loader
Foto

Ёмон хотима белгилари

Мунофиқлик икки хил бўлади: эътиқодий мунофиқлик, амалий мунофиқлик. Эътиқодида мунофиқ киши қалбида динга ишонмайди, халқ олдида ўзини мусулмон тутади, у абадий дўзахий бўлади, яъни ҳеч қачон дўзахдан чиқмайди. Амалида мунофиқ киши қалбида заиф иймони бор, лекин амали мунофиқлардай суст. Унда мунофиқлар одати бор, уни иймонсиз, кофир деб бўлмайди, қилмишига яраша ҳисоб қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким риёкорлик қилса, Аллоҳ уни риёкор қилиб қўяди, ким хўжакўрсинлик қилса, Аллоҳ уни мунофиқсифат қилиб қўяди" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Яъни, ким риёкорликни, яхшилигини одамлар эшитишини, машҳурликни яхши кўрса, Аллоҳ уни шарманда қилади. Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилаётганини ҳаммага ошкор этади. Аллоҳдан дунё-ю охиратда офият сўраймиз.

Ёмон хотима белгиларининг иккинчиси, дунё билан алданиб қолиш ва дунёга шўнғиб кетишдир. Бугун инсонларни бир-бирига боғлаб турган нарса мол-дунё бўлиб қолди. Яхши кўриш ҳам, ёмон кўриш ҳам, зиёрат қилиш ҳам манфаат учун қилинади. Ҳатто оналар пулдор фарзандини бошқа болаларидан кўпроқ яхши кўрмоқдалар.

Бандалар эртадан кечгача овқат, телефон, машина, бозор, бола-чақа, қурилиш, об-ҳаво ҳақида гаплашишади. Агар бирортасидан "Бугун Ислом дини учун нима қилдинг?" деб сўрасангиз, жавоб бера олмайди.

Ҳиндистонлик даъватчи Америкага бориб, бир араб йигитга мурожаат қилади: "Мен Муҳаммад (алайҳиссалом) боғи қуриб қолибди, деб эшитиб, сув олиб келдим, уни сиз араблар қуритдингиз!"

Биз ўзимиздан сўрайлик: Аллоҳ йўлида жароҳат олдикми? Аллоҳдан қўрқиб йиғладикми?! Аллоҳнинг дини учун пул сарфладикми? Шу арзимас дунё бизни динимиздан, охиратимиздан чалғитиб қўйдими?

Аллоҳдан ўзимга ва сизларга ғафлатдан уйғонишни ҳамда охиратга яхшиликлар билан тайёргарлик кўришни сўрайман.

Ёмон хотиманинг учинчи белгиси - Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш экан. Баъзилар Аллоҳ уларни азобламасликка ваъда бергандек хотиржам юрадилар. Бошқалари насиҳат қилишса, "Аллоҳнинг раҳмати кенг, ўзимизни яхши одам деб ўйлаймиз”, дейди. Тўқима ҳадислар айтиб, ўзларига ҳужжат қиладилар. "Пайғамбар алайҳиссалом ўз умматига кафил бўлган, мен умматнинг бириман, "Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган киши жаннатий бўлади”, дейишади. Умидвор қилувчи ҳадислар билан бирга, қўрқитувчи ҳадислар ҳам борлигини унутишади.

Ёмон хотиманинг тўртинчи белгиси - Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдир. Ғофилларга энг қийин иш - Аллоҳни зикр қилиш ва намоз ўқиш. Намоз ўқиш, зикр қилиш ҳали режага ҳам киритилмаган. Жума куни Қуръонни чап қўли билан ушлаб бир варақлаб, келаси жумагача ташлаб қўяди.

Ёмон хотиманинг бешинчи белгиси - тавбани ортга суришдир. Тавбага шошилмайди, гуноҳларини кичик санайди, умидларини ҳаддан ортиқ кўпайтиради, хаёлпараст бўлиб қолади. Ўзини мақтайдиган, ҳали эрта, дейдиган бўлади, бу хорлик аломатидир.

Аллоҳ душманлари ҳақида айтади: "(Эй, Муҳаммад,) уларга қўйиб беринг, есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин. Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят).

Айрим кишилар ажали келмагунча тавба қилмайди. Баъзи халифалар ажали келганда йиғлаган, "Ёш кетишимни билганимда, тавба қилардим”, деган. Сизчи, сизга қариб ўласиз, деган хат келганми?

Ҳамма ишга Қодир, қалбларни очувчи Аллоҳдан сизу бизни тавба қилгувчилардан ва тавбаларимизни қабул қилишини сўрайман, бизни тўғри йўлга бошлаб, нафсларимиз ёмонлигидан сақласин. Сизу бизни Ўз раҳмати билан ўраб олсин! Валлоҳу аълам.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, сйҳобаларига, оила аъзоларига саловоту саломлар бўлсин.

Доктор Оиз Қарнийнинг

"Қалблар тизгини" китобидан