Агар унга қабул қилиш вожиб бўладиган барча далилларни кўрсатса ҳам у қабул қилмайди ва ўз гапини устун тутаверади. Агар ўша кимсанинг муроди шу бўлса, демак, унинг фитнасидан сақлана олмайди, мунозаранинг оқибати ҳам яхши бўлмайди.
Мунозара қилишдан енгиш ва тортишувни мақсад қилган кишига бундай дейилади: менга хабар қил! Агар мен ҳижозлик ва сен ироқлик бўлиб, иккаламизнинг ўртамизда бир масала юзага келса, мен ўз мазҳабимга биноан “у ҳалол”, - дейман ва сен ўзингнинг мазҳабингга асосан “у ҳаром”,- дейсан. Сўнг, сен ўзингни ҳақ билиб, мендан мунозара қилишни сўрасанг ва ундан мақсадинг иддао қилаёгтган гапингдан қайтиш бўлмаса ҳамда ҳақиқат сен томонда бўлса, албатта, ушбу масала бўйича сенинг ганингни оламан. Агар ушбу масалада ҳақиқат мен томонда бўлса ва мунозарамдан муродим айтган гапимдан қайтиш бўлмаса, сен ўша масалада менинг гапимга қулоқ соласан. Мабадо, бу масалада менинг мақсадим сенинг гапингни рад қилиш бўлса ва сенинг ҳам мақсадинг менинг гапимни рад қилиш бўлса, ушбу масалада мунозора қилишимиздан маъни йўқ. Биз учун энг афзали, сен ўзинг билганингда ва мен ўз билганимда сукут қилишдир. Бу эса, биз учун энг тинчи ва биз амал қилиш лозим бўлган ҳақиқатга энг яқинидир.
Агар кимдир: “Бу қандай бўлади?”, деса савол берувчига: “Чунки, сен ўзинг ноҳақ бўлган ҳолингда менинг ҳақиқатдан оғишимни хоҳлайсан. Натижада, мен ҳақиқатга эриша олмайман ва бу ҳолат сени хурсанд қилади ҳамда бу билан сен завқланасан. Агар менинг ҳам мақсадим худди сеники каби бўлса, сен ҳақиқатга эриша олмайсан ва бу ҳолат мени хурсанд қилади ҳамда бу билан мен завқланаман. Мабадо, биз шу каби ҳолатни мақсад қилсак, биз оқибатсиз ёмон одамлар бўлиб, ҳақ йўлга ҳаргиз эриша олмаймиз. Илм бизнинг зиёнимизга ҳужжат бўлиб, жоҳил-билимсиз киши ҳам биздан кўра, узрлироқ ҳисобланади.
Буларнинг ҳаммасидан ёмонроғи, бу - баҳслашаётган икки кишининг бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатидан ўз фикрига ҳужжат сифатида рақибига келтирганда, иккинчи томон ўша ҳужжат - ҳадисни бемаъниларча рад этишидир. Ваҳоланки, уларнинг ҳар бири ўз ҳужжатининг; рад этилишидан қўрқади. Ҳаттоки, ўша киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан экани аниқ бўлган суннат билан гапирган тақдирда хам, иккинчи томон унга нисбатан “Бу ботил!”, - дея, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини ўз фикри билан бемаъниларча инкор этади. Мен эса, асло бундай демайман! Агарда улардан бири ўша масалада саҳобаларнинг сўзларидан ҳужжат сифатида келтирса-ю, у ўша рақибини енгишга фойдаси тегса ҳам, уларнинг ҳар қайсиси бир-бирининг гапидан ғолиб келишга ҳаракат қилиб, нимадан ҳужжат сифатида келтирилганига эътибор бермайди ва суннатлар-у ривоятларнинг рад этилишдан ташвишланмайди.
Жоҳил кишининг сифатларидан бири, бу - мунозарада тортишув, риё ва енгишга интилишдир. Аллоҳ таоло ундай кимсанинг мақсадидан Ўзи асрасин!
Оқил олимнинг сифатларидан бири, бу - ўз мунозарасидан мақсади ўзи ва бошқаларга дўстона маслаҳат бериш ва яхши манфаат топишдир. Аллоҳ таоло уламолар орасида бу каби олимларни кўпайтирсин ва унинг илми билан фойдалантирсин ҳамда уларни ҳилм билан зийнатласин.
Абу Бакр ал-Ожуррийнинг
"Ахлоқ ал-уламо" китобидан