loader
Foto

Қуръоннинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирадилар

Шундай инсонлар борки, улар ўзларини мусулмон деб билиб: “Биз Қуръони каримга иймон келтирамиз, ҳукмларига бўйсунамиз”, – дейдилар. Лекин уларда ҳукмлар фарқланади. Улар эътиқод қилиш керак бўган нарсалар ибодат ва ахлоқ борасидаги ҳукмларни қарши олсалар, ташриъ (қонунчилик), иқтисод , сиёсат ва бошқа шу каби жабҳалардан юз ўгирадилар. Баъзилар ташриъ (қонунчилик) жабҳаларига аҳамият қаратишса, оила, алоҳида шахсий ҳолатлар, жамият атрофидаги масалаларга, сиёсат, иқтисод, халқаро алоқалар каби ишларга аҳамиятсиз қарашади. Ажабланарлиси шундаки, булар Исломни даъво қилаётган, Аллоҳни Робби, Исломни дини, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаламни пайғамбари, Қуръонни йўлбошчиси деб эътироф этадиганлардан содир бўлиши. Қандай қилиб бу Қуръонни Аллоҳнинг китоби, Мусҳафнинг икки муқоваси орасидагиларни Аллоҳ таолонинг каломи, деб эътиқод қиладиганлардан содир бўлади.

Улар Роббилари кимлигини биладиларми ўзи? Ёки улар Аллоҳ таоло яратган махлуқларига нима яхши-ю, нима ёмонлигини Ундан ҳам яхши биладиларми? Махлуқларига Ундан ҳам кўра кўпроқ яхшиликни хоҳлайдиларми? Улар ўзларини Аллоҳ таолонинг шериклари деб ҳисоблайдиларми? Унинг махлуқларини ўзларига тегишли эканини айтадиларми? Унинг ҳокимиятига шерик бўлмоқчиларми? Огоҳ бўлинг, улар қилган ҳукм нақадар ёмон! Махлуқ қандай қилиб Холиққа шерик бўлади? Қандай қилиб йўқликдан бор қилинган ва яна йўқлик сари равона қилинадиган, ожиз инсон Буюк Робга шерик бўлиши мумкин? Ибтидосиз ва интиҳосиз бўлган Зот, мутлақ машийъат (хоҳиш – ирода) эгаси, ер ва осмонларда ҳеч ким унга бас келолмайдиган енгилмас куч соҳибига-я?! Баъзилар “Маккада нозил бўлган Қуръонга амал қилишимиз лозим, Мадинада нозил бўлганига эмас. Чунки Мадиний Қуръонда ҳаётимиздаги ишлар келтирилади. Бу ишлар эса ўзгариб ривожланиб боради. Биз унга амал қилишимиз лозим эмас”, – дейдилар.

Бу Бани Исроил Тавротдан ўзларига ёққан ерини олиб, ўзларига тоғри келмайдиган ерини тушириб қолдирганларида Қуръон уларнинг бу ишларини қаттиқ инкор қилган, уларни қаттиқ танқид қилган, уларга қаттиқ жазоларни ваъда қилган ҳолатдир. Аллоҳ таоло айтади:

“Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир. Ана ўшалар охират ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблари енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди” (Бақара 85-86).

Аллоҳ таоло росулини аҳли китобларнинг Қуръонда келтирилган баъзи ҳукмлар билан ҳукм қилмасликни, у буюрган нарсага амал қилмасликни сўраб фитнага солишларидан огоҳлантиради. Бу Росулуллоҳга қарата айтилган бўлса ҳам, бутун умматга айтилган огоҳлантиришдир. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!” (Моида 49).

Аллоҳ таоло Ўзи ва росулининг ҳукмидан бўйин товлаган мунофиқлар тоифасини қаттиқ маломат қилади. Улар Аллоҳ ва росулининг амрига чақирилса, итоат этмайдилар. Илло ҳавою нафсларига ва шахсий манфаатларига мувофиқ келса. Аллоҳ таоло уларга иймонни нисбат бериб бўлмаслигини айтади:

“Улар (яъни мунофиқлар): “Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйинсундик”, дейдилару, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар. Уларнинг дилларида мараз борми ёки Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ўзларига зулм қилишидан қўрқарларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи “эшитдик бўйинсундик”, (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир” (Нур 47 – 51).

Мўминлар Аллоҳ ва унинг росули ҳукмига чақирилганда иккиланмасдан итоат этадилар, дарҳол бўйсунадилар. “Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир”. Аллоҳни Робби, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаламни пайғамбари, Қуръонни йўбошловчиси деб иймон келтириш Аллоҳ ва росули рози бўлган нарсага рози бўлиш , буюрганларини бажаришни вожиб қилади, лозим қилади, тақозо қилади. Агар ундай қилинмаса, иймон маъносиз сўз, ҳақиқати йўқ чақириқ каби бўлади. Аллоҳ таоло айтади:  “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўшиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди” (Аҳзоб 36).

Ўзларининг шахсий манфаатлари бўлган ўринлардан бошқаларида буйруқларни бажармайдиганларнинг қалблари касал, шубҳага тушган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир” (Моида 45).

“Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйинсундик”, дейдилару, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар” (Нур 47).

Қуръон бир бутундир. У бўлинмайди. Таълимотлари ва ҳукмлари ўзаро боғланган, мукаммалдир. Қуъроний таълимот ва ҳукмлар бир қанча аъзолардан ташкил топган ягона танага ўхшайди. Бир бировига таъсир ўтказади. Унинг бир қисмини бошқасидан айри қилиб бўлмайди. Қуръондаги ақида ибодатни, ибодат ахлоқни озиқлантиради. Буларнинг барчаси ҳаётдаги қонун-қоидаларни тартибга солади.

Мусулмон киши Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” (Бақара 183) оятини ўқиб эшитдик ва итоат қилдик дейишига ва Аллоҳ таолонинг: “(Эй мўминлар) сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир” (Бақара 178) оятини ўқиб эшитдик ва осий бўлдик дейишига иймоний доира ҳам ақлий доира ҳам рухсат бермайди.

Яна шунингдек, Аллоҳ таоло айтади: “Бас, намозни тўкис адо этингиз, закотни (ҳақдорларга) ато этингиз ва Аллоҳга боғланингиз!” (Ҳаж 78).

Бунда банда намозни ҳукмини оламан, лекин закотникини олмайман. Чунки намоз холис руҳоний нарса, закот эса иқтисод билан боғлиқ. Биринчисини олиб, иккинчисини тарк қиламан, дейди.

Ажиб ҳолат, Банда Роббисидан ҳам кўп биладиган бўлдими? Махлуқ Холиқдан ҳам олийроқ даражага эришдими? У ўзини Роббига шерикмас, балки Ундан ҳам олийроқ санаяптими? Ўзидан керакли ва кераксизни ажратадиган қози ясаб олдими?!

Шубҳасиз, далилга эҳтиёжсиз барча хослар ҳам авом ҳам билиши лозим бўлган нарса Қуръон таълимотларининг барчасини амалга татбиқ қилиш вожибдир. Руҳий бўладими ёки моддийми, дин ишига тегишли бўладими ёки дунё ишигами, фақат бир кишига тегишлими ёки жамият ҳаётигами, ҳаммаси баробардир.

Бу каби номлашлар ва мавзулар Аллоҳ таолонинг китобида йўқдир. Буларнинг орасида айтарли фарқ йўқ. Барчаси Аллоҳ таолонинг буйруғи ва қайтариғи доирасига киради. Киши Мусҳафни очиб Фотиҳа сурасини ўқиб, Бақара сурасини ўқишга киришса, аввало Аллоҳ таолонинг китобидан ҳидоят топган муттақинларнинг сифатларини ўқийди: “(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир” (Бақара 2-3).

Бу ерда эътиқодий жиҳат “ғайбга иймон келтириш”, ибодат (маросим) жиҳати “намозни қоим қилиш” ва иқтисодий жиҳат “ Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиш”ни бирга келтирилди.

Худди шунингдек, Қуръоннинг бошқа сураларида ҳам мўминларнинг, тақво ва эҳсон эгаларининг сифатларини топамиз: Анфол сураси 2-5, Мўминун сураси 1-11-оятларида, Шуро сураси 36-39- оятларида. Раҳмоннинг бандалари сифатларини Фурқон сураси 63-76-оятларида, муҳсинлар сифатларини Зориёт сураси 15-19-оятларида очиқ ойдин кўрамиз. Буларнинг барчасида ақида, ибодат, хулқ, сулук, динга тегишли ва дунёга тегишли нарсалар, алоҳида кишига, оилага, жамиятга тегишли нарсалар, бир ипга тизилган, бирини бошқасидандан ажратиб бўлмайди.

Ким Қуъронни тадаббур қилса, таълимотларида (ҳукмлар, буйруқлар ва қайтариқларда) руҳий, моддий, ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий жабҳаларини ажратмасдан бир бири билан боғлайди. Қуръон намоз ўқишга буйруқни ахлоқ билан боғлайди: “Намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур” (Анкабут 45), закотга буйруқни ҳам ахлоққа боғлайди: (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг (Тавба 103). Ҳаж (ижтимоий-иқтисодий)га буйруқни руҳият билан боғлайди: “Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)” (Ҳаж 27 -28). Хамр ва қимордан четлашишга буйруқни ижтимоий –руҳий жиҳат билан боғлайди: “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида 91).

Бу Қуръоний услубдир: Ҳаётнинг барча жабҳаларини мустаҳкам алоқа билан боғлайди. Чунки аслида, воқеликда ҳам шундайда.



Ҳаётнинг барча жабҳалари мустаҳкам алоқа билан боғланган бўлса, демак, уни тартибга соладиган ҳукмлар ҳам шундай бўлиши керак. Бу Аллоҳ таолонинг ҳукмидир: “Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!” (Моида 50).

Шайх Юсуф Қаразовий, роҳимаҳуллоҳ