loader

Қуръон ўқиш одоблари

 

 

 

Қуръон Аллоҳнинг Каломидир. Бу Китобни ўқишнинг ўзига хос одоблари бор. Жумладан:
1. Қуръон ўқишдан олдин таҳорат олинади .
2. Оғиз мисвок билан тозаланади.
3. Покиза жойда қироат қилинади.
4. Қироатга халақит берадиган нарсалар олиб қўйилади.
5. Қироат қилаётган киши Аллоҳнинг Каломини ўқиётганини қалбдан ҳис этади.
6. Қуръонни фақат Аллоҳ розилиги учун ўқийди.
7. Қироатни бошлашдан олдин “Аувзу биллааҳи минаш шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳмаанир роҳийм”, дейилади.
8. Қуръон тартиб билан ўқилади. Шунингдек, икки сура орасида бир сура ташлаб кетилмайди.
9. Қироатни бошлашда, тўхтатишда оятлар маъносига эътибор берилади. Уламолар: “Қисқа сурани тўлиқ қироат қилиш узун суранинг бир қисмини ўқишдан яхшироқ”, дейишган . Абдуллоҳ ибн Абу Ҳузайлдан ривоят қилинишича, улар оятнинг бир бўлагини қироат қилиб, қолганини ташлаб кетишни ёқтиришмасди .
10. Икки оят орасида тўхташ. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир оятдан кейин нафас ростлаб, сўнг келаси оятга ўтардилар.
11. Қори имкон қадар овозини чиройли қилади. Бунда тажвид қоидаларига амал қилинади, Қуръонни ҳар хил оҳангга солиб ўқилмайди.
12. Агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ҳам ўқиса бўлади. Мабодо қироатда янглишиб кетиш хавфи бўлса, уловда тиловат қилиш макруҳдир.
13. Эснаётганда Қуръон ўқилмайди. Тиловат вақтида эснашга тўғри келса, тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпилади.
14. Намоздан ташқарида тиловат қилганда ҳам – иложи бўлса – қиблага юзланилади.
15. Қуръон ўқувчи виқор билан, бошини қуйи солиб, устози олдида ўтиргандек одоб сақлайди. Тик туриб ёки тўшакда ётган ҳолда ҳам ўқиса бўлади, лекин ўтириб қироат қилиш афзал . Узрсиз ҳолда ёнбошлаб олиб Қуръон ўқиш одобга зид.
16. Ўқилаётган оятлар мазмунини тушунишга ҳаракат қилади. Борди-ю, арабчани билмаса, Аллоҳнинг Каломини ўқиётганини қалбдан ҳис этади.
17. Қуръон ҳақида баҳслашиш мумкин эмас. Ҳадиси шарифда  айтилади: “Қуръонни қалбларингиз ошно бўлган ҳолда ўқинг! Агар ихтилоф қилсангиз, ўша заҳоти туринг ”.
Яъни, агар Қуръонни тушуниш борасида низо келиб чиқса, Қуръон ўқишни тўхтатинг. Токи бу ихтилоф  фитна келтириб чиқармасин .
18. Сажда оятини ўқиганда тиловат саждаси адо этилади.
19. Қуръон хатмидан кейин дуо-илтижо қилинади.

 

 

 

Орқага Олдинга