Юқоридаги кўрсатмалардан равшан бўладики, шариати исломия эр-хотин орасидаги келишмовчилик чидаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолганда ва ўнгланишлари мушкул бўлган ўринда талоқга ижозат беради. Аксинча, никоҳ риштасини арзимаган бахоналар билан бузиш Аллоҳ таолога номақбул бўлгани боис имкон қадар ундан сақланиш лозим. Чунки, талоқ сабабли аёлнинг дили чилпарчин бўлиб, эр-хотин обрўйига путур етиб қолмай насл, яъни фарзандларга ҳам таъсир қилиб, хонадон низомини издан чиқаради. Талоқ ортидан келадиган ёмон таъсирлар фақат эр-хотингагина таъаллуқли бўлиб қолмай, балки томонлар, қабилалар орасида низо келиб чиқишига замин бўлади. Талоқнинг салбий жиҳатлари аста-секинлик билан ривожланиб, келажакда юз берадиган мудҳиш ҳолатларга муқаддима вазифасини ўта беради.
Ришта узулишига сабаб ё восита бўладиган нарсаларни шариати исломия чиройли тарзда юганлаб, тўлиқ бир тартибга келтириб қўйган. Сабабсиз талоқ олиш ё талоқ беришга нақлларда қаттиқ ваъидлар баён қилинган. Улардан бир нечтасини қуйида келтирилади:
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:
“Уйланинглар!! Талоқ қўйманглар!! Зеро, талоқдан арш силкинад қимирлайди” [Маъорифул Қуръон. Ж. VII. Б. 477.].
Муъоз ибн Жабар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
“Эй, Муъоз! Аллоҳ таоло ер юзида Ўзига талоқданда ёмонроқ нарсани яратмади. Ва Аллоҳ таоло ер юзида Ўзига итоқданда яхшироқ нарсани яратмади. Бир киши ўз қулига: “Ин шаъ Аллоҳ сен ҳурсан” деса, бас у озатдир. У(итоқ) учун истисно йўқ. Аёлига: “Ин шаъ Аллоҳ сен талоқсан” деса, У (талоқ) учун истисно бор ва унга асосан талоқ бўлмайди” дедилар” (Доруқутний ривояти).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қай бир аёл тангликсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаром бўлади”, дедилар” (Термизий ривояти)[Термизий шариф. Ж. I. Б. 226.].
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аёлларни шубҳадан талоқ қилинглар. Зеро, Аллоҳ тало татигувчи (эркак)ларни ва татигувчи (аёл)ларни яхши кўрмайди”. (Баззор ва Табароний ривояти).
Ушбу ҳадисда “Аллоҳ тало татигувчи (эркак)ларни ва татигувчи (аёл)ларни яхши кўрмайди” деб келтирилган. Ундан мурод асалидан татиб кўриш мақсадида уйланувчи эркак ва тушрмушга чиқувчи аёл назарда тутилган. Улар бир аёлни ё бир эркакни татиб кўргандан кейин бошқа бир аёлни ё эркакни татиб кўришни истайдилар. Ана ўшаларни Аллоҳ таоло яхши кўрмайди. Бундай ҳолатга келиб қолишдан Алоҳ асрасин.