loader
Foto

Илми калом таназзули

Охир-оқибат аҳли сунна ғолиб чиқди. Ҳукуматлар уларни қўллаб-қувватлади ва «Аҳли сунна ва жамоа» расмий мазҳабга айланиб қолди.

Аммо вақт ўтиши билан калом илми ўзининг жозибадорлигини ва ҳаракатчанлигини йўқота бошлади. Кейинги давр мутакаллимлари аввалгиларга тақлид қилишдан бошқага ярамай қолдилар. Бу илм билан шуғулланган баҳзи бир уламолар Калом илмига фалсафий истилоҳ ва услубларни киритишга ҳаракат қилиб кўрдилар.

Бу тажриба ўта муваффақиятсиз чиқди. Оқибатда ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Ҳатто, калом илми билан шуғулланса бўладими ёки йўқми, деган саволлар ҳам пайдо бўлди.

Имом Авзоъийдан калом илмига шўнғиш ҳақида сўралганда: «Қачон интиҳосига етсанг, сени зиндиқ дейишларига сабаб бўладиган илмдан четда бўл. Иқтидо ва тақлидни лозим тут», деб жавоб берган.

Имоми Аъзамга: «Одамлар янги пайдо қилган аърозлар ва жисмлар каби калом ҳақида нима дейсиз?», дейилганда: «Файласуфларнинг гаплари. Сен асарни ва салафнинг йўлини лозим тут. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарсадан эҳтиёт бўл. Чунки, у бидъатдир», деганлар.

Абдурроҳман ибн Халдун бўлса, ўзининг машҳур китоби «Муқаддима»да: «Калом илмининг якка одамлар ва толиби илмларга фойдаси мўътабардир. Суннатнинг йўлидаги кишига ўз ақийдасидаги назарий ҳужжатларни билмаслик яхши эмас», деган.  

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий баъзилар муболағага кетгани, баъзилар тескари йўл тутганини таъкидлаш билан бирга, ўзи воқеъликдан келиб чиқиб иш тутган. У кишининг фикрича, вақти келганда калом илми ҳалол, мандуб, вожиб, макруҳ ва ҳатто ҳаром ҳам бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, калом илми соф исломий илмдир, деганларнинг гапи юз фоиз тўғри эмас. Шунингдек, калом илми юнон фалсафасининг фарзанди, деганларнинг сўзи ҳам тўғри эмас. Балки калом илмида мазкур икки тарафдан ҳам бор. Мутакаллимлар ақийда масалаларида салафи солиҳ каби фақат Қуръон ва Суннатга суяниб қолмай, баъзи фалсафий ва фикрий гапларни ҳам келтирганлар. Улар аввал Ислом таълимотига биноан эътиқод қилиниши лозим нарсаларни айтиб туриб, уларнинг тўғрилигига ақлий далиллар келтиришга ҳаракат қилганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, рҳимаҳуллоҳ

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан