Уларнинг орасида ушбу йўриқномани батафсил ўрганганлар, бошидан охиригача ёдлаганлар, аппаратнинг умумий ишлаш принципини билганлар ва унинг инсонларга қандай фойда етказиши мумкинлигини биладиганлар бор.
Уларнинг орасида, шунингдек, ушбу йўриқномани ўрганишга интилаётганлар ва биринчи тоифадаги одамлар қаторидан ўрин олишга уринаётганлар бор.
Уларнинг орасида ушбу йўриқномага баъзи-баъзида қараб қўядиганлар бор, қолган пайтда эса бу йўриқнома ҳаракатсиз, токчада ётади.
Уларнинг орасида хат танимайдиган, бироқ инсонларга фақат шу аппарат керак, дея чин кўнгилдан ишонадиганлар бор.
Ва шу пайтнинг ўзида мазкур универсал машина бир чеккада чанг босиб қолмоқда. Амалий жиҳатдан унга эҳтиёж йўқ. Баъзи-баъзида йўриқномани билмаганлар ва аппарат билан ишлашни билмайдиганлар уни ёқмоқчи ва ишлатмоқчи бўладилар, билиб-билмай турли тугмачаларини босадилар, ричагларини тортадилар бироқ эришганлари–симлардаги учқунларни кўрадилар, холос.
Оддий одамлар мўъжиза аппарат ҳақида етарли даражада эшитишган. Дастлабки пайтларда у ҳақдаги ахборотларни қизиқиш билан илғаб олишган. Гапиришган, муҳокама қилишган, тортишишган ва ниҳоят муқаддима қачон тугайди-ю, қачон аппарат ишлаб ўзининг имкониятларини кўрсатади, дея кутишган. Бир йил, икки йил, ўн йил ўтди... Бироқ ушбу аппаратдан қандай тўғри фойдаланиш мумкинлигини билган одамлардан ҳеч қайси бири унинг имкониятларини намойиш этишга ботина олмади. Ҳаммаси унинг техник характеристикасининг баён этилиши билан чекланиб қолган. Одамларга эса қуруқ гаплар ёқмай қолди.
Нафақат инсонни, балки жамиятни ҳам ўзгартиришга қодир бўлган Ислом – ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, экологик ва бошқа ҳамма муаммоларни ҳал қила оладиган дин бўлиб, бизнинг замонамизда матнларни қуруқ ёдлаш ва уларни ўзларининг тор доираларида баён қилиш билан чекланиб қолди.
Мусулмонлар ўз даъватларининг жамиятга қандай таъсир қилаётганидан ажабланмоқдалар. Қандай қилиб? Ахир биз тавҳид ҳақида, Ислом инсонларнинг ахлоқини ўзгартираётгани ҳақида гапирамиз; бу дин инсоннинг ички дунёсига шифо бера олишини ва ҳайвон мисоли тубанлашиб кетишига йўл қўймаслигини айтиб келамиз; Ислом инсонларга онги, қалби ва танаси ўртасида уйғунлик беришини, бир томонлама бўлиб қолишига йўл бермаслигини қайд этамиз, Ислом инсониятга тинчлик ва аминиятда ҳаёт кечириш, хавфсизлик, эркинлик, ҳалол меҳнат эвазига тирикчилик қилиш имкониятини кафолатлашини таъкидлаймиз; Ислом даъват қилаётган ижтимоий фаоллик ва ўзаро ёрдам кайфияти ҳақида бонг урамиз. Буларнинг барига инкор этиб бўлмайдиган далил сифатида тарихдан мисоллар келтирамиз, жоҳил араблар улкан исломий маданиятни, тамаддунни аратганлари ва бутун инсоният унинг меваларидан фойдаланиб келаётганларини кўрсатамиз, ҳолбуки одамлар бизлардан юз ўгириб, бизларни тарк этаётганларидан яна ҳайрон қоламиз.
Гап шундаки, уларга бу ахборотни тинглашнинг қизиғи қолмади. Албатта улар бу диннинг мозийдаги эришган муваффақиятларини тан оладилар, бироқ инсон ўз табиатига кўра худбин эканлигини унутмаслик керак. Унга ўтмишда қолиб кетган Ислом хайриятлари керак эмас. У бу хайриятларни ҳозир ва шу ернинг ўзида ҳис этишни истайди.
Агар мусулмонлар Исломнинг дин сифатида тан олинишини истасалар, улар жойнамоз ва масжидлар билан чекланиб қолмай ташқарига чиқишлари лозим. Улар одамларнинг олдига чиқишлари ва Исломни тавҳиди билан, юксак ахлоқи билан, оқилона сиёсати билан, адолатли иқтисодиёти билан, меҳр ва муруввати билан амалда намойиш эта олишлари керак бўлади.
Улар Ислом одамларнинг муаммоларини ҳал қила олишини ва улар истаган нарсаларини бера олишини кўрсатиб қўйишлари керак. Исломни китоблардан ва сайтлардан чиқариб, уни реал ҳаётга татбиқ этиш керак, ҳарф ва сўзларга амалда реал шакл бериш ва одамларга унинг ишлай олишини кўрсатиб қўйиш керак.
Қийинчиликларнинг моҳияти шундаки, узоқ йиллар давомида биз фақат гапириб келдик, амалий ишларни ташлаб қўйдик ёки унданда ёмони – уларга яқинлашмадик ҳам. Кўпчилигимиз назариётдан амалиётга ўтишимиз зарур, агар ўзимиз Исломий гўзалликка эга бўлмасак, унинг чиройини бошқаларга қанадай қилиб кўрсата оламиз? Энг аввало биз ўзимизнинг “ҳаёт фалсафамизни” ўзгартиришимиз керак. “Сўздан ишга” форматига ўтишимиз зарур.
Амал... Ихлос
Ва фақат ана ўшанда аҳволимиз ўзгариши мумкин. Мисол тариқасида Қуръон ўқишни ўрганмоқчи бўлган одамни олайлик. Ана у узоқ вақт давомида Қуръон ўқиш фойдалари, унинг ўқилиши учун бериладиган мукофотлар тўғрисида маърузаларини ўқияпти ва тинглаяпти. Бироқ бу маърузалар уни Қуръон ўқишни ўргатиб қўядими?
Йўқ. Унинг ўзи ўзидаги ялқовликни, журъатсизликни енгиши ва буни ўрганиши керак. Худди шу гаплар Қуръонни тўлиқ ёд олишни истаётган одамга ҳам тааллуқли. Агар унинг ўзи ёдлаш ҳаракатига тушмаса, унга бу ишда ким ёрдам бера олади? Бу гаплар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тегишли.
Биз Қуръоннинг ҳусни-тароватидан, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапирган сўзларининг маъноларидан, олимлар ва даъватчилар баён қилган мавъизаларининг ҳикматидан истаганимизча завқланишимиз, йиғлашимиз, “лайк” қўйишимиз, репост қилишимиз мумкин. Бироқ агар биз Исломни нокерак шавқу-завқларимизнинг тор чегаралардан чиқара олмас эканмиз, бунинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмайди.
Кўпчилигимиз Умар ибн Ҳаттобнинг Аллоҳ мақомимизни Ислом туфайли кўтариб қўйди ва кимда-ким буюкликни Исломдан бошқа нарсадан изласа, хор бўлади деган маънодаги гапларини эшитмаганга ўхшаймиз. Аллоҳ таоло жаҳолатдаги қўпол арабларни Ислом билан юксалтириб қўйди, уларнинг қалбини тозалаб қўйди, қачонки улар иймонга чақирувчи оятларни эшитганларида иймон келтирдилар, Аллоҳдан тақво қилишга чақирилганида, тақво қилдилар; ҳамр ҳаром қилинганида, Мадина кўчаларида тўкиб ташланган шароб дарё бўлиб оқди; аёлларга авратларини тўсиш буюрилганида, улар тўнларини йиртиб, бор нарсалари билан ўрана бошладилар; нимаики ҳаром қилинса, ундан қочдилар; бирор ишни қилиш амр қилинганида, улар бу амрни бажаришга шошилдилар.
Уларга тобе бўлганлар, ҳамда олий ҳимматли солиҳларимиз ҳам худди шундай қилдилар. Қачонки улар бирор ҳадисни ўрганганларида, нафақат ёзиб олардилар, балки ўшанга қараб амалларни бажардилар. Ҳатто, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хижома қилдиргани учун сартарошга пул тўлаганларини билиб қолганларида, бориб хижома қилдирардилар ва бунинг учун пул тўлардилар.
Аллоҳ таоло айнан шундай Ислом билан олдинги авлодни юксалтирди. Амалдаги Ислом билан. “Лайклар” ва орзулар Исломи билан эмас.
Ўзгариш ва ўзгартириш вақти келди.
Тугмачани босиб универсал мўъжиза бўлган машинани юргизадиган пайт келди.
Сўздан амалга ўтиш вақти ҳам...