Космосда бўлиб қайтган эркак-мусулмонлар ҳақида кўп нарса маълум. Масалан, Муса Манаров ёки Талгат Мусабаев. Лекин мусулмон-космонавтлар фақат эркаклардан иборат эмас. Ҳайрон қолдингизми, мусулмон аёл космосга учганини билмасмидингиз? Сизни хурсанд қилишга шошилмоқчимиз, ҳа! Космонавтолар орасида Россия кораблида космосга парвоз қилган мусулмон аёл ҳам бор.
Ануше Ансари – биринчи ва ҳозирча мусулмон аёл-космонавт ҳисобланади. Унинг парвози 2006 йил 18 сентябрда бўлиб ўтганди. У Халқаро космик станцияга (МКС) «Союз ТМА-9» кораблида учиб борган.
Космосга муҳаббат Анушеда болалик чоғларда пайдо бўлган. интервьюлардан бирида тан олишича, у космосга парвоз қилиш ҳақида бутун умр орзу қилган экан.
Болалик ва ўсмирлик чоғлари
Бўлғуси космонавт 1966 йил 12 сентябрда Эроннинг шимолий-шарқий қисмидаги Машҳад шаҳрида туғилган. Бўлғуси космонавтнинг болалик ва ўсмирлик чоғлари Теҳронда ўтган. Ансарининг айтишича, форс илдизларига эга бўлиб, бундан фахрланади. Ануше Қўшма Штатларга 1984 йил, ўсмирлик пайтларида кўчиб кетганди. Ота-онаси бу қадамга унинг яхши таълим олишини мақсад қилган ҳолда қарор қилган. Виржиния штати Фэрфакс шаҳридаги Джордж Мейсон университетида у электроника ва ҳисоблаш техникаси соҳасида бакалавр даражасини олди. 1988 йил Колумбия округи Вашингтон шаҳридаги Джордж Вашингтон университетида электротехник соҳасида магистр даражасини олди. Бунда у MCI Communications телекоммуникация компаниясида тўлиқ иш куни ишламоқда.
Бизнес-лойиҳалар
Бу компанияларда ишлар экан, Ануше ўзининг бўлғуси турмуш ўртоғи Хамид Ансари билан танишади ва 1991 йил унга турмушға чиқади. 1993 йил турмуш ўртоғи ва унинг акаси Амир билан бирга телекоммуникация ускуналари билан шуғулланадиган Telecom Technologies, Inc компаниясини таъсис этдилар, бу компанияда Анише ижрочи директор лавозимини эгаллади. 2000 йил Sonus Networks, Inc. Уларнинг компаниясини 550 млн. долларга сотиб олди.
2004 йил Ануше Ансари инсоният ҳаётини тубдан ўзгартиришга қодир бўлган инновацияларни (хусусий космик парвозлар, сув ости тадқиқотлари, саводсизликка қарши кураш ва ҳ.к.) қўллаб-қувватлайдиган X Prize Foundation фонди васийлар кенгашига кирди.
Ансари оиласи бу кўп миллионли фондга ҳисса қўшди, икки ҳафта ичида икки марта бортида уч космонавт билан суборбитал парвоз (атмосферадан космосни ажратиб турадиган 100 километрли масофа) уюштирган бирини хусусий компанияга бериладиган 10 млн доллар миқдоридаги Ansari X Prize мукофотнинг бош ҳомийсига айланди. 2004 йил 24 октябрда мукофотни SpaceShipOne корабли ишлаб чиққан америкаликлар жамоаси қўлга киритди.
2006 йилнинг февралида Ансарининг инвестиция фирмаси, Prodea Systems, Inc., космик туризм компанияси Space Adventures, Ltd. ва Россия Федерал космик агентлиги билан тижорат йўналишидаги суборбитал космик аппаратлар парки яратиш бўйича ҳамкорлик ҳақида эълон қилди. Бу кенг кўламли лойиҳа бутун дунё бўйлаб, жумладан, БААда ҳам тижорат космик портлари яратишни кўзда тутади.
Анушернинг космик парвоздаги иштироки ҳам SpaceAdventures, Ltd. орқали ташкил қилинди. Айрим баҳоларга кўра, бу 20 млн долларга тушди.
Дастлаб у тўртинчи космий сайёҳ бўлиши лозим бўлган япон ишбилармони Дайсукэ Эномотонинг дублери сифатида тайёрланган. Ярим йил ичида тиббиёт комиссиясидан ўтган, кораблнинг моддий қисмини ўрганган, Қримда сувга қўнишни машқ қилган ва албатта, рус тилида гаплашишни ўрганган. 2006 йил 21 августда тиббий кўрсаткичлардан келиб чиқиб, шифокорлар япон ишбилармони парвозини рад қилган хулоса чиқардилар ва эртаси куни Ансари экипажнинг асосий таркибига киритилди.
2006 йил 18 сентябрда эса Анушенинг космос ҳақидаги орзулари рўёбга чиқди. Бойқўнғир космодромидан (Қозоғистон) космосга йўл олган «Союз ТМА-9» космик корабли экипажи таркибига қуйидагилар киритилди: командир Михаил Тюрин, бортинженер Майкл Лопес-Алегриея ва аёллар орасида биринчи космик турист, биринчи мусулмон аёл-космонавт Ануше Ансари.
«Мен «Союза ТМА-9» учиришни томоша қилганимда кораблнинг ичида ҳаммаси бу қадар юмшоқ ҳис этилишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бу худди самолетнинг учиш йўлагидан кўтарилишига ўхшаб кетарди, кейин ўртача бўлсада, юкламалар бошланади. Ўйлайманки, 2–2.5 бирлик бўлган, ундан кўп эмас… Кейин биринчи босқичнинг ва асосий суйрисимон мослама ажралди. Ракета аввалгидек юмшоқ кетарди. Қуёш нури кемага кириб, қалбимни иситди. Ўйлайманки, мен бу пайт овозимни чиқариб кулардим. Мен телбанамо, таърифга сиғмайдиган хурсандчиликни ҳис қилардим … Сўнгги босқичнинг ажралишини кескин ҳис қилдим ва бу ёғига вазнсизлик бошланди… Бу ажойиб озодлик туйғуси ҳар бир кишини табассум қилишга мажбур қиларди. Ҳингиллаб кулган ҳолда, мен секин уча бошладим. Мен бунга ишонолмасдим ... тўғрисини айтганда, мен ҳалигача рўй бераётган нарсаларни худди тушдай ҳис қилардим... Мен маҳкам боғлаб қўйилган эдим, шунинг учун деразадан ташқарига қаролмасдим. Ниҳоят, биз орбитага чиққанимиз тасдиқлангач, биз шлемларнинг тушириб қўйиладиган қисмини кўтардик ва камарларни ечиб ташладик ... ", - дейди Ануша ўзининг таассуротлари билан ўртоқлашиб.
МКСда
2006 йил 20 сентябрда космик кема «Звезда» МКС модулининг қуйруқ қисмидаги туташтириш узелига келиб уланди. Станцияга келгач, мусулмон аёл деди: «Мен ҳозир МКС бортида эканлигимдан жуда катта таассуротлар кутяпман. Ўйлайманки, бу ажойиб ҳиссиётлар бўлади. Мен ҳар бир лаҳзани эслаб қолишга ҳаракат қиламан. Мен Ерни фотосуратга оламан ва тажрибалар ўтказаман».
Станцияда ўтган саккиз кун давомида Ансари Европа космик агентлиги учун асосан космик радиация ва вазнсизликнинг экипаж аъзолари ва микроорганизмларга таъсири билан боғлиқ инсон физиологияси бўйича бир қатор тажрибалар ўтказди. Бундан ташқари, маданият-иаълим дастури ҳам амалга оширилди: Эрон миллий телевидениесида астрономик шоу учун интервью берди, таълимга оид бир нечта видео ёзиб олди, шунингдек, космонавтика тарихида биринчи марта ўқувчиларнинг саволларга жавоб берган ҳолда космосдан туриб интернет-блог юритди.
Видеоёзувларда у Ер сайёраси ва инсоният ҳақида фалсафий фикр юритади, сайёрамизнинг гўзаллигидан ҳайратда қолади, кема бортида космонавтлар ҳаракатларининг бир-бирига мувофиқлигини мақтайди, кема бортида вазнсизлик билан боғлиқ икир-чикирларни юмор билан таърифлайди. Биринчи космонавт-мусулмон аёлнинг самимий сўзлари кўнгилни юмшатади, вақти-вақти билан табассум қилишга ундайди.
Ансарининг МКС даги фаолияти қолган экипаж аъзоларидан яхши баҳо олди. Бунда парвоздан салгина олдин Майкл Лопес-Алегриа сайёҳларни ҳали битмаган станцияга олиб келиш керак эмас деб айтганди.
Қайтиш
29 сентябрь куни Ануше «Союз ТМА-8» космик кемаси экипажи таркибида Ерга қайтди. Қўниш Қозоғистоннинг белгилаб қўйилган ҳудудида муваффақиятли амалга оширилди. Ансарининг парвозда ўтказган вақти 10 сутка 21 соатни ташкил қилди. Аёлдан ташқари, экипаж таркибида космонавт Павел Виноградов ва астронавт Джеффри Уильямс ҳам бор эди.
Парвоздан кейин Ансари бир неа марта таъкидлагнидек, орбитада ўтказилган 10 кун унинг ҳаётида рўй берган энг ажойиб фурсат ҳисобланади.
Абу Муслим таржимаси