Эр-хотин ўртасидаги алоқаларни мустаҳкам қилиш учун шариат кўплаб кўрсатмалар берган. Улар қуйида баён қилинади:
1. Никоҳдан олдин икки ёш бир-бирини хулқ-атвори ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши лозим. Келишмовчилик ва турли зиддият чиқмаслиги учун ойлавий муҳит, қиз ва ўғил табиати, бири икинчисини кўриб ҳотиржам бўлиб, маслаҳатлашгандан кейин истихора қиладилар;
2. Никоҳдан кейин эркак кишига қуйидагилар тушунтирилади. Аллоҳ таоло раҳмати ила никоҳ риштаси боғланди. Аллоҳ таоло томонидан боғланган ҳар бир ишда бахт ва саодат бор деб билиб, турмуш ўртоғи билан яхши муомала қилади. Аёли томонидан содир бўлган турли янглиш ишларни яхши томонини ўйлайди. Аёлига хушмуомалалик билан илтифот кўрсатади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламўзларининг бир ҳадисларида нафсга таъсир қилувчи бир кўрсатмани берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўмин мўминага ғазаб қилмайди. (Чунки) У(аёл)ни бир одатини ёмон кўрса, у(аёл)ни бошқа хулқини яхши кўради” дедилар” (Муслим ривояти)[Мушкотул масобиҳ. Ж. II. Б. 28.].
Энг яъши тавсия шуки, аёлни ёмон одатларига кўз юмиб, яхши хулқларига эътибор қаратиш лозим. Қуръони каримда ҳам бу ҳақда қуйидаги оят ворид бўлган:
“Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо 19-оят).
Шунингдек, аёллар ўз эрларига итоат қилишлари борасида бот-бот таъкидланган ҳукмлар ворид бўлган. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бирор кишини бирор кишига (фаразан) сажда қилишга буюргувчи бўлсам, аёлни ўз эрига у(эр)ни ҳаққи ун(аёл)да кўп бўлгани боис сажда қилишга амр қилган бўлар эдим”, дедилар” (Байҳақий ривояти[Тафсири ибн Касир. Ж. I. Б. 642.).
Қуръони каримда солиҳ ва яхши аёл сифатида ўз эрига итоат қилувчи аёл зикр қилинган.
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир” (Нисо 34-оят).
Яхши, солиҳа аёл эри ҳокимяти ва раҳбарлигига ўзини таслим қилиб, уни фармонларига итоат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз эри амрига итоат қилувчи аёлларни мақтаганлар. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси аёл ўз эрига тобеъ бўлиб, итоат қилса, ҳаводаги қушлар, денгиздаги балиқлар, самодаги фаришталар ва ўрмондаги дарандалар истиғфор айтадилар” деганлар”[Баҳрул муҳит би ҳаволаи маъорифул Қуръон. Ж. II. Б. 399.].
Эр-хотин ўртасидаги алоқалар тўғрисида Қуръон ва ҳадисда келган кўрсатмаларнинг хулосаси шуки, никоҳ риштасини мустаҳкамлаб, илдиз оттиришга замин яратиш даркор. Шу боис одатда эр-хотин орасида ўтиб турадиган гапларга асосланиб аёлига талоқ қўйиш яхши иш эмас. Юқорида икки ёш никоҳлангандан кейин никоҳни мустаҳкамлаш учун йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди. Ушбу кўрсатмаларни бажаришга эр-хотиндан бирортаси лоқайтли қилса ва шу сабабли икки ёш орасида келишмовчилик ҳамда тортишув юзага келса, шариат ўзаро сулуҳ ва маслаҳат воситасида орадаги зиддиятни кетказишга буюради. Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликга барҳам беришни тўртта йўли айтилган. Улардан учтаси эркакга тегишли бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
“Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир” (Нисо 34-оят).
“Маҳосинут таъвийл”да оят шарҳ сифатида шундай дейилган: “Фақиҳлар: “Аёлни уриш – уни жароҳатлаш, суякни синдириш ҳам ва бирор жойига таъсир кўрсатиш ҳам эмас. Юзга зарба беришдан сақланиш лозим, чунки у ҳусун маркази ҳисобланади. Аёл баданининг бир жойига қайта-қайта урилмайди. Балки, турли жойига уриш лозим. Чунки, бир жойга уришда зарар кўпайиб кетади”. Баъзилар ҳасса ва қамчи билан урмай, балки учи тугилган дастрўмол ё қўли билан уриш лозим деб, таъкидлаганлар. Ато эса, мисвак билан урилади деган” [Тафсирул қосимий ал-мусаммо маҳосинут таъвил. Ж. V. Б. 287).].
Ушбу оятда эр-хотин ўртасини келиштиришнинг уч босқичи, яъни эркакларга боғлиқ жиҳатлари баён қилинмоқда. Улардан биринчиси, аёлга яхши насиҳат қилиб тушунтириш, аёлга тушунтиришнинг ўзи кифоя қилмаса, иккинчи босқич, ётоғини алоҳида қилиб қўйиш, бу орқали эрни норозилигини тушуниб, ўз феълига надомат қилсин. Агар ушбу чиройли огоҳлантиришлар ҳам у аёлга кор қилмаса, яъни димоғдорлиги ва қинғирлигидан қайтмаса, кейинги учинчи даража, ислоҳ мақсадида енгил уринглар. Уришнинг шаръий даражаси, суяк синадиган ё баданда асари қолиб кетадиган ҳайсиятда бўлмаслигидир. Юзга умуман уриш мумкин эмас. Чунки, у ҳусун маркази ҳисобланади.
Уриб-тепиш жазони энг охиргисидир. Арзимаган ва юзаки айблар туфайли уриш яхши эмас. Заруратсиз ё заруратдан зиёда ургувчилар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ворид бўлган.
Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Аби Зубобдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг чўрилари (бандалари)ни урманглар” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Расуллоллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Аёллар ўз эрларига журъатли бўлиб кетдилар” дедилар. Бас, улар(аёллар)ни уришга (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) изн бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонодони атрофида кўплаб аёллар ўз эрларидан шикоят қилиб, айланиб қолдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оиласи атрофида ўз эрларидан шикоят қилиб кўп аёллар айланиб қолди. У(ўз аёлларини заруратсиз ё заруратдан зиёда урувчи)лар сизларнинг яхшиларингиз эмас” дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Жазодан кейин аёл тўғри йўлга келиб, муомалалари дурусланса ва ундан кейин ўзи истаган пайтда аёли ортидан тушиб уни айбларини қидириши дуруст эмас. Юқорида келтирилшган услубларни қўллаш натижасида хонадонда юзага келган келишмовчиликлар барҳам топади. Эр-хотин ўртасида келиб чиққан низо ва можороларни ислоҳ қилишда мазкур тарбиявий кўрсатмалар иш бермай қоладиган даражага етиб келиб, хонодонда содир бўлган ишлар ташқарига чиқиб кетиш хавфи бўлиб, у сабабли эр-хотин орасида уруш аланга олиб, жанжаллашиб, бир-бирини айблай бошласалар, шу ўринда ҳам Қуръони карим яраштиришнинг тўртинчи босқичини баён қилди:
“Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир" (Нисо 35-оят).
Қуръони каримнинг покиза ва шарафли кўрсатмасига биноан амал қилинса кўча ва бозорда эр-хотин жанжалини тарқалиши ўрнига хонадоннинг ўзида у ихтилофга барҳам берилади. Яқин қариндошларнинг хайрхоҳлиги сабабли эр-хотин ўртасида иттифоқлик ва аҳллик кўрини пайдо бўлади. Юқорида зикр қилинган Қуръони карим оятларидан қуйидаги фойдалар олинади:
1. Қуръони карим икки томондан эр-хотинни яраштириш учун тайин қилинган шахсларни ҳакам деб, атади. Ҳакам жанжалга чек қўя олиши ва ҳукм чиқаришга салоҳиятли бўлиши лозим. Бу салоҳиятлар илмли ва диндор шахсларда бўлади;
2. Икки ҳакамни юборишдан мақсад эр-хотин ўртасини ислоҳ қилиш бўлсин ва икки ҳакамни икки ёш мухтор (нима ҳукм чиқаришса мен унга розиман деган тарзда) ҳакам қилиб тайинлашса, яъни у иккисини учинчи шахс сифатида тайинлаб, улар чиқарган ҳукмга розимиз десалар. У икки ҳакам ушбу вазиятда мухтор ҳакам бўлиб қоладилар. Натижада, у икки ҳакам талоқга иттифоқ қилсалар, талоқ тушади. Хулуъ ё бирор суратга келишсалар эр-хотин у иккиси томондан чиқарилган ҳукмга итоат қилишлари лозим бўлиб қолади. Бу Ҳасан Басрий (р.а.) ва Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабларидадир;
3. Икки ҳакам яхши ниятда ва чин дилдан у икки эр-хотин ўртасини яхши бўлишини хоҳлаб ишга киришишса, албатта Аллоҳ таолонинг ғойбий мадади натижасида муваффақиятга эришадилар. Зеро, оятда “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради” ғойибий мададга ишора бор. Ҳакамларда яраштириш истаги ё ихлос бўлмаса, эр-хот орасида мувофиқлашиш топилмайди. Чунки, оятда аниқ ва равшан тарзда “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради” деб, таъкидланган[Руҳул маъоний. Ж. IV. Б. 39-41.];
4. Юқорида келган кўрсатмаларнинг барчаси бесамар кетса, у икки эр-хотин орасидаги жуда қаттиқ зиддият сабабли душманлик пайдо бўлади. Натижада, никоҳ риштаси самара бериш ўрнига азоб беради. Бундай ҳолатда никоҳ риштасини узмаслик зулмдир. Аксинча, бундай ўринда никоҳ риштасини тугатиш эр-хотин ва у иккиси хонадонига роҳат ҳамда саломатлик бағишлайди. Бир киши чиройли гап айтган экан:
“Афсонани охиригача етказиш мумкин бўлмаса, яхшиси уни тарк қилиш афзал”.
Тўрт босқични босиб ўтгандан кейин талоқ қўйишга рухсат берилади. Лекин, шу билан бирга эрга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қуйидаги ҳадисларини бот-бот эслатилади:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).
“Ал-Қаҳстоний”да “Таҳовий”нинг шарҳидан: “Икки эр-хотин орасида жанжал чиқса, суннат иккисини яраштириш учун икки томонни бир жойга жамлашдир. Шунда ҳам эр-хотин келиша олишмаса, талоқ қўйиш, хулуъ қилиш жоиз бўлади. Бу айни оятда зикр қилинган ҳукмдир” деб нақл қилиниб келтирилган [Шомий. Ж. V. Б. 87.].