loader
Foto

Инжил

Тахриф

Ислом таълимотига кўра, Янги Аҳд матни бизнинг кунларимизгача ўзининг асл шаклида етиб келгани йўқ ва мавжуд матн фақат қайта ривоят бўлиб, унда асрлар давомида ўзгартиришлар (таҳрифлар) ва қўшимчалар киритилган ва шунинг учун у асл маънони фақат қисман ифодалайди. Хусусан, Қуръонда насронийлар томонидан бузилмаган Инжил матнида Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишини башорат қилгани таъкидланган. Шу билан бирга, Қуръоннинг ўзида Янги Аҳд апокрифларига бориб тақаладиган кўплаб образлар ва мотивлар мавжуд: Марям ва Исонинг туғилиши ҳақидаги ҳикоялар; Исо кўрсатган мўъжизалар ҳақидаги ҳикоялар; ислом чиқишидан олдинги даврда Арабистон ярим оролида маълум бўлган насронийларнинг бошқа оғзаки нақллари.

Илк мусулмон муфассирлари(масалан, ат-Табарий, ар-Розий) Библия китобларининг бузиб кўрсатилиши tahrif bi’al ma’ni, яъни матннинг ўзини ўзгартирмасдан матн маъносини бузиш билан тенг эканлигига ишонч ҳосил қилганлар.  Шунингдек, Имом ал-Бухорий "Саҳиҳ"нинг бир қисми бўлган "Тавҳид китоби" ("Китоб ат-тавҳид") асарида таҳриф матнга эмас, маънога  тааллуқли бўлган ўзгариш (нотўғри талқин) демакдир, деб ёзган эди. Лекин аста-секин tahrif bi’al-lafz, яъни матннинг ўзини бузиш концепцияси ҳукмрон бўлиб қолди.

Ислом таълимотига кўра, Қуръон нозил бўлгач, Инжилдаги диний қоидалар Аллоҳ томонидан бутунлай бекор қилинган.

ЯНГИ АҲД

Янги аҳдни кўпинча Инжил (юнонча «euangelion», яъни «хушхабар») деб ҳам юритадилар. Аксарият инжилшуносларнинг фикрига кўра, Янги аҳд милодий 50-120 йиллар оралиғида ёзилгандир. Ийсо алайҳиссалом юнон тилида гаплашмаган бўлсалар ҳам, хушхабарлар нимагадир юнон тилида ёзилган. Фақат IV асрга келиб, авлиё Иероним Янги аҳдни лотин тилига таржима қилган. Бу асар «Вульгата» номи билан машҳур.

Ийсо алайҳиссалом осмонга кўтарилиб кетишлари билан ҳаворийлар ўз устозларидан эшитган, ўрганган нарсаларини нақл қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан ана шу Ийсо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилни жам қилиш эҳтиёжи туғилди. Сабаби, ҳар хил бошқа Инжиллар, мактублар кўпайиб бораётган эди. II асрда яшаган Папия исмли ёзувчи «Матто Ийсо алайҳиссаломдан эшитган гапларни яҳудий тилида ёзиб борган ва уни ҳар ким ўз билганича таржима қилган» дея гувоҳлик беради. Унинг сўзига қараганда, Инжил Ийсо алайҳиссаломнинг даврларида ёзилган экан. Лекин ҳозирги кунга келиб, ўша Инжил топилмаган. Ҳозирда мавжуд Матто баён этган хушхабар эса умуман бошқа асардир.

Биринчидан, бу асар юнон тилида ёзилган.

Иккинчидан, у Ийсо алайҳиссаломнинг биографияси жанрида ёзилган.

Учинчидан, ушбу асар ихтилофлар билан тўлиб-тошгандир.

Хуллас, II асрлардан бошлаб ҳар хил «Инжил»лар кўпайиб кетди. Ҳар бир оқим ва фирқаларнинг «ўз» муқаддас китоблари бор эди. Улар оқимлар ҳамда фирқаларнинг мафкураси ва таълимотларига тўғри келмаган “Инжил”ларни бемалол рад этар ва асло тан олмас эдилар, ўзлариникини эса илоҳий китоб дер эдилар.Климент исмли епископнинг мактубида (200 йилларда ёзилган) Искандария шаҳрининг ўзида Марк баён этган учта Инжил борлиги ва уларнинг ҳеч қайсиси бир-бирига ўхшамаслиги таъкидланади. Тарихчи олимлар ҳозирги даврда мавжуд канонлашган муқаддас китоблар сирасига кирмаган бир неча юз хил «Инжил» борлигини айтмоқдалар. Маълум вақт ўтгач, черков тўртта Инжилни танлаб олиб, уларни канонлаштирди. Тарихда яна кўп Инжиллар бўлган, лекин ҳар хил сиёсий ва ижтимоий курашлар натижасида улар апокриф асар, яъни черков тарафидан эътироф этилмаган диний ёзувлар деб эълон қилиниб, тан олинмаган ёки мажбуран йўқотилган. Балки, эҳтимол, ҳақиқий Инжил ҳам ўша вақтларда “йўқотиб” ташлангандир. Чунки ҳақиқий Инжилда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари келган эди-да! Ҳозирги мавжуд хушхабарларнинг номлариданоқ уларнинг ҳақиқий эмаслигини билиб олиш мумкин. Мисол учун, «Матто баён этган хушхабар», «Лука баён этган хушхабар», «Юҳанно ва Марк баён этган хушхабарлар» ва бошқалар. Христианлар ҳаворий бўлмаганларнинг мактубларини ҳам илоҳий китоблар, яъни ваҳий орқали нозил бўлган китоблар қаторига қўшадилар. Янги Аҳд – христианлар томонидан муқаддас ёзувлар деб эътироф этилган Библиянинг бир қисми. Янги Аҳднинг номланиши Худонинг одамлар билан Ийсо Масиҳ воситачилигида янги аҳдлашуви ҳақидаги таълимот билан боғлиқдир. У 27 та «китоб»дан, яъни тўртта Инжил, Апостолларнинг қилмишлари, йигирма битта Рисола, Иоанн ваҳийномаси (Апокалипсис)дан иборат.

