loader
Foto

Сифатнинг сондан афзаллиги

Қуръони Карим ақлсиз, билимсиз, мўмин бўлмаган, шукр қилмаган кўпчиликни ёмонлаган. Бу ҳақда бир қанча оятлар бордир:

“..Йўқ, уларнинг кўплари ақл юргизмайдилар”. (Анкабут сураси, 63-оят)

“..Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”. (Аъроф сураси, 187-оят)

“..Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар”. (Ҳуд сураси, 17-оят)

“..Лекин жуда кўп одамлар шукр қилмайдилар”. (Бақара сураси, 243-оят)

“..(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, улар Сизни Аллоҳнинг Йўлидан оздирурлар..” (Анъом сураси, 116-оят).

Шу билан бирга Қуръон оз бўлсаларда мўмин, амал қилувчи, шукр қилгувчи бандаларни мақтаган:

“..Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздирлар..» (Сод сураси, 24-оят).

“..Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят).

Демак, солиҳ мўминларнинг саноғини кўпайтирмоқ муҳим экан.

Кўпчилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини зикр қиладилар: “Оила қуринглар, насл-насаб қолдиринглар, кўпаюрсизлар. Чунки мен сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида фахрланурман”.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳил, фосиқ, золим умматлари билан эмас, балки покиза, фойдали амал қилувчи умматлари билан фахрланадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамлар юзта туяга ўхшайдики, унинг ичида минадиганини топмайсан”. Яъни, одамларнинг ичида яхшилари нодирдир, худди уловлар ичида сафарга, минишга, юк ортишга ярайдиган яхши уловни топиш мушкул бўлганидек.

Инсон фарзандининг фазилат жиҳатидан ҳам, бошқа сифатлар жиҳатидан ҳам ҳайвонлардан, яна бошқа махлуқотлардан фарқи кўпдир. Ҳадисда келади: “Бирор нарса, ўша нарсанинг мингтаси тўпланса ҳам, ундан инсон яхшироқдир”.

Бизлар ҳар бир нарсада саноққа, кўпликка, рақамларни минг, миллион билан кўрсатишга ўрганганмиз. Кўпинча мана шу кўпликнинг ортидаги нарса, мана шу рақамлар нима қилиб бера олиши бизни қизиқтирмайди.

Қуръони Карим бизларга Толут аскарларининг саноғи Жолутнинг аскарлари саноғидан оз бўла туриб қандай ғолиб бўлганининг хабарини беради:

“Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: «Албатта Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса, менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, у мендандир. Магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса (жоиздир)». Бас, у дарёдан озгиналаридан бошқа ҳаммалари ичдилар. Энди қачонки у иймон келтирган кишилар билан бирга дарёдан ўтгач, (аскарлар) айтдилар: «Энди бу кун Жолут ва унинг лашкарларига кучимиз етмайди». (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир», дедилар” (Бақара сураси, 249-оят).

Яна Қуръони Карим бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳобларининг саноқлари мушрикларнинг саноғидан оз бўла туриб Бадр жангида қандай ғалаба қозонганларининг ҳам хабарини беради:

“..Ахир Аллоҳ Бадр (жанги)да кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Шунда шояд (Унинг неъматларига) шукр қилгайсиз” (Ол-и Имрон сураси, 123-оят).

“Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва заиф-бечора бўлган ҳолларингиз-да, одамлар (яъни, Макка мушриклари) сизларни талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда (Аллоҳ) сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз’”. (Анфол сураси,26-оят)

Лекин мусулмонлар Ҳунайн жангида мағлуб бўлдилар, нега? Чунки улар сифатга эмас, саноққа эътибор қаратдилар. Саноқларининг кўплиги уларни алдаб қўйди, руҳий қувватга, харбий тайёргарликка бепарво бўлдилар. Аввал уларнинг бошларига кулфат тушди. Қилиб қўйган ишларини билиб, сергак тортиб, Аллоҳга тавба қилганларидан сўнг эса Аллоҳ таоло уларнинг йўлини очди ва уларни улар кўрмаган аскарлар ёрдами билан қўллаб-қувватлади.

“Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб қола олмади) ва сиз-ларга кенг Ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ Пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир”. (Тавба сураси, 25-26-оят)

Изоҳ: Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари Ўн икки минг бўлиб, кофирлар фақат тўрт минг киши эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Шу бир ҳовуч одамдан енгиламизми?», деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар.

Яна Қуръони Карим бизларга агар инсонда иймон, сабр дея аталмиш ирода қуввати жамланса унинг душманларига бўлган кучи ўз иймони ва иродасига эга бўлмаган одамдан кўра бир неча ўн баробарга ортишини баён қилди. Аллоҳ таоло айтади:

“..Эй Пайғамбар, мўминларни жангга чорланг! Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар! Агар сизлардан юз киши бўлса, кофирлардан минггини енгар! Бунга сабаб, уларнинг онгсиз қавм эканлигидир” (Ан-фол сураси, 65-оят).

Бу қувватга тўлган ҳолат ҳақидаги гап эди. Аммо заиф бўлган пайтда эса унинг кучи душманнинг кучидан икки баробар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Анфол сурасида айтилган:

“Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофир)ни енгар. Агар сизлардан минг киши бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (кофир)ни енгар. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Анфол сураси, 66-оят)

Демак, гап иймон, иродада экан, саноқ, кўплиқда эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқиган инсон у зотнинг саноққа эмас, навга эътибор қаратганларини англайди.

Саҳобалар, хулафойи рошидийнларнинг сийратларини ўрганар эканмиз, бу ҳолатни яна ҳам равшан ҳолда кўрамиз.

Умар ибнул Хаттоб Амр ибнул Осни Мисрни фатҳ қилиш учун юборди. Амрнинг тўрт мингта аскари бор эди. У Умардан ёрдам сўради. Умар унга яна тўрт минг аскар берди. Улар ичида тўрт аскар ҳам бор эдики, Умар айтади: Бу тўрт аскарнинг ҳар бири мингта аскарнинг ўрнини босади. Шундай қилиб барча аскарларнинг саноғи ўн икки мингта деб эътибор қилинди. Бундай саноқни кам деб айтилмайди одатда.

Чунки Умар аскарларнинг саноғи, ҳажмига эмас, уларнинг кучлари, иқтидорларига эътибор қаратиш лозимлигини билар эди.

Бир куни Умар ибнул Хаттоб дўстлари билан очиқ ҳавода ўтирар экан, ёнидагилардан: Ни-мани орзу қиласизлар, деб сўради. Бирлари: Мен мана шу ҳовли тўла кумуш дирҳамлар бўлишини ва ана шу дирҳамларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қила ман, деди. Яна бири: Мен мана шу ҳовли тўла олтиним бўлишини ва уни Аллоҳнинг йўлида битта ҳам қолдирмай инфоқ қилишни истар эдим, деди. Шунда Умар: Мен эса мана шу ҳовли Абу Убайда ибнул Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳузайфанинг қули Солим каби инсонларга тўла бўлишини ва мен уларни Аллоҳнинг йўлида хизмат қилдиришни орзу қилар эдим, деди.

Бизнинг асримизга келиб бутун дунёда мусулмонларнинг сони бир ярим миллиардга, бошқача айтганда бутун башариятнинг тўртдан бирига тўғри келмоқда, лекин минг афсуски, уларнинг аҳволи Аҳмад, Абу Довуд Савбондан ривоят қилган ҳадис уларни сифатлаган сифатга тўғри келмоқда. У зот: “Турли халқлар сизларнинг устингизга ҳар тарафдан худди йиртқичлар товоқдаги таомга ташлангандек ташланадилар”, дедилар. Саҳобалар: Ўша кунда бизлар оз бўлганимиздан шундай бўладими ё Расулуллоҳ, дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, сизлар кўп бўласизлар, лекин у кунда сизлар сел кўпиги каби бўласизлар. Аллоҳ таоло душманингизнинг қалбидан сизларга бўлган қўрқувни олиб ташлайди, сизларнинг қалбингизга эса заифликни солади”, дедилар. Саҳобалар: Нима у заифлик ё Расулуллоҳ, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёни севиб, ўлимни ёмон кўришингиздир”, деб жавоб бердилар.

