loader
Foto

Мовароуннаҳрда қурилган биринчи масжид

Қутайба ибн Муслим тўқсон тўртинчи йили (7 октябрь 712—25 ноябрь 713) Бухоро ҳисор (арк)ининг ичида масжиди жоме бино қилди. У жой (илгари) бутхона эди. Қутайба Бухоро аҳолисига ҳар жума куни у ерга йиғилишга буюрди; чунончи, у ҳар жума куни жарчи қўйиб: «Жума намозига ҳозир бўлган ҳар бир кишига икки дирҳам бераман»,— деб чақиртирар эди[2].

Чунки бу юртда Ислом дини ҳали янги дин эди, кўпчилик ўзининг қадимий оташпарастлик динидан тўлиқ қайтмаган эди. Эски дин тарафдорлари ўзларига таклиф этилган динга бир мунча давр қарши турдилар. Аста секинлик билан Аллоҳ таолонинг ҳидояти билан Бухоро аҳли Исломнинг адолатлигини ва гўзаллигини кўриб, ўз ихтиёрлари билан бирма бир мусулмон бўла бошладилар. Ҳисор ичида бўлган масжиди жомени Қутайба бино қилган, одамлар унда намоз ўқир эдилар. Мусулмончилик кенг тарқалиб, одамларнинг Ислом динига бўлган рағбатлари кундан-кунга ортаборгач, улар бу масжидга сиғмай қолдилар.

Бу ҳол Фазл ибн Яҳё ибн Холид Бармакий[3] давригача давом этди. У Ҳорун ар-Рашид (786-809) замонида Хуросон амири бўлди. Бухоро халқи йиғилдилар ва иттифоқлашиб бир юз эллик тўртинчи йили (24 декабрь 770— 12 декабрь 771) ҳисорнинг (оқава сувлари тушадиган) ҳовузини қазидилар ҳамда ҳисор ва шаҳристон ўртасида масжиди жоме бино қилдилар[4].

Бухоро арки ва шаҳристон бозори орасида қурилган жоме масжид Мовароуннаҳрда қурилган биринчи масжид ва ҳозирги “Масжиди Калон”нинг аввалгиси биноси эди. Амир Исмоил Сомоний (888-907)давригача ҳар ким бу масжидни кенгайтириб борди. Амир Исмоил кўп уйлар сотиб олди ва масжиди жомени учдан икки ҳиссасича кенгайтирди. Айрим маълумотларда келтирилишача, ўша пайтларда Масжиди Калон 100 минг мусулмонни сиғдирган.

Ҳалис илмининг султони Имом Бухорий (810-870) Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Бу ерда дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни, етказувчилар туриб, имом Бухорийнинг оғзиларидан нима чиқса, халққа етказиб турганлар. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борганлар[5]. Масжиди Калонда Имом Бухорийдан бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин одам дарс олган.

Жоме масжиди (11 ноябрь 1067—30 октябрь 1068 йилда) айрим сабабларга кўра ёнди. Бу масжид то Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102-1130) давригача шу сифатда бўлиб келди. Сўнг Арслонхоннинг фармони билан масжиди жоме қайтадан тикланди. Арслонхон буларнинг ҳаммасини холис ўз пулига қурдирди. Арслонхон қуришга буюрган у масжиди жоме беш юз ўн бешинчи йилда (22 март 1121—11 март 1122) қурилган эди.Арслонхон иккинчи марта минора кўтаришга (1122 -1127 йилда) буюрди ва энди, у мустаҳкам бўлсин учун, зўр ҳаракат қилиб қурдилар, тепасини пишиқ ғиштдан ишладилар[6].

Минораи калон Арслонхон даврида иккинчи марта қурилди. Шунинг учун минораи калоннинг икккинчи номи “Минораи ду”. Агар абжад ҳисоби билан “Минораи ду” сўзи ҳисобланса, Арслонхоннинг минорани қурдиган ҳижрий санаси келиб чиқади.

Бир аср ўтиб Мовароуннаҳр халқининг бошига машриқдан бало ёпирилиб келди. 1220 йилда Чингизхон ўзининг қўшини билан Бухорога бостириб кирди.

Мўғул хони Чингиз ўғли Тули билан бирга шаҳарга кирди. Чингизнинг кўзи дастлаб улуғ Сомоний тарафидан муҳташам безаклар билан қурдирилган жоме масжидига тушди. У ўғли Тули билан бирга отдан тушмай масжидга кирди. Минбар олдига бориб тўхтади. Тули отдан тушмай минбар олдида туриб қолди. Чингиз сўради: «Бу султоннинг ўз саройими?» Унга: «Бу байтуллоҳ» деб жавоб берилди. Шундан сўнг отдан тушди. Минбарнинг бир неча зинасига кўтарилдида, орқасида турган мўғулларга қичқирди. «Ўтлоқ ўрилди, отларингизга ем берингиз!» Бу талон-тарож қилишга рухсат ишораси эди[7].

Хабарларда келишича, Мўғул хони Масжиди Калонга қирганда, масжид меҳробида буюк аллома, ҳанафий мазҳабининг фақиҳи, “Муҳит ул Бурҳоний” китобининг соҳиби Абдулазиз ибн Моза қиблага қараб ўтирган бўладилар. Чингиз келиб буюк имомга бир нечта савол беради, аммо имом ҳеч нарса демай ўз нафратларини билдириб, унга ҳатто қарамайдилар ҳам. Чингиз ўз қамчиси билан имом юзларини буришга ҳаракат қилганида, имом унинг юзига тупурадилар. Шунда Мўғул хони ўша ерда буюк аллома Абдулазиз ибн Мозани шаҳид қилади.

Темурийлар сулосасидан сўнг Мовароуннаҳрда шайбонийхонлар сулоласи ҳукмронлиги давом этди.  Султон Муҳаммад Шайбонийхон (1500-1510) ҳалок бўлгач, унинг ўрнига амакиси Кўчкинчихон (1510-1530)тахтга ўтирди.Кўчкунчихон номи тарихда хонгина эмас, адабиёт, фан ва маданият ҳомийси сифатида ҳам ном қозонган. Унинг даврида кўп асарларни ўзбек тилига таржима қилиш бобида катта ишлар қилинган: форс тилидан ўзбек тилига Рашидуддиннинг “Жоме ат-таворих”, Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарлари таржима қилинган, Бухорода Абдулазизхон кутубхонаси очилган, масжид, мадраса, хонақоҳлар таъмирланган. Энг асосий асрлар давомида жуда кўп талофотлар кўрган Масжиди Калон Кўчкинчихон фармони билан 1514 йилда қайта таъмирланиб тикланади.

Убайдуллохоннинг ўғли Абдулазизхон (1540-1550) даврида қайта таъмирланган Масжиди Калон пештоқи ва меҳробига забардаст хаттот Шайх Боязид Пуроний Қуръони карим оятларини катта маҳорат билан нақшлаган. Шунингдек, бу хаттот Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон ўз мамлакати аҳолисини бир қанча солиқлардан озод қилганини мармар лавҳага ёзиб, уни масжид кираверишига ўрнатган. Турган гапки, бундай битиклар юртимиз ўтмишини, ёдгорликлар тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишда ғоят муҳим манбадир[8].

Масжиднинг ичкарисидаги пештоқнинг олдида бир кўшк бор. Уни “Қабри шаҳидон” деб номлашади. Уни Амир Олимхон(1910-1920)нинг фармони билан уста Ширин Муродов 1913 йилда қурган.Ўша кўшкнинг қибла томонига чиройли нақшлар билан тавҳид калимаси остида уста Ширин Муродов маҳорат билан кўшкнинг қуриб битирилган йил 1332 ҳижрий санани ёзиб қўйган.

1920 йилда рус саркардаси Фрунзе қўмондонлиги остида Бухорога бостириб киришади. 12 мингта тўп ва 11 та самолёт билан Бухорони ўққа тутиб, кўпгина масжид мадрасаларни вайронага айлантиришади. Қолган масжидларни отхона ва қурол-яроқ сақланадиган омборхонага айлантиришди.

Масжиди Калоннинг охирги имоми Эшони Ибодуллохон 1930 йилгача имом хатиб вазифасини адо қилиб келганлар. Манбаларда келтирилишича, эшони Ибодуллохон 6000 тага яқин муридлари бўлган. Бухородаги “Дарвозаи Қарши” яқинида хонақоҳлари бўлиб, у ерда кунида 500та мурид хизмат қилган[9].

Совет мустабид даврида мусулмонларнинг муқаддас жойларини камситган ҳолда кўп жойларни вайронага айлантиришган. Масжиди Калонни эса умумий омборхонага айлантиришган.

Масжиди Калоннинг бош пештоқини 1976 йилдаги зилзила туфайли бузилибқолган жойларини 1980 йилда О. Бобомуродов шогирдлари билан қайтадан тўлиқ асл ҳолига келтириб тиклади[10].

