loader
Foto

Ислом олами ва Ғарб тушунчасидаги "озодлик"

Ғарбда эса диний, ижтимоий ва синфий озодлик муаммоси мавжуд бўлган, чунки давлат халққа доим зулм қилиб келган. Бунинг сабаблари маълум: давлат ёки давлатнинг тимсоли бўлган қироллар устидан ҳеч қандай турдаги юқори куч, иқтидорнинг йўқ эканлиги. Қирол бўйин эгиши мумкин бўлган ҳеч қандай ҳуқуқий тизим бўлмагани учун ҳам қироллар: "Давлат мен - қонун мен", деб айта олган. Яъни, унинг иқтидори мутлоқ (абсолют) бўлган.

Мусулмон жамиятида эса ҳукмдорнинг устида шариат бўлган. Бу ҳозирги кунимиздаги "Қонун устуворлиги" деган тушунчага мос келса керак. Шунинг учун ҳам Ислом тарихида озодлик ва эркинлик масаласи долзарб бўлмаган.

Бунга тўрт сабабни кўрсатиш мумкин:

1) Ижтиҳод қилиш эркинлиги:

2) Истаган мазҳабга эргашиш эркинлиги:

3) Бошқа динлар учун эътиқод эркинлиги:

4) Анъанавий шариатдан ташқаридаги ширатга зид бўлмаган жамоат ҳаётидаги эркинликлар.

Ҳозирги кунда мусулмон дунёсида озодлик ва эркинликка оид муаммолар умуман йўқ деб бўлмайди. Сиёсат ва иқтисоддан тортиб маданият ва жамоат ҳаётигача бўлган соҳаларнинг барида ўзига яраша муаммолар учраб туради. Ғарбдан келган озодлик ва эркинлик тушунчалари ва фалсафий ёндашишлар билан мусулмонлар дуч келган муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди.

Мусулмонлар ва либерал мутафаккирлар ўртасида қонун устуворлиги тамойилларининг мувофиқлиги бўйича жиддий фарқлар бор. Озодлик ва эркинликлардан қашшоқ ва мазлум қатламларга қарши фойдаланиш бўйича қарашлардаги ихтилофларни ҳам улар қаторига қўшиб зикр қилсак бўлади. Яна бир ихтилофга кўра, индивид (шахс) ўз танаси ва ҳаётини истаганича тасарруф қила олади.

Озодлик ва ҳуқуқ масалаларини Ғарб тайёрлаган адабиётлар ила ўрганар эканмиз, биз аввало буларга танқидй ёндашимиз ва буларнинг ҳаммасини фильтрдан ўтказишимиз керак бўлади. Бироқ бу филтирни қаердан топамиз? Табиийки, биз учун керакли фильтр Қуръон ва Суннат бўлиши керак.

Қай даражада озод ва эркинмиз?

Субъект сифатида инсон қандайдир ҳаракатларни содир этади. Бироқ буларнинг қонунийлиги чегараси қаерда? Қайси қонунга асосланиб ҳаракат қиламиз? Ҳаракатларнинг моҳият ва мақсадлари нималардан иборат? Қай даражада эркин ва озодмиз ва булар қайси нуқтадан бошланиб, қаергача давом этади?

Бу каби саволларга ўтмишда ҳам жавоб излашган. Ғарбда бир дунёқараш бор бўлиб, ўша дунёқараш эгалари: "Озодлик мумкин эмас, биз заруриятлар дунёсидамиз, биз эркин бўла олмаймиз", дейишади. Механицизмчиларнинг айтишича, бизни танамизнинг ўзи чеклайдики, унда биз бошқара олмайдиган ҳаракатлар мавжуд. Биз табиат қонунларига боғлиқмиз - қорнимиз очади, ташна бўламиз ва ҳоказолар. Моҳиятга кўра ҳам биз озод бўла олмаймиз.  Агар инсон ўзи туғиладиган санасини, жойини, ота-онасини танлаш имконидан маҳрум экан, демак у озод ва эркин эмасдир. Биз кўринмайдиган куч тарафидан бу дунёга ташланганмиз. Худди шундай, кўринмас куч туғилишимиз ва ўлишимиз санасини ҳам белгиллаб қўяди.

Ушбу ҳолатда ягона бир йўл ҳақида фикр юритиш мумкин, холос. Бунда биз ўз эркимиздан фойдаланишимиз, яъни юқорида тилга олинган куч бизни ўлимга маҳкум этиш тўғрисидаги буйруқ чиқаришини кутмай, жонимизга қасд қилиш юзасидан ўзимиз қарор қилишимиз мумкин. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ушбу ғоя тарафдорларининг аксари ўз ҳаётларига шу тарзда нуқта қўйдилар.

Қуръони карим таълимотларига кўра, Аллоҳ таоло истамаса, ҳеч ким ўла олмайди. Ўзини ўзи ўлдираётган инсон, моҳиятга кўра ўз тақдиирини ўзи танлайди, бироқ унинг тақдири унинг қўлида эмас. Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳ таоло тақдир қилган нарса бўлади.

Бу каби қарашда тарих, табиат эркин бўлмаса, инсон қай тарзда эркин бўла олади? Аллоҳ таоло тарихни бошқаради. Бу парадокс каби туюлса ҳам инсон ўз тақдири ўзгаришига, масалан дуо ёки бошқа йўллар орқали сабабчи бўлиши мумкин экан. Масалан, Аллоҳ таоло рози бўладиган ишлар билан, яъни Аллоҳ таолодан мадад сўраш ва Унгагина сиғиниш орқали.

Бадр жанги куни Аллоҳ таоло тарихга "аралашди". Ўша жангда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳид бўлганини бир зумга тасаввур қилиб кўринг-чи. Сўнг 1400 йиллик тарих қандай кечган бўларди? Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссаломлар орқали ҳам тарихни ўзгартирган. Иброҳим алайҳиссалом оловда ёниб кетганида, Мусо алайҳиссалом денгизда ғарқ бўлганид нима бўлар эди, аввалги 4000 йиллик тарих қандай кечган бўларди?

Ғарбнинг озодлик ва эркинлик ҳақидаги тушунчасининг асосий мақсади тарих ва табиатни Аллоҳ таолодан ажратишдан иборатдир. Замонавий тушунчага кўра, табиат қандайдир ғайритабиий куч таъсирида эмас. У эркин ва ўзи ўзича мавжуд бўлиб қолган қонунлар асосида ишлармиш. Инсон эса, табиатдан ажраб чиққанмиш. Инсон табиат билан доим курашиб келади ва қўлга киритган ғалабалари эвазига озод ва эркин бўлиб борармиш, унинг хўжайинига айланармиш.

Табиат каби тарих ҳам Аллоҳ таолога умуман боғлиқ эмас қилиб кўрсатилади. Бироқ бу хаёлотдан ўзга нарса эмас. Агар Аллоҳ таоло тарихга ҳеч қандай таъсир қилмайдиган бўлса, инсон ўз тарихини ўзи ёзаётган, яъни ўз тарихини ўзи яратаётган ва унинг устида ҳеч қандай Робб ёки куч йўқ бўлиб қолади. Тарих Аллоҳ таолодан холи бўлса, бу инсоннинг ўз иши бўлиб қолади. Табиат ва тарих каби замонавий одам ўзи ва танасини мустақил, ҳеч кимга қарам эмас, яъни озод дея тасаввур қила бошлайди.

"Бу менинг ҳаётим, менинг танам" деган иборани кўп жойларда эшитиш мумкин. Бироқ бу сўзларни айтувчи одам ўз нафсининг қулига айланиб қолган ва буни ўзи тушунмаяпти. Буни тушунмаганининг сабаби эса "Аллоҳни унутган, Аллоҳ эса уни унутган"дир.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади