loader
Foto

Қуръон овозининг мўъжизаси

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган мўъжиза ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг Китоби овозининг мўъжизакорлиги Қуръони каримга хос бўлган кўплаб ҳайратланарли феноменлардан бири ҳисобланади. Одамнинг эшитиш қобилияти, кўриш ва сезиш қобилияти билан биргаликда, ахборотни қабул қилиш ва идрок этишнинг асосий усули  ҳисобланади. Ҳозирги кунда фан томонидан аниқланганки, овоз инсон қулоғига етиб боргач, эшитиш органлари томонидан қабул қилинадиган тўлқинлар кўринишида тарқаладиган куч ҳисобланади. Кейинги босқич бош мия томонидан ахборотни қайта ишлаш: тушуниш, фикрлаш, хоҳлаш ва ҳ.к. ҳисобланади. Сўнгра бу овознинг хоҳиш-истаклар юзага келтирадиган ва фикрлар уйғотадиган ҳикоя ёки атрофдаги дунё овозлари каби мақсадли йўналтирилган вазифаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, овоз таъсири билан боғлиқ барча ҳис-туйғу органларининг реакцияси келади. Бу реакцияларнинг барчаси биз эшитган овоз нималар келтириши, унинг мазмуни, ритми, яъни инсон танаси ва қалбида  психосоматик реакциялар кўринишида қандай акс этишига боғлиқ бўлади.

Бундан 20 йил муқаддам дўстларимдан бири, касби бўйича шифокор, «Юрак-қон томир тизими касалликларини даволашда мусиқадан фойдаланиш» мавзусида докторлик диссертацияси ёзганди. Мен бу илмий иш ҳақида хабар топганимдан сўнг Аллоҳ таолонинг Китоби касалликларни даволашда мўъжизакор кучга эга эканлиги ҳақидаги фикр мени чулғаб олганди. Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда бир неча марта: «Юнус» сураси 57-оят, «Исро» сураси 82-оят, «Фуссилат» сураси 44-оятда таъкидлаб ўтган. Шунингдек, саҳиҳ суннатда ҳам Қуръони карим тана ва қалб учун турли касалликлар ва оғриқлардан дори эканлигини тасдиқланади. Мусулмонлар бир неча асрлардан буён Қуръон воситасида шифо топиб келмоқда ва шу муносабат билан савол туғилади: нима учун ҳалигача Қуръони карим овозининг инсон организмига таъсири ва унинг касалликларни даволашдаги ўрни ҳақида ҳеч қандай илмий иш йўқ?

Аллоҳнинг марҳамати билан доктор Ахмад Кадий (АҚШ) ушбу мавзуда илмий-услубий амалий ишни бошлади, мен Яратгандан унга бу ишни якунлашига имкон беришни сўрайман. Бу мақолада мен доктор Кадийнинг асари мазмунини қисқача баён қилишга уриниб кўраман.

Шундай қилиб, Флорида штатидан Қуръони каримни ўрганаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тиббиёти III Халқаро форумида ўз илмий ишларини тақдим этдилар. Ишнинг асосий мақсади Аллоҳ таолонинг Китобини у нозил қилинган тилда тинглаш турли шахслар – араб тилини биладиган мусулмонлар, араб тилини билмайдиган мусулмонлар, шунингдек, бошқа динларга эътиқод қиладиган шахслар физиологияси ва соғлиғига таъсир этиши исботлаб беришдан иборат эди. Барча мавзуларни тинглаганидан сўнг эксперимент давомида иштирок этганларга сураларнинг таржимаси берилди.

Илмий иш икки босқичда ўтказилди. Дастлабки босқич натижалари шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 97 фоизи Қуръони карим тинглашнинг тинчлантирувчи таъсирини ҳис қилган, бу шунингдек, асаб тизими қўзғалувчанлиги пасайганлигини кўрсатадиган физиологик ўзгаришларда ҳам намоён бўлган. Дастлабки тадқиқотлар ҳақида батафсил ҳисобот АҚШнинг Миссури штатида бўлиб ўтган Исломий жамиятлар VII йиллик Форумида тақдим этилди.

Иккинчи босқич араб тилини биладиган, яъни Қуръони карим матнининг мазмунини тушунадиган кишилар ва уларга қандай матн ўқиб эшиттирилганини ҳам билмаган кишилар организмига Қуръони карим тинглаш кўрсатган таъсирни қиёсий таҳлил қилишдан иборат бўлди. Бу экспериментдан мақсад Қуръон матни тингловчи эшитаётган нарсаларни англаб етиши ёки тушунмаслигидан қатъи назар, инсон организмида физиологик ўзгаришларга олиб келишини исботлаш бўлган.

