Одамнинг имони заифлашса, моддий хоҳишлари кучайиб кетади. “Яшашдан мақсад – лаззатланиш, еб-ичиб маза қилиб қолиш” шиорини олға сурган кимсанинг қалби қотиб, маънан тубанлашиб боради. Оқибатда фақат қорнини ўйлайдиган худбинга айланади. Ейишдан бошқа ғам-ташвиши бўлмайди унинг. Қуръони карим бу борада ҳам нафсни ислоҳ қилади – очкўзликдан қайтаради, таом истеъмолида ўртача бўлишга чақиради: “(Эй одам болалари!) Еб-ичинглар, фақат исроф қилманглар! Зотан, (Аллоҳ) исроф қилувчи кимсаларни яхши кўрмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).
Очкўзлик зеҳнни ўтмаслаштиради, қалб гавҳарини хиралаштиради. Чунки нафси бузуқнинг хаёли ширин таомларда бўлади. Бора-бора инсонийлик хусусиятини йўқотиб, ҳайвонсифат кимсага айланади. Қуръони каримда бундай иллат “кофирларнинг сифати” дейилган: “Кофир кимсалар эса (мана шу дунё ҳаётининг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонларидек еб-ичадилар ва дўзах уларнинг жойлари бўлади” (Муҳаммад сураси, 12-оят).
Дин-диёнатсиз кимса охиратда ҳисоб бериш ҳақида ўйламайди, ҳаёт имкониятларидан тўла фойдаланишга мойил бўлади. Ҳайвонлар ҳам ҳеч нарсани ўйламай, дуч келган ем-ҳашакни еяверади. Ояти каримада улар ўртасида ўхшашлик борлиги эслатилмоқда .
Одам боласи ҳалқумига эҳтиёт бўлсин. Овқат экан, деб дуч келган нарсани еб юборавермасин. Нафси хоҳлаган нарсани еявериш, бу биринчидан, саломатликка зарар, иккинчидан қалбимизни кирлантиради. Аллоҳ биз еяётган озуқадан насл пайдо қилади. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб таомланиш – энг покизасини, сингадиганини, ўзига лойиғини ейиш зарур.
Илгари табиблар шаҳарма-шаҳар юриб, бемор борми, деб касал ахтараркан. Ҳозир-чи, беморлар шифокорлар қабулида навбат кутиб ўтиради. Нега? Чунки инсонлардан парҳез кетган. Бу ерда гап шифокор тавсия этган парҳез ҳақида эмас, тақводорлик ҳақида кетяпти. Энг аввало, ҳалол билан ҳаром таомнинг фарқига бориш талаб этилади. Зеро, ҳалолдан озиқланиш танамиз ҳамда қалбимиз саломатлиги гаровидир.