loader
Foto

Сифатнинг миқдордан устунлиги

“Лекин уларнинг кўплари ақл юритмаслар”. (Анкабут  сураси, 63)

“Лекин кўп одамлар билмаслар”. (Аъроф сураси, 187)

“Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар”. (Ҳуд сураси, 17)

“Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар”. (Бақара сураси, 243)

“Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар”. (Аъном сураси, 116)

Шу билан бирга Қуръон кам сонли иймон келтирганларни - шукр қилувчиларни мақтайди:

“Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз”. (Сод сураси, 24)

“Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир”. (Сабаъ сураси, 13)

Шунинг учун, инсонларнинг кўп сонлилиги унчалик хам муҳим эмас, балки бу кўпчиликнинг хақиқатан хам иймон келтирганлиги муҳимдир.

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам, жамоамизнинг саводсизлиги, жоҳиллиги ва адолатсизлиги билан эмас, балки унинг иймонли, эътиқодлилиги, ҳамда яхшилик ва фойда келтирувчи эканлилиги билан фаҳрланардилар.

Афзаллик ва бошқа сифатлар борасидаги инсонларнинг бир-биридан фарқ қилиши ҳайвонлар ва бошқа жонзотлар ўртасидаги фарқланишлардан анча юқоридир.

Аслида биз миллион, минг каби сонлар ортида нима турганини билмасак ҳам, ҳамма нарсани кўп миқдорда ва сифатда бўлишини истаймиз.

Қуръони Каримда Жолут жангчиларининг Толут озчилиги томонидан мағлуб бўлгани хақида хабар берилади:

”Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар дарёдан ўтганларида улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар... Аллоҳнинг изни билан урушда енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи (одам)ларни баъзиларига дафъ қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир“. (Бақара сураси, 249-251)

Шу билан бирга Қуръонда Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр жангидаги мушриклар устидан озчилик бўлиб ғалаба қозонганлари хақида гапирилади: “Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз”. (Оли Имрон сураси, 123)

“Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки шукр қилсангиз”. (Анфол сураси, 26)

Ҳаттоки Ҳунайн куни мусулмонлар ўзларининг кўп сонли эканликлари билан завқланиб, эхтиёткорликни унутганлари сабабли мағлубиятга юз тутишларига оз қолганда хам, Аллоҳ уларни кўринмас лашкар билан қувватлантирганини хис қиладилар: “Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз. Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир”. (Тавба сураси, 25-26)

Шу билан бирга, Қуръонда Аллоҳ айтадики, агар инсоннинг кучли иймон ва хоҳиши бўлса ва у сабр қилса, у бундай ҳислатларга эга бўлмаган ва ўзидан ўн баравар кучли бўлган душманни енгиши мумкин.

“Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир. Бу улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир”. (Анфол сураси, 65)

Қачонки мусулмонлар кучсиз ва кам сонли бўлса, у ҳолда иймон ва сабр эгалари ўзларидан икки баравар кўп бўлган лашкарни енга олади. Бу хақда Қуръон: “Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир”. (Анфол сураси, 66)

Шундай экан, барча нарсалар миқдор ва кўпчилик билан эмас, балки иймон ва хоҳиш мавжудлиги шарти билан яратилади.

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг хаётлари тарихини ўқиган кимсалар биладики, Пайғамбаримизнинг мақсадлари миқдор эмас, балки сифат бўлган. Худди шу мақсадга Пайғамбаримиз саҳобалари ва халифалар ҳам интилганлар.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) Амр ибн Осни Мисрни забт этиш учун атиги тўрт минг аскар билан жўнатади. Кейин у ёрдам сўраганда, Умар яна тўрт минг аскар билан бирга тўртта аскарни қўшиб юбориб, шундай дейди: “Шу тўрттанинг хар бири мингтани ўрнини босади, демак энди сизда хаммаси бўлиб ўн икки минг аскар бўлди! Ва бу қўшин ўзининг кам сонлилиги туфайли ютқазмайди”.

Умар (р.а.) иймон келтирган хақиқий мусулмон эдилар ва у зот аскарларнинг сони хақида ўйламай, уларга хос бўлган сифат, куч ва имкониятларига ишондилар.

Хабар бериладики, шунингдек, Умар (р.а.) саҳобалар билан ўтирганларида улардан сўраган эканлар: “Ўзингизга нимани тилайсизлар?”. Саҳобалардан бири жавоб қилибди: ”Аллоҳ йўлида садақа қилиш учун дирҳамларга тўла уйим бўлишини истардим”. Бошқа саҳоба эса Аллоҳ йўлида садақа қилиш учун олтин тўла уйи бўлишини тилади. Умар (р.а.) эса айтдилар: “Мен эса Аллоҳ йўлида ишлатиш учун бу уй Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жаббол ва Салим Мавла Абу Хузайфага ўхшаш эркаклар билан тўла бўлишини истардим”.

Шунинг учун мақсад фақатгина миқдорнинг ўзига эмас, балки сифатга эътибор беришга хам қаратилиши керак.

Бу ерда “сифат” дейилганда, миқдор, ўлчам, оғирлик ва баҳоси бўлмиш хар қандай материяга қадр ато этувчи хамма нарса тушинилиши керак.

Бошқа мисолларда миқдор тўғрисида гапириб ўтилади.

Инсонни унинг бўйи, кучи ёки чиройига кўра уни тўлиқ баҳолаш мумкин эмас, мисол учун. Бу хислатлар орқали инсонни тушуниш, ички дунёсига баҳо бериш мумкин эмас. Жисм, охир оқибат, ўз кўринишини ва шаклини йўқотади. Инсон шахсияти эса, ақл ва қалбдан иборат. Аллоҳ таоло, Қуръонда мунофиқларни таърифлаб, шундай дейди: “Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур...” (Мунофиқун сураси, 4)

Шунингдек Аллоҳ Худ пайғамбарнинг сўзлари билан Од халқини тасвирлайди: “...ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилган...” (Аъроф сураси, 69)

Аммо бу куч-қувват уларни Аллоҳни олдида кибрланишга олиб келади: “Од қавми бўлса, ер юзида ноҳақдан муткаббирлик қилдилар. Улар: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этар эдилар”. (Фуссилат сураси, 15)

Саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Хақиқатан, охират куни бахайбат, семиз бир инсон келади, аммо у Аллоҳни ҳузурида хеч қандай оғирликка эга бўлмайди”.

Ёки Қуръонда: “Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз”. (Каҳф сураси, 105)

Бир куни Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ибн Масъуднинг дарахтга чиқиб олганида тиззалари очилиб қолди. У зотнинг тиззалари эса шунчалик озғин эдики, хатто баъзи саҳобалар буни устидан кулишни бошладилар. Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам эса, бунга дедилар: “Аллоҳ билан қасам ичаманки, унинг тиззалари охират кунида Ухуд тоғидан хам оғир бўлади”.

Демак, агар кучли жисмда ақл ва тоза қалб бўлмаса ундан фойда кам экан.

Бу Ислом куч ва соғлиққа аҳамият бермайди, дегани эмас. Ахир Аллоҳ Толутни қуйидаги сўзлар билан мақтаган: “...ва уни илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди...” (Бақара сураси, 247)

“Кучли мусулмон Аллох назарида заиф мусулмондан афзалроқдир”. Аммо бу унинг асосий қадр-қиммати бўлиб қолмаслиги керак.

Шайх Юсуф Қаразовий, Уламолар Халқаро Ассоциацияси раҳбари

Абу Муслим таржимаси