loader

Қуръонни тез ўқиса бўладими?

 

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни шошилмасдан, ҳарфларни дона-дона қилиб ўқиганлар, саҳобаларга ҳам шуни ўргатганлар. Саҳобаи киромлар ўзларидан кейинги авлодларга Қуръонни шошмасдан ўқишни тайинлашган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Қуръон ўқинглар, у билан қалбларингизни ҳаракатга келтиринг. Лекин биронтангизнинг нияти сурани тезроқ тамомлаб олиш бўлмасин ”.
Қуръон ўқиганда фақат тил эмас, қалб ҳам ҳаракатланади. Қалбни ҳаракатлантириш оятларни тушуниш билан бўлади. Зеро, тиловатда руҳ бўлиши керак. Бунинг учун Қуръон ўқишни бошлаганда, “Қачон сура охирига етаркинман”, деган фикрдан йироқ бўлинг. Чунки бу нарса тадаббурга халал беради.
Ривоят қилинишича, Абу Ҳамза машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Мен Қуръонни тез ўқийман. Уч кунда хатм қиламан”, деганида, Ибн Аббос: “Мен тунда Бақарани тадаббур билан оҳиста ўқишим сенга ўхшаб қироат қилишдан яхшироқ”, деб айтган .
Қуръон ўқишдан мақсад нима? Маъносини тушуниш, албатта. Шундай экан, шошилиб, пала-партиш ўқигандан кўра хаёлни бир ерга жамлаб қироат қилган афзал. Қуръон ўқиганда фақат савоб олишни эмас, Каломуллоҳ мазмунини англашни ҳам мақсад қилинади.
Ибн Қаййим айтади: “Битта сурани тушуниб, хаёлни бир жойга қўйиб қироат қилиш сураларни кетма-кет ўқишдан яхши. Тез қироат қилишнинг савоби кўпроқ бўлсаям тадаббур билан ўқиш афзалроқ”.

 

 

 

Орқага Олдинга