Аллоҳ таоло: «Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу Уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан бехожат бўлган Зотдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят), деб айтган.
1270/1. Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» шаҳодатини айтиш, намозни адо қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва рўза тутиш», дедилар. Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Термизий ривоятлари.
1271/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ бизга хутбада: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳ таоло сизларга ҳаж қилишни фарз этди. Шундай экан, ҳаж амалини адо қилинглар», деганларида, буни эшитаётганлардан бири: «Ҳар йилими, эй Расулуллоҳ?» деган эди, у зот уч марта сўралганида ҳам сукут қилдилар. Кейин: «Агар ҳа, деб айтсам, шарт бўлиб қолади. Қодир бўлганингизча адо этаверинг», дедилар. Сўнг яна у зот: «Сукут қилиб сўзламаган нарсани савол бериб сўраманглар. Чунки сизлардан аввалгилар кўп савол бергани ва Пайғамбарларига ихтилоф қилгани сабабли ҳалок бўлишди. Агар сизларга бирор нарса буюрсам, қодир бўлганингизча амал қилинг. Агар бирор нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинглар», деб айтдилар». Имом Муслим ривояти.
1272/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қайси амал афзал?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳ ва расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин қайси?» дейилганида, у зот: «Аллоҳ йўлида жиҳод», дедилар. «Кейин қайси?» дейилганида, у зот: «Ҳажжи мабрур, яъни гуноҳ содир этилмаган ҳаж», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1273/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳаж амалини адо этсаю, унда беҳаё нарсаларни ва гуноҳ ишларни содир қилмаса, худди онасидан янги туғилган боладек (уйига) қайтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1274/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир умра иккинчи умрага қадар орсидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Мабрур ҳаж, яъни гуноҳ содир этилмаган ҳаж учун жаннатдан бошқа мукофот йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1275/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули! Биз жиҳодни амалларнинг энг афзали, деб биламиз, жиҳод қилайликми?» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Лекин жиҳодларнинг энг афзали гуноҳ содир этилмаган ҳаждир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
1276/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло арафа кунидагичалик бошқа бирор кунда кўп бандаларини дўзахдан озод қилмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1277/8. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда адо этилган умра ҳаж баробарида ёки мен билан ҳаж қилган баробарида бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1278/9. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ бандаларига ҳаж қилишни фарз этганида отамнинг ёши улғайиб қолган эди. Уловда мустаҳкам тура олмасди. (У ҳажни адо этмай вафот этди.) Мен отам номидан ҳаж қилсам бўладими?» деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бўлаверади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1279/10. Лақийт ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу Зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Отам кексайиб қолдилар. На ҳаж ёки умра қилиш ва на йўл юришга қодир эмаслар», деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Отанг номидан ҳаж ва умра қилавергин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1280/11. Соиб ибн Язиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдим. Ўшанда етти ёшда эдим». Имом Бухорий ривояти.
1281/12. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Равҳо деган жойда отлиқларга йўлиқдилар. Ва: «Сизлар кимсизлар?» дедилар. Улар: «Мусулмонлармиз», дейишди. Улар: «Ўзингиз кимсиз?» дейишди. У зот: «Аллоҳнинг расулиман», дедилар. Бир хотин боласини кўтариб турган эди, Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам «Мана шу бола ҳам ҳаж қилиши мумкинми?» деб сўради. У зот: «Ҳа, ҳажи ҳаж бўлиб, сенга савоб бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1282/13. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир туя устида ҳаж қилдилар. Юклари ҳам ўша туя устида эди. Имом Бухорий ривояти.
1283/14. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Укоз, Мижанна ва Зулмажоз бозорлари жоҳилият давридаги бозорлар эди. Саҳобалар гуноҳга ботсак керак, деб гумон қилиб ҳаж мавсумида савдо қилишдан ўзларини тийишар эди. Кейин Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 198-оятини нозил қилди: «(Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир». Имом Бухорий ривояти.