loader
Foto

Қизиқарли қоидалар

Фиқҳий қоидалар иккига бўлинади:

1.Асосий қоидалар

2.Асосий қоидаларга тобе қоидалар

Асосий қоида ўқувчида муайян тасаввурни ҳосил қилса, тобе қоида бу тасаввурни янада мукаммалаштиради.

Танбеҳ: Қоидаларни ўқиб-ўрганиш бирор ҳолат юзага келганда, соҳа мутахассисларига мурожаат этишдан тўсиб қўймаслиги керак.

I.Асосий қоида

«Ишлар ниятга қараб баҳоланади».

Маъноси: Кишининг иши ёки сўзининг натижал ари ва уларга боғлиқ ҳукмлар у кишининг ниятига қараб турлича баҳоланади, турлича изоҳланади.

1-мисол. Бир одам бошқа бировга: “Манави пулни олгин” деса, бу пул, агар берувчининг нияти хайр-эҳсон қилиш бўлса, садақа ёки совға, агар бундай бўлмаса, қарз ёки омонат ҳукмидадир. Пулни бериш кўриниши бир хил бўлгани билан унинг натижаси ниятга қараб турлича бўлаётир.

2-мисол. Ерга тушиб қолган пул ёки шу каби қимматбаҳо нарсани бир киши ўзиники қилиб олиш ниятида олса-ю, унинг қўлида турган пайтда шу нарсага зиён етса, олган киши зарарни (агар талаб қилинса) тўлайди. Агар ердан олаётганида ўша нарсани сақлаш ва эгасига қайтаришни ният қилган бўлса, мабодо, молга зиён етса ҳам, уни тўлашдан озоддир.

1.Тобе қоида

«Тилдаги эмас, қалбдаги - мўътабар».

Маъноси: Одамлар ўзаро олди-бердиларида, савдо-сотиқларида, ҳар хил шартномаларида турли ҳолат ва турли савияда бўладилар. Бу нарса уларнинг мақсадларини изҳор этиш учун айтган сўзларидан аниқ билинади. Яъни, биз ишлатган сўзлар мақсадимизни тўлиқ ва тўғри ифодалай олади ёки йўқ. Шунинг учун бир қанча ўринларда инсонларнинг сўзлари эмас, балки нима демоқчи эканликлари ҳисобга олинади.

1-мисол. Харидор агар сотувчига: “Пулим уйда қолган экан, мана бу узукни пулни олиб келгунимча омонат қолдирсам”, деб молни ўзи билан олиб кетса, бу узук “омонат” эмас, балки “гаровга қолдирилган буюм” деб ҳисобланади ва шунга яраша муносабатда бўлинади (ваҳоланки, харидор уни “омонат” деб номлаган эди). Узук, ҳақиқатан, ҳам омонат бўлганида эди, харидор уни истаган вақтида талаб қилиб қайтариб олиши мумкин бўлар эди. Мазкур ҳолатда сотиб олинган молнинг пулини келтирмагунича узукни қайтариб ололмайди ва шундан келиб чиқиб, у айтган “омонат” сўзи “гаров” деб тушунилади.

2-мисол. Бир одам бошқа бировга: “Бу сенга совға, қиймати 1000 сўм” деса, унинг бу сўзи савдо-сотиқ ҳукмини олади, гарчанд у “совға” сўзини ишлатган бўлса ҳам.

Эслатма: Асосий қоида ва унга тобе қоидалардан истисно қилинадиган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, эс-ҳуши жойида бир киши хотинига “талоқсан” деса, гарчи ичида талоқни ният қилмаган бўлса ҳам, талоқ тушаверади. Сабаби, бандалар ўртасидаги муомала ишларида зоҳирий (ҳолат) га эътибор қилинади.

2.Тобе қоида

«Нарсага муддатидан олдин эришиш йўлини тутган киши ундан маҳрум этилади».

Маъноси: Киши шариат белгилаб қўйган бирор нарсага муддатидан олдин шариат ман этган йўллар билан етишишга ҳаракат қилса, унинг бу ҳаракати тескари натижа бериб, кўзлаган нарсасидан маҳрум этилади.

1-мисол. Меросхўр агар тезроқ мерос олиш ниятида мерос қолдирувчи шахсни ўлдирса, у меросдан маҳрум этилади.

2-мисол. Кимнинг пора олгани аниқланса, у шахс порадан маҳрум этилади.

3.Тобе қоида

«Тоатни адо этишда ўзгаларни сийлаш макруҳ, бошқа вақтда эса маҳбуб».

Маъноси: Аллоҳни улуғлаш ва унга қуллик қилиш тоатдир. Тоат ишларидан эса, ўзи қолиб бошқаларни сийлаш макруҳдир (баъзи ҳолларда ҳаром). Бу ҳол гўё бир қулнинг ўзига буюрилган ишни бошқа қулга юклашига ўхшайди. Яъни, ибодатни ҳар ким ўзи, мукаммал адо этиши лозим.

1-мисол. Бир одам авратини ёпиши учун намоз вақтида кийимини бошқа одамга ечиб бериши мумкин эмас. Чунки унинг ўзи ҳам авратини беркитишга буюрилгандир.

2-мисол. Олдинги сафдаўтирган намозхон ўрнини бошқага бўшатиб бериши макруҳ. Чунки барча олдинги сафда намоз ўқишга тарғиб этилгандир.

Ибодатдан ташқари ҳолларда, дунёвий ишларда бировни ўзидан устун қўйиб ёки афзал билан сийлаш ва илиниш маъқул ва маҳбуб ишлардандир. Бировга таом, сув ёки бирон насиба илинган одам каби.

II.Асосий қоида

«Аниқ нарсанинг кучини ноаниқ нарса кетказа олмайди».

Маъноси: Бу қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси муборакларидан олинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда таҳорати бузилгандек бўлиб туюлишдан шикоят қилган кишига елнингтовуши ёки ҳидини аниқ билмагунча намозни тугатмасликни буюрдилар. Бу билан аниқ нарсанинг (яъни, килинган таҳоратнинг) кучини ноаниқ нарса (яъни, чиққани номаълум бўлган ел) буза олмаслигига ишора қилдилар.

1-мисол. Бир одам қарздор бўлиб, унинг қарзни тўлаган ёки тўламагани ноаниқ бўлса, у ҳолда қарзни тўламаган, деб ҳукм қилинади. Чунки унинг қарз олгани аниқ, қарзни тўлагани эса ноаниқдир.Қоидамизга кўра, аниқ нарсанинг кучини ноаниқ нарса кетказа олмайди.

2-мисол: Эркак билан аёлнинг никоҳи одамлар гувоҳлигида собит бўлса, сўнгра баъзи сабабларга кўра, талоқ тушди, деган гумонга борилса, бу ҳолатда никоҳ ўз ҳукмида қолади. Чунки никоҳ аниқ нарса бўлиб, гувоҳлар шоҳидлигида мустаҳкамланган. Талоқ эса, гумон нарса бўлиб, унинг воқе бўлганига аниқ далил йўқ, демак, у ноаниқдир.

1.    Тобе қоида

«Ҳар нарса ўзининг асл ҳукмида қолади».

Маъноси: Бирор воқеа-ҳодиса юз бериб, унинг ҳукми барчага маълум бўлгач, то бир ҳужжат-далил келиб, бу ҳукмни ўзгартирмагунча аввалги ҳукм ўз кучида қолади.

1-мисол. Бир одам уйидан тирик чиқиб кетиб, қайтиб келмаса, унинг ҳукми қандай? Албатта, у тирик ҳисобидадир. Чунки у уйдан чиқиб кетаётганида тирик эди, унинг ўлими ҳали номаълум. Шунинг учун унга аввалги ҳукм - тирик деган ҳукм жорий бўлиб туради.

2-мисол. Вафот этган динсизнинг аёли келиб: «Эрим вафотидан сўнг мусулмон бўлдим», деса-ю, бошқа меросхўрлар унга: «Эринг ҳаётлигидаёқ мусулмон эдинг» дейишса, бу ҳолда аёл мусулмон ҳисобланиб, меросдан маҳрум этилади. Чунки аёлнинг эр вафотидан олдин мусулмон бўлгани бошқа меросхўрлар томонидан эътироф этилиб, таъкидланаётир ва аёлнинг ҳозирги ҳоли - мусулмонлиги ҳам буни тасдиқлайди. Шунга кўра, у эридан мерос ололмайди.

Хулоса: Аёлнинг ҳозирги (эр вафотидан кейинги) ҳолатига қараб, унинг аввалги (эр вафотидан олдинги) ҳолати тўғрисида ҳукм чиқарилди.

2.Тобе қоида

«Янги найдо бўлган нарсалар энг яқин вақтига боғланади».

Маъноси: Бир воқеа юз бериб, унинг қачон юз бергани маълум бўлмаса, бу воқеа яқингинада юз берган, деб ҳисобланади.

1-мисол. Харидор молни қўлига олганидан сўнг, молнинг айби бор экан, деб даъво қилса, сотувчи айбнинг харидор қўлида пайдо бўлганини айтса ва ҳар иккисининг ҳам сўзига далил-исбот бўлмаса, бу ҳолда молдаги айб харидорнинг қўлида пайдо бўлган, деб ҳисобланади.

Чунки айбнинг юз бериш вақти деб энг яқин вақт - харидорнинг қўлидалик вақти ҳисобланади. Натижада харидор байъни буза олмайди.

2-мисол. Агар талоқ қилинган хотин: «Эрим мени ўлим тўшагида ётган вақтида талоқ қилди”, деб даьво қилса, ўзга меросхўрлар эса, унинг эри соғломлиги пайтида талоқ қилганини айтсалар, бу ҳолда аёлнинг сўзи инобатга олинади ва унга мерос берилади. Чунки ўлим тўшагидаги одамнинг талоғи ҳисобга ўтмайди.

Хулоса: Аёлнинг талоғи энг яқин вақтга - эрнинг сўнгги касалига боғланиб, касалликдан аввалги соғлом ҳолат эътиборга олинмайди.3.    Тобе қоида

«Сўзлашга эҳтиёж туғилганида, сукут сақлаш сўзлаш билан баробар».

Маъноси: Аслида жим турган одамлар тўғрисида, «сўзлади, гапирди», деб ҳукм чикариб бўлмайди. Лекин баъзи истисно ҳолатларда гапирган ҳукмига ўтиб ҳам қолади.

Масалан,бирор воқеагаодамнингфикрбилдириши қатьий сўралади. Шундай вақтда сукут сақласа, унинг бу сукути розилик ёки норозилик белгиси, деб ҳисобланади. Агар бу киши сукут ўрнига фикрини очиқ-ойдин, тил билан баён қилса, у ҳолда унинг айтган сўзига қараб иш тутилар эди.

1-мисол.Қиз боланинг турмуш қуришга розилиги сўралган пайтдаги сукути «розиман» деган сўзи ўрнидадир.

2-мисол.Қасам ичиш талаб қилинган гумондор шахснинг сукути унинг ҳақиқатда ҳам айбдор эканига ҳужжат деб қаралади.

4.Тобе қоида

«Юз бериш эҳтимоли узоқ воқеаларга умуман юз бермаган деб қаралади».

Маъноси: Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан ҳар нарса бўлиши мумкин. У Қодир Зот. Лекин Аллоҳнинг шундай қонунлари борки, улар нисбий ўзгармасдир. Аллоҳнинг қудратини рўкач қилиб, жуда камдан-кам юз берадиган ҳодиса-воқеанинг ҳолатларини бирор ҳужжатсиз даъво қилиш жоиз эмас. Фиқҳий ҳукмларнинг барқарорлигини, бардавомлигини таъминлаш мақсадида ҳам ушбу қоида қабул қилин-ган.

1-    мисол. Камбағаллиги маълум ва машҳур бўлган инсоннинг бой кишига далил-исботсиз катта миқдордаги пул берганини даъво қилиши асоссиз деб қаралади. Чунки фақир кишида катта микдордаги пулнинг бўлиши эҳтимолдан йирок.

2-    мисол. Бир одам бошқа бир одамга: «Бу менинг отам», деб даъво қилса, аммо ёшлари ҳеч тўғри келмаса, воқеанинг юз бериш эҳтимоли мумкин бўлмаганидан унинг даъвоси асоссиздир.

III.Асосий қоида

«Қийинчилик бор ерда енгиллик ҳам бор».

Маъноси: Шариатимиз ҳукмлари бандалар учун ўта қулай ва соддадир. Аллоҳ таоло бандаларини қийин аҳволга солиб қўйишни ҳеч истамайди. Бироқ шуни ҳам билишимиз керакки, ҳатто энг осон ишда ҳам маълум даражада қийинчилик бўлади. Масалан: овқат ейиш, китоб ўқиш, ухлаш каби ишларни олайлик. Булар учун киши озми-кўпми куч сарфлаши табиий. Лекин яна шундай ишлар борки, уларни бажаришда киши оғир аҳволда қолишига, машаққат чекишига тўғри келади. Мана шундай ҳолатларни назарда тутиб, шариатимизда баъзи енгилликлар кўрсатиб ўтилган. Бинобарин, баъзи оғир, қийин ҳолларда одам шариат кўрсатган тартибда бу енгилликлардан фойдаланиши мумкин. Демак, қийинчилик бор ерда енгиллик ҳам бор.

1-мисол.Намозни тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишига ўтириб ўкишга рухсат берилган.

1.Тобе қоида

«Асл бўлмаса, бадал».

Маъноси: Банда ўзига буюрилган ишнинг айнан ўзини (аслини) бажариши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, шу ишнинг ўрнини босадиганини (бадалини) бажарса бўлади.

1-мисол. Уғри агар ўғирлаган молининг айнан ўзини қайтариб бера олмаса, унинг бадалини қийматини қайтаради.

2-мисол. Агар киши рўзасини тутмаган бўлса, ўрнини қазо рўзаси билан тўлдиради. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, фидя тўлайди.

2.Тобе қоида

«Мажбурлик ўзганинг ҳақини бекор қилолмайди».

Маъноси: Зарурат (мажбурлик) баъзи ҳолларда воқеа ҳукмининг ўзгаришига олиб келади. Бироқ бу ўзгариш ҳеч қачон бировнинг ҳақини бекор қила олмайди.

1-мисол. Очлик туфайли ўзганинг овқатини еб қўйган киши, имкон бўлганида, овқатнинг пулини тўлаши керак. Чунки зарурат (очлик) ўзганинг ҳақини (овқатнинг пулини) бекор қилмайди.

2-мисол. Бировнинг сузонғич ҳайвонини (мол, қўй, эчки) ўлдириб қўйган киши ҳайвоннинг хунини тўлаши керак (агар ҳайвон эгаси аввал ҳам огохдантирилган бўлса, у ҳолда хун тўланмайди).

IV.Асосий қоида

«Ҳар қандай зарар шариатга биноан кеткази-лади».

Маъноси: Бу қоида асосида Расулуллох. соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Зарар етказиш х.ам, зарарга зарар кайтариш ҳам йўқ», деган ҳадиси шарифлари мужассам. Бу қоидани Ислом шариатининг умумий руҳи ҳам қувватлайди.

Шунга кўра, айтиш мумкинки, динимизда бировга зарар-зиён етказиш ёки ўзига етказилган зарарга бошқа бир зарар билан жавоб бериш ножоиздир.

1-мисол. Бировнинг молига талафот етказган кишининг молидан (талафот етказиш ўрнига) товон ундирилади. Акс ҳолда, зарар кўрганлар сони ошар эди (бу эса мумкин эмас).

2-мисол. Ернинг ижара муддати ҳосил ўримидан олдин тугаб қолса, ер қўшимча ҳақ тўлаШ муқобилида ижарага олган киши қўлида қолдирилади (зарар кўрмаслиги учун).

1.Тобе қоида

«Зарар зарар билан кетказилмайди».

Маъноси: Инсон ўзидаги ёки бошкадаги зарарни кетказиш учун худди шу зарарга тенг бошқа зарарга кўл уриши жоиз эмас.

1-мисол. Очликдан азоб чекаётган одам худди ўзи каби бир бечоранинг нонини тортиб олиши мумкин эмас.

2-мисол. Қотилликка мажбурланган киши ўз жонини сақлаш учун ўзга инсон жонига қасд қилиши жоиз эмас.

2.Тобе қоида

«Оғирроқ зарардан сақланиш учун енгилроғи қилинади».

Маъноси: Иккита зарар тўқнаш келиб, уларнинг қайси биринидир қилишдан ўзга чора қолмаган ҳолатда энг енгили танланади.

1-мисол. Очликдан ўлаётган кишига ҳаром нарсадан бироз ейишга рухсат берилган. Чунки ҳаром нарсани ейиш ўлимдан енгилрокдир.

2-мисол. Намоз ўқимоқчи бўлган киши таҳорат олишдан ёки авратини ёпишдан ёки қиблага юзланишдан ожиз бўлса, имкониятига мувофиқ намоз ўқийди. Чунки мазкур шартларни тарк этиш, намозни тарк этишдан енгилроқдир.

3.Тобе қоида

«Умумий зарарни даф этиш учун хусусий зарарга қўл уриш жоиз».

Маъноси: Баъзида умумнинг (кўпчиликнинг) бошига келган ёки келиши аниқ бўлган зарарнинг олдини олиш учун хусусий зарарга (яъни, битта ёки маълум бир шахсларга етадиган зарарга) қўл урилади.

Мисол. Кундалик эҳтиёж моллари билан савдо қилувчи савдогарлар нархларни инсофдан ташқари қиммат (кўпчиликка зарар) қилиб юборсалар, нархларга давлат-ҳукумат томонидан чегара қўйилади (савдогарнинг бир ўзига зарар).

4.Тобе қоида

«Фойдани жалб қилишдан кўра, зарарни даф этиш муҳимроқ».

Маъноси: Баъзан бир ишнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ ёки фойда-зарари тенг бўлади. Бундай ҳолларда мазкур ишга йўл қўйилмайди.

1-мисол. Уз мулкидан фойдаланиш ўзгаларга зарар етказадиган бўлса, мулк эгасига ундан фойдаланишга рухсат этилмайди.

2-мисол. Кофирларнинг бутларини сўкишдан тийилган маъқул, чунки улар ҳам жавобан Аллоҳ таолони сўкишлари мумкин.

V.Асосий қоида

«Урф-одат эътиборлидир».

Маъноси: Одамлар кундалик ҳаётда амал қиладиган расм-русумлар, ишлар, гаплар “урф-одат” дейилади. Кўп ҳолларда ўзаро низоларни ҳал этишда ораларида кенг тарқалган мана шу урф-одатлардан фойдаланилади. Лекин, шуни таъкидлаш зарурки, урф-одат сира шариат қонунларига хилоф келмаслиги керак. Акс ҳолда, бундай урф-одат эътиборсиздир. Шунингдек, ҳал этилаётган масала юзасидан шариатда махсус кўрсатма берилмаган бўлса, бундай урф-одат ҳисобга олинади. Урф-одатларга кўра жорий бўлган ҳукмлар вақт ўтиши билан ўзгариб боради.

1-мисол. Одамлар тўй, зиёфат ва тантаналарда турли спиртли ичимликлар ичишга одатланиб, бу ишлар одат тусини олган бўлса-да, буни шариат ман этган. Ёки марҳумга атаб ўтказиладиган «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «эллик икки» каби маросимлар аҳоли ўртасида урф-одатга айланган бўлса-да, улар шариатга зиддир, тақиқлангандир. Бундай масалалар юзасидан шариатнинг ўз кўрсатмалари бор, ўшаларга кўра амал қилинади.

2-мисол. Одамларнинг “гўшт” деганда мол ёки қўй гўштини, “пул” деганда ўша давлат пулини тушунишлари ҳам уларнинг одатларига киради.

1.Тобе қоида

«Воқеа-ҳодиса юз берган пайтдаги урф-одатгина эътиборлидир».

Маъноси: Олимнинг фикри бирор масала ечимида урф-одатни ҳакам қилишга келиб тўхтайдиган бўлса, у ҳолда воқеа юз берган пайтда жорий бўлган урф-одатга таянади. Кейин пайдо бўлган урф-одатга эмас.

Мисол: Бир киши “нон емайман” деб қасам ичганда шаҳардаги аксар нонлар буғдойдан бўлиб, орадан сал вақт ўтиб буғдойдан бошқа нарсалардан ҳам нон тайёрлаш одат бўлса-да, унинг қасами буғдой нонга боғлиқ бўлиб қолаверади.

2.Тобе қоида

«Одат қилинган маъно сўзнинг асл маъносидан устундир»

Маъноси: Сўзларнинг асл ва кўчма маънолари бўлади. Одамлар орасида кўпроқ у ёки бу маънода қўлланадиган сўз тилга олинганида ўша маъноси дарров зеҳнга келади. Зеҳнга дарров келган мана шу маъно, яъни инсонлар одатланиб қолган маъно бошқа маънолардан устундир.

1-мисол: Бир одам: “Мен мана бу хонадонга куёв бўламан” деса, бу ўша хонадон қизига куёв бўлишни назарда тутаётганини англатади.

2-мисол: Бир киши: “Мен фалончиникига қадам қўймайман!” деб қасам ичса, бу сўздан хоҳ оёқ яланг, хоҳ туфлида, хоҳ отда, хоҳ пиёда бўлсин, ичкарига умуман кирмаслик тушунилади. Гапнинг асл маъноси - остонада туриб ичкарига қадам қўйишгина тушунилмайди. Чунки буни одат қувватламайди.

3.Тобе қоида

«Китоб - хитоб ўрнидадир».

Маъноси: Одатда инсонлар маълумот алмашиши учун бир-бирлари билан сўзлашадилар, бир-бирларига хитоб қиладилар. Агар узоқроқда бўлсалар, ёзма равишда (хат, телеграмма, факс) ахборот алмашадилар. Мана шу ёзма усулда ахборот алмашиш “китоб” усули дейилиб, у хитобга, яъни ўзаро сўзлашиб ахборот алмашиш кучига тенгдир.

1-мисол: Тошкентлик одам самарқандлик одамга хат ёзиб, Самарқанднинг фалон жойидаги уйини унга фалон пулга сотганини айтса, хатни олган одам ҳам розилик билдириб хат йўлласа, савдо амалга ошди ҳисоб.

2-мисол: Бир киши фалончини никоҳига олганини билдириб хат жўнатса, хотин бўлмиш ҳам гувохдар ҳузурида хатдаги фикрга розилигини билдирса, бошқа шартлари ҳам топилган такдирда, никоҳ акди тузилди ҳисоб.

4.Тобе қоида

«Одат қилинган иш шарт қилинган ишдекдир».

Маъноси: Барча инсонлар қилишга одатланган, шариат ҳукмига зид бўлмаган ишларга, гўё аввалдан шундай бўлиши шартлашилгандек қаралади ва шаръий кучга эга бўлади.

1-мисол: Машина олди-сотдиси пайтида айтилмаса ҳам машинанинг калитлари, эҳтиёт ғилдираклари, тузатиш асбоб-ускуналари харидорга ўтади, гўё олдиндан келишиб олингандек.

2-мисол: Бир киши бошқани ўзи учун куйлак сотиб олишга вакил қилса, вакил гарчи унга айтилмаган бўлса-да, вакил қилган одам одатланган кўйлакни сотиб олиши керак, гўё бу ҳақда аввалроқ келишиб, шартлашиб олгандек.

5.Тобе қоида

«Урф-одатга кўра чиқарилган ҳукм урф-одат ўзгариши билан ўзгаради».

Маъноси:Юқорида урф-одатнинг баъзи

ҳолатларда ҳукм учун манба бўла олиши айтиб ўтилди, мана шу манбанинг ўзгариши ундан келиб чиққан ҳукмнинг ҳам ўзгаришига олиб келади.

