loader
Foto

Тил офатлари

     2- Аллоҳ таолонинг муқаддас зотида, исмида, сифатида бўлмаган нарсаларни гапириш.

     3- Динни таҳқирловчи ибораларни ишлатиш.

     Мисоли: "Санъат ҳар қандай диндан афзал" , "Дин афюндир" , "Дин қолоқликдир" .

     4-Барча пайғамбарлар, хусусан охирги пайғамбар Муҳаммад  ни таҳқирловчи сўзларни айтиш.

     Пайғамбарлар ҳурмати билан ҳисоблашмай тилига эрк берганлар дунё ва охиратда бежазо қолмайдилар. Дунё маҳкамасидан чап бериб ўтганлар, қиёмат маҳкамасида тутиладилар.

Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.

     5-Адолатсиз ажрим.

     Келишмаётган икки томон орасида ноҳақ ажрим қилиш. Ҳатто ўз фарзандингиз, қўни қўшнилар фарзандлари ораларида ҳам.

     7-Диний анъаналарни бажараётган мўмин ва мўминаларни камситиш. Ҳижоб ва соқолни калака қилиш.

     8-Аллоҳ ва росули номидан ёлғон гапириш, яъни, Аллоҳ ва Росули айтмаган сўзни "айтди"дейиш. Шунинг муқобилида Аллоҳ ва Росулидан келган бирон бир нарсани инкор этиш.

     9- Илмга асосланмай, ҳавойи хоҳиш билан фатво бериш.

     Айниқса бу жиноят илм остонасида турганлар ва илмдан мутлақ бехабарлар орасида кўплаб топилади. "Ундай қилса ҳам бўлаверади, бундай қилса ҳам бўлаверади. Қилган ишинг ихтилоф қилган уламоларнинг биронтасининг сўзига тўғри келиб қолади", дейдилар. Айтаётган  сўзларининг қанчалар жиноят эканлигини англаб етганларида эди, бу сўзларни айтишга журъат қилмаган бўлур эдилар. Айтган қабеҳ сўзлари учун қиёмат куни бошларига тушадигин оғир балоларни билганларида эди, шу гапларга оғиз жуфтлашдан кўра соқов ўтишни афзал кўрар эдилар.

     10- Аллоҳдан бошқаси номига қасам ичиш. "Нон урсин, пичоқ урсин", иборалари ҳам шулар жумласидандир.

     11-Ёлғон гувоҳлик бериш.

     12-Ота-онага "Уф!" дейиш.

     13-Иғво.

     14-Бўҳтон.

     15-Ғийбат ва одамларни бир–бирига гижгижламоқ.

     16-Ёлғончилик.

     17-Сўкиниш, ҳақорат, бепарда, беҳаё сўзларни айтиш.

     18-Қарғаш.

      Қарғаш икки қисмга бўлинади:

      Биринчиси: рухсат берилган дуойи бад.

     Иккинчиси: ман этилган дуойи бад.

     Биз батафсил тўхтамоқчи бўлган мавзу шудир.

     19-Чақимчилик.

     20-Сирни фош этиш.

     21-Мунофиқлик.

     22-Лаганбардорлик.

     23-Шариатда ман қилинган шеър ва қўшиқларни айтиш ва эшитиш.

     24-Масхаралаш, мазах истеҳзо қилиш.

     Мисоли: пакана, чўлоқ деб хилқатига тил текизиш. Оиша онамиз  София онамиз  нинг бўйлари пастлигига шама қилганларида, жаноби Росулуллоҳ  ачиқланиб: "Денгизга ташланса денгизни булғаб юборадиган калимани айтдинг", -деган эканлар.

     Баъзи талабалар ўзларига ёқмаган олимларни, устозларни "бу нимани биларди", "бу пешка", дейишлари ҳам денгизни  балчиққа  айлантириб  юборувчи  гапдир.

     25- Эзмалик, сергаплик, сафсатабозлик.

     26-Димоғда гапириш.

Росулуллоҳ марҳамат қилиб дедилар: "Мен суядиган энг севимлиларингиз ва қиёмат кунида менга жуда яқин ўринда ўтиргувчиларингиз энг гўзал ахлоққа эга бўлганларингиздир.

     Мен  хушламас энг ёмонларингиз ва қиёмат кунида мендан жуда узоқ ўринларда бўлгучиларингиз  маҳмадоналар, сафсатабозлар  ва мутафайҳиқлар", дедилар. Саҳобалар сўрашди: Мутафайҳиқлар кимдир? "Димоғдор, мутакаббирлар", деб жавоб бердилар.

     27-Хотин кишининг ўз эрига бегона аёллар жамоли ҳақида гапириши, эрга кўрган билган аёлларини васфлаши.

     28-Қазф—покиза аёл ёки эркакни бузуқликда айблаш

     29-Ўринсиз мадҳ – маддоҳлик.

     30-Қасамхўрлик. Савдода молини қасам билан ўтказиш.

     31-Аёл киши овозини кўтариб кўча-кўйда гапириши.

     32-Аёллар бегона эркакларга овозини мулойимроқ қилиб гапириши.

     33-Давр, замон, шамол ва ҳайвонларни сўкиш, лаънатлаш.

     34-Жеркиш, ўдағайлаш.

     35-Исломда бўлмаган "байрам" деб нишонланган кунларда бир-бирини қутлаш, муборакбод этиш.

     36-Масжидда йўқотиб қўйган нарсасини бақириб излаш.

     37-Мусибат тушганда овозини борича кўтариб йиғлаш.

     38-Ношукрлик. Аллоҳ неъматларини эсламаслик, унга шукр айтмаслик. Неъмат қадрига е етмаслик.

     39-Нонкўрлик. Бировнинг сизга бўлган яхшилигини унутиш. Эрга қарата: "сендан ҳеч яхшилик кўрмадим" ёки "шу хонадонга келин бўлиб тушганимдан бери рўшнолик топмадим", дейиш.

     40-Аллоҳни кам зикр қилиш. Тонгги ва тунги зикрларни мутлоқ тарк этиш. Аллоҳ таоло мунофиқлар сифатини баён қилиб деди:

    41-Фолбиннинг гапини тасдиқлаш. "Фолбиннинг гапи тўғрига ўхшаяпти..." деб иккиланиш ҳам айни тасдиқдир.

     42-Мусулмоннинг ўлимига яримта калима билан бўлсада сабабчи бўлиб қолиш.

     43-Мусулмон кишини кофир ёки мунофиқ, бидъатчи, деб аташ.

     44-Ноўрин баҳслашиш, мунозара, тортишув.

     45-Қуръонни тарк қилиш, яъни тиловат қилмай қўйиш.

     46-Ҳаром ишлар олдидан "бисмиллоҳ" дейиш. Мисоли, зинода, ароқ ичишда, ўғирликда... Ҳанафий мазҳаб олимларидан Мулла Али Қори "золимлар мадҳ қилинган китобни бисмиллоҳ билан бошлаш ҳаром" деганлар.

     Тил ноҳақ валдираб шунча кўп жиноят қилгани етмагандек, индамай туриб, лом-мим демай, учини тиш ва лаблари орасидан чиқариб, рақибларини масхара қилиши ҳам унинг катта бир офатларидан. Бу билан эгасининг анча-мунча ахлоқ-одобдан узоқ эканини ошкор қилиб қўяди.

     Эни икки энлик , бўйи эса тўрт эннинг ёнверида бўлган тилнинг жиноятлари бу рўйхат билан тугамайди. Биз ёзмай ташлаб кетганлари ҳам талайгина. Ҳар бир келтирилган тил офатларининг  шариатимизда далил бор. Кичик ҳажмдаги рисоламиз чўзилиб кетмаслиги учун далилларни келтирмадик.

     Субҳаналлоҳ! Ҳайратланмай илож йўқ. Тишлар ортида беркилган, суяксиз митти тил 46 дан ортиқ жиноят қилишга қодир экан. Бу гуноҳларнинг айрими гуноҳи кабиралар туркумига кирса, айрими кичик гуноҳлардан ҳисобланади. Кичик гуноҳлар эса давомли қилиш билан катта гуноҳларга айланиб кетади.

     Қўлингиздаги тил офатларини баён қилинган рўйхат Қуръонда келган лағв калимасига       тафсир ва мисолдир. Комил мўминлар сифатининг иккинчиси ҳам  лағвдан юз ўгиришдир.

     Эзгуликдан маҳрум бахти қаро шахслар қисқа ҳаёти давомида ана шу гуноҳларнинг ҳаммасини қилишга улгуради ва тавбасиз дунёдан кўз юмиб асфала софилинга гирифтор бўлади.

     Кимлардир, билмайми, бу гуноҳларнинг битта-яримтасига тушиб қолади. Дарҳол эс-хушини йиғиб, иймон нидосига лаббай, деб тавба тазарруъга шўнғийди. Саҳарларда туриб, қилмишидан уялиб,буюк Аллоҳ ҳузурида содиқ кўз ёшларини тўкиб, истиғфорлар айтади.

     Яна кимлардир бу рўйхатни доим кўз ўнгида сақлаб, уйида, ишхонасида ўзи билан бирга ҳамроҳ қилиб ушбу маъсиятларга тушиб қолишдан ўзини эҳтиёт қилиб юради. Бу гуноҳлардан жирканиб бирон бирини тилига яқинлаштирмайди. Ҳаёти дунёда тилию дили покиза ўтиб, охиратда улуғ мақомларга кўтарилади.

     Аллоҳ таоло барчаларимизни шулар жумласидан қилсин. Аллоҳумма омийн.



     Тил офатларидан бири қарғиш ва унинг икки қисмга бўлиниши ҳақида юқорида ишора қилиб ўтган эдик. Рухсат берилган дуойи бад, ман этилган дуойи бад.

     Ман этилган дуойи бад ҳам ўз ўрнида икки қисмга бўлинади. Биринчиси: дуойи бадга ҳақлик бўлмаган инсонларни ва ҳайвонларни қарғаш. Иккинчиси: ўзини ўзи қарғаш, фарзандини қарғаш, эрини қарғашдир. Биз ана шу кейингисини ёритишга уринамиз.

     Росули акрам саллоллоҳу алайҳи вассаллам  дедилар:

     "Ўзларингиз ҳақингизга дуойи бад қилмангиз, фарзандларингиз зарарига дуойи бад қилмангиз, мол мулкларингиз ҳақига дуойи бад қилмангиз Аллоҳ томонидан бўлган ижобат соатларига дуойи бадингиз тўғри келиб қолса дуойингиз мустажоб бўлгай "

     "Биров ўзини ўзи қарғармиди", деб ажабланишга шошилманг. Ажабланишдан олдин мусулмончиликни даъво қилувчи хонадонларга хаёлан саёҳат уюштиринг. Тилла тишлар ортидан ғазабнок чиқаётган телба-тескари сўзларга қулоқ тутинг. Шунда ҳовлиқиб келган ажабланиш хижолат чекиб ортга чекинади.

     Энди қулоқларга таниш, оддий ҳолга айланган қинғир қарғишлардан намуналар келтирамиз:

     "Қўлгинанг синсин, қўлгинанг ириб тушсин".

     "Отинг ўчсин".

     "Падаринга лаънат".

     "Ҳудо урсин, жин урсин".

     "Башаранг қурсин, дийдоринг қурсин".

     "Афтинг қурсин".

     "Қуриб кетгур".

     "Яшшамагур".

     "Баттар бўл бадбахт, бу кунингдан беш баттар бўл".

     "Оғзингдан қонинг келсин".

     "Ақлинг қурсин, бефаросат".

     "Балога гирифтор бўлгур.

     "Жувонмарг ўлгур".

     "Ер ютгур".

     "Бу кунингдан кўра ўлганинг яхши".

     "Ҳаётдан тўйдим".  

     "Агар гапим ёлғон бўлса тил тортмай ўлай".

     "Қўшганинг билан қўшмозор бўл".

     "Тиржаймай ўл. Куйдирган калладек тиржайгани тиржайган".

     "Тирноққа зор бўлиб ўт".

     Ушбулар қулоққа таниш қарғишлар эди. Фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, уларни таҳқирлаб айтиладиган мол, эшак, ҳўкиз, сволоч, латта, ландовур, сен одам бўлмайсан барибир ва шунга ўхшаш тиллар одатланиб қолган сўкинишларни келтирмадик. Чунки мавзумиз қарғиш ҳақида бўлгани учун бир мавзуни иккинчисига қўшгимиз келмади.

     Ўзбек аёлларининг тилларидан жаранглаб чиқадиган мазкур қарғишлардан айримларининг мағзини чақиб кўрайлик.

     Онанинг меҳнатини қадрламай, янги ювиб дазмолланган кўйлак-шимни кўчада йиртиб, ифлос қилиб уйга моғори чиқиб кириб келган ўйноқи болага кўзи тушган онанинг оғзидан отилиб чиққани: "Ҳа нима бўлди, йиқилдингми?! Баттар бўл, бадбахт! Бу кунингдан беш баттар бўл! Пишириб қўйибдими кўчада?! "

     "Баттар" зиёда, ортиқ маъносида. "Бадбахт" эса бахти қаро, толейи паст, дегани.

     Агар она айтганича бўлиб, бола бу ҳолидан беш баттар, яъни беш баробар зиёда бўлса, қандай аҳволга тушиши мумкин?

     Биринчи гал йиқилганда оёғи тирналган бўлиши мумкин. Жароҳат икки баробар бўлса лат ейиши мумкин. Учинчи галда синиши мумкин. Тўртинчисида эса бутунлай ишдан чиқиб шал бўлиши мумкин. Бешинчисида қўлни мутлақо кесиб ташлаш ҳаддига етиши мумкин.