«Албатта, ҳозирги одамларнинг қўлидаги Таврот ва Инжил китоблари Аллоҳ Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга туширган ҳолидагидай эмас. Диний ходимлар ва роҳибларнинг йўлдан озишлари ва ўзларича қўллари билан ёзишлари, ўзларидан олдингиларга тақлид қилишлари оқибатида бу икки китобга ўзгартириш, алмаштириш, қўшиш ва олиш ишлари ориз бўлган. Шунинг учун ҳам улар илмий, ақлий ва табиий ҳақиқатга хилоф нарсалар билан тўлиб-тошганлар. Уларда Аллоҳга ширк келтиришга даъватлар ҳам бор» .

Аслида эса Ийсо алайҳиссаломга Инжил оятлари нозил бўлган ва Ийсо алайҳиссалом бу Инжилни ўз қавмларига етказишга ҳаракат қилганлар.

Ҳақиқий Инжил мавжуд бўлганлиги ушбу «хушхабарлар»да ҳам эътироф этилган: «Яҳъё қамаб қўйилганидан сўнг Ийсо Жалилага қайтди. У Худонинг шоҳлиги ҳақида хушхабар тарқатди. «Вақти-соати келди, Худонинг шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга иймон келтиринглар!» деб ваъз қилиб юрди» , яъни мазкур хушхабар ёзилишидан кўп йиллар аввал Ийсо алайҳиссалом ва ҳаворийлар ҳақиқий Инжилга иймон келтириш лозимлигини эълон қилиб юрган эканлар.

Ийсо алайҳиссалом ва ҳаворийлар гувоҳ бўлаётган ана шу Инжил китоби қани? Ахир ушбу хушхабар (яъни Марк баён этган хушхабар) ёзилишидан камида 20-30 йил олдин Ийсо алайҳиссалом баён этган Инжил мавжуд бўлганлигини бу китоб ҳам тасдиқламоқда-ку.

«Ийсо бунга жавобан деди:

–Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади» .

Ийсо алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам ер юзида юрган вақтларида одамларга Инжилга иймон келтириш савобли амал эканлигини баён қилганлар. У зот алайҳиссалом Марк, Матто, Лука, Юҳанно исмли хушхабарчиларнинг «Инжил»ларига эмас, балки ўзларига Аллоҳ таолодан нозил бўлган ҳақ Инжил китобига иймон келтиришнинг аҳамияти ҳақида баён қилганлар.

Саволни яна такрорлайман: Ийсо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжил қани?

III аср охирлари ва IV асрларда император Константин насроний динини давлат дини даражасига кўтарди. Ўша императорнинг ташаббуси билан 325 йили Никеяда ўтказилган I жаҳон соборида ва император Феодосий томонидан 381 йили Канстантинополда ўтказилган II соборда учлик ақийдаси асосий эътиқод тимсоли қилиб қабул қилинган. Бу ақийдага қўшилмаганларни эса бидъатчи деб қоралаб, қувғин остига олганлар. Айнан ўша пайтларда черков руҳонийлари тўртта хушхабарни ва ҳаворийларнинг бир неча мактубларини ҳамда Юҳанно исмли хаворийнинг «ваҳийси»ни канонлаштирди, яъни уларга «илоҳий китоб» (Янги аҳд) мақомини берди. Ҳозирда носароларнинг қўлларидаги ушбу китоблар мажмуаси «Инжил» номи билан аталади ва Худо ваҳий – илҳом орқали ҳаворийларга нозил қилган китоб, дея уларга иймон келтирадилар. Лекин бу гапларнинг асоссиз эканини “Инжил”нинг ўзи исботлаб қўйган.

«Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошиданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин, эй муҳтарам Теофил, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим» .

Луканинг гувоҳлик беришича, у ўзи ёзган нарсаларнинг гувоҳи бўлмаган экан. Энг муҳими, бу китоб ваҳий эмас, балки барча маълумотлар унга нақл орқали етиб келган экан ва бу китобни у Теофил исмли номаълум одамга ёзган экан. Аммо черков руҳонийлари Луканинг сўзларини эътиборга олмадилар ва хушхабар муаллифининг сўзларига зид равишда «Бу китоб Лукага ваҳий орқали нозил бўлган», дея уни ёлғончи қилдилар.

Абу Муслимнинг

"Миссионерлар ҳамласи" китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

НАСРОНИЙЛИК ТАРИХИ

Шажара

Қуллик