бу фикрни инглиз футуролог-ёзувчиси Артур Кларк (Arthur Clark) муваффақият билан ифодалаган:

«Ҳар қандай юқори ривожланган технологияни сеҳргарликдан ажратиб бўлмайди».

Бунинг тескариси бўлган вазиятни кўриб чиқишдан маъно йўқ, чунки, биринчидан, одамни чумоли билан таққослаш ҳамма нарсани тушунтириб беради, иккинчидан, бизнинг техникамиз ривожланиш даражасида ҳали узоқ вақт ким биландир биринчи бўлиб мулоқотга кириша олмаймиз ва агар шунадй рўй берадиган бўлса, бу  ер тамаддунидан кўра юқори ривожланган тамаддун туфайли рўй беради. Шундай қилиб, коммуникация тўлақонлилик шартининг ўзи табиий раившда биз улар билан мулоқот қилишимиз мумкин бўлган ердан ташқаридаги ҳаёт шаклларини доирасини чеклаб қўяди ва унда юмшоқ қилиб айтганда, фақат биз билан таққослаганда фикрлаш тури ва интеллект даражаси юқори бўганларни қолдиради.

Бошқа томондан, қандайдир сабабларга кўра ердан ташқаридаги онг бизга табиий (эволюцион) ривожланиш даражаси бўйича яқин бўлиб чиқиши мумкин, бу эса ўхшаш морфологияни, асосийси, бизга яқин бўлган ақлий ва ахлоқий етуклик даражасини англатади. Илмий фантастика бизга онгли (ақлли) ҳаёт шаклларининг кенг доирасини таклиф қилади, лекин бу айнан фантастикадан бошқа нарса эмас. Эҳтимол, айнан шундай, нисбатан тенг ҳуқуқли «иттифоқ» тузиш мумкинлигини кўзда тутадиган коинот қонуни бордир [5]. Бу имконият, шубаҳсизки, кишига тасалли беради.

Энди яна олға томон қадам ташлаймиз ва фараз қиламизки, биз дарҳақиқат ердан ташқаридаги тамаддун билан алоқа ўрнатганмиз ва унинг вакиллари интеллектуал жиҳатдан биздан кучли фарқ қилмаслиги, унинг марказидан Яратувчининг (бизнинг тушунчавий тизимда Аллоҳ ёки Худо деб аталадиган) ягона ва қудратли эканлиги ғояси ётадиган, унинг мавжудлиги ҳақида бизга улар тамаддунидан келтирилган қандайдир ваҳийлар туфайли маълум бўлган ўхшаш диний эътиқодларга эга эканлиги аниқланди. Бунда мусулмонларнинг жавоби қандай бўлади.

Мусулмонлар, эҳтимол, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатида айтилганидек, Худо томонидан Дунёни идора қилишни топшириш учун юборилган 124 минг пайғамбардан айримлари бизнинг ақл-идрок бўйича биродарларимизга ҳам юборилган бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Пировардида, кўплаб мусулмон олимлар таъкидлаганидек, Қуръоннинг кўп жойларида Худо «оламлар Роббиси» (айнан кўп дунёлар) деб айтилган. Биз ўртамизда теологик мунозаралар бўлиши мумкин деб ўйлаймиз, ҳатто Қуръонга мувофиқ, ҳамма жонзотлар Қиёмат куни барча ҳаракатлари учун Худонинг олдида жавоб бериши ҳақидаги ваъз ҳам ёрдам бермайди (Қуръон, 27:65, 19:93-96).

Яна бир имкониятни кўриб чиқишимиз мумкин, чунончи, бу мавжудотлар қандайдир ваҳийсиз, яъни  иррационал эътиқод орқали рационал таҳлил йўли билан қудратли яратувчи динига келган. Лекин диний нуқтаи назардан, У бизни Коинотнинг бир бурчагида (масалан, бизда) қайсидир жонли мавжудотларга ўгитлар бериб, бошқасида бу ишни қилмаганини тахмин қилиш учун Худонинг ҳукмронлиги ҳақида бу қадар паст фикрда бўлиш нотўғри бўларди.