Эксперимент Ващингтон шаҳри Тиббиёт маркази томонидан «Дафикун» фирмаси билан биргаликда ишлаб чиқилган «Мидан 2002» (Medical Data Acquisition) қўзғалувчанлик ва ҳаяжонланиш даражасини ўлчаш имконини берадиган махсус аппаратдан фойдаланган ҳолда ўтказилди. Бу юқори технологияли аппарат инсон терисига белгиланган жойларга маҳкамлаб қўйилган ва тана ҳарорати, тери намлиги, пульс, қон босими ва мушаклар кучланиши каби бир нечта кўрсаткични бирданига қайд қиладиган датчиклар ёрдамида организмдаги энг кичик психосоматик ўзгаришларни ҳам кузатади. Юқори даражадаги аниқлик билан ўлчанган бу кўрсаткичлар бир вақтнинг ўзида компьютер мониторида акс эттирилади ва принтерда босиб чиқарилади.

Тадқиқот босқичларининг бирида мусулмон бўлмаган ва араб тилини билмайдиган 17 ёшдан 40 ёшгача бўлган 5 нафар кўнгилли (3 та эркак ва 2 та аёл) иштирокида текширув ўтказилди.

Қатнашчилар жами 42 учрашувда 210 тадан тадбирда иштирок этдилар. Уларга 85 марта араб тилида Қуръон матни услубига яқин тарзда ўқиб эшиттирилди. Сўнгги 40 та тадбирда қатнашчилар қулай муҳитда таскин топадиган жойларга жойлашди ва ҳеч нарсага қулоқ солмади. Экспериментдан мақсад Қуръон матни тинглашнинг унга эшитиш учун тақдим этилган нарсанинг маъносини тушунмайдиган инсоннинг физиологиясига таъсирини аниқлашдан иборат эди. Плацебо сифатида фойдаланилган адабий араб тилидаги матн шундай танлаб олингандики, тингловчилар уни Муқаддас Қуръоннинг матнидан ажрата олмасди.

Эксперимент давомида аниқланишича, қулай муҳитда таскин топадиган жойларга жойлашиш физиологик кўрсаткичларда ҳеч қандай акс этмас экан ва барқарор тинчлантирувчи таъсир кўрсатмас экан. Энг юқори кўрсаткич – инсон организмига тинчлантирувчи таъсир бўйича Қуръон матнини тинглаш 65 фоизни, адабий араб тилидаги матн тинглаш эса 35 фоизини ташкил қилди. Экспериментнинг энг бошидан Қуръон матнининг кўнгиллилар организмига тинчлантирувчи таъсири қайд этилди.

Ускуналар асаб тизими ва юрак-қон томир кўрсаткичларининг нормал ҳолга келиш бўйича ўзгаришларни қайд этди. Бунда кўнгиллилар уларга эшиттирилаётган матннинг мазмунини тушунадиган гуруҳларда таъсир самарадорлиги 97 фоизгача етди. Қуръонни тинглашда органлар ишида ўзгаришлар организмнинг стресс ҳолатларига реакциясида асосий роль ўйнайдиган, яллиғланишга қарши таъсир кўрсатадиган, турли агентларга нисбатан ўта юқори сезувчанликни камайтирадиган, иммунитетли реакцияларда иштирок этадиган ёки кортизол гормони (гидрокортизон) ёки организм томонидан ишлаб чиқариладиган бошқа тинчлантирувчи моддалар таъсири остида юзага келади деган фикр мавжуд.

Шундай қилиб, Қуръон оятларини тинглаш, ўз навбатида, инфекцияларга қаршилик кўрсатадиган ва касалликларни даволашда иштирок этадиган инсон иммунитетини кучайтиради деб тахмин қилиш мантиқан тўғри бўларди. Шунингдек, ушбу жараён тингаланаётган матнни тушунишда кучаядиган тинчлантирувчи таъсир кўрсатиши ҳам исботлаб берилди.

Тадқиқотларнинг навбатдаги босқичи қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилади:

Биринчи босқич натижаларини кўп сонли қатнашчилар билан тасдиқлаш. Аллоҳнинг олдида итоаткорликка эришиш учун Қуръонни турли овоз даражаларида инсон организмига таъсирини исботлаш. Инсонга турли мавзудаги Қуръон оятлари (қўрқитиш оятлари, тинчлантириш оятлари ва б.) таъсирини таққослаш. Қуръоннинг инсон иммунитет тизимига таъсирини ўрганиш.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси