Салафлар асрларга татигулик ҳаёт йўлини босиб ўтдилар. Улар ўзларидан кейинги авлодларга йўлчи юлдуз бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ажойиб авлодни тарбиялаганлар. Бутун инсоният ҳалигача улар билан фахрланиб келади.
Бу муваффақиятнинг сири нимада? Нега одамлар салафлар ҳақида фақат илиқ сўзларни айтишади, уларни эслаганда тилларидан бол томади?
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Бақара сурасини ўн икки йилда ўрганди. Уни тўлиқ ўзлаштиргач, битта туя сўйди ”.
Саҳобалар маърифат булоғидан сув ичиб камолга етишган. Улар Қуръон оятларини ёдлаш билан чекланишмаган, ҳукмларини ҳам пухта ўрганишган, Қуръонга астойдил амал қилишган. Шу сабаб Қуръонни аста-секин ёдлаб боришган, икки-уч йилда тўлиқ ёдлаб қўяқолишмаган. Масалан, Ҳазрат Умар Бақара сурасини ўн икки йилда (!) ёдлаган. Бақарани қалбига жойлагач, бунинг шукронасига битта туя сўйган.
Умар ибн Хаттоб Бақара сурасини ёдлаб, ҳукмларини ўрганишни жуда улуғ неъмат деб билган. Қалби бир олам қувончга тўлганидан туя сўйиб қурбонлик қилган.
Айрим одамлар кутилмаганда мўмай даромадни қўлга киритишса, дарров ошна-оғайниларини чақириб, қўй сўйиб, дастурхон тузаб хурсандчилик қилишади. Улар буни дунё учун қилишади. Ҳазрати Умар эса туяни Аллоҳ йўлида қурбон қилган. Энди солиштиринг: Хаттоб ўғлининг хурсандчилиги билан кутилмаганда қўлга киритилган даромаддан сармаст бўлганлар шодлиги орасида қанча фарқ бор?! Улар нима учун ич-ичидан қувонишяпти-ю, солиҳ салафлар севинчи боиси не бўлган?!
Байҳақий айтади: “Бизга Молик ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар Бақара сурасини саккиз йилда ўрганган экан ”.
Умар ибн Хаттобнинг ўғли Абдуллоҳ ҳам (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин!) Бақара сурасини ёдлаш учун анча умрини сарфлаган. Бу борада – таъбир жоиз бўлса – от изини той босган десак, муболаға бўлмайди.
Аслида Бақара сурасини бир неча ойда ёдлаб олса бўлади. Аммо Қуръонни том маънода мукаммал ёдлаш, уни қалбига сингдириш учун анча йил керак.
Салафлар Қуръонни обдон ўрганишган, пухта ёд олишган, қалбларига жо бўлган ҳукмларни ҳаётларига татбиқ этишган. Шу боис бўлса керак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Орамизда кимда-ким Бақара билан Оли Имрон сурасини ёдласа, уни улуғ инсон деб билардик”, деган.
Ривоят қилинишича, Абу Абдураҳмон Суламий: “Биз ўн оят ёдлаб, уни (пухта) ўрганмагунча кейинги ўн оятга ўтмайдиган қавмдан Қуръон таълимини олганмиз. Биз Қуръон ҳамда унга амал қилишни баравар ўрганардик. Биздан кейин шундай қавм келади. Улар Қуръонни сув қилиб ичиб юборадилар. Аммо ўмровларидан нарига ўтолмайди, ҳатто мана бу ердан юқори кўтарилмайди”, деб қўлини бўғзига қўйган .
Саҳобалар Қуръонни беш-ўн оятдан ўрганишган, пишиқ ёдлаб, ҳукмларини ўзлаштириб Қуръонга амал қилишган. Кейин бошқа оятларга ўтишган. Қуръонни мукаммал ўрганиш мана шундай бўлади.
Аждодларимиз Қуръонни тил учида ўқиб қўйишмаган, чин юракдан ҳис этишган, маъносини қалбларига жойлашган, Қуръон билан яшашган. Уларнинг муваффақияти сири ҳам шунда эди.
Салафлар қалбидаги имон тоғдек мустаҳкам эди. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Қуръонга муҳаббат руҳида тарбиялаганлар, Ислом умматига ўрнак бўладиган салоҳиятли авлодни етиштирганлар. Саҳобалар бу илмни, салоҳиятни, тақвони тобеинларга, тобеинлар эса табаа тобеинларга мерос қилиб қолдиришган. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин!
Орқага Олдинга