Мустақилликка эришгандан кейин юртимизда аждодларимиз қолдирган бой мерослар қайта ўрганилди, қадриятларимиз тикланди. Масжид, мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди.1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига тайёргарлик жараёнида Президентимиз И. Каримов ташаббуслари ва раҳнамоликларида Пойи Калон меъморий мажмуидаМасжиди Калон,Мир Араб мадрасаси важами 28 та маданий мерос объекти тўлиқ таъмирланди. Бухоро шаҳри тарихий марказидаги меъморий обидаларнинг ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ёдгорликларни муҳофаза қилиш масалаларига халқаро жамоатчилик диққат-эътиборини қаратди.Аллоҳ Ўзининг байтини таъмирлаганларни беадад ажру савоблар билан сийласин!



Масжиди Калон имомлари



Абдулкарим ас-Самъоний (1113–1167) ўзининг машҳур қомусий асари “Ал-Ансоб” (Насабнома) китобида VIII–XII асрларда шу масжидда дарс берган, масжидда имом-хатиб сифатида фаолият олиб борган олимлар, улуғ зотлар тўғрисида қимматли маълумотлар қолдирган. Жумладан, пайкент (ҳозирги Қоракўл) лик кўпгина уламолар шу ерда дарс берганлар.

Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ал-Қуҳандузийҳам Бухоронинг “Қуҳандуз”идан бўлиб, Масжиди Калонда муаззин  эдилар. Абу Закариё Яҳё ибн Исмоил, Абу Зайд Имрон ибн Фарином, Саҳл ибн Мутаваккил ва Қайс ибн Унайфдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 346 (милодий 958) йилнинг жумодул аввал ойида вафот этганлар.

Абу Амр Муҳаммад ибн Ҳомид ал-Қуҳандузий“Муаззин ал-абяз” (Оппоқ муаззин) номи билан танилган эдилар. Бу киши Бухоро аҳлидан бўлиб, Масжиди Калонда азон қичқирувчи эдилар. Абу Бакр ал-Мункадирий ва Абу Амр Саид ибн Муҳаммад ал-Аҳнафдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 369 (милодий 980) йилда вафот этганлар. (84-бет)

Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ал-Жубуний Бухоронинг машҳур олимларидан бўлиб, “Ал-Жубуний” номи билан танилган эдилар. Пишлоқ тайёрлаб сотганлари учун “Жубуний” (Пишлоқчи) тахаллусини олганлар. Бухородаги “Масжиди Калон” жоме масжидида имом-хатиб ва Ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан эдилар. Ҳаж қилгандан сўнг Бағдодга келиб, Муҳаммад ибн Ҳамдавайҳи ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Сибадмуний ал-Устоз (258-340/872-952), Муҳаммад ибн Собир ал-Бухорий ва Ҳомид ибн Билолдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса ўғиллари Абу Наср ибн ал-Жубуний, Абул Қосим ал-Азҳарий ва Ҳусайн ибн Муҳаммад ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 395 (милодий 1006) йил зулқаъда ойининг 1-сида,  жума куни вафот этганлар. (29 бет)

Абул Фазл Аҳмад ибн Али ас-Сулаймоний Пайкандийкўп ҳадисларни ёддан билувчи эдилар. Ўз замонларида у киши ҳадисларнинг асоси (далили)ни келтиришда, ҳадисларни ёддан билишда ва айтган ҳадислари тўғрилигини исботлашда тенги йўқ эдилар.  Илм талабида Ироқ, Шом ва Мисрда бўлиб, тўрт юздан ортиқ кичик ҳажмли китоб ёзганлар. Ҳар ҳафта бир китоб битиб, жума куни Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидига олиб келиб, у ерда ҳозир бўлган кишиларга ўқиб берганлар. Ҳижрий 412 (милодий 1022) йилда вафот этганлар. (26-бет)

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Фазл ал-Хайрохарий(9 аср) (Бухородан беш фарсах узоқликдаги Занданига яқин қишлоқ. (Пешку туманида.) шу қишлоқдан бўлиб, бу нисбат билан машҳурдирлар. Бу киши Бухорода муфти (фатво берувчи) бўлганлар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом-хатиб бўлганлар. Шайхларнинг хизматларида бўлиб, уларнинг дуоларини олганлар. Шунинг шарофатидан Бухоронинг энг кўзга кўринган олими, муҳаддис, фиқҳ илми бўйича мударрис, хушхат хаттот ва имом бўлганлар. Ал-Хайрохарий авлодлари Бухорода ҳозир ҳам бор. (41-бет)

Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ал-Бухорий ал-ФазлийБухородаги Масжиди Калоннинг имоми, солиҳ олим ва чиройли сийратли эдилар. Ҳижрий 426 (милодий 1036) йилнинг рамазон ойида таваллуд топиб, ҳижрий 508 (милодий 1115) йилда Бухорода вафот этганлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ар-Риғдамунийфозил кишилардан бўлиб, ёлғиз қолганларида сукунат ва виқорни яхши кўрар эдилар. Дину диёнатни ҳар хил гаплардан, туҳматлардан ҳимоя қилардилар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом-хатиб эдилар. Боболари Абдураҳмон ибн Исҳоқ ар-Риғдамуний ва Сулаймон ибн Иброҳим ас-Сарахсийдан таълим олганлар. У кишидан Абу Амр Усмон ибн Али ал-Пайкандий ҳaдис ривоят қилганлар. Ҳижрий 518 (милодий 1125) йилнинг жумодул аввал ойида Бухорода вафот этганлар. (45-бет)

Абул Маҳомид Ҳаммод ибн Иброҳим ас-Саффор (саффор  арабча сўз бўлиб,  мискар, мис буюмлар   ясаш, уларни тузатиш ва сотиш иши билан шуғулланувчи деган маънони англатади.) адабиёт ва усул илмларини яхши билар эдилар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом эдилар. Жума кунлари кишиларга шу масжидда ўз рисолаларини ўқиб берардилар. Оталаридан ва Абу Али Исмоил ибн Аҳмад ал-Байҳақийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Мен (яъни Абдулкарим ас-Самъоний) у кишидан таълим олмаган бўлсам ҳам, Бухорода учратганман. Ўғлим Абул Музаффар ас-Самъоний у кишидан таълим олган.  (67-бет).

Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ал-Бухорий ал-Фазлийнинг амакиларининг неваралари Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-ФазлийБухородаги Масжиди Калонда имом-хатиб эдилар. Пок, зоҳид, нур юзли ва чиройли сийратли эдилар. Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ал-Фазлийдан таълим олганлар. Бухорода ҳовлиларида ҳадис ёзиб олганман. (Муаллиф) Бу кишида пайғамбар алайҳиссаломнинг кавушлари ва  ҳассаларининг ярми бор эди. Уларни ҳар бир келган киши зиёрат қилар эди. Ҳижрий 549 (милодий 1155) йилда вафот этганлар.   (81-бет)

Рамазон ойида масжидларга шамдонлар қўйишни дастлаб буюрган киши шу Фазл ибн Яҳё ибн Холид Бармакий эди.

Ислом дини дунёнинг бошқа ўлкаларига етиб борган бўлса-да, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан оламни ўзига қаратган уламолар айнан Мовароуннаҳрда туғилдилар. Бу муборак заминда қанчадан – қанча олимлар етишиб чиқди. Шулардан энг машҳури Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорий  ҳазратларидурлар. Имом Бухорий 16 ёшларида ҳадис илмининг талабида Макка ва бошқа юртларда бориб, ўз юртларига муҳаддислар султони бўлиб қайтдилар.

Шунингдек, бу хаттот Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон (Убайдуллохоннинг ўғли) ўз мамлакати аҳолисини бир қанча солиқлардан озод қилганини мармар лавҳага ёзиб, уни масжид кираверишига ўрнатган. Турган гапки, бундай битиклар юртимиз ўтмишини, ёдгорликлар тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишда ғоят муҳим манбадир[11].



 [1]“Соҳилсиз денгиз” Тоҳир Малик

[2]“Бухоро тарихи” Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий 124-бет Тошкент “Камалак” 1991 й

[3] 148/765-66 туғилиб 240/857-58 йилда вафот этган Википедиядан

[4] “Бухоро тарихи” Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий 125-бет Тошкент “Камалак” 1991 й

[5] “Одоблар хазийнаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тошкент 52 - бет “Шарқ” 2008й

[6]“Бухоро тарихи” Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий 126-бет Тошкент “Камалак” 1991 й

[7] “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”Вамбери Ҳерман Тошкент 22-бет “Ғ. Ғулом” 1990 й

[8] "Бухоронома"№ 77 дан:“Меъморий эпиграфика мўъжизалари” 24.09.2011 й Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири

[9]“Далёкое и близкое” Л. И. Ремпель “Ғ. Ғулом” 53- бет Ташкент 1981 й.

[10] “Мозийнинг ноёб гавҳари” И. Муҳсинов 20-бет “Бухоро” 2013й

[11] "Бухоронома"№ 77 дан: 24.09.2011 “Меъморий эпиграфика мўъжизалари” Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири