Шубҳасиз мадинада нозил бўлгандир.
Икрима р.а. айтади: Мадинада нозил қилинган энг аввалги сура Бақара сурасидир.
Мужоҳид айтади: “Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида нозил бўлган.Ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлгандир”.
6-оят: Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, уларга Баробардир – иймон келтирмайдилар.
Заҳҳок айтади: Бу оят Абу Жаҳл ва унинг аҳлидан бўлган беш киши ҳақида нозил бўлган.
Калбий эса: “Яҳудийлар”, ҳақида дейди.
14-оят. Агар мўминларга дуч келиб қолсалар: “Биз ҳам иймон келтирдик”, дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганда эса: “Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (мўмин бўлдик, деб уларнинг устидан) кулмоқдамиз холос”, дейишади.
Ибни Аббос р.а.: Бу оят Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамроҳлари ҳақидадир. Бир куни улар кетаётган эдилар, олдиларидан Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан бир гуруҳи чиқиб қолди. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай ҳамроҳларига: -Мана шу аҳмоқларга қандай муомала қилишимни кўринглар, деди-да, бориб Абу Бакрнинг қўлларидан ушлади. Сўнг: “Эй Сиддиқ бани Таййимнинг саййиди, ислом шайхи, ғорда Расулуллоҳ билан бирга бўлган киши хуш келибсиз”, деди. Кейин Умарнинг қўлини ушлаб: “Эй бани Адийнинг саййиди, эй Форуқ, Аллоҳнинг динида жасоратли киши, Расулуллоҳ учун моли-ю жонини сарфлаган киши хуш келибсиз”, деди. Кейин Алининг қўлини ушлаб: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакиларининг ўғли, куёвлари бани Ҳошимнинг Расулуллоҳдан кейинги саййиди хуш келибсиз”, деди. Улар кетгандан сўнг Абдуллоҳ ҳамроҳларига айтди: “Мени қандай қилганимни кўрдингизми? Агар сизлар ҳам уларга дуч келсангиз шундай қилинглар”. Ҳамроҳлари уни мақташди. Мусулмонлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб бу хабарни етказишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
21-оят. Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз.
Алқама айтади: “Эй инсонлар” деб бошланадиган ҳар бир оят маккийдир ва “Эй иймон келтирганлар” деб бошланадиган ҳар бир оят маданий оятдир. Яъни: “Эй одамлар”, Макка аҳлига, “Эй иймон келтирганлар”, эса Мадина аҳлига хитобдир. Шу жумладан юқоридаги оят ҳам Макка мушрикларига хитобдир. Бу хитоб “Иймон келтирганларга башорат беринг”, оятигачадир. Бу оят мўминлар ҳақида нозил бўлгандир. Аллоҳ таоло “Ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган олов”, ояти билан кофирларнинг жазосини зикр қилгандан кейин мўминларнинг мукофотини зикр қилади.
26-оят. “Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан, Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: “Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?”, дейдилар. Бу масал кўпларни адаштиради ва кўпларни (Ҳақ йўлга) ҳидоят қилади”.
Абу Солиҳнинг ривоятида Ибни Аббос р.а. айтади: “Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида ушбу икки мисолни келтирганида: “Уларнинг мисоли олов ёққан кишига ўҳшайди, ёки осмондан жала келтирувчи булут кабидир...” Мунофиқлар: - Аллоҳ мисоллар келтиришдан улуғ ва олийдир, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”.
Ҳасан ва Қатодалар айтади: Аллоҳ китобида чивин, ўргимчакларни зикр қилганида ва мушриклар ҳақида мисоллар келтирганида яҳудийлар кулишди ва: “Булар Аллоҳнинг каломига ўхшамайди”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ибни Аббос р.а. айтади: Аллоҳ мушрикларнинг илоҳларини зикр қилиб: “Агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса (қайтариб ололмаслар)....”, деди. Ва мушрикларнинг ҳийлаларини ўргимчакнинг инига ўхшатди. Шунда мушриклар: “Аллоҳ Муҳаммадга нозил қилган Қуръонда пашша, ўргимчакларни зикр қилганига қаранг. Бу билан Аллоҳ нима демоқчи?”, дейишади. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
44-оят. “Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз Китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?”
Калбийнинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: Мадина ҳақида нозил бўлган. Айрим кишилар ўз қудаларига, қариндошларига, эмикдошларига (яъни мусулмонларига) “Динингда маҳкам тур ва Муҳаммад (с.а.в.) буюрган ишни қил. Унинг йўли ҳақдир”, дейдилар. Одамларни яхшиликка чақирадилар, лекин ўзлари қилмайдилар.
45-оят. “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишлари шубҳасиз”.
Кўпчилик аҳли илмлар фикрича бу оят аҳли китобларга хитобдир. Шу билан бирга барча бандаларга одобдир.
Баъзилар эса: - Бу билан мусулмонларга хитоб қилинмоқда, - дейишади. Аввалги сўз зоҳирроқдир.
62-оят. “Албатта иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва (Аллоҳга ишонадиган, аммо бирон шариатга амал қилмайдиган тоифа бўлган) собиийлар – (улардан) қайсилари (аввал қайси диндан бўлганларидан қатъий назар, иймонга келиб, Ёлғиз) Аллоҳга, Охират Кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир”.
Мужоҳид айтади: Салмон р.а. Расулуллоҳ (с.а.в.)га монастир эгалари қиссасини айтиб берганида, у киши: “Бу дўзахдир”, дедилар. Салмон айтади: Бу гапдан ер юзи менга қоронғу бўлиб кетди. Шундан сўнг ушбу оят нозил бўлди. Яна Салмон айтади: “Энди елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди”.
Саддий айтади: Бу оят Салмон Форсийнинг ҳамроҳлари ҳақида нозил бўлган. Салмон Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келгач ҳамроҳларининг ибодатлари, ижтиҳодлари ҳақида хабар бериб “Эй Расулуллоҳ, улар намоз ўқирдилар, рўза тутардилар ва сизга иймон келтиришарди ва сиз пайғамбар бўлиб, юборилишингизга гувоҳлик беришарди”, деди. Салмон уларни мақтаб тугатгач Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Салмон, улар дўзах аҳлидандир”, дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ибни Аббос, Мурра, ибни Масъуд ва кўп саҳобалардан ривоят қилинади: Бу оят Салмон Форсий ҳақидадир. У киши жундий сабур аҳлининг улуғларидан эди.
Бундан кейинги оятлар эса яҳудлар ҳақидадир.
75-оят. (Эй мўминлар), мана шулар сизлар(нинг динингиз)га иймон келтиришига орзуманд бўласизларми? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг Каломини эшитадилар-да, сўнгра уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартириб юбораверадилар.
Ибни Аббос ва Муқотиқ айтади: Бу оят Мусо ўзлари билан бирга (Тур тоғига) Аллоҳнинг ҳузурига бориш учун ажратиб олган етмиш киши ҳақида нозил бўлган. Улар Мусо билан боришгач Аллоҳнинг сўзини эшитдилар. Аллоҳ айрим нарсаларга буюрди ва баъзи ишлардан қайтарди. Сўнг улар қавмларига қайтиб келишди. Ичларидаги ростгўйлари эшитган нарсаларини адо этишди. Баъзилари эса: “Биз Аллоҳнинг сўзини эшитдик. У айтдики агар қодир бўлсаларингиз бу нарсаларни қилинглар, хоҳламасанглар қилманглар фарқи йўқ”, дейишди.
Кўпчилик муфассирлар фикрича эса бу оят тошбўрон қилиш оятини ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сифатларини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган.
79-оят. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг уни озгина қийматга сотиш учун: “Бу Китоб Аллоҳ ҳузуридан (келган)”, дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай, бас, ёзган нарсалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай, топган фойдалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сифат ва хусусиятларини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган.
Калбий айтади: Яҳудийлар ўз китобларидаги Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сифатларини ўзгартирдилар: қорароқ, узун бўйли, сочлари силлиқ деб тасвирлашган. Аслида эса буғдойранг, ўрта бўйли бўлганлар. Улар ўз эргашувчиларига: - Охир замонда чиқадиган пайғамбарнинг сифатларига қаранглар. Булар мана шу кишининг (Муҳаммад (с.а.в.))сифатларига ўхшамайди-ку, - дейишади. Олим ва роҳиблари бошқа яҳудийларнинг устидан ейишарди. (Яъни ҳар хил маросим, урф одатлар баҳонаси билан садақа тугун ва бошқалар олишарди). Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сифатларини аниқ баён қилишса бу нарсалардан қуриқ қолишдан қўрқарди.
80-оят. (Яҳудийлар): “Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади”, дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми – зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди – ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтаяпсизларми?”.
Ибни Аббос: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида яҳудийлар айтишарди: - Бу дунё етмиш минг йилдир. Инсонлар дўзахда дунё кунларидан ҳар минг йил учун охират кунларидан бир кун, жами етмиш кун азобланадилар. Сўнг азоб тўхтатилади. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилган.
Заҳҳокнинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: Аҳли китоблар дўзахнинг икки тарафининг ораси қирқ (йил, кун, ой аниқ эмас) масофа эканини топдилар. Айтишдики: - Биз дўзахда Тавротда топганимизча (яъни қирқ йил, кун, ой аниқ эмас) азобланамиз.
Қиёмат куни бўлганида эса дўзахга ташланадилар. Азобда юриб сақаргача етиб борадилар. У ерда заққум дарахти бор. Белгиланган кунларнинг охирида у ерга етиб борадилар. Шунда уларга дўзах посбонлари: - Эй Аллоҳнинг душманлари, сизлар дўзахда фақат маълум белгиланган кунларда азобланамиз, деб ўйлаган эдингиз. Бас, саноқлар кесилди, абадийлик қолди, дейишади.
89-оят. Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб келганда (яъни ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)га Қуръон нозил бўлиб, у зот Пайғамбар бўлганларида) – ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша пайғамбардан) ёрдам кутардилар – бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлғай.
Ибни Аббос р.а. айтади: Хайбар яҳудийлари Ғатафон қабиласи билан жанг қилиб фақат мағлуб бўлишарди. Шунда яҳудлар ушбу дуо билан Аллоҳдан мадад сўрашарди: - Эй Аллоҳ биз сендан бизга охир замонда чиқаришингни ваъда қилган умумий пайғамбар ҳаққи билан сўраймизки, бизга улар устидан нусрат бергин.
Душманга дуч келганда ушбу дуони ўқишсалар Ғатафонни енгишарди. Энди ўша охир замон пайғамбари чиққач унга кофир бўлишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Саддий айтади: Араблар Яҳудлар олдидан ўтиб туришар ва кўп азиятлар етказишарди. Яҳудийлар Тавротда Муҳаммаднинг сифатларини, Аллоҳ у кишини юборишини ва (мушрикларга) арабларга қарши улар билан жанг қилишини билишарди. Энди уларга Муҳаммад (с.а.в.)келгач ҳасад қилиб кофир бўлишди ва: “Пайғамбарлар бани Исроилдан бўлишарди. Бу Исмоил авлодларидан чиқибди(бундай бўлмаслиги керак эди)”.
97-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом) Айтинг: “Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга Ҳидоят ва Хушхабар бўлган (Қуръонни) нозил қилди”.
Ибни Аббос р.а. айтади: Яҳудийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб: - эй Абул Қосим, сендан бир неча нарса ҳақида сўраймиз. Агар жавоб берсанг сенга эргашамиз. Айтчи, сенга қайси фаришта келади, барча пайғамбарларга бир фаришта Роббиси Азза ва Жалланинг ҳузуридан рисолат ва ваҳийни олиб келади. Сенга қайси фаришта келди?, дейишди. У киши: “Жаброил” дедилар. Улар бўлса: “У уруш ва жангларни олиб тушади. У бизнинг душманимиздир. Агар сен Микоил деганингда сенга эргашардик. У ёмғир ва раҳмат олиб тушадиган фариштадир”, дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
98-оят. Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир.
Шаъбийдан ривоят қилинади, Умар ибн Хаттоб р.а. айтади: Яҳудийлар Тавротни дарс қилаётганларида олдиларига борар эдим. Тавротни Қуръонга ва Қуръонни Тавротга мувофиқ келишидан ажабланардим. Шунда улар: - Эй Умар, бизга сендан кўра яхшироқ киши йўқдир, - дейишди. “Нима учун”, деб сўрадим. Улар: - Сен бизнинг олдимизга келиб, биз билан қўшилиб юрасан, - дейишди. Мен Аллоҳнинг Китоблари баъзиси баъзисини тасдиқлаганидан, Қуръонни Тавротга ва Тавротни Қуръонга мувофиқ келишидан ажабланганимдан келаман, дедим. Бир куни уларнинг ҳузурида ўтирган эдим. Расулуллоҳ (с.а.в.) орқамдан ўтиб қолдилар. Улар: - Ана Ҳожанг, унга қарагин, - дейишди. Қарасам Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинадаги бир йўлакка кириб кетдилар. Мен эса уларга қараб: - Аллоҳ номи билан ва сизга нозил бўлган китоб номи билан сўрайман, мана шу киши Аллоҳнинг расули эканини биласизми?, - деб сўрадим. Шунда бошлиқлари: “Сиздан Аллоҳ номи билан сўраяпти, айтинглар”, деди. Улар эса: “Сен бошлиғимизсан ўзинг айт”, дейишди. Шунда у: “Албатта биз биламизки, у Аллоҳнинг Расулидир”, деди. Шунда мен: “У киши Аллоҳнинг расули эканини билиб туриб, унга эргашмадинглар. Бас, сизлар ҳалок бўласизлар. (Эй бошлиқ) сен энг ҳалок бўлгивчироқсан”, дедим. Улар: “Бизнинг фаришталардан душманимиз ва дўстимиз бор”, дейишди. Душманингиз киму дўстингиз ким? Деб сўрадим. Улар: “Душманимиз Жаброилдир. У қўполлик, қаттиққўллик, мажбурият ва шиддатлар фариштасидир, дўстимиз эса Микоилдир. Чунки у меҳрибонлик, юмшоқлик ва енгиллик фариштасидир”, дейишди. Шунда мен: “Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Жаброил учун Микоилнинг дўстига душманлик қилиш ҳалол эмас, Микоилга ҳам Жаброилнинг душманини дўст тутиш ҳалол эмас. Иккаласи ва улар билан бирга бўлган фаришталар ҳаммалари душманларига бирдай душмандирлар. Дўст тутган кишиларига ҳам бирдай дўстдирлар”, дедим, туриб Расулуллоҳ (с.а.в.) кириб кетган йўлакка қараб бордим. У киши мени қарши олиб: - Эй Хаттобнинг ўғли, ҳозиргина менга нозил бўлган оятларни ўқиб берайми? – дедилар. Мен “Ҳа”, дедим. У киши “Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир” оятини ўқидилар. Шунда мен: - Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, сизга яҳудийларнинг сўзини етказиш учун келаётган эдим. Лекин Латиф ва Хабардор бўлган Зот мендан олдин бу хабарни етказибди, – дедим.
Умар айтади: - Шундан сўнг мен ўзимни Аллоҳнинг динида тошдан ҳам қаттиқ, мустаҳкам ҳис қилдим.
Ибни Аббос р.а. айтади: Абдуллоҳ ибн Сурия деган Фадак яҳудий роҳибларидан бири Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ҳужжатлашиб бир неча нарсалар ҳақида сўради. Ҳужжат унинг зарарига бўла бошлагач: “Сенга осмондан қайси фаришта тушади?”, деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Жаброил, Аллоҳ қайси пайғамбарни юборган бўлса у унинг ҳамроҳидир, - дедилар. У бўлса: “Фаришталардан ўша бизнинг душманимиздир, агар Микоилни айтганингда сенга иймон келтирар эдик. Жаброил азоб, уруш ва шиддатни олиб тушди, у бизга кўп марта душманлик қилди. Булардан бизга энг қаттиқ теккани ушбудир: Аллоҳ бизнинг пайғамбаримизга Байтул Мақдис Бухтанасир исмли киши қўли билан хароб қилинишини ҳам хабарини берди ва бизга қачон хароб қилинишини ҳам хабарини берди. Вақти келгач биз бани Исроилдан энг бақувват бир кишимизни Бухтанасирни топиб ўлдиришга жўнатдик. У Бухтанасирни излаб, Бобилда бир мискин ўсмир ҳолида учратди. У жуда кучсиз эди. Одамимиз уни ушлаб ўлдирмоқчи бўлганида Жаброил уни ман қилиб: - Агар Роббингиз сизнинг ҳалокатингизни эълон қилган бўлса, сен бунга ҳеч нарса қилолмайсан. Агар бундай бўлмаса, унда қайси сабабларга кўра уни ўлдирасан, - деди. Одамимиз унинг гапини маъқуллаб орқага қайтди. Бухтанасир эса катта бўлиб, кучга тўлди ва бизга қарши урушиб Байтул Мақдисни хароб қилди. Мана шунинг учун биз уни душман тутамиз”, деди.
Муқотил айтади: Яҳудийлар: “Жаброил бизнинг душманимиз эди. Нубувватни бизнинг ичимизда қилишга буюрилган эди, у бўлса биздан бошқаларга берди”, дейишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
99-оят. Ҳақиқатан, Биз Сизга очиқ оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.
Ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят Ибн Суриянинг саволига жавобдир. У Расулуллоҳ (с.а.в.)га: Эй Муҳаммад, бизга биз биладиган бирор нарса келтирмадинг, сенга бирорта аниқ оят нозил қилинмадики, биз унга эргашсак, - деган эди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
102-оят. Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Яна улар Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). – Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. – Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг орасини бузадиган нарсаларни ўргандилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўргандилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди.
Имрон ибн Ҳорис айтади: Биз ибни Аббоснинг олдида ўтирган эдик, у киши айтдилар: - Шайтонлар осмондан хабарларни ўғринча эшитиб оладилар ва рост сўзларни ҳам келтирадилар. Улар битта ростга етмишта ёлғон қўшиб одамлар қалбига сингдирадилар. Буни Сулаймон а.с. билиб қолдилар ва барча хабарларни тўплаб курсиларининг остига кўмиб қўйдилар. Сулаймон а.с. вафот этгач йўл шайтони туриб (одамларга): - Сизга Сулаймоннинг беркитилган хазинасини кўрсатайми? Бу каби хазина унда бошқа йўқ, - деди. Одамлар “Ҳа”, дейишди. У “Курсининг тагида” деди. Одамлар уни чиқариб: “Бу Сулаймоннинг сеҳри, у билан умматларни сеҳрлаган”, дейишди. Аллоҳ Сулаймон а.с.ни оқлаб шу оятни нозил қилган.
Калбий айтади: Шайтонлар Осифнинг тилидан сеҳр ва ҳар хил руқияларни ёзиб: “Бу Осиф ибн Барҳиянинг Сулаймон подшоҳга ўргатган нарсаларидир”, деб, Аллоҳ у кишининг подшоҳлигини олаётган вақтда меҳроблари остига кўмиб қўйишди. Сулаймон а.с. буни сезмадилар. У киши вафот этгач меҳроб остидан уни чиқариб олишди ва одамларга: “Сулаймон сизларга мана шу билан ҳукмронлик қилган. Сиз ҳам буни ўрганинглар”, дейишди. Бани Исроил олимлари буни ўрганишиб: - Аллоҳ сақласин, бу Сулаймоннинг илми эмас, - дейишди. Аммо жоҳил кимсалар Сулаймоннинг илми шу экан деб ўрганишга киришиб кетдилар ва пайғамбарларининг китобини инкор этишди. Шундай қилиб Сулаймон а.с.га туҳмату буҳтонлар ёғилиб, токи Аллоҳ Муўаммад (с.а.в.)ни юборгунча давом этди. Аллоҳ у кишига Сулаймон а.с.нинг бу нарсалардан покизалигини айтиб ушбу оятни нозил қилди.
Ҳасифа айтади: Сулаймон а.с. бирор бир ўсимлик ўсса: “Сен қайси дардга давосан?”, деб сўрардилар. Дарахт “Фалон дард учун”, дерди.
Хорруба ўсимлиги ўсса: - Сен нима учун? – деб сўраганларида “Уйингни вайрон қилиш учун”, деди. У киши “Сен қандай ҳам ёмон ўсимлик экансан”, дедилар. У киши вафот этгач касалларига “Сулаймондай киши бўлсайди, дарҳол сени тузатарди”, дейишарди. Шунда шайтонлар бир китоб ёзиб, Сулаймон а.с.нинг меҳроблари остига қўйишди ва : “Биз сизларга Сулаймон нима билан касалларни даволаганини кўрсатамиз”, деб ўша китобни олиб чиқиб кўрсатишди. У ерда сеҳр ва руқиялар бор эди. Аллоҳ шундан сўнг ушбу оятни нозил қилди.
Саддий айтади: Сулаймон а.с. замонларида одамлар сеҳрни ёзиб уни ўргатиш билан шуғулландилар. Бу ёзилганларни Сулаймон а.с. олиб курсини остига кўмдилар ва одамларни ундан ман қилдилар. У киши вафот этгач, шайтон одам суратида бани Исроилдан бир гуруҳининг олдига келиб: “Сизлар ҳеч қачон тугатолмайдиган бир хазинани кўрсатайми? Курсининг тагини кавланглар”, деди. Улар кавлаб ўша битикларни топишди. Шайтон: “Сулаймон инс, жин, қушлар, шайтонларни мана шу билан бўйсундирган”, деди. Бани Исроил ушбу китобларни олдилар. Шунинг учун энг кўп сеҳр яҳудларда топилади. Аллоҳ Сулаймонни оқлаб ушбу оятни нозил қилди.
104-оят. Эй мўминлар, “Роина” деманглар. “Унзурно” денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий – фармон-таъқиқларига) қулоқ солинглар! Кофирлар учун аламли азоб бордир.
Атонинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: Араблар бу сўзни талаффуз қилишарди. Араблар пайғамбар (с.а.в.)га бу сўзни айганларини эшитган яҳудлар ажабланиб қолишди. Бу сўз уларнинг тилида ёмон сўкиш маъносида эди. Шунда яҳудлар: - Биз Муҳаммадни яширинча сўкардик, энди эса уни ошкора сўкаверинглар, - дейишди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, Эй Муҳаммад “Роина”, деб кулишарди. Ансорлардан Саъд ибн Убода яҳудлар тилини билар эди. У киши яҳудларнинг бу найрангини фаҳмлаб қолди ва: - Эй Аллоҳнинг душманлари, сизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шу сўзни бирортангиздан эшитсам уни ўлдираман – деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
105-оят. На аҳли Китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизларга Парвардигорингиз тарафидан бирон яхшилик тушишини истамайдилар. Аллоҳ эса раҳмат-марҳаматини ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир.
Муфассирлар айтади: Мусулмонлар яҳудий иттифоқчиларига: “Биз Муҳаммад (с.а.в.)га иймон келтирдик”, десалар, улар “Сизлар даъват қилаётган нарса бизнинг динимиздан яхшироқ эмас. Қанийди, яхшироқ бўлса. Биз шуни хоҳлардик, дедилар. Шунда Аллоҳ яҳудларни ёлғончига чиқариб ушбу оятни нозил қилди”.
106-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар) Биз бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Аллох хар нарсага Қодир Зот эканини билмадингизми?
Муфассирлар айтадилар: Мушриклар: “Муҳаммадни кўряпсизларми? Асҳобларини бир ишга буюради-да сўнгра уни қилишдан яна қайтаради. Қуръондаги бу нарса Муҳаммад ичидан тўқиб чиқарадиган сўздир. У баъзиси баъзисига хилоф келадиган каломдир”, дедилар. Шунда Аллоҳ “Биз бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак....” оятни нозил қилди.
108-оят. (Эй мўминлар), ёки сизлар ҳам ўз Пайғамбарингиздан, илгари Мусодан сўралган нарсаларни сўрашни истайсизми? Ким иймонга куфрни алмаштирса, албатта Тўғри Йўлдан адашади.
Ибни Аббос р.а. айтадилар: Бу оят Абдуллоҳ ибн Каъб ва бир гуруҳ қурайшликлар ҳақида нозил бўлган. Улар: “Эй Муҳаммад Сафо тоғини бизга олтин қилиб бер, Макка ерларини кенгайтириб ўртасидан дарёлар оқиз, шунда биз сенга иймон келтирамиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди.
Муфассирлар айтади: Яҳудлар ва бошқа мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрашди: Бирлари айтдики: “(Эй Муҳаммад) Худди Мусо Тавротни келтирганидек сен ҳам осмондан яхлит бир китобни келтир”. Абдуллоҳ ибн Умайя ал Маҳзумий айтадики: - Осмондан менга бир китоб келтир, унда “Оламларнинг Роббисидан ибни Умайяга: Билгинки мен Муҳаммадни одамларга пайғамбар қилиб юбордим”, деб ёзилган бўлсин.
Яна бирлари эса “Токи Аллоҳни қаршимизга келтирмагунингча сенга иймон келтирмаймиз”, деди.
109-оят. Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни, ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни афв қилингиз ва кечирингиз! Албатта Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир.
Ибни Аббос айтади: Бу оят бир гуруҳ яҳудийлар ҳақида нозил бўлгандир. Уҳуд жангидан кейин улар мусулмонларга: “Сизлар нима бўлганини кўрмаяпсизми? Агар ҳақ устида бўлсангиз енгилмас эдингиз. Бизнинг динимизга қайтинглар. У сизлар учун яхшироқдир”, деган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Молик отасидан ривоят қилади: Каъб ибн Ашраф яҳудий шоир эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)ни шеърларида ҳажв қилар ва қурайш кофирларини у кишига қарши қўзғатарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида мушриклар ва яҳудийлар у кишига ва асҳобларига қаттиқ азият етказардилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарини бу азиятларга сабр қилишга ва кечиришга буюриб ушбу оятни нозил қилди.
113-оят. Яҳудийлар: “Насронийлар бирон (арзигулик) нарса – дин устида эмас”, дейишди. Насронийлар: “Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса – дин устида эмаслар”, дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) Китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Энди уларнинг ўртасида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ Қиёмат Кунида ҳукм қилади.
Бу оят Мадина яҳудийлари билан Нажрон насронийлари ҳақида нозил бўлгандир. Нажрон элчилари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келганларида яҳудий роҳиблари ҳам келди ва улар ўзаро музокара қилиб кетишди ҳаттоки овозлари кўтарилиб кетди. Яҳудлар: “Сизлар ҳеч қандай динда”, эмассиз, деб Исо а.с. ва Инжилга кофир бўлишди. Насронийлар эса : - Сизлар ҳеч қандай динда эмассиз, - деб Мусо а.с. ва Тавротга кофир бўлишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
114-оят. Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларида кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, Охиратда эса буюк азоб бордир.
Калбийнинг ривоятида ибн Аббос р.а. айтади: “Бу оят насроний Тотлис Румий ва асҳоблари ҳақида нозил бўлган. Улар бани Исроилга қарши юриш қилиб, жангчиларини ўлдириб зурриётларини аср олишди. Тавротни ёқишди. Байтул Мақдисни хароб қилишди, у ерга ўликларни ташлашди”.
Қутода айтади: Бу кимса Бухтанасир ва ҳамроҳларидир. У яҳудларга уруш қилиб Байтул Мақдисни хароб қилди. Бу ишда унга Рум аҳли насоролари ёрдам берди.
Атонинг ривоятида ибн Аббос р.а. айтади: “Макка Мушриклари ва уларнинг мусулмонларни масжидул Ҳаромга Аллоҳ таолони зикр қилишдан тўсганлари ҳақида нозил бўлгандир”.
115-оят. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз, Аллоҳ (ҳамма тамонни) қамраб олувчи билимдондир.
Уламолар бу оятнинг сабаби нузулида ихтилоф қилишган:
Ато ибн абу Рабоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ р.а.дан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) кичик бир қўшин юбордилар. Мен ҳам ўша гуруҳда эдим. Бизни зулмат қоплаб олди. Биз қиблани билмай қолдик. Ичимиздан айримларимиз : - Қиблани билдик, у шимол томонда, - деб чизиқлар чизиб намоз ўқидилар. Айримларимиз эса: - Қибла бу ёқда, жанубда, - деб чизиқлар чиздик. Тонг отиб қуёш чиққач бу чизиқларнинг ҳеч бири Қибла томонни кўрсатмагани маълум бўлди. Сафаримиздан қайтгач Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу ҳақда сўрадик. У киши сукут қилдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”.
Робия отасидан ривоят қилади, айтадики: Сафарда Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга қоронғу кечада намоз ўқирдик. Қибла қаердалигини билмасдан ҳар биримиз ўз ҳолимизча намоз ўқидик. Тонг отгач буни Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтдик. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Ибни Умар р.а.нинг фикрича: Бу оят нафл намозда ихтиёрли бўлиш (қиблани билмаган тақдирда хоҳлаган тарафга қараб ўқиш) ҳақида нозил бўлган.
Ибн Умар р.а. айтади: “Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир...” ояти нозил бўлгандир. Бу: “Нафл намозда уловинг кетаётган тарафга қараб намоз ўқийвер”, деганидир.
Атонинг ривоятида Ибни Аббос р.а. айтади: Нажжоший вафот этгач Жаброил Пайғамбар (с.а.в.)га: “Нажжоший вафот этди, унга (жаноза) намозини ўқинг”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларини ҳозир бўлишга буюрдилар ва уларни саф қилдилар, сўнг олдинга чиқиб: - Аллоҳ мени Нажжоший учун намоз ўқишга буюрди. У вафот этди, унга (жаноза) намозини ўқинглар, - дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) намозни ўқидилар. Асҳоблар ўзларича: “Бизнинг қибламиздан бошқа тарафга қараб намоз ўқиб ўлган кишига қандай ҳам намоз ўқиймиз”, дейишди. Нажжоший ўлгунича Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиганди. Қибла Каъба томонга ўзгарганди. Унинг бундан хабари йўқ эди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ато ул Хуросоний айтади: Ибни Аббос р.а.нинг фикрича бу оят “Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни (Каъба) томонга буринг” деган оят билан мансух бўлган.
У киши айтадики: Қуръондан мансух бўлган энг аввалги оят “Қибла” оятидир. Аллоҳ таоло: “Бас, қай тарафга юз бурсангизлар, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбани тарк қилиб Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидилар. Кейин Аллоҳ у кишини Каъба тарафга бурди.
Яна ибни Аббос р.а. Ибн абу Толҳа ал Валибийнинг ривоятида айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг кўпчилиги яҳудийлар эди. Аллоҳ у кишини байтул Мақдисга қараб намоз ўқишга буюрди. Бундан яҳудийлар хурсанд бўлишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) у тарафга юзланиб 10 нечадир ой (13дан 19гача) намоз ўқидилар. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) Иброҳим а.с.нинг қиблаларини яхши кўрардилар. Аллоҳ у кишини Каъба тарафга бургач яҳудлар иккиланиб қолишди ва: - Уларни олдинги қиблаларидан нима ўзгартирди экан-а?, - деб қолишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
116-оят. “Аллоҳнинг боласи бор”, дедилар. У Зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо Покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйсунади.
Яҳудийлар: “Узайр Аллоҳнинг ўғлидир”, дейишди. Нажрон насаролари эса “Исо масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир”, дейишди. Араб мушриклари эса “Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир”, деди . Аллоҳ шулар ҳақида ушбу оятни нозил қилди.
119-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзахилар хусусида Сиз масъул эмассиз.
Ибни Аббос р.а. айтади. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қани энди ота-онамга нима бўлганини билсайдим”, деганларида ушбу оят нозил бўлган.
Баъзилар бу оятни “Дўзах аҳли ҳақида сўраманг”, деган маъно билан ўқишади.
Муқотил айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ яҳудларга азобини туширса эди иймон келтирардилар”, деганларида ушбу оят нозил бўлган.
120-оят. Яҳудийлар ва насронийлар то Сиз уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз Сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: “Аллоҳнинг Йўлигина Ҳақиқий Йўлдир”. Қасамки, агар Сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан Сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди.
Муфассирлар айтадиларки: Яҳудийлар ва насронийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ярашиш (тинчлик) битимини сўрашди. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)улар билан муроса қилсалар ва уларга муҳлат берсалар улар у кишига эргашишларини ва у кишининг кўрсатмаларига мувофиқ яшашларини билдирдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят қибла ҳақидадир. Мадина яҳудийлари ва Нажрон насаролари Расулуллоҳ (с.а.в.) юзларининг қиблаларига қараб намоз ўқишларини умид қиларди. Аллоҳ қиблани Каъба томонга ўзгартиргач, бу уларга оғир ботди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) бирор нарсада ҳам уларнинг динларида мос келишидан умидларини уздилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
121-оят. Биз Китоб (яъни, Таврот ва Инжил) ато этган зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир.
Ато ва Калбийнинг ривоятларида ибни Аббос р.а. айтади: Ҳабашистонда Жаъфар ибн Абу Толиб билан келган кема эгалари ҳақида нозил бўлган. Улар Ҳабашистон ва Шом аҳлларидан иборат 40 киши эди.
Зоҳҳак айтади: Бу оят иймон келтирган яҳудийлар ҳақида нозил бўлган.
Икрима ва Қутода эса: Муҳаммад (с.а.в.) ҳақларида нозил бўлган.
133-оят. (Эй яҳудийлар), ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: “Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?”,деганида: “Сенинг Тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақатУнинг Ўзигагина бўйинсинувчилармиз”, деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?.
Яҳудлар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га : “Билмайсанми, Ёқуб вафот этаётганида ўғилларига яҳудийликни васият қилган эди”, деган эдилар.
135-оят. Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди. Айтинг, Эй муҳаммад алайҳиссалом), балки биз Ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаганИброҳим миллатига – Динига (эргашамиз).
Ибни Аббос р.а. айтади: - Мадина яҳудийларининг бошлиқлари: Каъб ибн Ашраф, Молик ибн Сайф, Абу Ёсир ибн Ахтоб ҳақларида ва нажрон аҳли насаролари ҳақида нозил бўлган. Улар мусулмонлар билан дин борасида тортишишди. Ҳар бир фирқа ўзини Аллоҳнинг динига ҳақлироқ деб даъво қиларди. Яҳудийлар: “Пайғамбаримиз Мусо пайғамбарларнинг афзалидир, китобимиз Таврот китобларнинг афзалидир, динимиз динларнинг афзалидир”, дейишиб, Исо ва Муҳаммад а.с.ларга, Инжил ва Қуръонга кофир бўлишди. Насаролар эса: “Набиййимиз Исо набийларнинг афзалидир, китобимиз Инжил китобларнинг афзалидир, динимиз эса динларнинг афзалидир”, деб Муҳаммад ва Қуръонга кофир бўлишди.
Буларнинг ҳар бири мусулмонларга “Бизнинг динимизга киринглар. Бизнинг динимиздан бошқа дин йўқ”, деб динларинга даъват қиларди.
138-оят. Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар Унгагина ибодат қилгувчилармиз.
Ибни Аббос р.а. айтади: Насаролар янги фарзанд туғилиб, етти кун ўтгач ўзларининг махсус сувларига ботириб чўмилтиришарди. Буни “Маъмудия” деб аташарди. Болани поклаш учун қилишарди ва: - Бу хатна ўрнида қилинадиган поклашдир, - дейишарди. Агар шуни қилишса бола ҳақиқий насроний саналарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
142-оят. Одамлардан ақлсизлари: “Уларни (мусулмонларни) илгари қараган қиблаларидан қандай нарса юз ўгиртирди?”, дедилар. Айтинг: “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилади”.
Бу оят қибланинг ўзгариши ҳақида нозил бўлган. Барро р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келиб ўн олти ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидилар. У киши Каъба тарафга юзланишни яхши кўрардилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Гоҳо юзингизни осмонга қаратганингизни кўряпмиз.....”оятини нозил қилди. Шунда нодон одамлар яъни яҳудийлар: - Уларни юзланган қиблаларидан нима ўзгартирди? – дейишди. Шунда Аллоҳ “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир”, деди. Имом Бухорий ривояти.
143-144-оят. Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким Пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу оғир иш. Магар Аллоҳ ҳидоят қилган зотларгагина (оғир эмасдир). Аллоҳ иймонларингизни (яъни иймон билан, Аллоҳ буюрган тарафга юзланиб ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас. Албатта Аллоҳ одамларга Меҳрибон ва Раҳмлидир. Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз Сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжид-ал-Ҳаром(Макка)томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз! Китоб берилган зотлар албатта бунинг Парвардигорлари томонидан (келган ҳақ ҳукм) эканини биладилар. Аллоҳ улар қилаётган амаллардан ғофил эмасдир.
Калбийнинг ривоятида Ибни Аббос р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бир қанчалари Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилаётган пайтларда вафот этган эдилар. Асъад ибн Зирора, Бани Нажжор уруғидан Абу Умома, Бани Салама уруғидан Барро ибн Маърур ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг қариндошлари келиб: Эй Расулуллоҳ, биродарларимиз олдинги қибла вақтида вафот этишди. Кейин эса Аллоҳ сизни Иброҳим қибласига бурди. Энди биродарларимизнинг аҳволи қандай бўлади? – дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
(Олдинги қибла вақтида) Расулуллоҳ (с.а.в.)Жаброил а.с.га: “Аллоҳ мени яҳудларнинг қибласидан бошқа тарафга ўзгартиришини хоҳлардим”, дедилар. У киши Каъбани хоҳлардилар. У чунки Иброҳимнинг қибласи эди. Жаброил а.с. эса: “Мен ҳам сиз каби бир бандаман, ҳеч нарсага эга эмасман. Сиз Иброҳимнинг қибласига ўзгартиришини Роббингиздан сўранг”, деди-да кетди. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса Жаброил а.с.дан умид қилиб осмонга тез-тез қараб қола бошладилар. Шунда Аллоҳ: “Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз....” оятини нозил қилди.
Барро р.а. айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Мадинага келганимиздан кейин ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидик. Сўнг Аллоҳ Азза ва Жалла пайғамбарининг истагини билиб ушбу оятни нозил қилди”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
146-оят. Биз Китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни, ўзларининг Илоҳий Китобларида у зот ҳақида ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни яширадилар.
Бу оят иймон келтирган аҳли китоблар Абдуллоҳ ибн Салом ва ҳароҳлари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни сифатлари, хусусиятлари ва китобларидаги аломатлари билан болалар орасида ўз фарзандларини таниб олгандек танир эдилар.
Абдуллоҳ ибн Салом р.а. айтади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўз боламдан кўра яхшироқ танийман”. Шунда Умар ибн Хаттоб: - Қандай қилиб эй ибни Салом?,- деб сўради. - Мен Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига аниқ, қатъий гувоҳлик бераман. Лекин, ўғлимнинг ўзимникилигига ана шундай гувоҳлик беролмайман,- деди. Шунда Умар р.а. “Сени Аллоҳ мувофиқ қилсин эй ибн Салом!”, деди.
154-оят. Ва Аллоҳ Йўлида ҳалок бўлган (шаҳид)лар ҳақида: “(Булар) ўликлар”, демангиз! Йўқ,улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.
Бу оят Бадрда ўлдирилган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўнтадан кўпроқ бўлиб, саккизта ансорлар ва олтита муҳажирлар эди. Одамлар Аллоҳ йўлида ўлдирилган киши ҳақида фалонча ўлди, дунёнинг бахт саодати, лаззатидан маҳрум бўлди, - дер эдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
.
158-оят. Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким Байтуллоҳни (таввоф қилиш билан) ҳаж ёки умра қилса, у иккисининг орасида саъй қилишнинг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ Шукр қилгувчи (Тақдирловчи) ва Билгувчидир.
Ойша р.а. айтади: - Бу оят ансорлар ҳақида нозил бўлган. Улар (жоҳилиятда) Манат исмли санамлар учун ҳаж қилардилар. Манат йўналишларнинг қаршисида эди. Улар Сафо ва Марва ораларини босиб ўтишида қийналишарди. Ислом келгач улар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу ҳақда сўрашди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Имом Бухорий ривояти
Яна Ойша р.а. айтади: Бу оят ангсорий кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар Манат учун ҳаж қилсалар Сафо ва Марва ораларини айланиш уларга мумкин эмасди. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ҳажга келганларида буни у кишига айтдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни зикр қилди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари
Анас ибн Молик р.а. айтади: Биз Сафо ва Марва орасини айланишни карих кўрардик. Чунки улар жоҳилиятда Қурайшнинг маросимларидан эди. Исломда ҳам буни тарк қилган эдик,шундан сўнг Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Амр ибн Ҳусайн айтади: Ибни Умардан ушбу оят ҳақида сўрадим. У киши Ибн Аббосга бориб ундан сўра. У тирик қолганлар ичида Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган оятларни билувчироқдир, - деди. У кишидан сўрагандим айтдиларки: “Сафо (тепалигининг) устида эркак суратидаги Исаф деб аталадиган бут бор эди. Марванинг устида эса Ноила деб аталадиган бут бор эди. Аҳли китоблар у иккаласи Каъбада зино қилишган. Кейин Аллоҳ уларни тошга айлантириб, ибрат бўлиши учун Сафо ва Марванинг устига ўрнатиб қўйган”, деб ўйлашарди. Анча муддат ўтгач Аллоҳни қўйиб ўшаларга ибодат қилина бошлади. Жоҳилият аҳллари Сафо ва Марвани айлансалар ўша икала бутни силашарди. Ислом келгач бутлар синдирилди. Мусулмонлар улар орасини босиб ўтишни кариҳ кўришди. Шу санамлар туфайли. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Саддий айтади: Жоҳилиятда Сафо ва Марва орасида кечаси шайтонлар товуш чиқаришарди. Уларнинг ораларида бутлар бор эди. Ислом келгач мусулмонлар эй Расулуллоҳ, биз Сафо билан Марва ораларини айланмаймиз. Бу биз жоҳилиятда қиладиган ширк амалдир, дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Анас ибн Молик р.а. айтади: Мусулмонлар Сафо ва Марва орасини айланишдан тийилишарди. Улар жоҳилият шиорларидан эди. Биз ҳам улардан тақво қилардик. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Имом Бухорий ривояти.
159-оят. Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар.
Бу оят аҳли китоб уламолари ҳақидадир. Улар тошбўрон оятини ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг ишларини яширдилар.
163-164-оят. Илоҳингиз Ягона Илоҳдир. У Меҳрибон ва Раҳмли Илоҳдан (Ёлғиз Аллоҳдан) ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кудузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган – сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган – сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда – (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир.
Ато айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)га Мадинада: “Меҳрибон ва Раҳмли Илоҳдан (Ёлғиз Аллоҳдан) ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир...” ояти нозил бўлди. Шунда Маккадаги Қурайш кофирлари: - Шунча одамларга биттагина илоҳ қандай бўлади-а? – дейишди. Шунда Аллоҳ “Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кудузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган – сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган – сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда – (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир”, оятини нозил қилди. Абу Зуҳо айтади: “Илоҳингиз ягона Илоҳдир” ояти нозил бўлгач, мушриклар ажабланиб: - Ягона Илоҳ, агар ростгўй бўлса бирон аломат келтирсинчи, - дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
168-оят. Эй инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.
Калбий айтади: Сақиф, Хузоа ва Омир ибн Соъсоа (қабилалари) ҳақида нозил бўлган. Улар ўзларига экин ва чорваларидан айримларини харом қилиб олгандилар. Баҳийрани Соибани, Василани ва Ҳомийни харом қилгандилар.
174-оят. Аллоҳ нозил қилган Китоб (Таврот)дан иборат бўлган нарсани (Тавротдаги Муҳаммад алайҳис-саломнинг сифатлари баён қилинган оятларни) яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадилар – уларга Қиёмат Кунида Аллоҳ сўзламайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
Калбийнинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтадилар: - Бу оят яҳудий бошлиқлари ва уломалари ҳақида нозил бўлган. Улар авомларидан ҳадя ва тугунларни оларди. Чиқадиган пайғамбар ўзларидан бўлишини умид қилишарди. Бошқа қавмдан чиқса ҳадялардан маҳрум бўлишдан ва бошлиқликлари тугашидан қўрқиб Муҳаммад (с.а.в.)нинг Тавротдаги сифатларини қасддан ўзгартириб халққа кўрсатар ва: “Булар охир замонда чиқадиган пайғамбарнинг сифатларидир. Бу сифатлар Маккадан чиққан пайғамбарникига ҳеч ҳам ўхшамайди-ку”, дердилар. Авом халқ бу ўзгарган сифатларни Муҳаммад (с.а.в.)никига ўхшамаслигини кўриб, у кишига эргашмадилар.
177-оят. Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларга бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират Кунига, фаришталарга, Китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар(яхши кишилардир). Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар.
Қутода айтади: Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Фарз амаллар буюрилишидан аввал бир киши бўлса-да у: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир”, деб гувоҳлик бериб ўлса, жаннат унга вожиб бўладими?”, деб сўради. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
178-оят. Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига тавон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсиниш ва унга чиройли суратда (тавон) тўлаш лозимдир. Бу (ҳукм) Парвардигорингиз томонидан (берилган) енгиллик ва раҳм-шавқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлагандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир.
Шаъбий айтади: - Икки араб қабиласи ўртасида уруш бўлди. Бири иккинчисидан кучлироқ эди. Улар: - Биздан ўлдирилган бир қул учун сиздан бир озод одамни, бир аёл учун бир эркакни ўлдирамиз, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
187-оят. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосларингиз, сизлар улар учун либоссиз, Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг!
Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ҳаром ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ Ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади.
Волибийнинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: - Мусулмонлар Рамазон ойида хуфтон намозини ўқигач, уларга овқатланиш ва аёлларга қўшилиш то келаси ифтор вақтигача ҳаром бўларди. Кейин баъзи мусулмонлар Рамазонда хуфтондан кейин овқатланиб аёллари билан қўшилишди. Умар ибн Хаттоб ҳам ўшалардан эди. Улар бу нарсани Расулуллоҳ (с.а.в.)га шикоят қилганларида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Барро ибн Озиб р.а. айтади: Мусулмонлар ифторлик қилсалар то ухлаганларича еб ичардилар ва аёлларига яқинлашардилар. Агар ухлаб қолсалар то келаси ифторгача буларнинг ҳеч бирини қилолмасди. Қайс ибн Сурма Ансорий рўзадор эди. Ифтор вақтида оиласига келди. Хотини ейишга бирор нарса излаб чиқиб кетди. Унинг кўзларига уйқу ғолиб келиб ухлаб қолди. Эртасига куннинг ярмида ҳушидан кетиб қолди. Умар р.а. ҳам ухлаганларидан кейин аёллари билан қўшилди. Бу нарсалар Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтилгач Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлишди.
Барро р.а. айтади: Муҳаммад (с.а.в.)нинг асҳоблари агар рўзадор бўлиб, ифтор вақтида емасдан ухлаб қолсалар шу кечаси ва яна кундузи то келаси кечгача ҳеч нарса емасдилар. Қайс ибн Сурма ал-Ансорий рўза тутди. Ифторда хотинларига бориб: “Таоминг борми?”, деб сўради. Аёли: “Йўқ, лекин сиз учун топиб келаман”, деб чиқиб кетди. У киши кун бўйи ишларди. Чарчаб ухлаб қолди. Аёллари қайтиб келиб бу ҳолатни кўрганларида “Шўринг қурсин-а! ”, деди. У киши эртаси куни ҳам рўзадор бўлиб, куннинг ярмида ҳушидан кетди. Бу хабар Расулуллоҳ (с.а.в.)гаайтилганида ушбу оят нозил бўлди. Мусулмонлар бундан жуда хурсанд бўлишди. Имом Бухорий ривояти.
Қосим ибн Муҳаммад айтади: Рўзанинг аввалида одамлар хуфтонгача рўза тутардилар. Агар ухлаб қолса кейин емасди, ичмасди ва хотинига яқинлашмасди. Умар р.а.га хотини “Мен ухлаяпман”, деса ҳам яқинлашиб қўйдилар. Сурма ибн Анас ифтордан олдин ухлаб қолдилар. Эртасига рўза тутишда жуда қийналди. Шунда Аллоҳ рухсат оятини нозил қилди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Саҳл ибн Саъд р.а. айтади: “...оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб ичаверинглар” ояти нозил бўлиб, “тонггача” ояти нозил бўлмаганди. Одамлар рўза тутишса оёқларига оқ ва қора ипларни боғлаб оларди ва уларнинг кўриниши аниқ бўлганча еб-ичаверарди. Шунда Алоҳ “Тонггача” сўзини нозил қилди. Кейин одамлар бу иплар билан кеча ва кундуз назарда тутилганини билдилар.
188-оят. Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!
Муқотил ибн Ҳайён айтади: Бу оят Амриил Қайс ибн Абис ал Қандий ва Абдан ибн Ашваъ ал Хазрамий ҳақларига нозил бўлган. Улар бир ерни талашишиб Расулуллоҳ (с.а.в.)га келишди. Амриил Қайс талаб қилинувчи Абдон эса талаб қилувчи эди. Шунда Абдон ердан ўзини тийди ва Амриил Қайс билан хусуматлашмади.
189-оят. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшиклардан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Шояд нажот топсангиз.
Муоз ибн Жабал р.а.: “Эй Расулуллоҳ, яҳудийлар келиб ойлар ҳақида сўрашяпти”, деганларида ушбу оят нозил бўлди.
Қутода айтади: Бизга зикр қилиндики яҳудлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан “Бу ойлар нима учун яратилган?”, деб сўрашганда ушбу оят нозил бўлган.
Қутода айтади: Бизга зикр қилиндики яҳудийлар Расулуллоҳ (с.а.в.) дан “Бу ойлар нима учун яратилган?”, деб сўраганларида ушбу оят нозил бўлган.
Калбий айтади: Бу оят ансорлардан Муоз ибн Жабал ва Саълаба ибн Анма ҳақларида нозил бўлган. Улар: - Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) янги ой ипдек нозик бўлиб кўринади, кейин катталашиб ярим бўлади, сўнг айлана бўлади. Кейин камайиб бориб аввалги ҳолатига қайтади. Бунинг сабаби нима? Нима учун бир ҳолатда турмайди? – деб сўрашганда ушбу оят нозил бўлди.
Барро р.а. айтади: Ансорлар ҳаждан қайтсалар уйларига эшикдан эмас, балки орқа томондан кирардилар. Бир киши келиб эшикдан кириб қўйди ва бу билан айб иш қилгандек бўлиб қолди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. “Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас...”. Бухорий ва Муслим ривояти.
Жобир р.а. айтади: - Қурайш қабиласидагилар “Аҳмасий” деб аталарди. Эҳромдаликларида уйларига эшикларидан киришарди. Ансорлар ва бошқа араблар эса эшикдан киришмасди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир боғда туриб унинг эшигидан чиқдилар. Қутба ибн Омир ал-Ансорий ҳам у киши билан бирга чиқди. Одамлар: - Эй Расулуллоҳ, Қутба ибн Омир гуноҳкор бўлди. У сиз билан эшикдан чиқди,- дейишди. У киши нега бундай қилдинг?, дедилар. Сизнинг қилганингизни кўриб, сиз қилганингиздек мен ҳам қилдим, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен Аҳмасийман”, дедилар. У бўлса: - Сизнинг динингиз мени динимдир, - деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Муфассирлар айтади: Жоҳилиятда ва исломнинг аввалида одамлар ҳаж ёки умрага эҳром боғлашса бирор уй, ҳовли ёки боққа эшигидан кирмасдилар. Шаҳарлик бўлишса уйнинг орқасини тешиб, шундан кириб чиқардилар ёки нарвондан фойдаланардилар. Саҳролик бўлса чодирнинг орқасидан кириб чиқарди. Бу токи эҳромдан чиққунча давом этарди. Буни бурч деб ҳисоблашарди. Фақат “Ҳумс” бўлса бундай қилмасди . Қурайш, Кинона, Хузоа, Сақиф, Хосам, Бани Омир ибн Соъсоъа ва Бани Назир ибн Муовия қабилалари динларида мустаҳкамлиги учун “Ҳумс” деб аталарди. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ансорнинг уйига кирдилар. У кишининг орқаларидан эҳромда бўлган бир киши ҳам кирди. Одамлар буни гапириб қолишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Нима учун эҳромда бўла туриб эшикдан кирдинг?”, деб сўрадилар. У “Сиз кирганингиздан сўнг мен ҳам кирдим”, деди. У киши (с.а.в.) “Мен Аҳмасийман-ку”, дедилар. Ансорий “Сиз Аҳмасий бўлсангиз мен ҳам Аҳмасийман, динимиз биттадир. Мен сизнинг йўлингизга, ҳидоятингизга ва динингизга рози бўлганман”, деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
190-оят. Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажаввузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажаввузкорларни севмайди.
