loader
Foto

Ғарб мафкурасига тақлид

Ҳозирги асримизда кўпларнинг фатво беришда оғишишлари орқасида ётган асосий сабаб ғарбнинг мафкураси ва ғарбнинг цивилизациясига тақлид ёки қарамлик-истасангиз “қуллик” деб айтинг,-дир.

Бизнинг бир гуруҳ миллатдошларимиз ғарбликлар, уларнинг маданияти ва мафкураси қаршисида “улардан ортда қолганлик” касалидан азоб чекмоқдалар. Улар ғарбликларни уларга тобе бўлиш лозим бўлган пешволар, улар ибрат олиниши лозим бўлган намуналар деб эътиқод қиладилар. Бизлардаги мафкура, қадрият, анъаналар ва тузумларимиздан Ғарбга хилоф бўлганларини бизнинг маданиятимиз ичида ётган камчиликлар ва шариатимиздаги ноқислик деб биладилар. Демак Ғарб нима иш қилса, бу тўғри ва Ғарбга хилоф бўлган ҳар қандай иш айни хатодир!

Ғарбликларнинг йўли тўғрилигига далил улар эришган моддий ижодкорлик, маданий юксалиш ва табиатдаги кучларни бўйинсундирган, инсонни фазога юриш қилиб  Ойнинг сатҳига қадамларини қўядиган қилган илмий илгарилашдир.

Дарҳақиқат ғарбликлар мусулмон ўлкаларга ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан ҳукмронлик қилиб турган бир вақтда ана шу тушунчаларни кўплаб инсонларнинг онгига сингидиришга, ўз ҳазораларининг меҳробига қараб ибодат қиладиган, тўтиқушга ўхшаб уларнинг гапларини худди ўзлариникидек қилиб такрорлайдиган ва маймунга ўхшаб уларнинг ҳаракатларини айнан такрорлаб берадиган авлодларни яратишга эришдилар.

Инсонни мустамлакага айлантириш

Ғарб мустамлакачилиги ўзидан қолдириб кетган ана шу таъсирлар бизларнинг ўлкаларимизда қилиб кетган ишларининг энг ёмонроғи эканлигида ҳеч ким мунозара қилмаслиги аниқ. Ундаги йўқотишлар эса ҳаммасидан ҳам каттароқ ва оғирроқдир. Негаки, у моддага эмас инсониятга алоқадор йўқотишдир. Бир ерни мустамлакага айлантиришнинг хатари инсонни мустамлакага айлантиришдан кўра унча катта эмас, зарари ҳам озроқ бўлади. Инсоннинг ақли ва қалбини мустамлакага айлантиришдан кўра каттароқ мустамлакачилик борми?!

Гарчи  мустамлакачининг қўшинлари ва армияси чиқиб кетса ҳам унинг режалари амалга ошиб бораверадиган, мафкураси ва ақидалари ҳукмрон бўлиб қолаверадиган ва қонунларига риоя қилинаверадиган экан албатта, мустамлакачиликнинг ушбу хилдагиси кишини абадий мустамлакага айлантириб қўяди. Ҳаммасидан ҳам хатарлироғи бу, жамиятни “ғарблаштириш” учун ана шундай вазиятни оқлашга, уни қонунийга айлантиришга, у тўғридаги шубҳаларни йўқотишга ва далилларни ўз ўрнига қўймасликка бўлган уринишлардир.

Тирик виждонларни парчалаб юборадиган иш шуки, фатво ишига ўзини тиқиштирган ва ўзини диний уламо сифатида кўрсатадиганлардан иборат Ғарб мафкурасининг қуллари ўзлари сезган ёки сезмаган ҳолда мусулмон умматнинг сифатини ва унинг қибласини ўзгартиришдек мақсадларини амалга оширишлари учун уларга суянч бўладиган сўзларни тўқиб берадиган кимсаларни топаётган эканликларидир.

Бундай дунёқараш илмнинг мезонида хато, диннинг мезонида ширк, ахлоқнинг мезонида оғишиш ва миллатнинг мезонида хиёнат ҳисобланади. Зеро, Оврўпо дегани бу дунёнинг онаси дегани эмас. Оврўпонинг тарихи дегани бу дунё тарихи дегани эмас. Оқ танли одам ушбу заминнинг хожаси ҳам эмас. Ғарбнинг цивилизацияси барча цивилизациялар учун олий мисол ҳам эмас. Ғарбнинг мафкураси олимлар учун илҳом манбаи ҳам эмас.

Албатта, Ғарбнинг ўз ҳазораси, мероси, мафкураси ва қадриятлари бор. Бизнинг ҳам ўз эътиқодимиздан келиб чиқадиган ҳазорамиз, меросимиз, мафкурамиз ва қадриятларимиз бордир. Бизлар Ғарбнинг ортидан қадамма- қадам ва қаричма-қарич юришимиз ҳамда агар у кирадиган бўлса зоббнинг уясига киришга мажбур эмасмиз.

Ғарбнинг қонунлари ва қонун чиқарувчи органлари унинг ҳаётдаги фалсафасига, борлиққа, Аллоҳга ва инсонга нисбатан умумий дунёқарашига, дин ва дунё ҳақидаги тушунчасига асослангандир. Ана шуларнинг барчаси борлиқ, ҳаёт, Аллоҳ ва инсон ҳақидаги  бизнинг –биз мусулмонларнинг- фалсафамиз ва тушунчамизга терсдир.

Бизлар Ғарбда рухсат бор деган иллат билан рибо ортидан келадиган фойдаларни мубоҳга чиқаришга ёки спиртли ичимликлар ва қиморларни ҳалол дейишга мажбур эмасмиз. Ғарбда мумкин эмас деган важҳ билан кўпхотинликни ва талоқни манъ этиш бизга вожиб эмас. Ғарбда фалсафа шунақа экан деб Аллоҳ бир- биридан фарқли қилиб яратган эркак ва аёлнинг ўртасини  барча нарсада тенг қилиш бизнинг мажбуриятимиз эмас.

Энди ҳеч қандай баҳона қолмади

Эҳтимол ярим ёки чорак аср муқаддам- ҳарбий, сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан мустамлакачилик даврида- Ғарбнинг йўлидан юришга, унинг цивилизациясини- яхшисию ёмонини, аччиғию ширинини, ёққанинию ёқмаганини, олқиш келтирадиганини-ю айб саналадиганини, ҳамма- ҳаммасини олишга даъват қилиб юрган кимсалар учун қандайдир узрлар бўлган бўлиши мумкин.

Аммо бугун, сиёсий мустамлакачилик ўзининг кўч-кўрони билан чиқиб кетганидан кейин, ўзимизга ўзимиз хўжайин бўлиб олганимиздан сўнг, маданий уйғониш беркилиб ётган меросимиз ва маданиятимиз хазиналаридан кўпини кашф этиб берганидан кейин, Ислом оламида ўнлаб қаламлар фикр, қонунчилик ва дунёқарашдаги ана шу мероснинг қийматини қоплаб ётган зангларни очиб ташлаганидан кейин, бас ана шуларнинг барчасидан кейин ҳам Ғарбнинг мафкурасига қулларча тақлид қилишда давом этишликка ҳеч қандай баҳона йўқдир.

Ғарбликларнинг ўзларидан чиққан эркин фикрли одамлар Ғарбнинг ҳазорасини танқид остига олишга, ундаги камчиликлар ва нуқсонли тарафларни очиб ташлашга киришиб кетганлар. Улар агар Ғарб цивилизацияси ўзини  ўнглаб олмас экан, таназзулга юз тутиши ҳақида очиқ-ойдин огоҳлантирмоқдалар.

Эҳтимол кўпларимиз айни шу танқидни Chbangelrнинг “Ғарб цивилизациясининг инқирози”,  Alexis Carlyleнинг “Номаълум Инсон”, Colin Wilsonнинг “Цивилизациянинг йиқилиши” каби китобларда ва бошқа танқидчи мутафаккирларнинг асарларида ўқиган бўлсак ажаб эмас.

