loader
Foto

Соликка қилинадиган нидолар

- Солик – Аллоҳ таоло томон юрувчи мурид.

- Ҳиммат – ҳаракат қилишга ундовчи қувват.

- Ҳимматнинг тўхташи, “кўзланган мақсадга етишдим” деб ёки  “шу менга кифоя” деб эътиқод қилиш.

- Кашф қилинганда – аломат кўрсатилганда.

- Ҳақиқат овозлари – ғойибдан келадиган овозлар.

- Табарруж – мойил қилиш учун зийнатланиш.

Ушбу ҳикматда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун мурид бўлиб, ҳиммат камарини боғлаб, ибодат ва тақво йўлида юриб турган шахс – соликка бирор нарса кашф қилинса, яъни одатдан ташқари аломат кўрсатилса, энди мақсадга етдим, дея ҳаракатни тўхтатиб қўйиш фитна экани ҳақида сўз кетмоқда.

Албатта, бу каби нохуш ҳолатлар соликларнинг ҳаётида кўп учраган, учрамоқда  ва бундан кейин ҳам учрайди. Тажриба шуни кўрсатгани учун, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ бу мавзуга ҳам алоҳида аҳамият бериб, ҳикмат айтган.

Одатда баъзи кишилар билиб-билмай турли гуноҳларга ўзини уриб юрадилар. Аллоҳ таоло иноятига олиб, кейинроқ бирор сабаб ила тавба қиладилар. Ибодатларни адо этишга киришадилар. Машойихлардан вазифалар олиб, муридлик ҳам қиладилар. Намоз ўқийдилар, рўза тутадилар, закот берадилар, ҳаж қиладилар, ҳаромдан ҳазар қиладилар, ҳалолнинг кетидан юрадилар ва ҳоказо...

Кейинроқ ўша мурид умрида кўрмаган яхшиликларни кўриши ҳам мумкин. Ана ўшанда мен етишиб қолибман, деган алдамчи ҳис-туйғу уни фитнага сола бошлайди. Шайтон унга васваса қилишни бошлайди. «Сен Аллоҳ таолонинг севган ва муқарраб бандаларидан бўлдинг. Иймонинг мустаҳкамланди, ибодатларни ўз ўрнида адо қилмоқдасан, бунинг устига устозинг берган вазифаларни ихлос билан бажариб турибсан, кечаги кўрган тушинг сенинг етишганинг ҳақида аломатдир» ва ҳоказо...

Бу жуда ҳам хатарли ҳолатдир. Бундай ҳолатга учраган кишиларга энг фойдали насиҳат Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматидаги гаплардир.

«Соликнинг ҳиммати унга кашф қилинганда тўхташни ирода қилса, албатта, унга ҳақиқат овозлари: «Талаб қилаётганинг олдинда», дея нидо қилур».

Яъни «Ўзингга кашф қилинган – кўрсатилган аломатга алданиб қолма! Юраётган йўлингда тўхтама! Авввалгидан ҳам ҳимматлироқ бўлиб йўлда давом эт! Сен талаб қилаётган нарса – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиб, розилигини топиш ҳали олдинда!»

Солик ушбу насиҳатга амал қилиб, бандалик вазифаларини бажариш йўлида тўхтамай давом этса, иншааллоҳ, мақсадга эришади.

Машойихлар демишлар: «Муриднинг тўхташи чарчашидан кўра ёмондир. Чарчашни янгитдан енг шимариш ила тузатса бўлади. Тўхташ эса ўтказиб юбориш ила юзланишни ҳам кесиб қўяди. Бу эса муҳрум бўлишнинг бошидир. Аллоҳ паноҳ берсин!»

Банданинг ўзига қурбатнинг аломатларидан бири кўрсатилганда юраётган йўлидан тўхтаб қолиши катта бахтсизликдир. Ҳар бир банда Аллоҳ таолога йўналган қурбат йўлининг ниҳояси йўқлигини яхши билиши керак. Солик ўзига баъзи кашфлар бўлса, амални аввалгидан ҳам кўра кўпроқ қилишга ўтиши лозимдир.

Бунда солик барча нарсалардаги каби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиши керак. У зотга кашф у ёқда турсин, ваҳий келиб турганига қарамасдан, аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилингани эълон қилинганига қарамасдан ва яна кўплаб ваъдалар берилганига қарамасдан, амални борган сари зиёда қилиб борганлар.

Ағарр Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, қалбимни булут босади ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини босадиган булут нур бўлганлигини таъкидлайдилар.  

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлма¬йинми?» дердилар». Икки шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. Бас, у зот:

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар», дейилган.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳол тунги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан, муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар у зотга ачинар эдилар. Нима дейишларини билмай, ахийри: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам, оёғингиз шишиб кетгунича нафл намоз ўқийсизми?» де¬йишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар.

Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотга Қуръон орқали олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетарди. Бу ҳолга етишдан мақсад эса битта – шукр қилувчи банда бўлиш эди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматнинг иккинчи қисмида соликни йўлдан адаштириши мумкин бўлган икккинчи хатар ҳақида сўз юритади.

