Биринчи усул.
Олий даражадаги зеҳнли киши деб, бирданига Қуръоннинг аввалидан охиригача пишиқ ёд олувчига айтилади. Бу даражани сақлаш учун киши ёд олган сураларини умрининг охиригача қайтариб туриши керак.
Ҳар бир порани ёдлаганини устоздан ўтказиб, Китоб охиригача шу тартибда давом эттиради. Ёд олган қисмининг имтиҳони учун ҳар йили рамазон ойида хатми Қуръонга ўтиши шарт қилинади.
Иккинчи усул.
Бу – диёримизда кўп йиллар синаб кўрилган намунавий услуб, ҳар бир талаба ўз қобилиятига яраша ёд олишга мўлжалланган тартиб. Бу усул қуйидаги кўрсатмага биноан беш марта қайтариб ёдлашдан иборат:
1. Дастлаб беш қатордан, зеҳн очилгач ўн-ўн беш қатордан (яъни, бир бетдан) ёд олиб борилади. Шу тартибда борган сари ёд олиш қобилияти ошиб, 2, 3, 4 бет, ҳатто ундан ҳам кўпроқ ёдловчилар бўлади.
Бунинг қизиқарли томони шундаки, талаба ёдлаганини устоздан бир марта ўтказганича такрорламасдан янги дарс олиб ёдлаб боради. Шу тартибда бир йилнинг ўзида Қуръонни бир марта тўлиқ ёдлаб ўтказади.
2. Иккинчи қайтариш. Бунда ёдланган сураларни иккинчи марта яна пишитиб ёдлайди. Ҳар куни олган вазифаси 2 бетдан 5 бетгача бўлади.
Аввал ёдлаганларини қайтадан охиригача етказиш муддати тахминан олти ойга боради.
3. Учинчи қайтариш. Ҳар кунлик вазифа ярим порадан, зеҳни сустроқлар эса икки кунда ярим порадан устозга ёддан ўқиб беради. Муддат тўрт ойга чўзилади.
4. Тўртинчи қайтариш. Ҳар куни ярим порадан тиниқ қироатда устоздан ўтказилади. Муддат икки ойга боради.
5. Бешинчи қайтаришда ҳар куни бир порадан бир ой давомида устоз олдида тўлиқ ёддан ўтказади.
Дастлабки таълим тартиби.
Устоз ўқиб берганини шогирд кузатиб хат юзасидан қараб туради. Сўнг ўқиб устоздан ўтказади.
Иккинчи қайтаришда шогирд сабоқни ёддан ўқиб беради. Кейин устоз янги сабоқни ўқиб беради.
Учинчи, тўртинчи, бешинчи қайтаришда фақат шогирд ўқиб беради, устоз тинглайди.