loader
Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир.
У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, биладир, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, биладир. Ва У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли зотдир.
Куфр келтирганлар: «Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга албатта келур. У зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт.
Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун. Ана ўшаларга, мағфират ва гўзал ризқ бордир. (Қиёмат қоим бўлиши заруратдир. Бу дунёда иймон келтириб, ўша эътиқод тақозоси ила жонининг роҳатидан кечиб, куч-қувват, зеҳн-заковат ва пул-мол сарфлаб яхши амалларни қилганлар бор. Улар бу дунёнинг ўзида яхши ишлари учун мукофотларини тўла олмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам: «Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун» қиёмат қоим бўлиши заруратдир.)
Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиргувчи бўлиш учун ҳаракат қилганларга эса, ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир.
Илм берилганлар сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани айни ҳақ деб ва азиз ва мақталган зотнинг йўлига ҳидоят қилур деб билурлар. (Барча ҳақиқий илм соҳиблари сенга, эй Пайғамбар, Роббингдан нозил қилинган Қуръон ҳамманинг устидан ғолиб ва ҳамма томондан мақталган зотнинг–Аллоҳ таолонинг йўлига ҳидоят қилади деб биладилар.)
Куфр келтирганлар эса: «Сизларга бутунлай титилиб битган чоғингизда албатта янгитдан яратилишингиз хабарини бераётган кишини кўрсатайликми?!
У Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидими ёки жинни бўлиб қолдими? « дедилар. Йўқ! Охиратга иймон келтирмайдиганлар азобда ва йироқ залолатдадирлар.
Ахир, улар осмону ердаги, олдиларидаги нарсаларни, ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми?! Агар хоҳласак, уларни ерга ютдириб юборурмиз ёки устларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бунда (Аллоҳга) қайтгувчи ҳар бир банда учун оят-белги бордир. (Охиратдаги қайта тирилишни инкор этаётган кофирлар, осмону ердаги, олдиларию ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми? Уларнинг тўрт тарафида Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга қодир эканига, ҳужжатлар тўлиб ётибди-ку! Агар ақллари ишламаётган бўлса, кўзларини очиб, ҳушларини жойига келтириб қўйишимиз мумкин.)
Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам», (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик. (Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У киши темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.)
Ва унга: «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик.
Ва Сулаймонга шамолни (бердик). У(шамол)нинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тотдирамиз. (Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол бир кундузда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди. У киши мисдан қийинчиликсиз хоҳлаган нарсаларини ясайдиган бўлдилар.)
У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир.
Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. (Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса, Сулаймон кузатиб турибди, деб ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони маълум миқдорда еганидан кейин асо жойидан сурилган ва Сулаймоннинг алайҳиссалом жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар.)
Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахотон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.)
Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик. («Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради. «Сидр» бутасиймон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.)
Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз.
Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кетма-кет қишлоқлар қилиб, улар орасидаги юришни ўлчовли этиб қўйган ва «Уларда кечалар ҳам, кундузлар ҳам омонлик-ла юраверинг» (деган эдик). (Аллоҳ таоло сабаъликлар билан ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳар-қишлоқлар орасидаги йўлларда қишлоқлар бино қилиб қўйган эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар қийналмасдан қишлоқлар орқали манзилларига бемалол етиб олар эдилар.)
Улар: «Эй Роббимиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дедилар ва ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва бутунлай парча-парча қилиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир.
Батаҳқиқ, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашдилар.
Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукумронлиги бўлмас эди. Магар, Биз охиратга иймон келтирадиганни, унда (охиратда) шаки бордан айришимиз учун бўлди. Роббинг ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир. (Иблисда одамларни ўз йўлига мажбур қилиб юритиш учун имкон ҳам, ҳукумронлик ҳам йўқ. Унинг иғвоси ва васвасаси ҳам ўз-ўзидан таъсир қилавермайди. Аллоҳ таоло фақат охиратга иймони борларни иймони йўқлардан айириш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун шу йўлни ишга солди, холос. Бўлмаса, Аллоҳ таоло кимнинг қандайлигини азалдан яхши билар эди.)
Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилган (илоҳларингизга) дуо қилаверинглар-чи?! Улар осмонлару ерда зарра вазнича нарсага молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ«, деб айт.
У зотнинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати манфаат бермас. Токи қалбларидан қўрқинч кетгач: «Роббингиз нима деди?» дерлар. «Ҳақни», дерлар. У олий ва буюк зотдир. (Қиёмат куни ҳамма ўзи билан овора бўлади. Ҳатто, улуғ Пайғамбарлар ҳам, фаришталар ҳам бирор нарса дейишга тортиниб қоладилар. Бировга шафоатчилик борасида оғиз оча олмайдилар. Шафоат қилишга Аллоҳ таолонинг ўзи изн бериб, шароит яратиб бермагунча қўрқинч ичида чурқ этмай турадилар.)
Сен: «Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?» деб айт. «Аллоҳ. Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз».
Сен: «Сизлар биз қилган жиноятдан сўралмассиз, биз эса сиз қилган амалдан сўралмасмиз», деб айт.
Сен: «Роббимиз бизларни жамлар, сўнгра ҳақ ила орамизни очиқ қилур. У ўта очгувчи ва ўта билгувчидир», деб айт.
Сен: «У зотга шериклар қилиб тиқиштирганларингизни менга кўрсатинг. Йўқ! Фақат азиз ва ҳаким бўлган Аллоҳгина бордир», деб айт.
Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар. (Кофирлар, эй Пайғамбар, эй мўминлар, агар сизлар бизни қўрқитиб, албатта қиёмат бўлади, деб бераётган ваъдангизда ростгўй бўлсангиз, айтинг-чи, бу ваъда қачон рўёбга чиқади, дейдилар.)
Сен: «Сизга бир куннинг ваъдаси бор. Ундан бир он ортга ҳам қола олмассиз, олдин ҳам кета олмассиз», деб айт. (Сизга ваъда қилинган кун қиёмат кунидир. Унинг ваъдаси бор. У ваъда албатта амалга ошади. Ундан сиз қочиб қутила олмайсиз. Бир онки, уни ортга ҳам, олдга ҳам сура билмайсиз. У айни берилган вақтида бўлади.)
Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмаймиз», дедилар. Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар. (Қуръонга ҳам, ундан олдинги китобларга ҳам ҳеч қачон иймон келтирмаймиз, деган ўша золимларни қиёмат куни маҳшаргоҳда Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида ҳар бири ўзини оқлаш учун бир-бирига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ажойиб бир ҳолатни, яъни, бу дунёдаги мутакаббирлик, манманлик ва туғёндан асар ҳам қолмаганини кўрар эдинг. Улар иккига бўлиниб олиб, бир-бирларига айб ағдаришларини кўрар эдинг. Айб сизларда, сизларнинг гапингизга кириб, биз ҳам кофир бўлдик, мана, оқибат нима бўлди?! дейдилар.)
Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизга ҳидоят келганидан кейин биз сизни ундан тўсдикми?! Йўқ! Ўзингиз жиноятчи бўлдингиз», дерлар.
Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ! Кечаю кундузнинг макр-ҳийласи (тўсди). Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга куфр келтиришимизга, Унга тенгдошлар қўшишимизга амр қилар эдингиз», дедилар. Улар азобни кўрган чоғларида надоматни ичларида тутдилар. Биз куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар фақат қилиб юрган амалларига яраша жазоланурлар.
Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. (Ояти каримада биз «маишатбозлар» деб таржима қилган тоифа маишатга берилиб, барча нозу-неъматларга эга бўлиб олиб ҳукмини ўтказган, кишиларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олган шахслардир. Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Аҳли Макканинг маишатбоз катталари у зотга (с. а. в.) юборилган динга куфр келтирганларини эълон қилдилар. Оддий халқни ҳам у зотга (с. а. в.) эргашишдан қайтардилар. Бу иш барча замон ва маконда бўлиб келгантакрорланса, ажабланиши керак эмас.)
Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар.
Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.
На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар. (Ҳа, инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди.)
Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир. (Кимки, Аллоҳ таолонинг дини таъсирини тўсишга уринган бўлса, гарчи молу дунёси ва бола-чақаси кўп бўлса ҳам, азобга дучор қилинадилар.)
Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир». (Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва ҳоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.)
Уларнинг барчаларини жамлайдиган, сўнгра У зот фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилган эдиларми?» дейдиган кунда.
Улар: «Сен поксан! Сен бизнинг валиймизсан! Улар эмас! Йўқ! Улар жинларга ибодат қилар эдилар. Кўплари ўшаларга иймон келтиргувчидирлар», дерлар. (Араблар ичида жинларга ибодат қиладиганлар кўп эди. Шунинг учун ҳам суранинг аввалида Сулаймоннинг алайҳиссалом жинларга муносабати келтирилди.)
Бугунги кунда бир-бирингиз учун манфаатга ҳам, зарарга ҳам молик эмассизлар. Ва зулм қилганларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқариб юрган оловнинг азобини татиб кўринг», дермиз.
Қачонки уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинса: «Бу сизни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқни ирода қиладиган одам, холос», дедилар ва «Бу тўқилган уйдирмадан бошқа нарса эмас», дедилар. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган чоғда: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дедилар.
Ҳолбуки Биз уларга дарс оладиган китобларни бермаган эдик. Шунингдек, сендан олдин уларга бирор огоҳлантиргувчи ҳам юбормаган эдик.
Улардан илгари ўтганлар ҳам (Пайғамбарларни) ёлғончи қилган эдилар. (Булар) уларга берган нарсаларимизнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. Бас, Пайғамбарларимни ёлғончи қилдилар, аммо Менинг инкорим қандоқ бўлди?!
Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт. (Хоҳласангиз, биров ҳалақит бермаслиги учун якка-якка туриб фикр юритинг. Хоҳласангиз, жамланиб, бир-бирингизни тўғрилаб, кўплашиб фикр юритинг. Фикрланг, ўйлаб кўринг-а! Соҳибингиз, биродарингиз ва ўзингиз яхши таниган шахс бўлмиш Муҳаммадда (с. а. в.) жинга оид ҳеч нарса йўқ. У жинни ҳам эмас, жинлар билан алоқадор ҳам эмас. Уни яхши танир эдингиз. У эсли-ҳушли, ақлли, тафаккурли, вазмин ва обрўйли бир одамлигини яхши биласиз. У айтаётган гаплар ҳам жинларнинг сўзи эмас, очиқ-ойдин, бақувват ва ҳикматли. У сизлар айтаётгандек, жинни ҳам, шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмас.)
Сен: «Мен сизлардан ҳеч бир ажр-ҳақ сўрамадим. Бас, у сизга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У зот ҳар бир нарсага Ўзи шоҳиддир», деб айт.
Сен: «Албатта, Роббим ҳақни отур. У зот ғайбларни ўта билгувчидир», деб айт. (Қуръон Роббим отган энг кучли ҳақдир. Ҳаққа қарши чиқиб нима қиласизлар?)
Сен: «Ҳақ келди! Ботил бошлай олмас ва қайтара ҳам олмас», деб айт.
Сен: «Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир», деб айт.