Калбий Ибни Аббос р.а.дан айтади: Бу оятлар Ҳудайбия сулҳи ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалари Каъбадан тўсилгач қурбонликларини Ҳудайбияда сўйдилар. Сўнг мушриклар билан сулҳ тузилди.
Унга кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалар бу йил умра қилмасдан қайтиб кетиб, келаси йил келишади, ўшанда мушриклар Маккани уч кун бўшатиб қўйишади. Мусулмонлар шу уч кунда тавоф қилиб маросимларини ўтказишади. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам бу шартга кўндилар. Келаси йили мусулмонлар қазо Умраси учун тайёргарлик кўра бошлашди. Улар Қурайшнинг бу сулҳга вафо қилмаслигидан ва яна уларни масжидал Ҳаромдан тўсиб, жанг қилишларидан қўрқишди. Мусулмонлар мушриклар билан уруш ҳаром қилинган ойда, Ҳаромда (яъни Маккада) жанг қилишни кариҳ кўришарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
194-оят. Уруш ҳаром қилинган ой уруш ҳаром қилинган ой муқобилида бўлади. Ҳурматлар (бузилса, риоя қилинмаса) қасос (олинади). Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир.
Қатода айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан Зулқаъда ойида (умра учун) йўлга чиқдилар. Худайбияга етганларида мушриклар уларнинг йўлини тўсди. Келаси йили яна Зулқаъда ойида Маккага кириб Умра қилдилар. У ерда уч кун турдилар.
Олдинги йили Ҳудайбияда мушриклар мусулмонларни Умрадан тўсиб фожирлик қилган эдилар. Энди Аллоҳ улардан қасос олди ва ушбу оятни нозил қилди.
195-оят. Аллоҳ Йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.
Шаъбий айтади: Бу оят ансорлар ҳақидадир. Улар Аллоҳ таоло йўлида молларини сарфлашдан тўхтаган эдилар.
Икрима айтади: Аллоҳ йўлида молларини сарфлашлик ҳақида нозил бўлган.
Убай ибн Жубайр айтади: Ансорлар Аллоҳ хоҳлаганча муддат садақа қилдилар, (молларини) инфоқ қилдилар. Бас, уларга қурғоқчилик бўлиб, йил оғир келганида инфоқ-эҳсон қилишдан тийилишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Нўъмон ибн Башир р.а. айтади: Бир киши бир гуноҳни қилиб қўйиб: “Аллоҳ мени кечирмаса керак”, дерди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Ҳакам ибн Нўъмон р.а. айтади: Константинаполда эдик. Мисрлик аскарларга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари Уқба ибн Амр ал-Жуҳаний бошлиқ эди. Шом аскарларига эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари Фузола ибн Убайд бошлиқ бўлди. Шаҳардан душманнинг катта қўшини чиқиб саф тортди. Мусулмонлар ҳам уларга қарши катта саф тортишди. Шу пайт мусулмонлардан бир киши Рум аскарлари сафига ҳамла қилиб, уларнинг ичига кириб яна қайтиб чиқди. Одамлар: “Субҳаналлоҳ ўзини ҳалокатга ташлади”, деб қичқиришди. Шунда Абу аюб ал-Ансорий туриб: “Эй одамлар, сизлар бу оятни бошқача таъвил қиляпсизлар. Бу оят биз ансорлар жамоаси ҳақида нозил бўлган.Аллоҳ ўз динини иззатли қилиб, диннинг ёрдамчилари кўпайгач, биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан беркитиб бир-биримизга Молларимиз камайиб тугаб қолди. Қанийди бир ҳаракат билан шуларнинг ўрнини тўлдириб олсак дедик. Шунда Аллоҳ ўз китобида ушбу оятни нозил қилиб, бизни ният қилган ишимиздан қайтарди.Мол дунёнгизни ўнглайман деб ўзингизни ҳалокатга ташламанг деди. Ва бизни жиҳодга буюрди”. Шундан сўнг Абу Аюб жангга кириб кетди ва Аллоҳ Азза ва Жалла жонларини олгунча жанг қилдилар.
196-оят. Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг! Агар (касаллик ёки йўлтўсарлар сабабли) йўлингиз тўсилиб қолса,муяссар бўлган бирор ҳадя юборинг ва токи ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунча бошларингизни (сочларингизни) қирқманг!
Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан иҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин! Қачонки (йўлтўсарлардан ёки бошқа ҳар қандай монеъдан) хотиржам бўлсангиз, (ораларингиздан) ким ҳаж (йўлида) умраданфойдаланган бўлса (яъни, ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, иҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга иҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган бирон ҳадяни юборсин! Ким (ҳадя қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганларингиздан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли-оиласи Масжид-ал-Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир. (У ернинг аҳолиси учун бундай ҳуқуқ ва бурчлар йўқ), Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ – азоби қаттиқ Зотдир.
Каъб ибн Ужра р.а. айтади: Бу оят мен ҳақимда нозил бўлган. Бошимни бит босди. Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтгандим “Сочингни олдир ва уч кун рўза тутиб, ёки қурбонлик қилиб, ёки олтита мискинни таомлантириб каффарот бер, ҳар бир мискинга бир соъ таом бер”, дедилар.
Каъб ибн Ужра р.а. айтади: Бу оят мен ҳақимда нозил бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.)га боргандим “Яқинроқ кел”, дедилар. Яқинроқ бордим. Икки ёки уч марта айтдилар. Кейин: “Ҳашоратларинг сенга зарар беряптими?”, деб сўрадилар. “Ҳа” дегандим, мени соч олдириб, рўза ёки садақага ёки жонлиқ сўйишга қайси бири енгил бўлса ўшани қилишга буюрдилар. Имом Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Маъқал айтади: Мана шу Куфа масжидида Каъб ибн Ужранинг олдига келиб ундан шу оят ҳақида сўрадим. У киши: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига боргандим. Битлар юзимга сочилиб кетганди. У киши: - Шу ҳолга келасан деб ўйламагандим, бирорта қўй топмадингми?дедилар. Йўқ деб жавоб қилдим. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - уч кун рўза тут, ёки олти мискинни таомлантир. Ҳар бирига бир соъ таом бер дедилар”. Бу оят мен учун хоссатан сиз учун умумий бўлиб нозил бўлди. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
197-оят. Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зул-қаъда, ва Зул-ҳижжа ойининг ўн куни ҳаж учун сафар қилинадиган ойлардир, лекин ҳажнинг фарзлари иҳром боғлаш, Зул-ҳижжа ойининг 9-куни Арофат тоғида туриш ва Қурбон ҳайити кунлари Байтуллоҳни тавофқилиш билан адо этилади). Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!
Ибни Аббос р.а. айтади: Яманликлар ҳаж қилишарди, лекин “Биз таваккал қилувчилармиз”, деб озуқаларини олишмасди. Маккага келгач эса одамлардан озуқа сўраб юришарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ато ибн абу Рабоҳ айтади: Одамлар ҳажга чиқишиб озуқалари тугаб бошқаларга дардисар юк бўларди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
198-оят. (Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арофатдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У Зот сизларни – гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да – Ҳақ Йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам У Зотни эсланг – зикр қилинг!
Абу Умома ат-Тамимий айтади: ибни Умар р.а.дан: - Биз ҳаж мавсумида бир томондан тижорат қиламиз. Одамлар ҳажимиз ҳаж бўлмаслигини айтишяпти, сиз нима дейсиз? – деб сўрадим. У киши: “Талбия айтасизми? Сафо ва Марва орасини айланасизми? Ундай бундай қиласизми?”, деб сўради. Мен “Ҳа” дедим. У киши: “Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сен сўраган нарса ҳақида сўраганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жавоб бермадилар. Кейин “Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир.” Ояти нозил бўлди”. Расулуллоҳ (с.а.в.) у кишини чақириб, оятни ўқиб бердилар ва: - Сизлар ҳожиларсиз,- дедилар.
Ибни Аббос р.а. айтади: - Зулмажоз ва Уккоз (деган жойлар) жоҳилиятда одамларнинг (ҳаж мавсумида) тижорат қиладиган жойлари эди. Ислом келгач мусулмонлар буни кариҳ кўрдилар. Кейин ушбу оят нозил бўлди.
Мужоҳид ибн Аббос р.а.дан ривоят қилади: “Одамлар ҳажда олди-сотдидан тақво қилишарди ва Аллоҳни зикр қилиш кунларида (тижорат қиламизми?)”, дейишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ва улар тижорат қила бошладилар.
199-оят. Сўнгра одамлартушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишни сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, Раҳмлидир.
Ойша р.а. айтади: Араблар Арофатдан тушишшарди. Қурайш ва унинг динидагилар жамъдан, Машъарил Ҳаромдан тушишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим оталаридан ривоят қилади: - Арафа куни туямни йўқотиб қўйдим. Уни қидириб Арофатга чиқдим ва Арофатда Расулуллоҳ (с.а.в.) одамлар билан турганликларини кўрдим, кейин ўзимча: бу киши “Ҳумс”дан бўлса бу ерда нима қилиб турибдилар,- деб ўйладим.
Суфён айтади: “Аҳмас” динида қаттиқ турадиган кишидир. Қурайш ҳам “Ҳумс” деб номланарди. Шайтон уларни васваса қилиб: - Агар сизлар Ҳарамингиздан бошқа жойни улуғласанглар, одамлар ҳарамингизни менсимай қўядилар,- деди. Шу сабабли улар Ҳарамдан чиқишмасди ва Муздалифада тўхташарди. Ислом келгач Аллоҳ Азза ва Жалла ушбу оятни нозил қилди.
200-оят. Энди маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан, одамлар орасида шундай кимсалар борки, “Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин”, дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ.
Мужоҳид айтади: Жоҳилият аҳллари (Ҳаж) мавсумида тўпланишгач ота-боболарининг амалларини, насабларини, маълум кунларини эслаб фахрланишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ҳасан айтади: Аъробийлар сўзлашганда: “Ота-бобонг номига қасамки улдар фалон-фалон амалларни қилишган”, деб айтишарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
204-205-оятлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг ҳаёти дунё ҳақида гапирган гапи сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги “иймонига” Аллоҳни гувоҳ кенлтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди.
Саддий айтади: Бу оят Ахнас ибн Шариқ ас-Сақофий ҳақида нозил бўлган. У бани Зуҳра қабиласининг иттифоқчиси эди. Мадинага Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, исломни қабул қилганини билдирди. Пайғамбар (с.а.в.) унинг сўзидан ажабландилар. Айтдики: - Мен исломни хоҳлаб келдим. Аллоҳ билиб турибди. Мен рост айтаяпман. Бу гап Аллоҳнинг “Қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади” оятида акс этган. Сўнг у Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларидан чиқиб, мусулмонларнинг жинлари ва эшаклари олдидан ўтаётиб, экинларини ёқиб юборди ва эшакларни сўйиб ташлади. Шунда Аллоҳ “(Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради...”, оятини нозил қилди.
207-оят. Одамлар орасида Аллоҳ ризолигини истаб сотадиган (яъни, Аллоҳ учун жонини фидо қиладиган) зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр – Меҳрибондир.
Саид ибн Мусайб айтади: Суҳайб р.а. Мадинага Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига ҳижрат қилиб йўлга чиқди. Унга бир неча қурайш мушриклари (Ушлаш учун) эргашди. У уловидан тушди-да, ўқдонидаги барча ўқларни ерга ёйиб камонини олди ва: - Эй Қурайш йигитлари, биласизки мен ичингиздан энг мерган йигитларданман. Аллоҳга қасамки, токи ўқларимни ҳаммасини отиб тугатмагунимча, кейин эса қиличим билан жанг қилиб, у қўлимдан тушиб кетмагунича менга яқинлашолмайсизлар. Сўнг билганингизни қилинглар, - деди. Улар: - Бизга уйингни ва Маккадаги молларингни жойини айтсанг сени тинч қўямиз, - дейишди. Улар келишишди: Мол-мулкининг жойини айтди, улар эса уни тинч қўйдилар. Суҳайб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдига борганида: - Эй Абу Яҳё, савдо фойдали бўлди, дедилар ва Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Муфассирлар айтишади: Мушриклар Суҳайбни ушлаб азоблашди. Шунда у: - Мен қари чолман, сизнинг динингизда бўламанми ёки бошқа диндами буни сизга зарари тегмайди. Истасангиз мол-мулкимни олиб мени ҳоли қўйинглар,- деди. Шундай қилишди. У киши улардан битта улов ва озуқани олиб қолди. Шундан сўнг Мадинага қараб йўлга чиқди. Уни Абу Бакр, Умар ва бошқалар қарши олиб: “Эй Абу Яҳё савдонг фойдали бўлди”, дедилар. Суҳайб: “Қандай савдо, қандай фойда?”, деб сўради. Абу Бакр р.а. айтди: “Аллоҳ сен ҳақингда оят нозил қилди”, деб оятни ўқиб берди.