Шундай қилиб, бу мавжудотлар билан муносабатларда одамлар қандай тамойилларга амал қилади? Агар одамнинг Ерда яшашидан мақсад, Қуръонда айтилганидек:

«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар» (Қуръон, 28:77),

бўлса, шубҳасизки, барча онгли мавжудотларга нисбатан қўлланиши лозим.

 

Ислом ва яқинларга муҳаббат

Инсон ва ердан ташқариданги онг ўртасида юзага келиши мумкин бўлган мулоқот нуқтаи назаридан долзарб аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган исломдаги айрим альтруизм тамойилларига тўхталиб ўтишга рухсат бергайсиз.

Биз бошқа галактикалардан бўлиши мумкин бўлган биродарларимизга нисбатан қўллаш мумкин бўлган умумий биродарлик тамойили каби энг умумий тамойиллардан бошлаб, масалан, диний бағрикенглик каби хусусий тамойилларгача бўлган бу тамойилларни кўз олдимизга келтирамиз.

Шубҳасизки, уларнинг қўлланиши нариги томоннинг кайфияти ва жавоб беришига боғлиқ бўлади. Бу тамойилларнинг айримлари бир-бири билан боғлиқ ва уларни алоҳида кўриб чиқиш ўнғай бўлмайди, бундан маъно ҳам йўқ, шу сабабли санаб ўтилган тушунчаларнинг бир-бири билан кесишиб ўтиши мумкинлигига йўл қўямиз.



Биродарлик

Исломда бутун инсоният биродарлиги тамойили шу қадар муҳим роль ўйнайдики [6], бу уни бошқа галактикалардан бўлган биродарларимизга нисбатан ҳам қўллаш учун асослар беради, албатта агар улар интеллектуал жиҳатдан бизга анча яқин бўлса. Ушбу тур бизга қанчалик яқин бўлса, бундай умумлаштириш шунчалик ўринли деб ҳисобланиши мумкин.

Бошқа томондан, агарда улар тўсатдан урушқоқ ёки қонхўр бўлиб чиқадиган бўлса (одамлардан кўра кўпроқ, албатта) ҳеч қандай инсоний ҳамдардлик бу мавжудотларни ушбу биродарлик аъзолари қилиб қўя олмайди, чунки улар «йиртқич - ўлжа» мантиқига риоя қилади. Бироқ ушбу ҳолатда ҳам, мазкур турнинг хулқ-атвори душманларча бўлиши ирсият билан эмас, балки маданият билан асосланиши шартида ушбу бошқарилмайдиган тур барибир янги муносабатлар ахлоқини ўзлаштириш қобилиятидан умид беради, айниқса, агар бу унинг манфаатларида эканлиги унга кўрсатилган бўлса.

Бу гипотетик галактикалараро педагогика агар алоқа ўрнатилаётган пайтда иккинчи томон бизники билан таққослаганда кичикроқ техник имкониятларга эга бўладиган бўлса, таҳдид шаклига эга бўлиши мумкин. Фарзандларимиз кичик бўлган пайтларда биз у ёки бу даражада муваффақият билан қўллайдиган усул эмаси бу? Фақат агар хабарлар алмашиниш юз йилликлар талаб қилмайдиган бўлса, бу вақт ичида улар технологиялар жиҳатидан кескин ривожланиши ва ушанда бизнинг таҳдидларимиз кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин …

Шунингдек, улар билан бизнинг ўртамиздаги фарқ шу қадар катта бўлишини тасаввур қилиш мумкинки, хабарлар тушунарли бўлишини кафолатлашнинг асло имкони бўлмаслиги мумкин, бу ҳолатда уларнинг идрок қилиш фильтрлари бизнинг биродарлик фикрларимизни ўтказмай қўяди. Эҳтимол, коммуникация қанадайдир универсал табиат қонунлари асосида илгари сурилиши мумкин...



Яқинларга меҳрибонлик

Исломнинг бундан олдинги тамойил билан чамбарчас боғлиқ бўлган ушбу тамойили ҳам бизнинг мулоҳазаларимиз учун улкан аҳамиятга эга, айниқса, галактик биродарларимиз билан тўғридан-тўғри ўзаро алоқаларда.

Яқинларга меҳрибонлик қўшнилардан бошланади: сиз уларга ёрдам беряпсизми, улар ҳақида ғамхўрлик қиляпсизми. Бунинг учун сиз қўшниларни уларга муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бера оладиган даражада яхши билишингиз лозим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунчалар тавсия қилдики, ҳаттоки, уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим», – дедилар».

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганларини эшитдим».

Кўриб турибмизки, ушбу таълимот «бир-бирига хизмат кўрсатиш»дан анча узоққа боради, эҳтимол, бу фидокорона муҳаббат ва альтруизмга асосланади.

Яқинлар ҳақида бу ғамхўрлик диндорлар меҳмондўстлик намойиш этиши лозим бўлган саёҳатчилар ва ажнабийларга нисбатан ҳам амал қилади. Дарҳақиқат, илдизлари Арабистон ярим ороли бадавийлари урф-одатларига бориб тақаладиган бу меҳмондўстликни ислом диний-ахлоқий тамойил даражасигача кўтарди. Агар чўлда келаётган, йўлда адашиб қолган ажнабий билан Ер сайёрасига тасодифан келиб қолган галактикалараро саёҳатчилар ўртасида параллел ўтказадиган бўлсак, бунда маълум бир рамзийлик кузатилмайдими? Албатта, исломда ҳатто жониворларга нисбатан ҳам амал қиладиган яқинларга ғамхўрлик бошқа ҳаёт шаклларига нисбатан ҳам амал қилиши мумкинлигини кутиш мумкин!



Тинчликсеварлик

Ҳамма динлар каби, ислом ҳам тинчликсеварлик тамойилига амал қилади ва уни диний бурчлар қаторига киритади. Қуръонда қон тўкишни тақиқлайдиган универсал қоида белгилаб қўйилган:

«Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. …» (Қуръон, 5:32).

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қатъий айтганларидек:

«Қон ва мулк сиз учун муқаддасдир».

Кўпинча «мусулмонлар муқадас уруши» сифатида нотўғри таржима қилинадиган, кенг муҳокама қилинадиган жиҳод тамойили кўп иштибоҳларга олиб келади. Аслида эса, ислом урушни фақат халқ босқинчиликка учраганда оқлайди, шунда ҳам мос равишда жавоб қайтаришни талаб қилади.



Умумий манфаатлар йўлида ҳамкорлик

Ердан ташқаридаги онг билан дуч келинганда, агар жиддий маданий номувофиқликлар, жисмоний ва биологик характердаги тўсиқлар туфайли нормал ва ҳар томонлама ўзаро алоқалар имкони бўлмаса, барибир савдо ва ҳатто маданий айирбошлаш соҳаларида умумий манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилиш мумкин. Қуръонда айтилишича:

«Эй иймон келтирганлар! … Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг...» (Қуръон, 5:2).

 

Диний бағрикенглик

Бу, эҳтимол, альтруизмнинг энг заиф тури бўлса керак. Энг оддий ифодалашда у шундан иборатки, ўзгаларнинг ишларига аралашмаслик лозим. Кучлироқ маънода у кимнингдир иштирок этишига рози бўлиш, унинг эътиқодини тутиши, кийиниши ва ҳ.к.ни ҳурмат қилишдан иборат.

