loader
Foto

Юзига сўккан кишидан хафа бўлиб, ортидан уни гийбат қилиш ва унинг муолажаси

Бундай ҳолатда инсон аввало ўз нафсини тўхтатиб олиши, ҳалимлик билан сўккан кишини кечириб, олийжаноблик қилиши лозим.

Ҳикоя. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Бир одам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни сўкиб, озор берди. Абу Бакр жим турдилар. У одам иккинчи маротаба озор берган эди, Абу Бакр яна сукут сақладилар. Учинчи маротаба озор бергандан сўнг Абу Бакр (сўкиш билан) ундан ўч олдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисдан туриб кетдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиз мендан аччиқландингизми?” - дедилар . Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Самодан бир фаришта тушиб, сен ҳақингда айтаётган гапида уни ёлғончига чиқараётган эди. Сен ўч олгач, шайтон тушди. Шайтон тушган пайтда эса мен ўтира олмайман”, дедилар.(“Сунани Абу Довуд”, 4896-ҳадис.)

Ҳикоя. Имом Абу Ҳанифа Минодаги “Хайф” масжидида ўтирган эдилар, юзи беркитилган бир одам келиб, у кишини сўради ва: “Эй фоҳишанинг ўгли”, деди. Абу Ҳанифа: “Эй одам, Аллоҳ сени афв қилсин. Нима истайсан?” - дедилар. У: “Фалончи масала ҳақида сендан сўралса, унга Ҳасан Басрийнинг жавобига тескари жавоб берибсан”, деди. Имом Абу Ҳанифа: “Ҳасан Басрий хато айтган”, деди. У одам: “Эй кофир, эй зиндиқ, сен Ҳасанни хатокорга чиқаряпсанми?” - деди. Асҳоблари уни уришга турган эдилар, имом Абу Ҳанифа уларни қайтардилар ва: “Ибн Масъуд тўгри айтган, Ҳасан эса хато айтган”, дедилар. Бошқа риво-ятда: Мазкур одам имомга тил теккизгач, у киши: “Аллоҳ сени мағфират қилсин. У Зот менинг ҳақимда сен айтган гапнинг тескарисини билади. Мен Уни таниганимдан бери бирор кишини Унга шерик қилмаганман. Мен фақат Унинг афвини умид қилганман, фақат Унинг азобидан қўрққанман”, дедилар.. Азоб ҳақида гапира туриб, йиғлаб юбордилар. Шунда у одам ўрнидан туриб: “Аллоҳ учун кечиришингизни сўрайман. Мен хато қилдим ва нодонлигимни эътироф этдим”, деди. Имом Абу Ҳанифа янада кўпроқ йиғладилар, ҳатто елкалари қимирлади ва: “Эй одам, мен сени Раббим Аллоҳга топширдим”, дедилар. У эса: “Мен бундан енгилини хоҳлайман”, деди. Имом Абу Ҳанифа: “Ундай бўлса, Сени ҳам, мени сўккан бошқа барча кишини ҳам кечирдим”, дедилар.(Муҳаммад Хоразмий,“Муснади Имом Аъзам”, 69-саҳифа)

Эслатма. Имом Абу Ҳанифа Ҳасан Басрийнинг хатосини айтиб, бир қарашда ғийбат қилдилар. Лекин бу ғийбат рухсат этилган ғийбатдир. Чунки ғийбат дин иши (масалани тушунтириш) учун бўлса, дуруст бўлади. Бунинг шарҳи эса олдинги боблардан бирида айтиб ўтилди. Бу муҳаддисларнинг жарҳу таъдилига, яъни уларнинг ҳадис ривоят қилувчиларга баҳо бературиб “фалончи ёлғончи, фалончи ростгўй” дейишларига ўхшайди.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “(Ҳақиқий) паҳлавон бошқаларни курашиб йиқитишни билган киши эмас, балки (ҳақиқий) паҳлавон ғазаб вақтида ўзини қўлга ола билган кишидир”.(Имом Молик, “Муватто”,1620-ҳадис.)

Эслатма. Ғазаб вақтида ўзини қўлга ола билган одам ҳақиқий паҳлавон ҳисобланишининг сабаби шуки, биринчидан, нафс билан курашиш жуда оғир. Чунки нафс одамни ҳалок қилишга кучи етадиган даражада даҳшатли душман. Шунинг учун одамлар билан курашиб, уларни енгган кишидан кўра нафси билан курашиб, уни мағлуб қилган киши ҳақиқий паҳлавон саналади. Иккинчидан, кураш тушиш зоҳирий (ташқи) аъзоларнинг иши. Нафсини енгиб, ғазабини тўхтатиш эса ботин, яъни дилнинг ишидир. Зоҳир чиройли ва гўзал бўлганидан кўра ботин (ичкари) чиройли бўлгани яхшироқда.

Насиҳат. Абу Бакр Варроқ қуддиса сирруҳу айтади: “Аллоҳтаоло бандалардан олти нарсаниталаб қилади. Шулардан икки нарсани қалбидан талаб қилади:

1)Аллоҳнинг амрини улуғлаш.

2)Аллоҳнинг махлуқларига шафқат қилиш.

Икки нарсани тилидан талаб қилади:

1)Аллоҳнинг бирлигини иқрор қилиш.

2)Халққа ростгўйлик ва мулойимлик билан гапириш.

Қолган икки нарсани жасадининг барчасидан талаб қилади:

1)Аллоҳ амрларини бажариш ва қайтарган ишларидан сақланиш.

2)Аллоҳнинг махлуқотига мулойим бўлиш.(Фаридуддин Аттор,“Тазкират ул-авлиё”.)

Ҳикоя. Исроилиётда ривоят қилинишича, бир одам ҳикмат тўғрисида уч юз олтмишта китоб ёзди, ҳатто, у “ҳаким” номини олибди. Ўша замон пайғамбарига Аллоҳ таоло ваҳий орқали: “Фалончига Менинг номимдан айт: “Сен ер юзини бемаъни ва олдиқочди гапларинг (бир ривоятда: мунофиқликларинг) ила тўлдирдинг ва бу нарсаларнинг бирортаси билан Менинг ризоимни истамадинг. Мен бемаъни ва сафсата гапларингдан (бир ривоятда: мунофиқлик билан қилган ишларингдан) ҳеч бирини қабул қилмайман”, деди. У одам бу хабарни эшитгач, надомат қилди ва ҳикматларидан воз кечди. Бозорларда омма билан аралашиб, Бани Исроил ила таомланишда шерик бўлиб, қалбида тавозе пайдо қилди. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг пайғамбарига: “Энди розилигимга муваффақ бўлганини унга етказ”, дея ваҳий жўнатди.(“Иҳёу улумид-дин”; “Итҳоф”,1-жилд, 421-саҳифа; “Ҳулят ул-ав-лиё”, 5-жилд, 237-саҳифа.)

Мухаммад Абдулҳай Лакҳнавийнинг

"Ғийбат ўзи нима?"китобидан