Ҳасан айтади: Бу оят ким ҳақида нозил бўлганини биласизми? Бир мусулмон кофирга дуч келди ва: Ла илаҳа иллаллоҳ,- дегин. Агар айтсанг молингни ва жонингни мендан сақлаб қоласан, деди. Кофир айтишдан бош тортди. Шунда у: Аллоҳга қасаки,мен Аллоҳ учун жонимни ҳам бераман, деб ўша кофир билан жанг қилди ва ўлдирилди. Ана шулар ҳақида ушбу оят нозил бўлди.
Айтишади: бу оят яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар ҳақидадир. Абу Халил айтади: Умар ибн Хаттоб бир кишининг шу оятни ўқиганини эшитиб: - Биз Аллоҳникимиз, киши яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, натижада ўлдирилди, - дедилар.
208-оят. Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.
Ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят Абдуллоҳ ибн Салом ва ҳамроҳлари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га иймон келтириб, у кишининг шариатлари билан бирга Мусо а.с.нинг шариатларига ҳам амал қила бошлашди. Исломга кирганидан кейин ҳам шанба кунини улуғлади. Туянинг гўшти ва сутини карих кўрдилар. Мусулмонлар буни инкор қилишса, улар: - Биз уни ҳам буни ҳам қилишга кучимиз етади, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)га: Таврот ҳам Аллоҳнинг китоби-ку, бизга индаманг, унга ҳамамал қилайлик, - дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
214-оят. Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли – ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?” дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир”.
Қутода ва Саддий айтади: Бу оят Хандақ ғазотида мусулмонларга машаққат, қийинчилик, очлик, совуқ ва ҳар хил азиятлар етганида нозил бўлган. Худди Аллоҳ айтганидек: “Юраклар ҳам қумга келиб қолди”.
Ато айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалар Мадинага боргачуларга азиятлар жуда кучайиб кетди. Чунки улар диёрларини, молларини мушриклар қўлига ташлаб, фақат Аллоҳ ва Расулининг розилигини истаб қуруқ қўл билан чиққан эдилар. Мадинада эса яҳудийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га адоватни кучайтирди. Бой арабларнинг кўпчилиги мунофиқлик йўлига ўтишди. Шунда Аллоҳ мўминлар қалбига таскин бериб ушбу оятни нозил қилди.
215-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага,қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз! Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни Билгувчидир”.
Абу Солиҳнинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят Амр ибн Жамуҳ ал Ансорий ҳақида нозил бўлган. У моли кўп қари чол эди. У: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) қандай садақа қилинади, кимга эҳсон қилинади?”,деб сўраганида ушбу оят нозил бўлган.
Атонинг ривоятида ибни Аббоср.а. айтади: Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)га “Менда бир динор бор”, деди. Пайғамбар а.с. ўзингга ишлатгин дедилар. У яна менда икки динор бор деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) хизматчингга сарфла дедилар. Менда тўрт динор бор деганида Ота-онангга сарфла дедилар. Ҳалиги киши Менда беш динор бор деди. Қариндошларингга сарфла деб марҳамат қилдилар. Менда олти динор бор деганида Аллоҳ йўлида сарфлагин. Бу садақанинг энг пастидир, дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
217-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан “шаҳри ҳаром” – уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилишҳақида сўрайдилар. Айтинг: “У (ойда) жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг Йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-Ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида янада каттароқ гуноҳдир. Улар(кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
Муфассирлар айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) аммаларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Жаҳшни Жумадул охир ойида, бадр жангидан икки ой олдин, Мадинага келганларидан ўн етти ойдан сўнг муҳожирлардан етти кишига бош қилиб сафарга жўнатдилар. Улар Саъд ибн Абу Ваққос, Ал Зуҳрий, Укоша ибн Миҳсан ал Асадий, Утба ибн Ғазвон Ас-Саламий,Абу Хузайфа ибн Утба ибн Робиа, Суҳайл ибн Байзо, Омир ибн Робиа, Воқид ибн Абдуллоҳ, Холид ибн Бакрлар эди. Бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жаҳшга бир хат бердилар-да: - Аллоҳнинг исми билан юргин, икки кун юрганингдан кейингина хатни очиб ўқигин ва ҳамроҳларингга ҳам ўқиб бер, сўнг сени нима юборган бўлсам ўшани бажар. Бирорта ҳамроҳингни ўзинг билан бирга боришга мажбурлама, - дедилар. Абдуллоҳ икки кун юргач хатни ўқиди: “Раҳмли ва Меҳрибон Аллоҳ номи билан. Аммо баъд. Аллоҳнинг баракаси билан сенга эргашган ҳамроҳларингни олиб йўлга туш. Нахлага етганингдан кейин ўша ерда Қурайш карвонини пойлаб тур. Шоядки бизга бирор хабар келтирманг”. У: “Эшитдик ва итоат этдик”, деди ва ҳамроҳларига “Расулуллоҳ (с.а.в.) бирортангизни мажбурламасликка буюрганлар, ҳатто ҳеч ким эргашмаса ҳам”, деди. Саъд ибн Абу Ваққос ва Утба ибн Ғозвон туяларини йўқотиб қўйгандилар. Уни иккаласи навбатма навбат минардилар. Улар орқада қолиб туяларини излашга изн сўрашди. Абдуллоҳ изн берганидан сўнг қолишди. Абдуллоҳ йўлга тушиб қолган ҳамроҳлари билан Макка билан Тоиф орасидаги Нахла деган жойга келишди. Улар шу ерда туришганди. Ёнларидан майиз, тери ва Тоиф маҳсулотларини ортган Қурайш карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн Хазромий,Ҳакам ибн Қайсон, Усмон ибн Абдуллоҳ, ибн Муғийра ал-Маҳзумий ва Навфал ибн Абдуллоҳ ал-Маҳзумийлар бор эди. Улар саҳобаларни кўргач қўрқишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Жахш: “Улар сиздан қўрқаяптилар. Ичингиздан бир кишини сочини олиб уларга кўрсатинглар, улар кўриб Умра қилувчилар, - деб ўйлаб хотиржам бўлишади, деди”. Уккоша ибн Муҳсинни сочини олиб уларга кўрсатишганидан сўнг улар хотиржам бўлишди. Бу жумадул охир ойининг охирги куни бўлган эди.
Улар жумадул охирми ёки Ражаб ойи кирдими? Деб иккиланишди. (Ражабда уруш ҳаром қилинган) Ўзаро маслаҳатлашиб: - Агар уларни қўйиб юборсак, Ҳарамга кириб олиб, биздан қутилиб кетишади, деб карвонга ҳужум қилишга келишишди. Воқид ибн Абдуллоҳ Ас-Саҳмий камон билан Амр ибн Ҳазромийни отиб ўлдирди. У мушриклардан энг биринчи ўлдирилган киши бўлди. Ҳакам ва Усмон аср тушишди. Улар энг биринчи асрлар бўлишди. Навфал эса қутилиб қолди. Мусулмонлар карвонни ва асрларни олиб Мадинага келишди. Буни эшитиб Қурайш: “Муҳаммад уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилди. У ойда ҳамма омонда бўларди. Шу ойда одамларни қўрқитиб, қўлига қурол олиб қон тўкибди”, дейишди ва Маккада қолган мусулмонларга тана қила бошлашди. Эй ота-бобосини динидан кечганлар, уруш ҳаром қилинган ойни ҳалол санаб жанг қилдиларингми? Дейишди. Яҳудлар ҳам ўзларича фол кўришиб “Энди уруш аланга олади, ҳазромий қабиласи урушга тайёргарликни бошлаб юборди”, каби гапларни айтишди. Бу нарса Расулуллоҳ (с.а.в.)га етгач Абдуллоҳ ибн Жаҳшга: “Ҳаром ойда уруш қилишга буюрмаган эдим-ку”, дедилар. Карвон ва асрлар олдига келиб ундан бирор нарса олмадилар. Бу Абдуллоҳ ва ҳамроҳларига қаттиқ таъсир қилди. Улар: “Энди ҳалок бўлдик”, деб гангиб қолишди. Улар: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.), биз ибн Ҳазромийни ўлдирганимиздан кейин кечқурун ражаб ойини кўрдик. Ражабда ўлдирдикми ёки Жумадул охирдами билмай қолдик, дейишди. Одамлар буҳақда кўп гапирганларидан кейин ушбу оят нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) карвонни қабул қилиб олдилар ва бешдан бирини ажратдилар. Бу Аллоҳ ва Расули учун ўлжадан ажратилган энг аффалги бешдан бир қисм бўлди. Қолган қисмини шу гуруғ аъзоларига бўлиб бердилар. Бу ўлжа исломдаги энг аввалги ўлжа бўлди. Макка аҳли икки асирни тавон пули тўлабқутқазиб олиш учун Расулуллоҳ (с.а.в.)га одамжўнатди. У киши Саъд ибн Утба кемагунича уларни озод қилмаймиз, агар улар келишмаса буларни ўлдирамиз, дедилар. Улар келишгач асирларни маълум миқдордаги товон эвазига озод қилдилар. Асирлардан бири Ҳакам ибн Кайсон исломга кириб Мадинада қолди ва биъриМауна куни шаҳид бўлди. Усмон ибн Абдуллоҳ эса Маккага қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетди. Навфал эса Аҳзоб жангида Хандақдан ўтш учун отини ниқтаб оти билан Хандаққа йиқилди ва мажақланиб ўлиб кетди. Мушриклар пул эвазига унинг жасадини талаб қилишганда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Олинглар уни, қандай ҳам ёмон жасад у, қандай ҳам ёмон тўлов, - дедилар. Манга шу бу оятнинг нозил бўлиш сабаби.
Зуҳрий айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва бир гуруҳ муҳожирларни жўнатгандилар. Абдуллоҳ ибн Воҳида ал Лайсий Амр ибни Хазрамийни Ражабнинг охиргикунида ўлдирди ва икки кишини асир олдилар. Карвонни ўлжа қилиб олиб келдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) буни кўриб “Сизни ҳаром ойларида жанг қилишга буюрмаган эдим”, дедилар. Қурайш аҳли: Муҳаммад ҳаром ойни ҳалол санабди, деб гап тарқатишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни “....Фитна чиқариш одам ўлдиришдан ёмонроқдир”гача нозил қилди. Яъни мушриклар сизлар иймон келтирганингиздан кейин, Аллоҳ урушни ҳаром қилган жойда (Маккада) сизларни ўлдиришган эди. Бу нарса сиз уларни ҳаром ойда кофир ҳолда ўлдирганингиздан ёмонроқдир.
Яна Зуҳрий айтади: Шу оят нозил бўлгач Расулуллоҳ (с.а.в.)карвонни қабул қилдилар, асирларни тавонга алиштирдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва ҳамроҳларидан қайғуни кўтаргач, улар Аллоҳдан савоб умид қилиб: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, шу ишни ғазот деб умид қилсак бўладими?”, дейишди. Шунда Аллоҳ “Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишилар....” оятини нозил қилди.
219-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”. Яна сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. “(Ўзингиздан) ортганини”, деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва Охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён этади.
Бу оят Умар ибн Хаттоб, Муоз ибн Жабал ва бир неча ансорлар ҳақида нозил бўлган. Улар: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.), бизга ароқ ва қимор ҳақида фатво беринг. Улар ақлни кетказувчи ва молни йўқ қилувчидир”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
220-оят. Яна сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи – ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир”.
Саид ибн Жубайр айтади: “Етимларнинг молларини зулм билан еганлар.....” ояти нозил бўлгач, мусулмонлар қарамоғидаги етимларнинг ўз молларини ажратиб бердилар. Шунда ... Уларни ислоҳ қилиш яхшидир, Агар молингизга уларнинг молини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), улар ўз биродарларингиздир... оятини нозил қилди. Улар етимлар молларини ўз молларига яна қўшиб юбордилар.
Ибни Аббос р.а. айтади: Аллоҳ азза ва жалла: “Вояга етгунча етимнинг молига яқинлашмангиз........”(Анъом-152), ва “Етимларнинг молини зулм билан еганлар” оятларини нозил қилгач, кимни қарамоғида етим бўлса овқатини унинг овқатидан, ичимлигини ичимлигидан ажратиб ташлади. Ўзидан ортган овқатни то тугагунича ўзини мажбурлаб еди ёки тўкиб ташлай бошлади. Бу уларга оғир ботиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
221-оят.(Эй мўминлар), то иймонга келмагунларича мушрика аёлларгауйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан – гарчи у сизга ёқса-да, - иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан – гарчи у сизга ёқса-да – иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ Ўз изни-иродаси биланжаннат ва мағфиратга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун Ўз оятларини баён қилади.