Демак, эътиборни фақатгина саноқнинг ўзига эмас, балки сифат ва навга ҳам қаратишимиз керак экан. Саноқ деб моддий миқдорнинг ҳамма турига айтилади, масалан, ададнинг кўплиги, майдоннинг кенглиги, ҳажмнинг катталиги, вазннинг оғирлиги, бўйнинг узунлиги ва ҳоказо.

Инсон бўйининг узунлиги, мускулларининг кучлилиги, жисмининг катталиги, суратининг чиройлилиги билан қиёсланмайди, буларнинг ҳаммаси инсоннинг жавҳаридан ташқари нарса, бу билан у ҳақиқий инсон бўлиб қолмайди. Зеро, жисм бор йўғи инсоннинг ғилофи, аммо ҳақиқий инсон қалби, ақли бор инсондир.

Аллоҳ таоло мунофиқларни сифатлаб айтади:

“Қачон Сиз уларга боқсангиз, уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) Сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар! Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!”. (Мунофиқун сураси, 4-оят)

Яна У Зот Од қавмини уларнинг пайғамбари Ҳуд алайҳис-саломнинг тилидан шундай сифатлайди:

“..(Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз”. (Аъроф сураси,69-оят)

Лекин уларнинг мана бундай кучли-қувватли қилиб яратилишлари уларни мағрурланадиган, кибрланадиган қилиб қўйди:

“Энди Од (қабиласига)га келсак, бас, улар Ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва: «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?», дедилар.- Ахир улар ўзларини яратган Зот - Аллоҳ куч-қувватда улардан Зўрроқ эканини билмадиларми?! - Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар”. (Фуссилат сураси, 15-оят)

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Қиёмат Кунида семиз, катта киши келтирилади, унинг Аллоҳни олдида пашша қанотичалик вазни йўқдир. Истасанглар мана бу оятни ўқинглар:

“Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (яъни, кофирлар қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз!”. (Каҳф сураси, 105-оят)

Бир куни Ибн Масъуд дарахтга чиқаётганида, унинг болдири кўриниб қолди, унинг болдири нозик, ориқлигини кўрган саҳобалар кулиб юборишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг болдири нозиклигидан куляпсизларми, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг бу болдирлари Қиёмат Куни тарозуда Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ келади”.

Демак, тоза қалб, заковатли ақл жойлашмаган жисмнинг катталиги муҳим эмасдир. Эскилардан қолган гап бор: Сен йигитнинг хурмо каби басавлатлигини кўряпсан, лекин унинг ичида нима борлигини қаердан биласан?

Ҳассон ибн Собит бир қавмни ҳажв қилиб шундай деган эди:

Бу қавм узун-қисқаликда беайб тўкисдир-жисми хачирдек, ақли чумчуқдан ноқисдир.

Бу билан Ислом вазн жиҳатидан жисмнинг саломатлигига эътибор бермайди деган гап келиб чиқмайди. Асло ундай эмас. Ислом инсон саломатчилигига ғоят даражада эътибор қаратади. Аллоҳ таоло Толутни бундай деб мадҳ этади:

“..Пайғамбар айтди: «Албатта Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга илмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) Кенг, Билгувчидир”. (Бақара сураси, 247-оят)

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Баданингни сенда ҳаққи бордир”. “Кучли мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан кўра яхшироқ, суюклироқдир”. Лекин бу фазилат меъёри эмасдир.

Жисмнинг катталиги инсоннинг қувватлилигини, фазилатлилигини билдирмайди. Юзнинг чиройлилиги, суратнинг гўзаллиги ҳам шундай.

Ҳадисда келади: “Аллоҳ таоло сизларнинг жасадларингизга, суратларингизга қарамайди. Лекин У Зот сизларнинг қалбингизга қарайди”.

Ҳа, инсон бошидаги ақли, қалбидаги иймони, у иймоннинг меваси бўлмиш амал билан инсондир. Амалнинг ҳам Исломнинг назарида ҳажми, адади ҳисобга ўтмайди, балки чиройли ва пухта амал ҳақиқий амалдир. Исломда чиройли амал нафл эмас, фарздирки, Аллоҳ таоло уни мўминларга худди уларга рўзани ва бошқа фарзларни ёзгандек ёзди - фарз қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтади: “Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани чиройли қилишни фарз қилди. Жонлиқни ўлдирганда чиройли ўлдиринглар, сўйганда чиройли сўйинглар, бировинглар ўз пичоғини қайраб олсин ва қурбонлигига роҳат берсин (қийнамасин)”.

Яна у зот айтади: “Аллоҳ таоло чиройли амал қилувчини севади”.

Аллоҳ таоло ҳар бир амалда чиройлиликни фарз қилар экан, демак, У Зот ўша амални ва у амални қилувчисини ҳам севади.

Қуръони Карим мўминларни чиройли амал билан кифояланмай, янада чиройлироқ амал қилишга чақиради. Аллоҳ таоло айтади:

“Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорларингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал Нарсага - Қуръонга эргашинглар!” (Зумар сураси, 55-оят)

“Шайтондан - унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана

ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир”. (Зу-мар сураси,17-18-оят)

Қуръони Карим мухолифлар билан чиройли тортишишга буюради:

“..Улар (Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала -мунозара қилинг!..”. (Наҳл сураси, 125-оят)

Яна У Зот ёмонликни чиройли даф қилишга буюради:

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг!..”. (Фуссилат сураси, 34-оят)

Етимнинг молига чиройли муносабатда бўлишни буюради:

“Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз!..”. (Анъом сураси, 152-оят)

Балки Қуръони Карим Ерни ва ундаги нарсаларни яратишдан, ўлим, ҳаётни яратишдан, осмонлар, Ер ва улар орасидаги нарсаларни яратишдан мақсад мўминларни имтиҳон қилиш эканлигини айтади:

“Албатта Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат - безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина Бизнинг синовимиздан ўтурлар)”. (Каҳф сураси, 7-оят)

Бу ҳақда Қуръони Каримда бир қанча оятлар келган. Уларнинг орасидаги мусобақа яхши ва ёмон ўртасида эмас, яхши ва яхшироқнинг орасида эди. Мўмин инсоннинг ғами яхшироқ ва юксакроққа интилиш бўлмоғи керак. Ҳадисда келади: “Аллоҳдан жаннат сўрасанглар, Фирдавс жаннатини сўранглар, чунки у жаннатнинг ўртаси ва энг олийсидир, унинг устида Раҳмоннинг Арши бордир”.

Машҳур ҳадисда Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Эҳсон ҳақида сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бундай тафсир қилганлар: “Эҳсон бу Аллоҳга уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У Зот сени кўриб туради”.

Бу ибодатдаги ихлоснинг тафсири эди. Яъни ибодат Аллоҳ учун холис бўлмоғи керак. Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлган амалларнинг сурати, саноғига эмас, унинг жавҳари, сифатига қаралади. Таши чиройли қанча амаллар бор, лекин ундай амаллар ўзларига ҳаёт берган руҳни йўқотган, шу сабабдан дин бундай амалларни амал деб санамайди, уни қабул тарозусига ҳам қўймайди. Аллоҳ таоло айтади:

“Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки; Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) манъ қиладиган (яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!”. (Моъувн сураси, 4-7-оятлар)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида айтади: “Ёлғон гап ва унга амал қилишни ташламаган одамнинг таоми, шаробини ташлашига Аллоҳ муҳтож эмас”. Яна у зот айтади: “Қанча рўзадорлар бор, унинг рўзаси фақат очликдан иборат, қанча тунги намозга турадиганлар бор, унинг бу иши бедорликдан бошқа нарса эмас”.

Аллоҳ таоло айтади:

“Ҳолбуки, улар фақат Ягона Аллоҳга, У Зот учун Динни холис қилган, Тўғри Йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳаҳдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (Йўлдаги миллатнанг) Динидир”. (Баййина сураси, 5-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Амаллар ниятларга қараб бўлади. Ҳар бир кишининг ўз ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳга, Унинг элчисига бўлса, бас, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг элчисигадир. Кимнинг ҳижрати дунёга етиш ёки аёлга уйланиш учун бўлса, бас, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсасигадир”.

Шунинг учун уламолар бу ҳадисга кўп эътибор берадилар. Бухорий ҳам саҳиҳ тўпламини шу ҳадис билан бошлаган. Баъзилар бу ҳадисни Исломнинг тўртдан бири, деб билсалар, баъзилар уни Исломнинг учдан бири дейдилар. Чунки бунда ниятнинг амалларни қабул бўлишида нечоғлик аҳамиятли эканлиги таъкидланган. Олимлар ниятни ички амаллар учун тарозу деб билганлар. Қуйидаги ҳадис эса ташқи амаллар учун мезон қилиб олинган: “Ким биз буюрмаган ишни қилса қайтарилур (яъни, Шариатга хилоф бўлган ҳар қандай иш-амал, битим ботилдир)”, дедилар.

“У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш - амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва Ерни яратган Зотдир. Илгари У Зотнинг Арши сув устида (яъни, у Арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган) эди”. (Ҳуд сураси, 7-оят)

Абу Алий Фузайл ибнул Иёздан оятдаги “Аҳсанул амал - чиройлироқ амал” ҳақида сўрашди. У жавоб берди: Холисроқ ва тўғрироқ бўлган амал чиройлироқ амалдир. Сўрашди: Холисроқ ва тўғрироқ нима дегани? Жавоб берди: Аллоҳ таоло холис ва тўғри бўлмаган амални қабул қилмайди. Агар ўзи тўғри бўлса-ю, холис бўлмаса у амал қабул қилинмайди, шунингдек, ўша амал холис бўлса-ю, тўғри бўлмаса, у ҳам қабул қилинмайди. Амалнинг холислигига келсак, унинг Аллоҳ учун бўлиши, тўғрилиги эса, унинг суннатга мувофиқлигидир.

Бу дин ишидаги ва ибодатдаги чиройлироқ амал ҳақидадир. Аммо дунё ишидаги чиройли амалга келсак, у ўзгалар билан беллашадиган, балки ўзгалардан устун бўла оладиган даражада юксак даражага етишликдир. Бу энди фақат тақводорларнинг қўлидан келадиган ишдир.

Шу ҳақда Муслим ва бошқалардан ривоят қилинган бир қанча ҳадислар бордир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Калтакесакни бир уришда ўлдирган одамга юзта яхшилик ёзилади, иккинчи уришда ўлдирса ундан пастроқ, учинчисида ундан ҳам пастроқ ҳасанот ёзилади”.

Ҳадис бизларга гарчи у калтакесакни ўлдириш каби кичик иш бўлса ҳам ишни пухта ва чиройли адо қилишни кўрсатяпти. Бу ўша ҳадисда айтилган чиройли ўлдиришга киради. “Ўлдирсанглар чиройли ўлдиринглар”. Тез ўлдиришликда ўлдирилувчига роҳат бор, у нима бўлишидан қатъий назар.

