Бунинг оқибатида фаҳмлар адашади, қадамлар тойилади. Маълум кишиларнинг адашувига эса уларнинг дин ҳақидаги тушунчалари саёзлиги ва мусулмонларни алдаш, онгини заҳарлаш учун тарих қатларига пинҳона суқиб юборилган ривоятлар сабаб бўлди.
Мавзуга киришдан олдин Алий ва Муовия (розияллоҳу анҳум) пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаламнинг саҳобалари эканини эслаб қўйиш керак. Уларнинг саҳоба экани Аллоҳ таоло олдида ҳам мартабалари баланд эканига далолат қилади. Бу ҳақда Қуръон ва саҳобаларнинг фазилатлари баён қилинган ҳадисларда жуда кўп далиллар бор.
Шундай қилиб, биз улар тарафидан қилинган ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари юзасидан уларни қоралашимиз мутлақо мумкин эмас.
Энди Алий ва Муовия (розияллоҳу анҳум) ўртасида бўлиб ўтган воқеаларни баён қиламиз. Бу воқеалар кўпроқ Сиффин жанги номи билан ҳам машҳур.
35 ҳижрий йил ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин, халифалик Алий розияллоҳу анҳуга ўтди. Жуда кўп саҳобалар унга байъат қилишди, бироқ баъзи саҳобалар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимига сабаб бўлган жиноятчиларга жазо берилмагунича байъат қилишни истамади. Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларига жазо талаб қилаётганлар орасида Муовия розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Ўша вақт у Шомда волий эди. Модомики, у ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қариндош ҳам эди. У Алий розияллоҳу анҳунинг энг биринчи вазифаси айбдорларни жазолаши керак, деб ҳисобларди. Алий розияллоҳу анҳу ҳам бунга қарши эмас эди, бироқ у бирон бир ишни бошлашдан аввал халифаликда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олиш керак, деб биларди. Усмон розияллоҳу анҳуга қарши чиққан одамлар жуда таниқли ва юқори мартабаларга эга шахслар бўлиб, уларга ҳозир қарши чиқилса мусулмонлар орасида катта фитна бўлиши эҳтимоли бор эди. Муовия розияллоҳу анҳу ўша одамларни жазолаш кераклиги талабини қўйганида, бунга Алий розияллоҳу анҳу рози эдилару, аммо дарҳол ўша вақт уларга қарши бирон бир ҳаракат қила олмас эдилар. Муовия розияллоҳу анҳу билан бирга бўлган одамлар уни Алий розияллоҳу анҳуга қарши даъват қилиб, у Усмон розияллоҳу анҳу қотилларини ҳимоя қиляпти ва уларни жазолашни кечиктирмоқда, дерди. Бунинг орасида, Муовия розияллоҳу анҳуга Алий розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг қотиллари тарафига ўтиб олди деган ёлғон хабар (дезинформация) етиб келди. Шундай қилиб Муовия розияллоҳу анҳу Алий розияллоҳу анҳунинг қайси позицияда турганини охиригача тушунганлари йўқ ва Алий розияллоҳу анҳу ундан рози бўлмаса ҳам ўзи мустақил ҳаракат қилишга қарор қилди.
Алий розияллоҳу анҳуга Муовия розияллоҳу анҳунинг режалари етиб келганида, аввалига Муовия розияллоҳу анҳуга музокаралар учун элчиларни юборди. Агар рад қилса, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳаракатлари туфайли ҳамда мусулмонлар орасида фитна чиқишининг олдини олиши учун уни тўхтатиш учун қўшин йиғиб, вазиятни назоратга олиш учун Муовия розияллоҳу анҳунинг олдиларига бормоқчи ҳам бўлдилар.
Орадан бир оз вақт ўтиб, Шомнинг Сиффин деган жойида булар орасида қуролли тўқнашув бўлиб ўтди. Тарафлар келишишга ҳаракат қилишди. Бироқ, охир оқибат икки тараф ҳам катта талафот кўрган жанг бўлиб ўтди. Алий розияллоҳу анҳу қўшинлари ғолиб бўла бошлаганида, Муовия розияллоҳу анҳу қўшинлари жангни тўхтатиб музокара қилишни талаб қилишди. Беҳуда қурбонлар бўлмаслиги учун Алий розияллоҳу анҳу музокараларга рози бўлди. Музокаралар олиб бориш учун ҳар бир тараф биттадан вакил тайинлаши керак эди. Муовия розияллоҳу анҳу қўшинлари тарафидан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу, Алий розияллоҳу анҳу тарафидан эса Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вакил қилинди. Бундан ташқари, жанг ҳам тўхтатилишига қарор қилинди ва рамазон ойида охирги қарор қабул қилинадиган бўлди (ўша йил, яъни ҳижрий 37 йил).
Рамазон ойи киргач Амр ибн Ос ва Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳум) музокара қилиш учун учрашдилар ва келишишга ҳаракат қилишди. Бироқ бу музокарлар ҳеч қандай самара бермади ва ҳар икки тарафни рози қилувчи қарор қабул қилинмади.
Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ўртасидаги келиша олмаган воқеаларнинг қисқача баёни шудир.
Улар ҳақидаги воқеаларни батафсил келтиришга ҳожат йўқ, чунки уларнинг кўпи жуда заиф ва ишончсиз манбалардан олинган. Бундан ташқари, тарихнинг шу жойлари ақидавий ҳамда саҳобалар ҳақидаги масалалар сирасига киради. Юқорида зикр қилганимиздек, Қуръони каримда саҳобаларнинг фазилатлари етарлича зикр қилинган. Тарихнинг мазкур бир лаҳзаси туфайли ҳамда бу масалаларда чуқур кетишимиз билан саҳобалар ҳақида нотўғри тушунчага бориб қолмаслигимиз керак.
Мақолани тугатишимиздан олдин, қуйидагиларни ёдда тутишларингизни маслаҳат берамиз:
1.Муовия розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаламнинг саҳобаи киромлардан бўлади.
Абдураҳмон ибн Абу Умайрдан қилинган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовияга қарата: “Аллоҳим, уни ҳидоятга бошлагин, ҳидоятланганлар сафига қўш ва у билан ҳидоят қилгин”, деганлар.
Абу Идрис Ҳавлоний бундай дейди: “Умар ибн Хаттоб Умайр ибн Саъдни четлатиб, ўрнига Муовияни Хумс волийи қилиб тайинлади. Шунда баъзи одамлар: “Умайрни бўшатиб, Муовияни волийликка тайинлади”, деб гап қилишганида ҳазрати Умар уларга: “Муовияни фақат яхшилик билан эсланглар, мен Расулуллоҳнинг: “Аллоҳим, у билан ҳидоят қилгин”, деганларини эшитганман”, деди.
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳим, Муовияга ёзишни, ҳисобни билдиргин ва уни азобдан асрагин”, деганларини эшитганман”. Умар ибн Хаттоб уни Шомга ҳам волий қилди, ҳазрати Усмон буни иқрор этди.
1.Икки тараф ҳам ўзлари тўғри деб билган нарса билан дин учун жанг қилган (яъни, қандайдир нафслари ёки дунёвий манфаатлари учун курашмаган). Бироқ, аҳли сунна вал жамоат уламоларига кўра, Муовия розияллоҳу анҳу хатога йўл қўйган, Алий розияллоҳу анҳунинг тутган йўли тўғри эди, дейишади. Бу дегани Муовия гуноҳ қилди, дегани эмас, хато ижтиҳод қилган ҳалос, бироқ, у ўзи тўғри деб билган ижтиҳоди учун мағфират қилинади, инша Аллоҳ. Унинг бу ҳаракатлари уни саҳоба сифатида ҳеч камситмайди. Бу воқеалардан оладиган сабоқ: ихтилоф бўлган вақтларда ҳақ йўлда бўлган бир тараф билан муқобил ечим таклиф қилаётган бошқа бир тараф ҳам борлигини кўрсатади. Дин йўлида қилган хизматлари учун Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумлардан миннатдор бўлишимиз керак.
Бу воқеалар ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассалам дедилар:«Мусулмонларнинг икки гуруҳи бир-бирлари билан урушмагунича қиймат бўлмайди. Улар ўртасида улкан жанг бўлиб ўтади. Ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади».
Ҳофиз ибн Ҳожар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзган шархида мазкур ҳадис Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ҳақида эканини ёзади. Ҳар иккисининг даъвоси Ислом манфаатлари эди.
Бу ихтилоф ҳақида мусулмон уламолар ва миллатнинг фуқаҳолари нималар дейишган? Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимидан сўнг Алий билан Муовия ўртасидаги нарсалар ижтиҳод ва раъй йўлига кўра бўлгандир. Улар ўртасида жанг бўлиб ўтган, ҳақ ва тўғрилик Алий тарафида эди, Муовия эса салаф ва халаф уламо наздида узрлидир”.
У Ибн Халдуннинг “Тарих”ида ёзишича, Алий розияллоҳу анҳудан Сиффинда ўлганлар ҳақида сўралганида, у қуйидагича жавоб берган эканлар:
“Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мана булардан биронтаси қалби пок ҳолда ўлса, шубҳасиз, Жаннатга киради”.
1. Бу каби масалалар баён қилинган мақолалар ўқилганида, қалбимиз доим очиқ ҳолда бўлиши керак ва ҳеч қачон саҳобалар ҳақида салбий фикр билдириб тилларимизни булғамаслигимиз керак.
Мақола сўнгида рошид халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари билан мақолани тугатмоқчиман:
“Қўлимизни қонга ботиришдан Аллоҳ бизни пок сақлаган экан, бас тилимиз билан у пок одамларни ифлос қилмаймиз”.
Валлоҳу аълам
Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади