loader
Foto

Байден: Херсоннинг озод этилиши Украина учун муҳим ғалабадир

Херсоннинг Украина Қуролли Кучлари томонидан озод этилишини АҚШ президенти Джо Байден украиналиклар учун "муҳим ғалаба" деб атади. "Мен фақат олқишлашим мумкин", деди у 14 ноябрь, душанба куни Индонезиянинг Бали оролидаги Нуса Дуа курортида G20 саммитидаги матбуот анжуманида.

Хитой раҳбари Си Цзинпин билан биринчи учрашувидан сўнг гапирган Байден Қўшма Штатлар Россия босқинига қарши курашни давом эттириши керак бўлган Украинага ёрдам беришда давом этишига ишонтирди. Шу билан бирга, Вашингтон Киевсиз ҳеч қандай музокарага киришмайди, деди у. "Украинага тааллуқли ҳеч нарса Украинасиз содир бўлмайди. Бу Украинанинг ўзи қабул қилиши керак бўлган қарор", - деди Байден Москванинг тинчлик музокараларини бошлаш ҳақидаги такрорий таклифларини изоҳлар экан.

АҚШ ва Хитой етакчилари Россия Федерациясининг ядровий таҳдидларини қоралади

Шу билан бирга, АҚШ президенти қиш фасли туфайли жанговар ҳаракатлар суръати секинлашишини кутаётганига ишора қилди. Шу билан бирга, унинг ишончи комилки, Россия февраль ойи охирида бошлаган уруш бошида режалаштирганидек кўп Украина ҳудудларини энди ишғол ета олмайди.

Бундан ташқари, Джо Байден ва Си Цзинпин учрашув чоғида Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги таҳдидларини биргаликда қоралади. Оқ уй баёнотида айтилишича, ҳар икки томон "ядро уруши ҳеч қачон олиб борилмаслик" ва бундай урушда ғалаба қозониб бўлмаслигига келишиб олди.

Байден: АҚШ Хитой билан можаро қидираётгани йўқ

Бундан ташқари, Байден, қарийб уч соат давом этган музокаралар натижаларига кўра, Қўшма Штатлар Хитой билан қарама-қаршиликка интилмаётганини таъкидлади. "Биз фаол рақобатлашамиз, лекин мен можаро қидирмаяпман", деди у. Шу билан бирга, Байден ҳар бир давлат халқаро қоидаларга риоя этиши кафолатланишини исташини қайд этди.

АҚШ Тайвандаги статус-квонинг ҳар қандай бир томонлама ўзгаришига қарши бўлади, деди у. Шу билан бирга, АҚШ президенти Пекиннинг оролга қарши агрессив ҳаракатларини қоралади, унинг фикрича, бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади ва глобал фаровонликка таҳдид солади.

Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда бир қатор мунозарали мавзулар, хусусан, Пекиннинг Украинага қарши урушида Россия президенти Путинни билвосита қўллаб-қувватлаши муаммоси фонида ёмонлашган. Бундан ташқари, муносабатлар савдо уруши ва АҚШ санкциялари, Хитой раҳбарияти томонидан инсон ҳуқуқларининг, жумладан, миллий озчиликларга нисбатан жиддий бузилиши, шунингдек, Пекиннинг ўз ҳудуди деб ҳисоблаган Тайванга нисбатан таҳдидлари билан мураккаблашмоқда.