Муқотил ибн Ҳайён айтади: Абу Марсад ал-Ғонавий Расулуллоҳ (с.а.в.)данИноқ исмли аёлга уйланиш учун изн сўради. У қурайшлик бир камбағал лекин чиройли аёл бўлиб, мушрика эди. Абу Марсад: - Эй Расулуллоҳ унинг чиройи мени ажаблантирди, - деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида нозил бўлган. Унинг қора чўриси бор эди. У чўрисидан ғазабланиб урди-да кейин қўрқиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)га қилган ишини айтди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Абдуллоҳ, у қандай ўзи”, деб сўрадилар. – У намоз ўқиб рўза тутади, чиройли таҳорат қилади, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сизни Аллоҳнинг расули эканингиза гувоҳлик беради, деб жавоб қайтарди. Шунда у киши – Эй Абдуллоҳ, у мўминадир, - дедилар. Абдуллоҳ “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки уни озод қиламан ва уйланаман”, деди ва айтганини қилди. Айрим мусулмонлар эса “Чўрига уйланди”, деб таъна қилишди. Улар аслзодалигига қараб мушрикаларга уйланишар ва уларни уйлантиришарди. Шунда Аллоҳ “Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан – гарчи у сизга ёқса-да, - иймонли чўри яхшироқдир” оятини нозил қилди.
Ибни Аббос р.а. яна айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)Марсад ибн Абу Марсад номли бир кишини Маккага у ердаги мусулмонларни асирликдан чиқариш учун юбордилар. У бани Ҳошимнинг иттифоқчиси эли. У Маккага боргач Иноқ исмли аёлни эшитиб қолди. У унинг жоҳилиятдаги ўртоғи эди. Исломга киргач ундан юз ўгирганди. Ўша аёл келиб: - Эй Марсад қандай яхши бўлди, ҳоли бўлмаймизми?, деди. У эса ислом орамизга тўсиқ бўлди ва бу нарсани бизга ҳаром қилди. Лекин агар хоҳласанг Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб, изн сўрайман рухсат берсалар сенга уйланаман, -деди. Аёл эса: “Сен ҳали норозимисан?”, деб (ёлғондан) ёрдам сўраб қичқирди. Одамлар келиб Марсадни қаттиқ уриб ташлаб кетишди. У Маккадаги ишини бажариб, Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига боргачҳамма воқеани айтиб берди ва унга уйлансам бўладими, деб сўраганда юқоридаги оят нозил бўлди.
222-оят. Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “У кўнгилсиз нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади”.
Анас р.а. айтади: Яҳудийлар агар аёллари ҳайз кўрса бирга овқатланишмасди, уйда бирга ўтиришмасди ва уларни уйдан чиқариб қўйишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Имом Муслим ривояти.
Жорбир р.а. айтади: Яҳудлар: - Ким аёлига орқасидан яқинлашса боласи ғилай туғилади,- дейишарди. Бас ансорий аёллар ҳам эрларини орқадан яқинлашгани қўймасдилар. Одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан яҳудларнинг гапи ва аёлга ҳайз вақтида яқинлашиш ҳақида сўрашди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
223-оят. Хотинларингизсизлар учун экинзордир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун (яхши амаллар) тақдим қилинг! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг!
Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. айтади: Яҳудлар хотинига орқа томондан (олдига) яқинлашган кишининг боласи ғилай бўлади, дейишарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.Бухорий ва Муслим ривояти.
Мужоҳид айтади: Мусҳафни бошидан охиригача уч марта ибни Аббоснинг кўригидан ўтказдим. Ҳар бир оятда тўхтаб, нозил бўлиш сабабини сўрардим. Шу оятга келганимда, у киши: Қурайшликлар аёлларни олдидан ҳам орқасидан ҳам лаззатланаверарди. Мадинага келгач, ансорий аёлларга уйланиб, маккадагидек қилишмоқчи бўлганларида улар қўйишмади ва: “Биз орқадан қўймаймиз”, дейишди. Бу гап ёйилиб Расулуллоҳ (с.а.в.)га етиб борганида ушбу оят нозил қилиб, хоҳласанг олдиндан, хоҳласанг орқадан, хоҳласанг чўкка тушиб, дедилар. Бола пайдо бўладиган жойни “экинзорни” деб, экинзорингга хоҳлаган жойдан келавер, - дедилар. Имом Ҳаким ривояти.
Ибни Аббос р.а. айтади: Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб: “Ҳалок бўлдим”, деди.
- Сени нима ҳалокатга учратди?” – дедилар.
- Кечаси эгаримни ўзгартирдим (Хотинимга орқа томондан яқинлашдим).
У киши (с.а.в.) Умарга жавоб қайтармасларидан туриб Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Олдидан ҳам орқадан ҳамяқинлашавер. Фақат орқага қилишдан ва ҳайз вақтида қилишда эҳтиёт бўл, - дедилар.
Саид ибн Мусаййибдан ушбу оят ҳақида сўралганда “Азл” ҳақида нозил бўлган, дедилар (“Азл” сўзи узоқлаштириш, четлаштириш маъноларини беради. Балки аёлларга уйланмай ёки уйланса ҳам ўзини улардан олиб қочадиган, яқинлашмай узлатда яшайдиганларга раддиядир. Аллоҳ билгувчироқдир).
Аллоҳ таоло аёллар фаржини бола ўша ерда пайдо бўлиб, ривожланиб, ўша ердан чиққани учун экинзорга ўхшатди. Аёлларга қайси томондан яқинлашилсаҳам фақат фаржи яъни экинзори қасд қилиниши керак. Лут қавмининг қилиқларини қилмаслик керак.
224-оят. Яхшилик қилиш, тақвадор бўлиш ва одамлар орасини илоҳ қилиш (каби амаллардан тўсадиган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Калбий айтади: Бу оят Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида нозил бўлган. У куёви Бишр ибн Нуъмон билан гаплашмасликка, уни олдига бормасликка, ҳеч қачон у билан хотини орасини ислоҳ қилмасликка қасам ичиб: - Аллоҳнинг номи билан шуларни қилмасликка қасам ичдим. Энди фақат қасамимга риоя қилишим керак, - деганди. Аллоҳ уни қариндоши билан узилиб кетишдан қайтариб ушбу оятни нозил қилди.
226-оят. Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой кутиш муҳлати бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз, Мағфиратли, Раҳмлидир.
Атонинг ривоятида ибни Аббос р.а. айтади: Жоҳилият аҳлининг ийлоси бир йил ёки икки йил ёки ундан кўпроқ бўларди. Аллоҳ уни тўрт ой қилиб белгилади. Кимнинг ийлоси тўрт ойдан кам бўлса у ийло эмас.
Саид ибн Мусайб айтади: Ийло қилиш жоҳилиятнинг зарарларидан эди.
Киши хотинини хоҳламасди ва бошқага турмушга чиқишга ҳам қўймасдан унга ҳеч қачон яқинлашмасликка қасам ичарди. Натижада аёлни на эрлик, ва на бевалик ҳолида ташлаб қўярди. Шунда Аллоҳ ийло қилинган аёлнинг эрининг қарамоғида туриш муддатини тўрт ой қилиб белгилаб, ушбу оятни нозил қилди.
229-оят. (Эр хотинини қайта никоҳига олиш мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим). Ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсаларингиздан (уларнинг маҳрларидан) бирон нарсани қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида эрнинг шу эваз олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз! Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир.
Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилдади: Одамлар хотинларини минг марта талоқ қилсалар ҳам иддаси тугамасдан қайтариб олмалар мумкин бўлган. Айримлар хотинидан фойдаланиб сўнг талоқ қиларди, иддаси тугашига озгина қолганда яна қайтариб оларди. Сўнг яна талоқ қиларди. – Қасамки сени ўзимники ҳам қилмайман, ҳеч қачон йўлингни очиб ҳам қўймайман, - дер эди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Ойша р.а. айтади: Мендан бир аёл келиб талоқ ҳақида сўради. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтдим. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
232-оят. Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй ота-оналар) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг! Бу ҳукмлардан сизларнинг ораларингиздаги Аллоҳга ва Охират кунига ишонадиган зотлар ваъз-насиҳат оладилар. Бу ҳукм (яъни эр-хотинни ярашиб олишларидан тўсмаслик) сизлар учун энг тоза ва покловчи ҳукмдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.
Ҳасан айтади: Менга Маъқол ибн Ясар айтди: Бу оят мен ҳақимда нозил бўлгандир. Синглимни бир кишига бергандим. У талоқ қилди. Иддаси тугагач яна сўраб келди. Унга: - Сени синглимга уйлантириб қўйдим, сенга ёстиқдош қилдим ва иззат қилдим. Сен бўлсанг уни талоқ қилиб яна сўраб келаяпсан, Аллоҳга қасамки уни сенга ҳеч қачон бермайман, - дедим. У беозор одам эди. Синглим ҳам унга қайтишни хоҳларди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Мен: - Эй Расулуллоҳ энди (оятга амал) қиламан, деб синглимни унга қайта хотинликка бердим. Имом Бухорий ривояти.
Ҳасан айтади: Менга Маъқол ибн Ясар айтди: Синглимга совчи келишарди. Мен уни одамларнинг ҳеч бирига бермасдим. Амакимнинг ўғли сўраганида унга никоҳлаб қўйдим. Аллоҳ хоҳлаганча яшаб, кейин уни рожъи талоқ қилди. Синглимни тарк қилиб, иддаси чиққач яна олдимга сўраб келди. Мен “Одамларга бермай сенга берувдим. Сен уни талоқ қилиб яна сўраб келдингми? Ҳеч қачон уни сенга бермайман”, дедим. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Мен қасамимга каффорат бериб уларни яна никоҳлаб қўйдим.
Саддий айтади: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийнинг амакисининг қизи бор эди. Уни эри бир талоқ қилди. Иддаси тугагач қайтаришни хоҳлаб келди. Жобир бош тортиб: - Амакимизнинг қизини талоқ қилиб сўнг яна никоҳланишни хоҳлайсанми? – деди. Аёл эса эридан рози бўлиб, унга қайтишни хоҳларди. Улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди.
240-оят. Сизлардан вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар (ўлимларидан олдин), хотинларига бир йилгача (эрнинг уйидан) чиқарилмай фойдаланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари чиқиб кетсалар, сизлар (эрнинг уруғлари) учун у хотинлар ўз хусусларида қилган яхши амаллари сабабли гуноҳ йўқдир. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматли Зотдир.
Ибни Ҳайён шу оят ҳақида айтади: Тоифлик бир одам Мадинага келди. Унинг қиз-ўғиллари, ота-онаси ва хотини бор эди. Мадинада вафот этди. Бу хабар Расулуллоҳ (с.а.в.)га етгач, унинг ота-онасига ва болаларига улуш бериб, хотинига ҳеч нарса бермадилар. Лекин уларга унинг меросидан хотини учун бир йиллик таъминотини инфоқ қилишга буюрди.
256-оят. Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро), Ҳақ Йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам халқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ибни аббос р.а. айтади: Айрим ансорий аёлларни болалари турмасди. Шунда: “Агар болам турса, уни яҳудий қиламан”, деб қасам ичарди. Бани Назир яҳудийлари сургун қилинганда уларнинг ичида ансорий болалар бор эди. Шунда ансорлар: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) болаларимиз нима бўлади?”, дейишганда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Саид ибн Жубайр “Ким хоҳласаяҳудийлар билан кетди, ким хоҳласа исломни қабул қилди”, дедилар.
Мужоҳид айтади: Бу оят бир ансорий киши ҳақида нозил бўлган. Унинг Субайҳ исмли қора хизматкори бор бўлиб, исломга киришга мажбурларди.
Саддий айтади: Ансорлардан Абул Ҳусайн деб куняланган бир кишининг икки ўғли бор эди. Мадинага Шом тижоратчилари ёғ келтириб сотишар, қайтиб кетаётганларида уларнинг олдига унинг икки ўғли боришди. Ансорийнинг болаларини насронийликка даъват қилишди. Улар насронийликни қабул қилишиб Шомга кетишди. Абул Ҳусайн Расулуллоҳ (с.а.в.)га бу хабарни етказганида “Уларни қидир”, дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.)- Аллоҳ уларни узоқ қилсин, улар энг биринчи кофир бўлган кишилардир, - дедилар. Бу воқеа Расулуллоҳ (с.а.в.) аҳли китобларга қарши жанг қилишга буюрилмаган вақтда бўлган эди. Сўнгра “Динда мажбурлаш йўқ...” ояти мансух бўлиб, аҳли китобларга қарши жанг қилишга буюрилдилар. Тавба сураси 29-ояти.
Масруқ айтади:Бани Салим ибн Авф қабиласидан бир ансорийнинг икки ўғли бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келишларидан олдин насронийликка кирган эдилар. Кейин улар насаролар билан биргаликда сотишга таом олиб келишди. Оталари уларни маҳкам ушлаб: “То исломга кирмагунингизча сизларни қўйиб юбормайман”,деди. Улар бош тортишди ва жанжаллашиб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига боришди. Отаси: Эй Расулуллоҳ, менинг жигарларим дўзахга кирса қараб тураманми?- деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. У ўғилларини қўйиб юборди.
Мужоҳид айтади: Ансорий болалар яҳудларнинг Қурайза ва Назир қабилаларида эмизиларди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Бани Назирни сургунга буюрганларида яҳудлар ичида эмизилган Авсликлар “биз улар билан кетамиз ва динига кирамиз”, дейишди. Аҳллари уларни койиб исломга мажбурлашганда ушбу оят нозил бўлди.
260-оят. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Иброҳим: “Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин”, деганида, Аллоҳ: “Ишонмаганмидинг?”, деди. Иброҳим айтди: “Йўқ, (ишонаман-ку), лекин дилим (яна ҳам) таскин топишиучун”. Аллоҳ айтди: Тўртта қушни олиб, уларни ўз олдингга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб,сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофидаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга чопиб келадилар! Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, Қудратли ва Ҳикматлидир”. (Демак, ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ таоло қудрати олдида жуда осон ишдир).
Ҳасан, Атоул Хуросоний, Зоҳҳак ибни Журайжлар айтишади: Денгиз соҳилида эшакнинг ўлиги бор эди. (Ато Табария кўлида дейди) Сув ва қуруқлик ҳайвонлари уни нимталаб ташлаганди. Денгиз кўтарилса балиқ ва денгиз жониворлари ундан ерди. Тушиб қолган бўлакчаларини сув оқизиб кетарди. Сув ортга қайтганида қуруқлик жониворлари ерди. Тушиб қолганлари тупроққа қоришиб кетарди. Кейин қушлар ундан ерди. Улардан қолганини шамол учириб кетарди. Иброҳим а.с. буни кўриб ажабландилар ва: “эй Роббим, биламанки сен уни жамлайсан, менга уни қандай тирилтиришингни кўрсат, ўз кўзим билан кўрайин”, деди.
Иброҳим ибн Ҳакам ибн Аббон оталаридан ривоят қилади: Икрима билан соҳилда ўтирган эдим. Шунда Икрима: Денгизга чўкиб кетганларни балиқлар гўштларини еб ташлаб, фақатсуякларигина қолади. Суякларни тўлқинлар қирғоққа чиқариб ташлайди. Суяклар чириб ўзгаради. Ўзгарган суякларни туялар еь тезакка айлантиришади. Одамлар уни ёқади. Олов кул бўлиб, шамол уни ер юзига сочиб юборади. Сур чалинганда улар қабр аҳллари билан баравар тириладилар. Бунга қўйидаги оят далил: “...Улар тик туриб (Роббиларининг амрларини) кутиб турадилар...”, деди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ёсар айтади: Иброҳим а.с Намруд билан ҳужжатлашганда: “Роббим тирилтиради ва ўлдиради”, дедилар. У: “Мен ҳам бу ишни қила оламан”, деб бир одамни ўлдирда ва бошқасини озод қилиб: “Биттасини ўлдирдим, биттасига ҳаёт бердим”, деди. Иброҳим а.с.: “Роббим ўлик жасадга руҳ киритиб тирилтиради”, дедилар. У: “Айтаётган нарсангни ўзинг кўрганмисан?, деди. Иброҳим а.с. ҳеч нарса демасдан бошқа ҳужжатга ўтдилар. Кейин ҳужжатлашиш вақтида кўнгли хотиржам бўлиши учун Роббиларидан ўликни тирилтиришини кўрсатишни сўрадилар. Шунда у киши ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳ бўлиб далил келтирувчи бўлардилар.
Ибни Аббос, Саид ибн Жубайр ва Саддийлар айтади: Аллоҳ Иброҳимни ўзига халил қилиб олгач, Малакул Мавт Аллоҳдан Иброҳимга бориб хушхабарни айтишга изн сўради-да бориб: “Сизнинг олдингизга Аллоҳ сизни Ўзига халил қилиб олганининг башоратини бергани келдим”, деди. У киши Аллоҳга ҳамл айтиб: “Бунинг қандай аломати бор?”, деб сўрадилар. Малакул Мавт: “Аллоҳ дуйингизни ижобат қилиши ва сўрасангиз ўликларни тирилтиришидир”, деб қайтиб кетди. Шунда Иброҳим а.с. ва Аллоҳ ўртасида суҳбат бўлди.
- Роббим менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат.
- Тирилтиришимга ишомаяпсанми?
- Йўқ, ишонаман, балки қалбим хотиржам бўлиши учун. Эй Роббим, дуойимни ижобат қилганингни, сўрасам беришингни билиб, мени ҳақиқатан ҳам халил қилиб олганингга кўнглим хотиржам бўлиши учун кўрсат.
262-оят. Молларини Аллоҳ Йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва уларғамгин бўлмайдилар.
267-оят. Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳало-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган – паст нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ Беҳожат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотдир.
Жобир р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) фитир садақасига буюрдилар, бир соъ хурмо беришга. Бир киши ёмон хурмо келтирди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Барро р.а. айтади: Бу оят ансорлар ҳақида нозил бўлган. Боғларидаги хурмо пишиб-пишмасдан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг масжидларнинг устунлари орасига илиб қўйишарди. Ундан камбағал муҳожирлар ер эди. Айримлар паст навли, ёмон хурмоларни олиб чиқишар ва ўзларича: “шунча хурмолар ичида ҳеч нарса қилмайди”, деб ўйлашарди. Шунда Аллоҳ “Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган – паст нопокларини танламангиз!” оятини нозил қилди. Яъни: - паст навли, ёмон хурмоларни садақа учун танламанг, агар ўшалар ўзингизга берилса, ўзингиз қабул қилмайсиз-ку.
271-оят. Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий, фақир-камбағалларга берсангиз – бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.
Калбий айтади: “Ҳар бир садақа-эҳсонингизни Аллоҳ билади...” ояти нозил бўлгач, одамлар: - Эй Расулуллоҳ, махфий садақа афзалми ёки ошкора садақами?, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
274-оят. Мол-дунёларини кеча-ю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
Шуай б оталаридан, у киши боболаридан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Шайтонлар уйида зотдор отлардан бир оти бўлган кишини довдиратиб қўймайди”, дедилар. Бу оят от боқувчилар ҳақидадир.
Абу Умома, Абу Дардо, Макҳул, Авзоий ва Рабоҳ ибн Язидлар айтишади: - Улар Аллоҳ йўлида от боғлаб, шу отларга эрта-ю кеч, ошкора махфийинфоқ қилиб турган кишилардир. Лекин бу оят мақтанишучун, ўзини катта тутиб ҳар хил хаёллар билан эмас, фақат аллоҳ учун боққанлар ҳақида нозил бўлган.
Ибни Аббос р.а. айтади: Бу оят отларга ем хашак бериш ҳақидадир.
Асмо бинти Язид айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Аллоҳ йўлида от боғлаб, унга савоб умид қилган ҳолда инфоқ қилса, шу отнинг очлиги-ю тўқлиги, сувгв қонган-ю чанқоқлиги, бавли-ю тезаклари қиёмат кунида унинг тарозисида бўлади”, дедилар.
Жобир р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ йўлида отига инфоқ қилган киши садақа қилиб икки қўлини очиб турган кишига ўхшайди”, дедилар.
Ибни Аббос р.а. айтади: Али ибн Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. Унинг тўрт дирҳам пули бор эди. Кечаси бирини, кундузи бирини, ошкора биттасини ва махфий биттасини инфоқ қилдилар.
Калбий айтади: Али ибн Абу Толибнинг тўрт дирҳамдан бошқа пули йўқ эди. Бир дирҳамни кечаси, бирини кундузи, бирини ошкора, бирини махфий садақа қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Нима учун бундай қилдинг?”, деганларида “Менга ваъда қилган насасини Аллоҳга вожиб қилиб қўйишни хоҳладим”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Огоҳ бўл, шу нарса сенгадир”, дедилар.
278-оят. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз! (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.)
Ибни Аббосдан ривоят қилинади: Аллоҳ билгувчироқдир. Бизга етдики, бу оят сақифлик Бани Амр ибн Авф ва Бани МахзумликБани Муғийра уруғлари ҳақида нозил бўлган. Бани Муғийра ўғиллари Сақив, рибо (судхўрлик) қиларди. Аллоҳ пайғамбарига Маккани фатҳ қилдиргач, у киши барча рибони бекор қилдилар. Шунда Бани амр ва Бани Муғийра уруғлари Макка ҳокими Итоб ибн Усайднинг олдига келишди. Бани Муғийра “Рибо билан кам бўлмадик. Биздан бошқа одамлардан рибони бекор қилсин”, дедилар. Бани амр эса “Биз рибомиз, ўзимизда қолишига келишдик” деди. Шунда Итоб бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.)га хат ёзиб жўнатди. Шунда ушбу ва ундан кейинги оятлар нозил бўлди: “...Агар итоат қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Расули томонидан бўладиган урушни эшитингиз.....”. Улар Аллоҳ ва Расулига қарши уруш қилишга қувват йўқлигини билдилар.
Ато ва Икрима айтади: Аббос ибн Абдулмуттолибва Усмон ибн Аффон хурмо учун олдиндан пул бериб қўяр эдилар. Терим бошлангач, хурмо эгаси уларга: “Агар сизлар улушингизни олсангиз, мен ва аҳлимга ҳеч нарса қолмайди. Ярмини олақолинглар, келаси ҳосилда қўшиб бераман”, деди. Улар шундайқилишди. Вақти келганда эса зиёдасини талаб қилишди. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.)га етгач уларни бу ишдан қайтардилар ва Аллоҳ ушбу оятни туширди. Улар эшитиб, итоат қилишди. Ва дасмояларинигина олдилар.
Саддий айтади: - Аббос ва Холид ибн Валид жоҳилиятда шерик эдилар. Рибо учун пул берардилар. Ислом келганида уларда рибодан катта пул тўпланганди. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Огоҳ бўлинглар, жоҳилият риболарида ҳар бири ҳаромдир. Мен бекор қилган энг аввалги рибо Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидир”, дедилар.
280-оят. Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.
Калбий айтади: Бани Амр ибн Умар Бани Муғийрага: “Дасмоямизни қайтариб беринг, (қўшиб берадиган) риболарнинг ўзингизга қолсин. Уни сизга қолдирамиз”, дейишди. Бани Муғийра: “Ҳозича қийналибтурибмиз. Мева пишгунича муҳлат беринглар”, дейишди. Улар бош тортгач Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
285-оят. Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): “Биз Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз”. Ва “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, Гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз”, дедилар.
Абу Ҳурайра р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)га “Ичингиздаги нарсани ошкор қилсангиз ҳам ёки яширсангиз ҳам Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур...” ояти нозил бўлганида, бу оят Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларига оғир таъсир қилди. Сўнг улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб, у кишига: “Биз тоқатимиз етадиган насаларга намоз, рўза, жиҳод, садақаларга мукаллаф бўлган эди. Энди сизга бу оят тушди, бунга тоқатимиз етмайди-ку”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сиздан олдинги аҳли китоблар “Эшитдик ва итоат қилмадик”, дейишганди. Сиз ҳам шундай дейишни хоҳлайсизларми? Сиз: “Эшитдик ва итоат этдик. Роббимиз бизни кечиргин, қайтишлик Сенгадир”, деб айтингизлар”, дедилар. Саҳобалар бу ганпни айтиб, энди тиллари қимирлаган эдики, Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва олдинги оятни мансух қилди: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди... ”. Имом Муслим ривояти.
Муфассирлар айтади: “Ичингиздаги нарсани ошкор ёки яширсангиз ҳам Аллоҳ сизни у билан ҳисоб қилади...”, ояти нозил бўлгач, Абу Бакр,Умар, Абдурроҳман ибн Авф, Муоз ибн Жабал ва бошқа ансорийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб, тиззалари билан тиз чўкдилар ва: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки бизга мана шундан кўра қаттиқроқ оят нозил бўлган эмас. Бизнинг хаёлимизга ўзимиз хоҳламаган қанча нарсалар келади. Дунёдаги бор нарсалар бизники бўлиши кўнглимиздан ўтади. Биз хаёлимизга келган нарсалар билан ҳам ҳисоб қилинсак, Аллоҳга қасамки, ҳалок бўлдик”, дедилар. У киши: “Шундай нозил қилинди”, дедилар. Улар: “Ҳалок бўлдик, тоқатимиз етмайдиган нарсага мукаллаф бўлдик”, дейишди. Пайғамбар (с.а.в.): “Эҳтимол сизлар Бани Исроил Мусога айтган гапни айтишни хоҳларсизлар. Улар “Эшитдик ва осий бўлдик”, дейишганди. Сизлар “Эшитдик ва итоат этдик”, деб айтингизлар”, дедилар. Асҳоб “Эшитдик ва итоат этдик”, дейишди.Лекин бу оят уларга оғир ботди ва шу туришларида туриб қолдилар. Шунда Аллоҳ таоло енгиллик ва роҳатни нозил қилди: “...Аллоҳ бирор жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди...” ва ушбу оят билан олдинги оятни мансух қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Албатта Аллоҳ умматимдан мадомики амал қилмасалар ва тилларига чиқармасалар, қалбларига келган нарсани кечди”, дедилар.