Таквир сурасида қиёмат қоим бўлганда қуёш ўраб-йиғиштириб қўйилиши, юлдузлар, тоғлар, денгизлар ва бошқа катта-кичик мавжудотларда рўй берадиган ўзгаришлар баён этилган.
Инфитор сурасида инсон қилган амаллари ҳақида ҳисоб бериши, тириклигида қилинадиган ҳар битта иш унинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзилиб туриши зикр қилинган, қиёмат куни ҳақида маълумотлар келтирилган.
Иншиқоқ сурасида банда доим эзгу ёки ёмон ишлар билан банд бўлиши, ҳаётлик вақтида бажарган амаллари ҳақида охират куни жавоб бериши, гуноҳкорларга азоб-уқубатлар бўлиши, солиҳ бандалар учун улуғ мукофотлар тайёрлаб қўйилгани эслатилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким қиёмат кунига ишонч кўзи билан назар солишни истаса, Таквир, Инфитор, Иншиқоқ сураларини ўқисин ”.
Мазкур уч сурани тадаббур билан ўқилса, қиёмат куни бўладиган ҳодисалар инсон кўз ўнгида намоён бўлади. Бу ҳолат бандани охиратни эслашга, ўлимга ҳозирлик кўришга, қиёматда ҳисоб беришни ўйлашга ундайди. Натижада инсон нафсини тергайди, ўзини сарҳисоб қилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муоз ибн Жабал хуфтон намозда узун сурани қироат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, унга хитобан:
– Эй Муоз, сен фитначимисан?! Аъло, Зуҳо, Инфитор (каби) сураларни ўқисанг бўлмайдими? – дедилар .
Бу воқеа тафсилоти қуйида келтирилади.
Орқага Олдинга