loader
Аллоҳнинг амри келди. Бас, унинг тезроқ келишини талаб қилмай қўя қолинг. У зот улар келтираётган ширклардан пок ва олий бўлди.
У Ўз амри ила фаришталарни руҳ-ваҳий билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига: «Огоҳлантиринглар. Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга тақво қилинглар», деб нозил қиладир.
У осмонлару ерни ҳақ ила яратди. У улар ширк келтираётган нарсалардан олий бўлди.
У инсонни нутфадан яратди. Энди эса, у(инсон) очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди.
У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам.
Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида чиройли-жамол бор.
Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб борадир. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир. (Яъни, Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони Карим мазкур: «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади», жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.)
Йўлларнинг мақсаддагиси Аллоҳга оиддир. Улардан эгриси ҳам бордир. Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қилган бўларди. (Бу дунёда ҳиссий йўлларга ўхшаб, маънавий йўллар ҳам кўпдир. Ўша маънавий йўллар ичида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор: Энг тўғри йўл, яъни, мақсадга эриштирадиган, икки дунё саодатига олиб борадиган йўл–Аллоҳ йўлидир.)
У осмондан сувни туширган зотдир. Сизга ундан шароб ва ҳайвон ўтлатадиган дарахт бордир.
У ўша(сув) ила сизга экинларни, зайтунни, ҳурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирадир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
У сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Бу оятда зикри келган нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидир. Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун икковидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.)
Ва сиз учун ерда турли рангда қилиб яратган нарсаларини ҳам (хизматкор қилди). Албатта, бунда эслайдиган қавмлар учун оят-белги бордир. (Аллоҳ таоло ер ости бойликларини ҳам инсонга улуғ неъмат ўлароқ берди. Ранглари хилма-хил бўлган бу неъматларнинг ҳаммаси инсон учун беминнат хизмат қилади. Ўша неъматларни ер остидан топиб олган баъзи инсонларгина бир-бирларига миннат қиладилар, холос.)
У денгизни сиз ундан тоза гўшт ейишингиз, ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун, унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасан, ҳамда унинг фазлини талаб қилишингиз учун хизматкор қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз. (Аллоҳ таолонинг сувдаги неъматлари ҳам жуда кўпдир. Ушбу оятда улардан баъзилари зикр қилинмоқда.)
У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз.
Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар.
Яратадиган зот яратмайдиган зот каби бўлурми? Ўйлаб кўрмайсизларми?
Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида эса, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо қила билмайди. Агар Аллоҳ ҳамма неъматлари учун тўла-тўкис шукрни талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди.)
Аллоҳ нимани сир тутаётганингизни ва нимани ошкор қилаётганингизни биладир.
Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлари ҳеч нарсани ярата олмаслар. Ҳолбуки, ўзлари яратиладилар.
Ўликлардир, тирик эмаслар ва қачон қайта тирилтирилишларини билмаслар.
Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар.
Шубҳасизки, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас.
Қачонки, уларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилса, улар: «Аввалгиларнинг афсоналарини», дерлар.
Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Мазкур кофирлар куфрлари, Қуръонга иймон келтирмай юрганлари ва одамларни Қуръондан тўсганлари учун етарли жазо оладилар. Қиёмат кунида улар ўз гуноҳларини тўлалигича кўтарадилар, яъни, шунга яраша жазога йўлиқтириладилар. Бунга қўшимча равишда, ўзлари жаҳолат ила Қуръонга қарши ташвиқот олиб бориб йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан баъзисини ҳам кўтарадилар. Унга яраша қўшимча жазо ҳам оладилар. Ўз гуноҳларига бошқаларнинг гуноҳларини ҳам қўшиб кўтарадилар.)
Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилганлар. Бас, Аллоҳ биноларини пойдеворидан йиқитди. Шифт уларнинг устига қулаб тушди. Ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди.
Сўнгра қиёмат кунида У зот уларни хор қиладир ва: «Сизлар улар ҳақида тортишиб юрган Менинг «шерикларим» қани?» дер. Илм берилганлар: «Бугунги кунда хорлик ва ёмонлик кофирларгадир», дерлар.
Фаришталар уларнинг жонларини ўзларига зулм қилган ҳолларида олгандир. Улар, ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик, дея таслим бўлурлар. Йўқ! Албатта, Аллоҳ нима амал қилиб юрганингизни билгувчи зотдир.
Бас, жаҳаннам эшикларидан, унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг! Бас, мутакаббирларнинг қайтар жойи қандоқ ҳам ёмон! (Бу дунёда мутакаббирлик билан динни инкор қилганингиз, одамларни дин йўлидан қайтариб, адаштирганингиз учун жаҳаннам эшикларидан киринг. Кирганда ҳам, унда абадул-абад қоладиган бўлиб киринг. Мутакаббирларнинг жазоси шу бўлади.)
