loader
Foto

Ҳомон ва қадимги Миср ёзувлари

Қуръонда бизга нозил қилинган маълумотлар бир неча асрлар ўтгач, археологик кашфиётларда тасдиқланди. Олимлар ўн саккизинчи асрнинг ўрталаригача қадимги Миср ёзувларини ўқиш сирини била олмадилар, чунки бу тил минг йиллар давомида ўлик тил ҳисобланиб келар, уни ўқиш усуллари ҳам сақланиб қолмаган эди.

1799 йилда милоддан аввалги 196 йилда ёзилган тошдаги битиклар топилгандан сўнг олимлар Миср иероглифларининг мазмунини очишга муваффақ бўлдилар. Иероглифларни ўқиш имконияти туғилгач, тарихчи олимлар қадимги Миср тарихи ҳақида деярли тўла маълумотга эга бўлдилар. Маълум бўлишича, Қуръони Каримда зикр қилинган, фиръавннинг хизматкорларидан бирининг исми бўлган Ҳомон сўзи ҳам бу ёзувларда бор экан. Бундан ташқари, ушбу тарихий ёзувларда Ҳомон фиръавннинг содиқ аъёнларидан бири бўлганлиги таъкидланган. Тилсими маълум бўлган иероглифлар асосида тузилган “Янги қироллик кишилари” луғатида Ҳомон ғишт пиширувчи усталар устидан назоратчи сифатида санаб ўтилган. Бунинг диққатга сазовор жойи шуки, ояти карималарда фиръавн Ҳомонга улкан минора қуриш ҳақида буйруқ берганлиги айтилган. Фиръавн бу миноранинг зинапоялари бўйлаб осмонга, худонинг ҳузурига кўтарилмоқчи бўлган. Археологик қазилмаларда аниқланган маълумотлар Қуръони Карим оятларига тўла мос келди.

Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман", деди. (Қасос сураси, 38-оят).

Қуръони Каримда қадимги Миср зодагонларидан бир бўлган Ҳомоннинг исми зикр қилиниши муқаддас китобимизнинг илоҳий манба эканлигини яна бир бор исботлайди, зеро унда кўплаб ноёб тарихий маълумотлар борки, асри саодатда бу маълумотлар ҳақида ҳеч кимда ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ эди.