1-мисол: Авваллари гувоҳларнинг яхши одамлар эканлигига ҳужжат (тавсифнома) талаб қилинмаган, вақтлар ўтиши билан, аҳвол ёмонлашуви билан талаб қилина бошланди.

2-мисол: Илгари масжид эшиклари қулфланмаган, ўғри кўпайиши билан олимлар масжид эшигини қулфлашга рухсат берганлар.

VI.Асосий қоида

«Сўзга маъно бериш уни маъносиз қолдиришдан аълодир».

Маъноси: Ҳар қандай сўз муайян маънони ифода этади. Эшитувчи эса айтилган сўзни ҳар хил тушуниши ва шунга кўра иш тутиши мумкин. Баъзида айтилган сўз икки нарса ё ҳолатга далолат килади. Биринчи ҳолатда бу сўз маъносига эга бўлса, иккинчи ҳолатда маъносиз бўлиб қолиши мумкин. Бундай пайтларда, агар иложи бўлса, сўзни биринчи ҳолатга - маъно берадиган ҳолатга буриш керак.

1-мисол. Бир киши: “Мен мана бу дарахтдан ейман” деса, бу сўзни “Мен бу дарахтнинг айнан ўзини ейман”, деб ҳам, “бу дарахтнинг мевасидан ейман”, деб ҳам тушуниш мумкин. Биринчи ҳолатда сўз маъносиз (чунки инсон дарахтнинг танасини емайди), иккинчи ҳолатда эса маъноли, шунинг учун бу сўз маъноли иккинчи ҳолатига бурилади.

2-мисол. Бир эркак насл-насаби аник бўлган хотинини “қизим” деса, унинг бу гапи маъносиз ҳисобланади. Сабаби, унинг бу сўзини маъноли томонга буриш мумкин эмас. Бу сўзнинг ҳақиқий маъноси ҳам, кўчма маъноси ҳам эр-хотинлик муносабатларига тўғри келмайди.

1.Тобе қоида

«Сўз, аввало,ўзининг асл маъносига бурилади».

Маъноси: Юқорида айтилганидек, ҳар сўзнинг асл ва кўчма маънолари бўлади. Айтилган вақтда, аввало, унинг асл (ҳақиқий) маъноси тушунилиши, агар бунинг иложи бўлмаса, кўчма маъноси тушунилиши керак.

1-мисол.“Мана бу киши шердир” дейилса,аввало, "шер" сўзининг асл маъноси, яъни ўрмондаги йиртқич ҳайвон тушунилади. Бироқ мазкур ҳолатда бунинг иложи йўқ. Шунинг учун унинг кўчма маъноси (ботирлик, жасурлик) тушунилади.

2-мисол. Бир одам иккинчисига: “Бу сизга совға”, деб бирор нарса берса, кейин: “Мен сотишни назарда тутган эдим”, деб пул талаб қилса, сўзи қабул қилинмайди. Чунки “совға” сўзининг асл маъноси эваз олишни рад этади.

2. Тобе қоида

«Бўлинмас нарсаларнинг бир бўлагини тилга олиш уларнинг барчасини тилга олиш билан баробар».

Маъноси: Шундай нарсалар борки, уларни бўлакларга ажратиб бўлмайди (мисол учун, одамни). «Бир қоп ун», «ярим қоп ун» деган сўзларни эшитганмиз ва тушунамиз. Бироқ «бутун одам», «ярим одам», «учдан бир қисм» деган сўзларни эшитмаганмиз. Чунки инсонни қопдаги ун, шакар ёки пиёзни бўлгандек бўлиб бўлмайди.

Шунинг учун унинг бир бўлагини тилга олиш унинг бутунини тилга олиш билан тенг.

1-мисол. Бир киши бошқа бировга: «Сенинг оғзинг ҳаромхўр» деса, бунинг маъноси «Сен ҳаромхўрсан”, дегани бўлади.

2-мисол. Эр: «Хотинимнинг ярми талоқ», деса хотин тўлиқ талоқдир. Ёки «Хотиним ярим талоқ», деса, хотини бир талоқдир. Ва ҳоказо...

Акмал Мираваз ўглининг

"Мусулмон учун зарур билимлар"китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР