loader
Foto

Баҳоуддийн Нақшбандий тарийқати ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ҳазрати Баҳоуддийн Нақшбанд розияллоҳу анҳу­нинг номларини тилга олган тарийқат уламолари, мутасаввифлар ва бошқа соҳанинг мутахассислари нақшбандийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ва саҳобаларининг амалларига жуда яқин тарийқат эканлигини тан олишган. Бу фикрлар бир неча китобларда ифодасини топган илмий гап ҳисобланади. Ана шу илмий фикрлар яхшилаб ўрганилса, аслида Нақшбандия тарийқати ўзининг асл моҳиятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига энг яқин тарийқатдир. Лекин шу тарийқатнинг баъзи бир одамлари унинг бу ҳолатидан чиқиб, баъзи бидъат, хурофот аралашишига сабаб бўлганлар. Худди ана шу хурофотларнинг ва баъзи бир нотўғри йўлларнинг аралашишига сабаб бўлган тоифалар охирги пайтларда кўпайганлиги кишиларда тасаввуф ҳақида, жумладан, Нақшбандия тарийқати ҳақида ҳам нотўғри фикрлар пайдо бўлишига ва ҳозиргидай саволлар тез-тез такрорланишига сабаб бўлиб қолди.

Шунинг учун билиб қўйишимиз керакки, тарийқат йўли изланадиган бўлса, тасаввуф ҳақидаги илмий йўналишга Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг амаллари ва таниқли руҳий тарбия устозларининг кўрсатмалари асосида қайтадан назар солишимиз ва уни бидъат-хурофотлардан тозалаб олишимиз лозим бўлади.

Зикр, аслида, Аллоҳни зикр қилишдир. Бу ҳар бир мусулмоннинг вазийфаси бўлиб, Аллоҳнинг зикрисиз иш битиши мумкин эмас. Шунга ўхшаш, руҳий тарбия ҳам ҳар бир мусулмон ўзи учун ва-зийфа сифатида қабул қиладиган ишлардан бири-дир. Чунки руҳий тарбия бўлмаса, ибодатнинг ҳам ҳаловати бўлмайди. Аслида, тасаввуф уламолари тарқатган «шайх», «пир» маъноси ҳам шу «руҳий тарбия устози» деган маънони билдиради. «Мурид» эса, шу устозга эргашган «шогирд» маъносини беради. Бошқа илмларни устозлардан ўрганилгани каби, руҳий тарбияга оид нарсани ҳам ана шу ишни яхши билган, Қуръон ва суннат асосида иш олиб борадиган каттароқ устозлардан ўрганиш йўлга қўйилган. Бу нарса ҳозирги кунда долзарб масала бўлганлигидан ҳамда тасаввуф ҳақида саволлар қайта-қайта такрорланганини эътиборга олиб, ожизона ҳаракъат қилиб, қурбимиз етганича Қуръон ва суннат асосида, буюк мужтаҳид уламоларимиз, тарийқат аҳли ва руҳий тарбия устозлари китобларидан фойдаланган ҳолда «Тасаввуф ҳақида тасаввур» номли бир китоб ёзган эдик. Алҳамдулиллаҳ, ундан фойдаланганлар ўз ташаккурларини изҳор этишмоқда. Сизга ҳам ўша китобни ўқиб чиқишни маслахат бераман. Чунки, сиз сўраган саволларга ўша китобда батафсил жавоб берилган. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Зикр аҳлидан сўранг, 1-Жузидан