Лекин шунга қарамай, ҳатто замонавий оламда ҳам бағрикенглик шубҳасиз ҳақиқат ҳисобланади, бошқа динларга нисбатан чидамлилик, бағрикенгликни кафолатланган деб бўлмайди. Муросасизлик турли шаклларда бўлиши мумкин ва унга қарши кураш доимо олиб борилиши лозим. Ислом дин эркинлиги тамойилини қўллаб-қувватлайди. Қуръонда ўқиш мумкинки:

«Динга мажбур қилиш йўқ» (Қуръон, 2:256).

Хулоса

Шак-шубҳасизки, ердан ташқаридаги онг билан тасдиқланмаган алоқа инсониятга, унинг коинот ҳақидаги, ўзининг коинотдаги ўрни ва роли, дин шакли ва ўрни ва ҳатто унинг Худо билан муносабатлари ҳақидаги тасаввурларига кескин таъсир этади. ердан ташқаридаги онгни излаб топиш билан боғлиқ илмий-фалсафий масалаларни («Биз ёлғизмизми?») муҳокама қилар экан, Пол Дэвис (Paul Davies) истеҳзо билан айтиб ўтади:

«Агар ўзга сайёраликлардан хабар олинадиган бўлса, дунёнинг буюк динлари ҳозирги шаклда мавжудликни давом эттиришини тасаввур қилиш қийин».

Аслида ҳам, интеллектга (эҳтимол, юқори даражада ривожланган интеллектга) эга бўлган ўзга сайёралик мавжудотлар динга нисбатан ўз позицияси орқали ёки бизнинг технологиялардан анча устунлик қиладиган ўз технологиялари воситасида бизнинг диний қарашларимизга албатта жиддий таъсир кўрсатади, деб ёзади у.

Бундай учрашувга мусулмон олимлари ва мутафаккирлари қандай муносабатда бўлади? Умуман, ердан ташқарида ақлли мавжудотлар мавжудлиги ва бизнинг улар билан муносабатларимизга исломдаги қарашлар қандай?

Мусулмон олимлари, айниқса, замонавий олимлар муқаддас матнлар ва уларнинг очиқ-ойдин кўриниб турадиган мазмунига тўлиқ боғланиб қолган, лекин муқаддас қоидаларни экстраполяция қилишга унчалик интилмайди ва ояталрнинг либерал шарҳланишидан четда туради. Улар икки позициядан бирига кўпроқ мойиллик намойиш этади:

1) «Худонинг қудратини тўиқ амалга ошириш тамойили»,

2) «антропик моделни тўлиқ амалга ошириш».

Биринчи тамойил Яратилиш буюклигининг интиҳоси сифатида кўплаб дунёлар ва халқлар мавжудлигини кўзда тутади, иккинчи тамойил эса Коинотда бошқа ақлли мавжудотлар борлигини инкор қилади ва одамларни Худонинг халифасига айлантиради.

Иккала томон  ҳам исломнинг битта тамойилига амал қилади: Худо барча тирик нарсаларни, катта ва кичикни, белгиланган мақсадда яратган, гарчи инсон учун доим ҳам тушуниш мумкин бўлмасада. Бунда иккала томон ҳам Худо, одамлар ва коинот ўртасидаги муносабатлар борасида мутлақо бир хил хулосаларга келади: ёки бу ноёб/ўзига хос муносабатлар, ёки «барча йўналишларда чексиз очиқ» муносабатлар. Демак, ердан ташқаридаги онгни излаш улардан қайси бири ҳақ эканлигини кўрсатади, чунки иккала концепцияни текширишга имкон беради.



