loader
Foto

Ислом бепул тиббиётга эга бўлган илк жамиятни қурган

Шу аснода, бугунги кунда тиббиёт фанини уларсиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларнинг кўпчилиги ва соғлиқни сақлаш тизимида факат орзу қилиш мумкин бўлган нарсалар ўрта асрларда, мусулмон Шарқида ўйлаб топилганди.

Илк марта бепул тиббиёт, бепул дори-дармонлар таъминоти ва «касалхона» тушунчасининг ўзи ҳам Европада эмас, балки ўрта асрлар Халифалигида пайдо бўлган. Илк касалхоналар Дамашқда Волид ибн Абдулмалик даврида, 8-аср бошларида қурилган. Касалхоналар «бемор(касал)» ва «истон(жой)» сўзларидан ташкил топган "бемористон" сўзи билан аталган.

Европада моховлар ўтда ёқилган бир пайтда мусулмонлар ҳукмдори мохов касалига чалинганлар, кўрлар ва майиб-мажруҳ одамларга нафақа тайинларди. Бунгача одамлар шифокорларни уйига таклиф қиларди ва касалхона деган тушунчанинг ўзи йўқ эди, шунингдек, ногиронлар учун давлат томонидан нафақа ҳам берилмасди.

9-асрда халифа Хорун ар-Рошид Бағдодда яна бешта касалхона очди, шундан кейин бутун Халифалик бўйлаб касалхоналар қурилиши бошланди. 878 йил Миср волийси Ахмад ибн Тулун Қоҳирада биринчи касалхонани қурдирди. У ерда биринчи марта руҳий касаллар учун бўлинма очилди.

Лекин 12-асрда Дамашқда қурилган, ҳукмдор шарафига унинг исми билан аталган Нуриддин госпитали ислом дунёсининг энг машҳур тиббий маркази бўлган. 300 киши учун мўлжалланган касалхонада 20 дан ортиқ шифокор ишларди. Қасрга ўхшаб кетадиган улкан бинонинг ҳовлисида фонтан ва боғ бор эди. Бу касалхонада ўз даврининг энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиларди, улкан мамлакатнинг турли бурчакларидан келтирилган таркибий қисмлардан дорилар тайёрланадиган лаборатория фаолият юритарди. Биз ҳозирги кунда ҳам фойдаланиб келадиган аспирин ва тиш пастаси айнан Нуриддин госпиталида ўйлаб топилган.

Ўрта асрлардаги мусулмон касалхоналарида турли касалликларга чалинган беморлар учун бўлинмалар, жумладан, руҳий хасталар учун бўлинмалар, қаровчисиз қолган қариялар ва ногиронлар учун бўлинмалар мавжуд эди. Шунингдек, бу касалхоналар қошида поликлиникалар ҳам фаолият юритарди. У ерда турли ихтисосликлаги шифокорлар: терапевтлар, жарроҳлар, офтальмологлар ва бошқалар ишларди. Мусулмон касалхоналарида кичик тиббиёт ходимлари пайдо бўлган.

Даволаш давлат ҳисобидан амалга оширилган ва қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, ҳамма учун очиқ бўлган. Барча дори-дармонлар ҳам бепул бўлган. Бундан ташқари, бемор касалхонадан чиқарилганда унга ўз ишига қайтгунга қадар ўзини таъминлаб туриши учун 5 олтин ддинор берилган.

Бунга қадар мисли кўрилмаган тиббий хизмат кўрсатишга европаликлар ҳам гувоҳ бўлган. Наполеонга унинг Мисрдаги ҳарбий кампанияларидан бирида ҳамроҳлик қилган шахслардан бири французлар босқинидан олти аср олдин қурилган касалхоналар ҳақида ҳикоя қилади:

«Касалхоналарга истисносиз ҳамма, бойлар ҳам,  камбағаллар ҳам қабул қилинар экан. Уларни шарқнинг энг яхши шифокорлари даволарди ва уларга совғалар ҳам бериларди. Ичимликлар қўйиладиган жойлар, турли дори-дармонлар ва ускуналарга тўла дорихоналар бор эди. Руҳий касаллар алоҳида хоналарда сақланар, бу ерда уларга мусиқа қўйилар, турли ҳикоялар айтиб бериларди. Касалхонадан тузалиб чиққан ҳар бир бемор бирданига оғир ишга киришиб кетмаслик учун дастлабки эҳтиёжларига беш олтин динор олар экан».

Француз шарқшунос олими Эмиль Присе Авен (Prisse d'Avennes), бу касалхоналарни тавсифлар экан, қуйидаги сўзларни айтади: «Касаллар учун мўлжалланган катта хоналар иситилар ёки катта кентиляторлар ёрдамида салқинлатиларди. Полга эса хина ёки атиргул япроқлари, хушбўй ҳид таратадиган ўсимликлар ташлаб қўйилганди».

Мусулмон шифокорларнинг кўп сонли кашфиёт ва ихтиролари ҳам тибиётнинг ривожланиш даражаси ва тиббий хизмат сифати юқори бўлганлигидан далолат берарди.

Дунёга машҳур олим Ибн Сино бемор ҳолатини унинг сийдигини таҳлил қилишга асосланиб аниқлаган илк шифокор бўлган. Шунингдек, у анестезияни ҳам биринчи бўлиб қўллаган. Оғриқсизлантирувчи восита сифатида афюн, меҳригиёҳ ва бошқа ўсимликлар фойдаланилган. Анестетиклар кашф қилиниши туфайли ислом дунёсида жарроҳлик ривожлана бошлади. 10-асрда шифокор Розий жониворлар ичагидан жарроҳлик иплар тайёрлай бошлади, Заҳравий эса биринчи бўлиб буйракдан тош олиб ташлади, варикозни даволади ва сигир суякларидан ясалган тиш протезлари қўя бошлади. Ибн Синонинг ўзи ҳам тархида биринчи бўлиб саратон ўсимтасини олиб ташлаган.

Мусулмон шифокорлар ўйлаб топган 200 дан ортиқ жарроҳлик ускуналари ҳозирги кунда ҳам қўлланиб келмоқда. Уларнинг орасида энг машҳури ироқлик жарроҳ Аммор Мафсилий томонидан бундан минг йил аввал ўйлаб топилган шприц ҳисобланади. У бемордан қон олиш учун ичи ғовак игна, шиша найча ва сўриш механизмидан фойдаланган.

Заҳравий биринчи бўлиб шифокорлар ва ҳамширалар касалхонада махсус оқ халат кийиб юришга мажбур қилган ва шу тариқа машҳур оқ халатлар пайдо бўлган.

Мусулмонлар кўз касалликларини даволашда ҳам ажойиб муваффақиятларга эришган. Ибн Хайзам (965-1039) кўзнинг тузилишини муафассас тасвирлаб берган ва катталаштирувчи шиша ўйлаб топган, мосуллик Аммор ибн Алий эса кўзда илк жарроҳлик операциясини бажарган. У катарактани (бу атаманинг ўзи ҳам араб тилидан келиб чиққан) эгри игна ёрдамида олиб ташлашни ўрганган. Европада эса бундай операциялар фақат… 19-асрда қилина бошлаган!

Мусулмон олимлари замонавий фармакологияга ҳам асос солганлар. Халифалик Испаниядан тортиб Хитойгача бўлган улкан ҳудудларни бирлаштирган бўлиб, бу ерларнинг аҳолиси тиббиёт соҳасида турли анъаналарга эга эди. Шифокорлар мамлакатнинг турли қисмларидан келиб тушадиган дори-адармонларга эга бўла бошлагач, улар бу дориларни тадқиқ этиб, бир-бирга қўшган ва аралаштирган ҳолда янги дорилар ўйлаб топа бошлади. Бағдодда яшаган Юханна ибн Масавий (777-857) ва унинг шогирди Хунайн ибн Исҳоқ Ибодий (809-874) илк мусулмон фармацевтлари ҳисобланади. Мусулмон олимларнинг меҳнатлари туфайли кимё, шампунь, ҳабдори, сироп, эликсир, алкогол, алдегид каби сўзлар дунё илм-фан соҳасида муомалага киритилди.

