Барака бинт Саълаба Ҳабашия (р.а.). Куняси Умму Айман. Барака бинт Саълаба Ҳабашия (р.а.). Куняси Умму Айман.
Отаси Саълаба ибн Амр ибн Ҳусайн ибн Молик ибн Салама ибн Амр ибн Нўъмон.
Умму Айман (р.а.) асли ҳабашистонлик қул ва чўри авлодидан эди. Шунинг учун уни кўпроқ Умму Айман Ҳабашия деб ҳам аташган. Умму Айман Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг оналари Омина бинт Ваҳбнинг чўриси эди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туғилганларидан бошлаб ходима сифатида энагалик қилган. Бир куни Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг оналари Омина бинт Ваҳб эрининг тоғаларини йўқлаб Мадинага йўл олади. Зиёратдан қайтиб келаётганда Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган жойда тўсатдан вафот этади. Умму Айман онасидан ажраган олти ёшли бола, яъни Расулуллоҳни Маккага, боболари Абдулмутталибга олиб бориб топширади. Ўша вақтнинг таомилига кўра вафот этган хожанинг қул ва чўрилари болаларига мерос тариқасида ўтар эди. Шу тариқа Умму Айман (р.а.) ўзи энагалик қилган боланинг хизматкорига айланди.
Абдулмутталиб Расулуллоҳни ўз тарбиясига олган бўлса ҳам Умму Айман энагалик қилишда давом этади.
Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Хадича бинт Хувайлид (р.а.)-га уйланиб, унинг хонадонига кўчиб ўтганларида Умму Айманни озод қиладилар. Шундан сўнг у Расулуллоҳнинг мавлолари - озод қилган чўрилари деб аталадиган бўлди.
Озодликка чиққач, Умму Айман (р.а.) Убайд ибн Зайдга турмушга чиқиб, ундан ўғил кўради ва исмини Айман қўяди. Убайд ибн Зайд (р.а.) Ҳунайн ғазотида шаҳид бўлганидан кейин, Умму Айман (р.а.) Зайд ибн Ҳориса (р.а.)га турмушга чиқади. Ундан Усома ибн Зайд туғилган.
Умму Айман (р.а.) биринчилар қаторида имон келтирганлардан ҳисобланади. Унинг фазилат ва хислатлари ҳақида «Табақот» ва «Исоба» китобларида Усмон ибн Қосимдан қуйидаги ривоят келтирилади: «Умму Айман (р.а.) ҳижрат қилган вақтида йўлда Мунсарифдан ўтиб, Равҳога етай деб қолганида жуда чанқади. Суви йўқ эди. Рўза тутиб олганидан чанқоқ уни роса қийнади. Шунда унга осмондан челакда сув тушди. Ундан тўйгунича ичди. У доимо: «Ушандан кейин ҳеч қачон чанқамадим. Иссиқ кунларда рўза тутиб, чанқайдиган ҳолатларга дуч келдим. Аммо ўша сувни ичганимдан кейин сира чанқамадим. Қаттиқ иссиқ кунларда рўза тутардим, аммо чанқамас эдим», дер эди».
Мадинада Расулуллоҳнинг оилаларига аввалгидан ҳам кўпроқ яқин бўлиб, ихлос билан хизмат қилар, аёлларга хос ҳар бир хизматда Умму Айманнинг (р.а.) иштироки бор эди.
Умму Айман (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг деярли барча сафарларида бирга бўлган. Жумладан, Уҳуд, Хайбар ва Хунайн жангларида ва Макка фатҳида У зот билан бирга қатнашган.
Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Умму Айман (р.а.)ни жуда яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. У ҳақда жуда кўп маротаба: «УммуАйман онамдан кейинги онам. Аҳли байтимнинг қолгани», дер эдилар. Умму Айман (р.а.)нинг тиллари чучукроқ бўлгани боис баъзи ҳарф ва сўзларни аниқ айта олмас эди. Саломлашганда, «салом лаа алайкум» дер эди. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу аёлга «ас-Салом» дейишга изн берганлар.
Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ вафотларидан кейин Абу Бакр бир куни Умарга: «Юр, Расулуллоҳ зиёрат қилганларидек, Умму Айманни зиёрат қилиб келамиз», дедилар. Биз олдига борганимизда у йиғлади. Икковлари: «Нимага йиғлайсан? Ахир Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса У Зотнинг Расули учун яхши-ку?!» дедилар. «Мен буни билмаганим учун йиғлаётганим йўқ. Мен осмондан келаётган ваҳий узилиб қолгани учун йиғлаяпман», деди. Умму Айман икки зиёратчини ҳам ҳаяжонлантириб юборди. Иккови ҳам унга қўшилиб йиғладилар».
Маълумотларга кўра, Умму Айман (р.а.) 23/645 йили зулҳижжа ойининг 27 куни, халифа Умар (р.а.)дан йигирма кун кейин вафот этган. Қабри Мадина шаҳрида.
"101 улуғ саҳобий" китобидан
Орқага Олдинга