-------------

[1] Барча монотеистик динларда бўлгани каби, исломда фаришталар бу «ёруғ нур»дан яратилган, фақат Худога бўсунадиган, шу сабабли мустақил бўлмаган руҳий мавжудотлардир. Уларнинг инсон ҳаётида иштирок этиши иккита асосий усули мавжуд деб ҳисобланади: 1) улар ҳар бир кишини ўзининг сояси билан ҳимоя қилади ва унинг ишларини ёзиб боради ҳамда 2) Худонинг амрини етказиш учун жисмоний оламга кириб келади. Айрим замонавий мусулмон мутафаккирлари ҳаттоки уларни табиат кучлари билан боғлиқ равишда тасаввур қилади, фаришталар ҳақида мажозий маънода инсон кўринишидаги қанотли мавжудотлар сифатида тасаввурни инкор қилади. Шундай қилиб, улар фаришталарни моддий эмас, балки зарурат юзасидан бизнинг ҳис килиш органларимизга сезилмайдиган руҳий мавжудотлар сифатида тавсифлайди. Шундай экан, биз ердан ташқаридаги ҳаёт ҳақида гапирганда назарда тутадиган «жониворлар» бўлиш учун улар фақат мажозий маънода даъвогарлик қилиши мумкин. 

[2] Жинлар – Қуръонда кўп марта ёдга олинадига мавжудотлар. Худди ерда яшайдиган одамлар каби, лекин одатда биз уларни фақат «ишонтириш» кучи ҳақида гап кетгандагина идрок қиламиз. Араб фольклорида иблис кўринишида тасвирланишдан фарқли равишда, Қуръонда жинлар эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам қилиши, демак, ислом хабарларини қабул қилиши мумкин бўлган мустақил мавжудотлар сифатида тасвирланади. Мухаммад Асад «Послание Корана» тафсири билан (Лондон, 1980), кўпчиликнинг фикрига кўра, инглиз тилидаги энг яхши вариант бўлган ўзининг Қуръон таржимасида хулоса қилади – ва бу Қуръон классик шарҳловчиларининг якдил фикрига тўлиқ мос келади, –  жинлар – «биздан шу қадар фарқ қиладиган, шу қадар нозик табиатли ва физиологик тузилишга эга бўлган, онг ва ҳис-туйғуга эга бўлган организмларки, одатда биз уларни ҳис қилиш органларимиз билан сеза олмаймиз».

Ўз томонимиздан, жинлар яратилган материя одатий материядан фарқ қилишини айтиб ўтини истардик. Қуръонда «нар ал-самум» (қайноқ шамол олови), «олов тўпи», «тутунсиз олов» каби ифодаларни топамиз. Айримлар бу борада ушбу истиораларни плазма ёки бошқа бир материя тури, масалан, қора материя сифатида шарҳлаб, узоққа борадиган назарияларни илгари суради.

[3] Худди шу ғоя қуйидаги оятларда ҳам келтирилган: «Сен:«Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар.» (Қуръон, 27:65); «Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар…» (Қуръон, 16:49); Қуръоннинг кўплаб оятларида Ердан ташқарида яшайдиган мавжудотлар ҳақида айтиб ўтилади: 24:41, 27:25, 19:93-96, 29:30 и др.

[4] Биз мусулмонлар ўзини тинч ва хотиржам тутишига мисол келтиришимиз мумкин. 1996 йил Юсуф Ислам (собиқ поп-ижрочи Кэт Стивенс, ҳозирда эса британиялик машҳур мусулмон арбоби) Марсдаги ҳаёт ҳақида берилган саволга ҳазиломуз жавоб берган: «Муҳаммад Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам бурача дуёнларга марҳамат сифатида юборилган… Ислом – бутун коинот учун, фақат Ер учун эмас. Биз Марсда ҳам намоз ўқишимиз мумкин, фақат виза беришса бўлгани».

[5] Масалан, биолог С.Л.Бонтинг (S.L.Bonting) худди шу хулосага келади: «Бу жонзотларнинг бизникига ўхшаш бош мия ва нейрон тизимлар бўлишини, демак,  ўхшаш фикрлаш жараёнига эга бўлишини тахмин қилган бўлардим».

[6] «Одамлар тароқ тишларидек бир хил. Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан афзаллиги йўқ. Афзаллик фақат тақвога қараб бўлади» (ҳадисдан).

Манба: Islam-Science.net

Абу Муслим таржимаси