Барча дорихоналар қатъий давлат назорати остида бўлган. Сифатсиз дори сотганлик учун аптекачи шариатга мувофиқ жисмоний жазога тортилган.

Мусулмон шифокорлари психиатрияга ҳам асос солганлар. 10-асрда Нажибуддин Муҳаммад беморларни кузатишдан сўнг кўплаб руҳий касалликларни тавсифлаб, қайд эта бошлаган. Бунгача эса бепул психиатрия касалхоналари очила бошлаганди.

Мусулмонлар бепул, эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам очиқ бўлган тиббий таълимни энг юқори даражаа кўтардилар. Дастлабки тиббиёт университетлари Бағдодда ва Эроннинг Жунди-Шаур шаҳрида очилган. Талабалар беморларни даволашдан узилмаган ҳолда таҳсил оларди, Розий, Ибн Сино ва Ибн Зуҳр каби машҳур шифокорлар эса тиббиёт университети декани ва касалхона мудири лавозимларини бир пайтнинг ўзида юритарди.

931 йил халифа Муқтадир шифокорларни мажбурий давлат лицензиясини олишини жорий қилди. Бу шифокорлар хатоси туфайли одам ўлгани ҳақида халифага маълум бўлган ҳолатдан кейин йўлга қўйилди. Барча тиббиёт ходимлари ўзининг касбий яроқлилигини тасдиқлаш учун малакавий имтиҳон топширишлари шарт қилиб қўйилди. Талабалар эса университетни якунлаган имтиҳон топширадиган ва давлат намунасидаги диплом оладиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, соғлиқни сақлаш адолатли тизими ва тиббиёт соҳасидаги ютуқлар одамларда худодан қўрқишга асосланган масъулият ва жавобгарлик ҳиссини тарбиялайдиган Ислом қонунчилиги тизими ва доктринаси туфайли эришилди.

Юнус сурасининг 57-оятида: “Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”, дея марҳамат қилинган.



Ҳукмдорлар ўз сиёсатида илоҳий қонунларга риоя этишга ҳаракат қилиши лозим. Ҳадисларнинг бирида “Имом ўз қавмига масъул”, деб айтилган.

Шифокорлар Аллоҳнинг қуйидаги сўзларидан илҳом олган ҳолда тобора кўплаб янги дори-дармонлар ихтиро қиларди ва даволаш усулларини ўйлаб топарди: “Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам бергандир...”

Мусулмон тиббиёт ходимлари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида жангларда яраланган диндошларни даволаган Аслам қабиласидан бўлган Руфайда исмли аёлдан ўрнак олган ҳолда пул учун эмас, балки Аллоҳнинг ризолиги учун беморларга қарарди ва уларга ғамхўрлик қиларди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам буйруғи билан Руфайдага масжид ҳовлисида чодир битилган ва у илк жамоат касалхонаси бўлган, розиаллоҳу анҳо.

Бундан минг йил аввал Ислом давлати тамаддун ва тараққиёт маркази бўлган, ҳамма бу ерда яшаш ва ўқишни орзу қилган, ҳозирда эса мусулмон мамлакатлар қолоқлик ва таназзул марказига айланиб қолган. Аввалги буюклик ҳолатини тикилаш учун мусуломнларда ресурслар ва имкониятлар етарли, фақат Худодан қўрқиш ва ҳаётган барча жабҳаларида Аллоҳнинг амрига риоя қилиш етишмаяпти, холос.

Фойдаланилган материаллар:

1.http://www.islamfortoday.com/athar04.htm

2.http://www.enotes.com/topic/Medicine_in_medieval_Islam

3.http://www.historyforkids.org/learn/islam/science/medicine/index.htm

4. http://www.nlm.nih.gov/exhibition/islamic_medical/islamic_12.html

Абу Муслим таржимаси