loader
Foto

Урумчидаги ҳалокатли ёнғин Хитой атеистларининг мусулмонларга нисбатан шафқатсиз муносабатидан дарак бермоқда

Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон вилоятида содир бўлган ҳалокатли ёнғин ҳукуматнинг COVIDга қарши сиёсатига нисбатан норозиликнинг ортишига олиб келди. Абдулҳафиз Маймайтмин бу ёнғин беш нафар қариндошининг ҳаётига зомин бўлганига ишона олмайди.

Пайшанба (24 ноябр) куни вилоят пойтахти Урумчида келиб чиққан ёнғин натижасида ўн киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган. Кўпчилик карантин чоралари қутқарув ишларига тўсқинлик қилганини айтмоқда.

Ҳалокат Урумчи аҳолисининг кескин эътирозига сабаб бўлди, кейинчалик Хитойдаги бир неча шаҳарларда кенг қамровли норозиликлар, хотира намойишларига айланиб кетди.

Шинжон ва бутун мамлакат бўйлаб COVIDга чалинганлар сони кўпаяр экан, вилоятнинг катта қисми уч ойдан бери карантинда қолмоқда.

Айни вақтда Швейцарияда яшаётган 27 яшар Маймайтимин дўстидан 48 яшар холаси Хайринисахон Абдураҳмон ва унинг 4-13 ёшлардаги тўрт фарзанди вафот этгани ҳақида эшитган.

«Қўл-оёқларим қалтираб кетди, бошим айланди, кўнглим айниди. Тушуна олмадим», деб айтган мусулмон уйғур озчилиги ваакили Маймайтмин AFP нашрига Цюрихдаги уйидан.

Шинжон вилоятида кенг қамровли хавфсизлик чоралари кучайтирилиши натижасида миллионлаб уйғурлар, айримлари хориждаги қариндошлари билан суҳбатлашгани учунгина қамоқхона ва лагерларда асоссиз ҳибсга сақланаётган бир пайтда, у 2017 йил май ойида холаси билан алоқани йўқотган.

«У уй бекаси эди, бутун ҳаёти фарзандлари ҳақида қайғуриш ва уларга тўғри таълим беришдан иборат эди», деди у йиғлаганича.

«Беш йил ўтиб қариндошларимдан шундай хабар эшитаман, деб ўйламагандим.»

Маймайтмин кўрсатган суратда унинг холаси ўзининг тўрт нафар ёш боласи билан чиройли безатилган хонада ўтирибди.

«Ҳали ҳам ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Сабр қила олмаяпман», деб айтган у.

Уч соатли ёнғин

Жума кунидан бери Хитой ва хориж ижтимоий тармоқларида тарқаган постларда таъкидланишича, қутқарув ишларига Урумчидаги узоқ муддатли COVID карантини тўсқинлик қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларнинг бирида бино ташқарисида ўт ўчириш машиналари пуркаган сув ёнғинда қолган бино ойналарига зўрға етиб бораётгани, бошқасида бино ичида қамалиб қолган қурбонларнинг бақиргани эшитилади.

Ёнғинни ўчиришга уч соат вақт кетди, дейилади давлат оммавий ахборот воситаларида.

Кейинчалик расмийлар бу бино одамлар ўз уйларини осон тарк этиши мумкин бўлган хавфсиз ҳудудда жойлашганини, аммо ўт ўчириш машинаси йўлини машина ва устунлар тўсиб қўйганини даъво қилишган.

«Айрим фуқаролар ўзини қутқариш имконияти чекланган бўлгани сабаб ҳаётини сақлаб қолиш учун вақтида ёнғиндан қоча олишмаган», деб айтган шаҳар ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари жума куни.

Аммо, кейинчалик айрим гувоҳлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бино эшиклари қулфлаб қўйилганини айтганлар.

Бинода яшовчиларнинг чатида тарқаган скриншотларнинг бирида Маймайтимин жиянларидан бири онаси ва ака-укаларини қутқаришни сўраётганида таниб қолган.

«1901-хонадонда яшовчилар билан алоқага чиқа олмаяпман, уларнинг аҳволини билмайман, улар эшикни оча олишмаяпти. Эшикни синдириб кира оласизларми? У ерда ёш болалар бор», дейилади ўша пайт Урумчида бўлмаган, омон қолган жиянларидан бири ёзган хабарда.

Маймайтиминнинг айтишича, унинг оиласини уйғур бўлгани ва шаҳарнинг Тяншан туманидаги уйғурлар кўп бўлган маҳаллада яшагани учун ўз вақтида қутқариб қолишмаган.

Хитой расмийлари ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахсини ошкор қилмаган бўлса-да, интернетда қурбонларнинг ҳақиқий сони кўпроқ, деган тахминлар кенг тарқалган.

Ёниб кетган бино қолдиқларининг ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда олтита қаватдаги қорайиб кетган деразаларни кўриш мумкин.

«Мен Хитой ҳукуматига асло ишонмайман. Уйғурлар норозилик билдиришса, уларни бўғиб ўлдиришади», дейди у.

«Ўйлашимча, намойишчилар ушланади ва (уйғурлар) янада қаттиқроқ назоратга олинади».

Кенг кўламли қонунбузарликлар

Август ойида БМТнинг узоқ кутилган ҳисоботи эълон қилинган бўлиб, унда узоқ ғарбий минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг кўплаб бузилишлари батафсил баён қилинган ҳамда ҳуқуқ фаоллари, Ғарб давлатлари ва қувғиндаги уйғур ҳамжамияти томонидан анчадан бери илгари сурилаётган кўплаб айбловларга БМТ муҳрини қўйган.

«Уйғур ва асосан мусулмонларлардан иборат бошқа этник гуруҳлар аъзоларининг ўзбошимчалик ва дискриминация асосида ҳибсга олиниши... халқаро жиноятлар, хусусан, инсониятга қарши жиноятлар деб топилиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Айбловлар орасида оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, мунтазам зўрлаш ҳолатлари ҳамда уйғурларнинг маданий ва исломий обидаларини йўқ қилиш кабилар бор.

«Ҳукумат томонидан терроризм ва «экстремизм»га қарши кураш баҳонасида Шинжон Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари содир этилган», дейилади БМТ ҳисоботида.

Ҳисобот Хитойнинг касб-ҳунар ўргатиш ва таълим марказларида сақланаётган одамларга қандай муомала қилинаётгани борасида хавотирларни пайдо қилган.

«Қийноқлар қўллаш ёки шафқатсиз муомала қилиш, жумладан, мажбурий тиббий муолажалар ва ҳибсдаги қониқарсиз шароитлар, жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги даъволар қатори ишончга сазовор», дейилади ҳисоботда.

Шу ой бошида киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчилар уйғур тилидаги иловаларда Хитой ва хорижда яшовчи уйғурларнинг жойлашувини кузатиб, маълумотларини йиға оладиган Хитой жосуслик дастурлари борлигини тасдиқловчи далилларни топганлар.

Жосус дастур хакерларга фойдаланувчининг жойлашуви, контактлари, қўнғироқлар рўйхати, матнли хабарлар ва файллар каби махфий маълумотларни тўплаш, шунингдек, суратга олиш ва сўзлашувларни ёзиб олиш имконини берган.