loader
Foto

Ўзга сайёраликлар

Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ):Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ўзга сайёраликлар ҳақидаги гап-сўзлар яқинда чиқди. Турли тахминлардан иборат бўлган бу гаплар илмий асосга эга бўлмаган, ҳужжат-далили йўқ гаплар сирасидан ҳисобланади. Бизнинг дийний таълимотимизда ҳам ўзга сайёраларда одамлар бор ёки йўқлиги ва Аллоҳ уларни яратган ёки яратмаганлиги ҳақида аниқ бир оят, ҳадис ёки ҳужжат-далил йўқ. Баъзи бир оятларда «осмонлару ердаги шахслар» деган маъно бор. Баъзи бир уламолар: «Ўзга сайёраларда ҳам одамлар бўлиши мумкин», дейишган. Лекин аниқ ҳужжат йўқ. Шунинг учун иймон-эътиқод масалаларида бу нарса кўрилмаган. Уламоларимиз ҳам бу нарсаларни муолажа қилишмаган.

Мисрдаги эҳромларни ҳам одамлар қурмаган, деганлари заиф ва асоссиз гап. Балки уларни қурган шахслар ҳақида аниқ ҳужжат-далиллар бор. Шунинг учун, бу фикр ўзга сайёраликларнинг борлигини ҳақийқатга яқинлаштира олмайди. Ўзга сайёраликлар ҳақида турли хаёлларга бориб, вақтни, заковатни бекорга сарф қилишдан кўра, дийну диёнатни ва яхшиликни ўрганишга сарфласак, яхши бўларди. Валлоҳу аълам.

"Зикр аҳлидан сўранг" китобидан