Амаллар саноғи, ҳажми билан эътиборга олинмаганлиги каби одамларнинг узун умр кўришлари ҳам шундайдир.

Шундай одамлар бор, кўп умр кўрадилар, лекин унда барака йўқ, қисқа умр кўрганлар бор, лекин у мана шу қисқа фурсат ичида яхши амалларга кўмилган бўлади.

Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ ўзининг ҳикматларида айтади: Кўп умрлар бор, унинг муддати кўп бўлса ҳам салмоғи камдир. Аммо кўп умрлар борки, унинг муддати оз аммо салмоғи кўпдир. Кимнинг умрига барака берилса, у озгина вақт ичида Аллоҳнинг неъматларига етадики, буни бир ибора билан тушунтириш мушкулдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликдан сўнг йигирма уч йил яшаган бўлсалар, мана шу йиллар орасида у зотнинг ҳаётига Аллоҳ таоло барака берди. Бас, у зот буюк Динга асос солди, улуғ авлодни тарбия қилди, яхши умматни пайдо қилди, адолатли давлатни барпо қилди, кофир бутпарастларга, хиёнаткор миллатларга ғолиб бўлди ва умматига Аллоҳнинг Китоби Қуръони Каримдан сўнг ҳидоятга элтувчи суннатни, яхшиликларни жамловчи сийратни мерос қолдирди.

Абу Бакр икки ярим йил халифалик даврида ўзини пайғамбар деб эълон қилувчиларни тор-мор қилишга, муртадларни Ислом чегарасига қайтаришга, закотни ман қилганларга одоб беришга, Аллоҳ таоло бойларнинг молларида улар учун қарз қилган камбағалларнинг ҳақларини сақлашга қодир бўлди ва тарих Ислом давлати камбағалларнинг ҳақлари учун жанг қилган биринчи давлат эканини ўз саҳифасига ёзиб қўйди.

Умар ибнул Хаттоб ўн йил халифалик даврида хорижда фатҳлар қилди, адолат давлатининг қоидаларини ўрнаштирди.

Умар ибн Абдул Азиз ўттиз ой халифалик қилди. Аллоҳ таоло у билан адолат, ҳидоят суннатларини тирилтирди, у билан жабр, зулм бидъатларини ўлдирди, зулмни қайтарди, ҳақиқатни ўрнатди. Одамларга Исломга бўлган ишончни қайтарди. Кўнгиллар хавфдан йироқ бўлди, очлар тўйди, мўл-кўлчилик бўлди. Ҳатто мол эгаси закотини қаерга беришни билмай қолди. Аллоҳ одамларни бой қилди.

Имом Шофиъий эллик тўрт йиллик умри давомида (ҳижрий 150-204) ортидан улуғ илмий хазиналарни қолдирди.

Имом Ғаззолий эллик тўрт йил яшади, (ҳижрий 450-505) уммат учун буюк илмий бойликни қолдирди.

Имом Нававий қирқ беш йиллик умри даво-мида (ҳижрий 631-676) барча мусулмонларга фойда берадиган меросни қолдирди.

Яна бошқа улуғлар - Ибнул Арабий, Сарахсий, Ибнул Жавзий, Ибн Қудома, Қарофий, Ибнул Қоййим, Шотибий, Ибн Холдун, Ибн Ҳажар, Ибнул Вазир, ибнул Ҳаммом, Суювтий, Деҳлавий, Шавконий ва бошқалар Заминни илмга, фазилатга тўлдирдилар.

Одамлар орасида шундайлари борки, ўлмай туриб ўладилар. Тирик саналсада, унинг умри тугаб бўлган бўлади. Аммо одамлар орасида яна шундайлари ҳам борки, ўлгандан кейин ҳам яшайдилар. Ортидан қолган солиҳ амал, фойдали илм, солиҳ зурриёт, солиҳ шогирдлар уларнинг умрларига умр қўшаверадилар.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" (Фиқҳул авлавийёт) китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси