Уламолар “Қуръонда бир-биридан афзал сура ёки оятлар борми?” деган масалада турли фикрларни айтишган. Жумладан, Ашъарий ва Қози Абу Бакр: “Қуръоннинг баъзи оятлари баъзисидан устун эмас. Чунки бирининг афзаллиги бошқасининг ноқислигига далолат қилади. Аллоҳнинг Каломи бундай нуқсон-камчиликлардан холидир”, дейишган. Баъзилар: “Бу нарса ҳадислар зоҳирий маъносидан келиб чиқиб айтилган. Бунга “Фотиҳа – Қуръондаги энг афзал сура” ҳадисини мисол қилиш мумкин” деб айтишган. Яна бошқа тоифалар: “Сура ёки оятлар афзаллиги уларнинг ажр-савоби улуғлигини англатади” дейишган. Бошқа тоифа уламолар: “Бу нарса лафз жиҳатидандир. Зеро, Оятул курсий, Ҳашр сурасининг охирги оятлари ёки Ихлос сурасидаги сўзлар Аллоҳ таолонинг Яккаю Ягоналигини, улуғлигини англатади. Мазкур маънолар Масад сурасида мавжуд эмас” деб айтишган.
Биз мусулмонлар Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси Аллоҳнинг Каломи деб эътиқод қиламиз. Қуръон ҳақида бирон сўз айтишга, Унинг оятларини баҳолашга на ҳақимиз, на ҳадимиз бор. Аммо айрим сура ёки оятлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон сўз айтган бўлсалар, у зотнинг муборак ҳадисларини ҳақ деб биламиз, уларга ўзимидан ҳеч нарса қўшмасдан тақлид қиламиз .
Қуръон суралари фазилати ҳақида жуда кўп ривоятлар келтирилган. Улар ичида саҳиҳи ҳам, заифи ҳам бор. Аммо тўқима ҳадислар ҳам йўқ эмас. Баъзилар, “Одамларни Қуръон ўқишга тарғиб қиламан”, деб ҳар бир сура фазилати ҳақида ҳадис тўқиган. Ривоят қилинишича, Ибн Маҳдий Майсара ибн Абдураббиҳдан: “Ким манави сурани ўқиса, мана бундай фазилатга эришади, деган маънодаги ҳадисларни қаердан эшитгансан?” деб сўраганида, “Одамларни Қуръон ўқишга қизиқтириш учун ўзим тўқидим”, деб айбини тан олган .
Яна бир ривоятда айтилишича, Нуҳ ибн Абу Марямга: “Сен Қуръоннинг ҳар бир сураси фазилати ҳақида Икрима устози Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларни қаердан эшитдинг?” деб савол берилганида, “Қарасам, одамлар Қуръондан юз ўгириб, Абу Ҳанифанинг фиқҳи, Ибн Исҳоқнинг “Мағозий”си билан машғул бўлиб қоляптилар. Шунда савоб умидида ўша ҳадисларни ўзим тўқидим”, деб жавоб қилган .
“Қуръон – қалблар шифоси” китобида имкон қадар саҳиҳ ва ҳасан санадли ривоятларни жамлашга ҳаракат қилдик, шунингдек, заиф ривоятларни ҳам келтирдик. Агар ривоят санади заиф бўлса, уни қувватлайдиган бошқа ривоятларни топишга интилдик. Бунда улуғ муҳаддислар китобига суянган ҳолда иш тутдик. Ожизона ҳаракатимизни мўмин-мусулмонлар учун фойдали қилишини Аллоҳ таолодан сўраймиз!
Орқага Олдинга