Уларни ҳеч нарса қаноатлантирмайди

Бизларнинг орамиздаги Ғарб мафкурасининг қуллари ҳеч нарсадан қаноатланмайдилар ва қаноатланишни ҳам истамайдилар.

Улар ўз мизожлари ёки ўз ҳою ҳавасларига мос келадиган Исломни хоҳлайдилар. Агар истасангиз шарқшунос, миссионер ва коммунистлардан иборат бўлган пешволарининг истакларига мос келадиган Исломни, дейишингиз мумкин.

Уларга ғарбона ёки марксча Ислом керак. Ҳар кимга ўз эътиқоди ва фалсафасига қараб. Улар: имомларнинг ҳам, фақиҳларнинг ҳам, изоҳловчи ва муфассирларнинг ҳам сўзларига амал қилмагин. Чунки улар башардан чиққан фикрлардир. Биз фақатгина маъсум бўлган Ваҳий(Қуръон)гагина амал қиламиз, дейдилар.

-Фаразан,- уларнинг бу гапларига қўшилсангиз айтадиларки: “Бизлар Ваҳийнинг баъзисини қўйиб баъзисига амал қиламиз. Қуръонга амал қиламиз. Суннатга эмас! Чунки суннатнинг ичида заийфи, мавзуъси ва мардуди бордир”, дейдилар. Ёки: “Мутавотир Суннатга амал қиламиз. Оҳод ҳадисларга эмас”, дейдилар. Ёхуд: “Амалий суннатга амал қиламиз. Қавлий суннатга эмас”, дейдилар!!

Бордию уларнинг бу гапларига ҳам таслим бўлсангиз: “Қуръоннинг ўзи арабларни ўраб турган атроф-муҳитдаги вазиятларни, саҳродаги кичик жамиятнинг ишларини шубҳасиз муолажа қила олар эди. Шундай экан бизлар ундан ўзимизнинг тараққиётимизга муносиб келадиган ерларини олишимиз ва бундай эмас жойларини тарк этишимиз керак”, дейдилар!!

Қуръон агар: “Сизларга ўлимтик гўшти, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди”, деса, чўчқанинг гўштини “Ифлос” деб атаса, улар: “Қуръон бу гапларни ифлос озуқаларни истеъмол қилган чўчқалар ҳақида айтган. Бугунги чўчқалар эса унақа эмас. Булар замонавий чўчқалардир. Ўтган замонлардаги сингари замондан орқада қолиб кетган чўчқалар эмас”, дейдилар!!

Агар Қуръон мерос борасида: “Бир эркак учун иккита аёлнинг улушидир”, деса улар: “Бу гаплар хотинлар ишга чиқиб ҳаётнинг турли хил майдонларида ўзларининг борликларини исботламаган пайтлар учун айтилган. Бугун эса уларнинг ҳам ўз шахсиятлари ва иқтисод жиҳатидан эркинликлари бордир. Шундай экан эркаклар сингари мерос олишлари керак. Бу икки жинс орасида энди ҳеч бир тафовутга ўрин қолган эмас”, дейдилар!!

Агар Қуръон: “Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”, деса, Қуръон бу нарсаларни иссиқ ўлкалар учун ҳаром қилган. Агар Қуръон совуқ ўлкалардан бирида нозил бўлганида эди бошқача бир муносабат билдирган бўлар эди, дейдилар!!

Бу сўзларнинг маъноси шуки улар Аллоҳ таолони Ўз халқининг вазияти ҳақида билимга эга эмасга, У фақат воқеъ бўлган ишларнигина биладиганга, аммо қадар ортига яширинган, келажакда бўладиган ишларни У билмайдиганга,  ҳисобини ҳам қилмайдиганга нисбат берадилар. Аллоҳ улар айтаётган гап-сўзлардан олий қадар буюкдир. “«Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин”, “Яратган зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир.”

Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Хофий таржимаси