     Худо кўрсатмасин. Ҳақиқатдан шундай бўлиб чиқса, боласини қарғаган аёл буни ўзининг қарғишидан деб билмайди. "Эй Худо, нима ёмонлик қилувдик, бечора болагинам... " деб кўз ёши тўкиб олади.

     "Ақлинг қурсин", яъни жинни бўл дегани. "Отинг ўчсин", яъни сендан ном нишон қолмасин ва яна бир маъноси: насл насабинг қирилиб кетсин, бепушт бўл, дегани.

     "Балога гирифтор бўлгур". Гирифтор дучор бўл, йўлиқ дегани.

"Шўринг қурисин", яъни бахтинг очилмасин, бахтинг қаро бўлсин дегани. Бундай оналар, келажакда қизларининг бахти очилмаса хафа ҳам бўлиб қўйишади. Ҳолбуки, ўзлари қиз бечорани енгил хатоси учун ҳам 18–19ёшга киргунича неча бор "шўринг қурсин" деб қарғаб келганлар. Агар оғизларидан чиқиб турган калималар тошга ўхшаш бўлганда эди "шўринг қургур"ни эшитавериб фарзанд бечора 16 ёшига етмай тошлар тагида ўлиб кетар эди. Булар онанинг аччиқ устида боласига ёки бошқаларга нисбатан қарата айтганлари эди.

     Гоҳида инсон ўзини ўзи ҳам қарғар экан. Ёлғончи йигитнинг "сени севаман, сенсиз туролмайман", деган муҳаббат изҳор қилиб айтган ишқий сўзларига алданган қизлар йигитдан бевафоликни кўриб "бу кунимдан кўра ўлганим яхши", "ҳаётдан тўйдим","эй Худо, жонимни олиб қўя қолгин",  деб бошларини деворга урадилар. Бу кўпроқ яримта нони бутун бўлар, деб узоқ шаҳарларга ўқишга ёлғиз жўнатилган қизларда содир бўлади.

     Гоҳида ҳаётнинг ўткинчи оғирликларига бардош қила олмаганлар ҳам ўзларини шу тариқа қарғайдилар. Шошқалоқлар қарғишлари ургунича бўлмай бўйинга сиртмоқ тортиб қўя қоладилар. Бунга ҳаётий мисоллар тарихда эмас, бугунги кунимизда қалашиб ётибди. Буларнинг бари Аллоҳнинг неъматига нонкўрликдир. Ҳаёт неъматига ношукрликдир. Илоҳий инъомни қадрламасликдир. Аслида инсон бу ҳаёти дунёда абадий яшаш учун келмаган. Ҳамма орзу ҳавасларни бу дунёга боғлаш қаттиқ янглишишдир. Бу фоний ҳаёт биз учун чин абадий ҳаёт учун бир бекат холос.

     "Қўшганинг билан қўшмозор бўл". Жуфтинг билан кўмил, дегани. Бу қарғиш баъзан келинидан ёлчимаган қайнона оғзидан келинга қаратилса, баъзида келиннинг ўзидан кундошига қаратилад.

     Юқорида келтирганларимиз (яъни оғиздан чиққан атиги бир қарғиш таъсир этиши ҳаётда бўлиши мумкин эмас,) деб эътироз билдиришга шошилманг.

     Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин.

     Ҳаёт деб аталмиш бу кенг дунё ўз бағрида не-не асрорлар ва не-не қувонч ва ташвишларни сақлаб келмоқда. Қувонч ва ютуқлар ортида тилнинг хиссаси қанчалик катта бўлса, фожиа ва кўнгилсизликлар ортида ҳам унинг хиссаси улкан. Ҳаёт архивлари астойдил титилса тил жиноятларига оид кўп ҳужжатлар, ашёвий далилларни қўлга киритиш мумкин.   Ҳаётда содир бўлган ана шундай мудҳиш ҳодисалардан бири мени шу мавзуда – қарғиш ҳақида ёзишимга ундади. Узоқ юртларда эмас, ёнгинамизда – Арабистонда бўлиб ўтган, мамлакат аҳлининг диққатини ўзига жалб қилган воқеа қўлимга қалам тутказди.

     Бир отанинг ўз ўғлини қарғаб, оқибатда бола ногирон бўлиб қолиш ҳодисаси мени тезлик билан биродарларимни огоҳлантиришга ундади.

     Нуқтани суймайдиган дунё ташвишларига вақтинча вергул қўйиб, биргаликда қиссани ўқиб чиқайлик.

      Абу  Абдулборий  Жалолиддиннинг

     "Қарғиш" китобдан