«Борлиқдаги нарсаларнинг сирти унга зийнатланиб кўринса, уларнинг ҳақиқати: «Албатта, биз синовдирмиз, бас, куфр келтирма», дея нидо қилурлар».

Ушбу ҳикматнинг биринчи бўлагида соликнинг йўлида унга дастлаб учрайдиган фитна – синов, тўсиқ ҳақида сўз борган эди. Йўлининг аввалги қисмида баъзи кашф қилинган ўзгаришларга дуч келганда, кўзланган мақсадга эришдим, деб алданиб қолиш тўғрисида огоҳлантириш келган эди.

Ҳикматнинг иккинчи қисмида солик анчагина йўлни босиб ўтганидан кейин унга учрайдиган тўсиқлар ҳақида сўз бормоқда. Бунда соликнинг кўзига дунё матоҳлари ёки мақомлари жилваланиб кўриниб, уни фитнага солиши, алдаб, йўлдан оздириши борасида эслатма берилмоқда. Муҳаққиқ уламоларимиз бу босқичдаги фитна асосан икки хил бўлишини таъкидлайдилар.

Биринчиси – соликка мол-дунё эшиклари очилиб, ҳузур-ҳаловат воситалари кўпайши.

Иккинчиси – дунёдаги мавжуд нарсаларнинг баъзи сир-асрорлари кашф бўлиб, одатдан ташқари ҳодисаларнинг унга каромат бўлиб кўринишидир.

Баъзи соликлар ўзларининг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида юриб бораётган йўлларидан маълум масофани босиб ўтганларидан кейин уларга ризқ эшиклари кенг очилиши рўй беради. Айниқса ўша солик даражаси баландлашиб, бошқаларга йўл кўрсатадиган муршид даражасига етган бўлса, дунё матоҳлари унга табарруж қилади. Яъни уни ўзига мойил қилиш учун зийнатланиб, жилва қила бошлайди. Ўша пайтни ғанимат билган шайтон дарҳол васвасани бошлайди: «Сен бу нарсаларга ўз саъйи кўшишинг ила ҳақдор бўлдинг. Энди ҳузур-ҳаловат қиладиган вақт келди. Фурсатни ғанимат бил, маза қилиб қол. Шунча ибодатларни қилганинг етар...»

Ушбу фитнага учганлар ва васвасага кўнганлар йўлдан адашадилар ва худди қуйидаги оятда сифатланган шахсга ўхшаб қоладилар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: «Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир...» (176-оят).  

Диний илмдан хабардор бўла туриб, унга амал қилмаганларнинг таърифи Қуръони каримнинг ажойиб услубига хос тарзда ифодаланмоқда. Аслини олганда, диний илм Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан неъматдир. Бу илм ўша одамни, агар у ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтариши муқаррар.

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик».

Яъни агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «улар», яъни диний илмлар билан мартабасини кўтарар эдик. Илмига амал қилганида, инсон етиши мумкин бўлган энг юқори мартабага эришар, пайғамбарларнинг меросхўри бўлар эди.

«Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди».

Юксалишини хоҳламади, билган илмини оёқости қилди. Ҳавойи нафси ароқ ич, деса, ароқ ичди; ҳаром е, деса, ҳаромни еди; ёлғон гапир, деса, ёлғон гапирди; нотўғри фатво бер, деса, нотўғри фатво берди; ҳукмдорнинг кўнгли нимани тусаса, шариатнинг оёқ-қўлини боғлаб, келтирди. Бу дунёнинг чириб битадиган матоҳини деб ерга ёпишди. Молу дунё, деди. Амал-мансаб, деди. Ҳавойи нафсининг гапига кирди. Охири бориб, ахлат уюми оралаб, тилини осилтириб юрган итга ўхшаб қолди.

«Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир».

Нима қилиб бўлса ҳам, ташланган ахлатни титиб, еса бўлди.

«Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир», дейди Аллоҳ таоло оятнинг давомида.

Оятларни таълим олиб, ўрганган одам билиб туриб, уларга амал қилмаса, уларни ёлғонга чиқарган бўлади. Агар уларни рост деса, амал қилиш керак эди.

Ушбу фитнага учганлар ва васвасага кўнганларга қарата борлиқдаги нарсларнинг ҳақиқати: «Албатта, биз синовдирмиз, бас, куфр келтирма», дея нидо қилурлар».

Мазкур ҳолат соликка молу дунё эшиклари очилиб, ҳузур-ҳаловат воситалари кўпайишига боғлиқ ҳолатдир.

Энди муршид даражасига етган шахсга дунёдаги мавжуд нарсаларнинг баъзи сир-асрорлари кашф бўлиб, одатдан ташқари ҳодисаларнинг унга каромат бўлиб кўриниши ҳақида сўз юритайлик.

Мавзуни яхшироқ англаб етиш учун аввал каромат нималигини яхшилаб тушуниб олайлик. «Каромат» сўзи  «карума» – «якруму» феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади. Одатдан ташқари ишларни каромат дейиш мажозий маънодадир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади.

Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат:

Каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.

Ушбуларга қўшимча тариқасида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва кишиларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло тақво ва зоҳидлик қилган ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил қилиб, валийлик даражасига етган бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсаларни қилдириб, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб, юзага келишини жорий қилади. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг «Валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт», деган гаплари бор.

Дунёдаги мавжуд нарсаларнинг баъзи сир-асрорлари кашф бўлиб, одатдан ташқари ҳодисалар унга каромат бўлиб кўринган шахслар илмсиз ва ҳавои нафсларига учган кишилар бўлса, тамоман бошқача йўл тутадилар. Улар ўз даъволарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушларида кўрганларини айтишдан бошлайдилар. Кейин тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга илтифотлар қилганлари ҳақидаги гаплар тарқатилади. Бундай гапларни асосан муридлар тарқатишади. Шайх ўзини билмаганга солиб туради. Бу услубда ўта усталик ва маккорлик ўзини яширган бўлади. Бирорта билимли киши эътироз билдириб қолса, «Шайх бехабар қолибдилар, нодон муридлар гап тарқатиб юборишибди», дейилади. Эътироз бўлмаса, «ташвиқот шоу» авж олгандан авж олиб бораверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар кеча шайхнинг ҳузурига тушда эмас, ўнгда келаётганлари ҳақида шов-шув тарқатилади. Ундан кейин нима бўлса, бўлаверади...

Қабулимга кирган кишилар ўзларига керакли саволларга жавоб олиш мақсадида қуйидаги гапларни ҳам айтдилар: «Яқинда Янгиобод тарафда бировникига маросимга борган эдик. Ўша ерда бир киши: «Бизнинг шайхимиз ҳар бир муридининг қайси ёнбоши ила ётганини ҳам билиб туради. Бунга иймон келтирмаганнинг ўзи кофир, хотини талоқ», деди. Бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?»

Бунга ўхшаш гаплар тез-тез такрорланиб туриши маълум нарса. Аммо «Фалончи эшоннинг муридлари у кишининг кароматлари ҳақида шариатга тўғри келмайдиган гапларни айтишган экан, у киши уларни сўкибди, «Бундай гапларни айтманглар, шариатга тўғри келмайди», дебди», деган гапни ҳали эшитганимиз йўқ.

Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳдан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг амр ва наҳийни тутганини, чегарада турганини ва шариатни адо этаётганини кўрмагунингизча, унинг билан алданиб қолманг».

Жумҳури салафдан Фузайл ибн Иёз, Иброҳим ибн Адҳам, Абу Сулаймон ад-Дороний, Маъруф ал-Кархий, ас-Сиррий ас-Сиқтий, Жунайд ибн Муҳаммад ва бошқа мутақаддимлар, шунингдек, шайх Абдул Қодир, шайх Ҳаммод, шайх Абул Баён каби мутааххирлар агар солик ҳавода учиш, сув устида юриш даражасига етганида ҳам, шаръий амр ва наҳийлардан чиқиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Балки у ҳамма амрларни бажо келтирмоғи, ман қилинган нарсаларни тарк қилмоғи лозимлигини уқтирганлар. Китоб ва Суннат ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоси айнан шунга далолат қилади».

Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ «Мийзонул Амал» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Билки, Аллоҳ таолонинг йўлидаги соликлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп. Биз сенга доимий равишда кўз ўнгингда сақлашинг учун иккита аломатни билдирамиз:

Биринчи аломат – унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозиси ила тортилган бўлмоғи. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида турмоғи шартдир. Чунки шариатнинг барча макоримларини эгалламасдан туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Ахлоқни тўғриламай туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Бу эса ўз навбатида бир тўп мубоҳларни тарк қилишни ва ман қилинган нарсалардан четда бўлишни ҳамда нафлларни кўп бажаришни тақозо қилади.

Баъзи шайхлардан ушбу ишларни енгил санаш нақл қилинган бўлса, бу айни ғурурдир. Муҳаққиқлар: «Агар сув устида юриб кетаётган кишининг шариатга хилоф иш қилганини кўрсанг, билки, у шайтондир», демишлар.

Иккинчи аломат – соликнинг қалби такаллуфсиз равишда Аллоҳ таоло билан доимий равишда ҳозир бўлмоғидир. Бу ҳозирлик унинг наздида очилган Аллоҳнинг жалоли туфайли лаззатни юксалтирадиган синиқлик, ёлвориш ва хузуъ ила бўлмоғи керакдир».

Бас, солик ва муршидга борлиқдаги нарсаларнинг сирти зийнатланиб кўринса, уларнинг жилваланиши кўзларини олиб қўймаслиги, бу фитнага алданиб қолмасликлари лозимдир. Бундай ҳолатга тушган солик ва муршид ўша нарсаларнинг ҳақиқати нидосига қулоқ оссинлар. Зотан, уларнинг ҳақиқати «Албатта, биз синовдирмиз, бас, куфр келтирма», дея нидо қилурлар».

Аллоҳ таоло барчамизни ҳимматимизнинг тўхташидан асрасин! Борлиқдаги нарсаларнинг сирти бизга зийнатланиб кўринганда, фитнага учрашимиздан Ўзи асрасин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан, 1-жилд