Вакиллар Палатаси қарори кўпчиликни Республикачилар партияси ташкил қиладиган Сенатда тасдиқланиши лозим.
АҚШ Конгрессининг Вакиллар Палатаси президент Дональд Трампга импичмент учун овоз берди. Овоз бериш 19 декабрь тунида бўлиб ўтди, деб ёзади Associated Press ва Reuters. Украина ҳукуматига Джо Байден оиласининг фаолиятини тергов қилиш илтимоси туфайли «ваколат доирасидан чиқиш» моддаси бўйича импичмент учун 230 та конгресмен овоз берди, 197 киши қарши чиқди. Уч киши (битта демократ ва иккита республикачи) овоз беришда иштирок этмади.
«Ваколат доирасидан чиқиш» банди бўйича республикачилардан ҳеч ким Трамп импичментини қўллаб-қувватламади, Демократик партиянинг икки нафар вакили президентни лавозимидан четлатишга қарши овоз берди, бир киши бетараф қолди. Шунингдек, Трамп тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш ва буни ўз маъмуриятига тақиқлаш туфайли ҳам Конгресс ишига тўсқинлик ҳақидаги модда бўйича айбдор деб топилди (229 киши ёқлаб, 198 киши қарши овоз берган). Бу сафар уч нафар демократ импичментга қарши овоз берди.
«Бу Америкага ва Республикачилар партиясига ҳужум», - деб ёзди вакиллар палатасида тингловлар бўлиб ўтганидан сўнг Трамп Твиттерда. АҚШ Вакиллар Палатаси импичмент эълон қилганидан сўнг Дональд Трамп давлат бошқарувини давом эттиради. Вакиллар Палатасининг қарори кўпчиликни республикачилар ташкил қиладиган Сенат томонидан тасдиқланиши лозим. Сенатда ишни тинглаш январь ойида бошланиши кутилмоқда. Қарор қабул қилиш учун сенаторлар овозларининг камида учдан икки қисми (67 тадан кам эмас) керак бўлади. Агар Сенатда керакли овозлар тўпланмаса, Дональд Трамп лавозимини сақлаб қолади. Сенат Трамп импичментини қўллаб-қувватлаган ҳолатда эса ҳозирги вице-президент Майк Пенс давлат раҳбарига айланади.
Дональд Трамп Америка тарихида импичментга учраган учинчи президент бўлди. Бунгача вакиллар палатаси 1868 йил Эндрю Джексонга ва 1998 йил Билл Клинтонга айблов билдирган. Бироқ сенат уларнинг иккаласини ҳам оқлаш учун ва лавозимидан четлатишга қарши овоз берган. 1974 йил Ричард Никсон импичмент айбловини кутиб ўтирмасдан истеъфо берган. УНИАН хабар қилишича, АҚШда ўзининг сиёсий мухолифи Джо Байденга зарар етказиш мақсадида Украина президенти Владимир Зеленскийга босим кўрсатганликда айблов туфайли Трампга импичмент масаласи бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.
Конгрессда демократлар буни ваколатларни суиистеъмол қилиш сифатида баҳоламоқда. Трамп, ўз навбатида, терговни «жодугар ови» деб ҳисоблайди ва буни ўзининг биронта қонунни бузмаганлигининг исботи сифатида Зеленский билан суҳбатининг маъносини айтиб бериш билан далилламоқда. Республикаликлар АҚШ президентини қўллаб-қувватламоқда.