loader
Foto

Мянмада мусулмонлар геноциди давом этмоқда

2005-йилда Лондонда асосланган Бирма роҳинжалари ташкилоти (БРОУК) президенти Тун Хиннинг “Америка Овози”га маълум қилишича, Мянманинг олис ғарбий ҳудудида жойлашган Ракхайн штатида мусулмонлар ҳануз генотсид таҳдиди остида яшамоқда.

Жорий йилнинг август-сентабр ойларида ўн минглаб роҳинжа мусулмонлари бошқа жойларга кўчишга мажбур қилинди. Бу жараён мамлакатда репрессия ва қирғинлар авжида бўлган 2016-2017-йилларда юз минглаб роҳинжа мусулмонларининг бошқа мамлакатларда жон сақлаб қолиш учун Мянмадан қочган даврларни эслатмоқда.

Июн ойида Ню-Йоркда жойлашган “Human Rights Watch” ташкилоти тақдим этган ҳисоботида Мянма ҳукумати амалга оширган зулмни “инсониятга қарши апартеид жинояти, роҳинжа мусулмонларини озодлигидан айирган, ҳаёти ва тирикчилигига таҳдид солган таъқиб ва репрессия” деб атади.

Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги 10 йил мобайнида Ракхайн штатида 135 минг нафардан зиёд роҳинжа ва каман мусулмонлари асоссиз ҳибсга олиниб, номаълум муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Мянма Халқаро суд томонидан уч йил аввал қўйилган талабларга мувофиқ иш олиб бораётгани бўйича ҳисобот тақдим этиши кутилган сана арафасида БРОУК ташкилоти 2-декабр куни мамлакатдаги зулм ва қатлиом бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди.

2020-йил январида Халқаро суд Мянма ҳукуматига қатлиом ва зулмни тўхтатишга доир барча зарур чораларни кўриш, озчилик қатлами саналган роҳинжа мусулмонларига қарши ҳар қандай босимни тўхтатиш мажбуриятини юклаган эди.

Ушбу ордер асосида Мянма ҳукумати ҳар олти ойда Халқаро судга амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот бериб бориши назарда тутилган. Мамлакатда ҳарбий давлат тўнтарувига қадар Мянма 2020-йилнинг 22-май ва 23-ноябр саналарида илк ҳисоботни тақдим этишга улгурган эди.

Халқаро суд иш жадвалига кўра, Мянма ҳарбий хунтаси 23-ноябр куни ҳисобот тақдим этиши керак эди. Бироқ суд ҳам, хунта ҳам бу борада бирор баёнот бермади.

БРОУК ҳисоботида таъкидланишича, ҳарбийлар ҳукумати ва бошқа ташкилотлар Халқаро суд белгилаган чораларни инкор этмоқда. Ҳужжатда Мянмада сўнгги олти ой ичида йўл қўйилган жиддий қононбузарликлар, хусусан, роҳинжа мусулмонларини қатл қилиш, жинсий зўрлаш, уларнинг уйлари, қишлоқлари ва масжидларига ҳужум уюштириш ҳоллари ҳужжатлаштирилган.

Ҳарбий хунта лидерлари геноцидга доир айбловларни инкор этиб, қатлиом айрим ходимларнинг шахсий мотивлари асосида амалга оширилган бўлиши мумкинлигини айтиб келади.