loader
Foto

Ислом ва дунёвий билим парадигмалари ҳақида баъзи мулоҳазалар

Вақт ўтиши билан турли даражадаги муваффақиятлар билан позитивистик парадигма аста-секин анъанавий ва диний тафаккур усулларини сиқиб чиқарди, натижада Учинчи дунё мутафаккирларининг авлодлари "тараққиёт"га эришиш ва жамиятларини ислоҳ қилишнинг ягона йўли бу дунёвий Ғарб йўлига амал қилиш эканлигига ишонч ҳосил қилишди. Бундан ташқари, Ғарб фақат католик черковининг таъсири четга сурилганидан кейин сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал жиҳатдан ривожлана бошлаганлиги сабабли, мустамлакалардаги одамлар бир хил даражадаги тараққиётга еришиш учун ўзларининг анъанавий динларининг таъсирини сусайтиришлари кераклигига ишонишди.

Янги парадигмага кўра, замонавий муаммоларга ечим излаб динга мурожаат қилиш бемаъниликдир, чунки дин инсоният шаклланишининг дастлабки босқичларидан, уларнинг вақти аллақачон ўтиб бўлган афсона ва хурофотларнинг "қоронғи" асрларидан қолган нарса сифатида қаралади. Демак, диннинг ҳозирги замон билан ҳеч қандай алоқаси йўқ ва уни қайта тиклашга қаратилган барча уринишлар муваффақиятизликка ва вақтни беҳуда сарфлашга маҳкум.

Кўпчилик ўзларининг диний урф-одатлари ва эътиқодларини сақлаб қолган ҳолда, дунёвий парадигманинг Ғарб моделини қабул қилиш мумкин деб тахмин қилишди. Сабаби, бундай қабул қилиш уларнинг ибодат жойларини вайрон қилмас ёки диний эркинлик ҳуқуқини чекламас экан, уларнинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатмайди. Натижада, деярли ҳар бир замонавий жамият ушбу парадигмадан таъсирланган. Бундан ташқари, ушбу парадигма турли халқларнинг ҳаётни, коинотни ва инсоният ролини қандай қабул қилишига катта таъсир кўрсатди. Шунингдек, у уларга муқобил эътиқодлар тўпламини (агар керак бўлса) тақдим этиши ва асосий саволларга жавобларни таклиф қилиши мумкин.

Йигирманчи аср давомида ва ўтмишнинг кўп қисмида мусулмонлар Ғарбнинг ҳаёт, инсоният ва коинот ҳақидаги қарашларини ўз қарашлари билан уйғунлаштиришни ёки юқоридаги исломий қарашларни Ғарб кўрсатмалари билан уйғунлаштиришни ўз зиммаларига олганлар. Натижада, кўплаб амалдор мусулмонлар ўзларининг ақлий тузилмаларига зид бўлган ёки позитивизм табиатининг универсаллиги ва дунёвий парадигма тушунчаларига зид бўлиб туюладиган ҳамма нарсани рационализация қилишга мойил бўлдилар. Масалан, кўп мусулмонлар жинни микробларга, фаришталарни электронга, пайғамбарларни даҳоларга тенглаштирганини кўрдик. Бундай маддоҳлар учун ислом фақат ўз издошларининг "маънавий" ҳаётига таъсир қилади ва шунинг учун занглаган "динлар" занжирининг яна бир бўғини ҳисобланиши мумкин. Бундай "матафаккир"лар учун шўро (кенгаш) ва хилафа (ҳокимлик, васийлик) тушунчалари Ғарбнинг демократия ва республикачилик ғоялари билан узвий боғлиқ бўлса, социализм ва ижтимоий адолат эса закот тўлашда ифодаланган!

Бир сўз билан айтганда, мусулмонлар зеҳнининг инқирози ва интеллектуал ижодкорлик ёки ижтиҳод (дедуксия)га асосланган менталитетнинг йўқлиги замонавий ислом билим парадигмасининг ривожланишига тўсқинлик қилди. Аслида, бу масала умуман эътибордан четда қолди ва охир-оқибатда бундай парадигманинг ўзига хос хусусиятлари келажакда ҳали аниқланмаганлигига олиб келди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Мусулмон дунёсида таълимнинг икки оқими мавжуд. Мусулмон дунёсининг техник мутахассислари, олимлар, социологлар, зиёлилар ва фикр билдирувчиларни тайёрлайдиган биринчи оқим дунёвий позитивистик парадигмага асосланади ва тўлиқ фаолият юритади. Иккинчи оқим, эҳтимол, кўпроқ дарё қўлтиғига ўхшаш, диний таълим оқимидир. Бироқ, бу йўналишнинг келиб чиқиши ҳақиқий исломий билим парадигмасининг параметрларини тушунишдан кўра кўпроқ анъанага боғлиқ. Асрлар давомида бу таълим йўналиши ўз-ўзини такрорлашдан бошқа нарсага қодир бўлмаган ва айнан фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), усул (ислом ҳуқуқшунослиги асослари), ҳадис (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаракатлари ва сўзлари) ва тафсир (Қуръон шарҳи) илмлари бўйича бир хил матнларга бир хил шарҳларни таклиф қилган.

Билимларни исломлаштириш ташаббуси фан ва санъатда ҳозирда ҳукмрон бўлган дунёвий позитивистик парадигмага муқобил бўладиган исломий билим парадигмасини ишлаб чиқишга қаратилган. Бундай муқобил исломий ва универсалистик қарашларни бирлаштиради; нафақат мусулмонларнинг, балки бутун инсониятнинг интеллектуал ва концептуал муаммоларига мурожаат қилади; тавҳидга асосланган ҳаёт, олам, инсоният ва инсонийлик тушунчаларини қайта қуришни ўз ичига олади.

Таҳа Ал-Алаваний, ал-Азҳар университети битирувчиси; АҚШ даги Ислом ва ижтимоий фанлар олий мактаби (GSISS)  президенти, Шимолий Америка фиқҳ кенгаши президенти, АҚШ даги Халқаро исломий фикр институти президенти лавозимларида ишлаган.

Ушбу мақола илк бор Америка ислом ижтимоий фанлари журналида пайдо бўлган: Some Remarks on the Islamic and Secular Paradigms of Knowledge // American Journal of Islamic Social Sciences, 12, no 4, Winter 1995. P. 539–544.