Ва тақво қилганларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилди. Улар: «Яхшиликни», дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхшидир. (Мушрикларга «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилганида, «Аввалгиларнинг афсоналарини», дейишган эди. Чунки улар динга, Қуръонга ўтган авлодларнинг афсонаси, эскилик сарқити, деб қарадилар. Шунинг учун ёмон оқибатга учрадилар. Ўша мушрик ва кофирлардан фарқли ўлароқ тақводорлар яхши оқибатга эришдилар.)
У адн жаннатидир. Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар.
Фаришталар уларнинг жонларини пок ҳолларида ола туриб: «Сизларга салом бўлсин. Қилиб юрган ишларингиз туфайли жаннатга киринг», дерлар. (Ҳа, ўлим фаришталари ҳам тақводорлар билан гўзал муомалада бўладилар. Уларнинг жонларини олишда мулойимлик билан, пок ҳолларида салом бериб туриб, жаннатга киришларини айтиб башорат берадилар.)
Улар ўзларига (ўлим) фаришталарини ёки Роббингнинг (азоб) амри келишига интизор бўлиб турибдиларми? Улардан олдингилар ҳам шундай қилган эдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилган эдилар.
Бас, қилган ёмон амаллари ўзларига етди ва истеҳзо қилган нарсалари ўзларини ўради. (Яъни, уларга ёмонлик ташқаридан келгани йўқ. Ўзлари ўзларининг бошларига етдилар. Қилган ёмон амалларига яраша жазо олдилар, холос.)
Ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам Ундан ўзга ҳеч нарсага ибодат қилмас эдик ҳамда Унинг ҳукмисиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик», дедилар. Улардан олдингилар ҳам шундай қилганлар. Пайғамбарлар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бор, холос. (Аллоҳ таоло инсонни ҳидоятга ҳам, залолатга ҳам қобилиятли қилиб яратди. Сўнгра хоҳлаган йўлини танлашни ихтиёрига ҳавола этди. Шунга яраша уларга ақл ва сезги аъзоларини берди. Шунингдек, Пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилди ва шариатлар жорий этди.)
Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди. Бас, ер юзида сайр қилиб юриб ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг. (Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди. Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ.)
Агар сен уларнинг ҳидоятига ўта қизиқсанг ҳам, Аллоҳ залолатга кетказган кимсаларни ҳидоят қилмас. Уларга нусрат бергувчилардан бўлмас.
Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар. Йўқ! Бу, У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар. (Йўқ! Эй мушриклар, сиз айтаётган гаплар бехуда гаплардир. Ўлганларни қайта тирилтириш, Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Ўлганларни албатта қайта тирилтиради.)
Уларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларини баён қилиб бериш учун, куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун (қайта тирилтиради).
Агар Биз бир нарсанинг бўлишини ирода қилсак, унга «бўл» демоғимиз кифоя. Бас, ўша нарса бўладир.
Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал (жойга) жойлаштирурмиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар.
Улар сабр қилган ва Роббиларига таваккал қилганлардир. (Муҳожирлар ана ўша қийинчиликларга, машаққатларга, азоб-уқубатларга сабр қилган улуғ кишилардир. Улар Аллоҳнинг розилиги учун сабр қилган ва бу аснода фақат Роббиларига таваккал этган ҳамда фақат Унгагина суянган зотлардир.)
Биз сендан олдин ҳам фақат эр кишиларни юбориб, уларга ваҳий қилганмиз. Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз.
Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар. (Қуръони Каримнинг исмларидан бири «зикр» эканини бошқа жойларда ҳам айтиб ўтган эдик. Ушбу оят ҳам уни «зикр» деб атамоқда. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сени эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр–Қуръон ила юбордик.)
Макр ила ёмонликлар қилганлар, Аллоҳ уларни ерга ютқазиб юборишидан ёки уларга кутмаган томонларидан азоб келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!
Ёхуд уларни ҳаракатлари асносида олишидан, улар У зотни ожиз қолдирувчи бўла олмасликларидан хотиржаммилар?! (Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни ҳаракатда бўлиб, шаҳарма-шаҳар кезиб, сайру саёҳат ёки бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрганларида ҳам олаверади. Аллоҳни ожиз қолдириб қочиб қутула билмайдилар. Нимага ишониб кофир ҳолида юрибдилар?)
Ёки У зот уларни хавфсираб турган ҳолларида ҳам олишидан (хотиржаммилар?!). Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
Ахир улар Аллоҳ яратган ҳар бир нарсанинг соялари ўнгга, чапга мойил бўлиб, Аллоҳга сажда қилиб ётганини ва улар бўйсунувчи эканини кўрмайдиларми?! (Барча мавжудотларнинг Аллоҳ жорий этган қонун-қоидаларга бўйсунишларини ушбу ояти карима, Аллоҳга сажда қилиш, деб таърифламоқда.)
Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар. Улар мутакаббирлик қилмаслар.
Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар.