loader
Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ўта илмли Аллоҳ томонидандир.
У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир.
Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақатгина куфр келтирганлар талашиб-тортишурлар. Бас, уларнинг юртларда айланиб юришлари сени алдаб қўймасин. (Кофирлар ҳукм ва султонга, бошқа нарсаларга эга бўлишлари мумкин, бу ҳоллар мўмин кишини алдаб қўймаслиги керак.)
Улардан олдин Нуҳ қавми ва улар кетидан келган фирқалар ҳам ёлғончи қилган эдилар. Ҳар уммат ўз Пайғамбарини тутишга қасд қилди ва ҳақни йўқотиш учун ботил ила мужодала этди. Бас, Мен уларни тутдим. Бас, Менинг иқобим қандай бўлди! (Ана ўша ўтган умматлардан ҳар бири ўз Пайғамбарини тутиб, ўлдирмоқни қасд қилди. Суи қасд кофирларнинг қадимий одати.)
Куфр келтирганларга ҳам Роббингнинг (азоб) сўзи худди ана шундай ҳақ бўлди. Албатта, улар дўзах эгаларидир.
Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбиҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўраб: «Эй Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. (Аллоҳ таолонинг Аршини инсон идрок қила олмайди, инсон аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагиларнинг ҳам ҳақиқатини билмайди. Билгани–Аршни кўтариб турадиган, атрофини ўраб олган зотлар борлигидир. Улар модомики Аршни кўтариб турган эканлар, шунга яраша куч-қувват ва мақом-мартабага эгадирлар.)
Эй Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сенинг Ўзинг азизу ўта ҳикматли зотсан.
Ва уларни ёмонликлардан сақла, ўша куни кимни ёмонликлардан сақласанг, батаҳқиқ, унга раҳм қилибсан. Ана ўша буюк ютуқдир», (дерлар).
Албатта, куфр келтирганларга: «Иймонга чақирилганингизда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг ғазаби сизнинг ўзингизга (ҳозирги) ғазабингиздан каттароқдир», деб нидо қилинур.
Улар: «Эй Роббимиз, Сен бизни икки марта ўлдирдинг, икки марта тирилтирдинг. Бас, биз гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди чиқишнинг бирон йўли борми?» дедилар. (Улар она қорнида руҳ киргунича жонсиз ҳолда ётганларини ва ёруғ дунёда ўлиб, кўмилганларини икки марта ўлиш демоқдалар. Онанинг қорнида бир марта ва қиёмат куни иккинчи марта тирилтирдинг. Сенинг ҳар бир нарсага қодир эканингни ҳам эътироф қилдик.)
Бундай бўлишингиз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига даъват қилинганида, куфр келтирганингиз, Унга ширк келтирилса, иймон келтирганингиз учундир. Бас, ҳукм олий ва улуғ Аллоҳникидир.
Унинг Ўзи сизга оят-белгиларини кўрсатадиган, осмондан сизга ризқ туширадиган зотдир. Фақат қайтадиган кишигина англар. (Ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтадиган, тавба қиладиган, кўрган-билганидан ваъз-насиҳат оладиган кишиларгина англаб етадилар.)
Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг.
У даражаси юксак, Арш эгаси бўлган зотдир. У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мулоқот кунидан огоҳлантириши учун руҳни туширур. (Мулоқот- учрашув кунидан мурод қиёматдир. Руҳдан мурод эса, ваҳий ва уни олиб келувчи фариштадир.)
Ўша кунда улар зоҳир бўлурлар. Аллоҳга улардан бирон нарса махфий қолмас. Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир! (Қиёмат кунида одамлар кўмилиб ётган жойларидан чиқиб, зоҳир бўлиб, кўриниш берадилар. Бандаларидан содир бўлган бирон нарса Аллоҳ таолога махфий қолмас, аммо бу ҳақиқатни қиёмат куни ҳақида алоҳида такрор айтишдан мақсад кофир, мунофиқ ва осийлар, қилган ишларимиз тўполоннинг ичида махфий қолса ажаб эмас, деган ўйда бўлсалар, ўша хаёлни кўтариш учундир.)
Бугунги кунда ҳар бир жон ўзи қилган касбга яраша жазо олур. Бугунги кунда зулм йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилгувчи зотдир.
Сен уларни яқинлашгувчи кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ. (Яқинлашгувчи кун қиёмат кунидир. У ҳадемай келиб қолади. Кўзни очиб юмгунча рўй беради. Одамлар ўша кундан огоҳ бўлсинлар. У кун оғир кун бўлади. Ҳаёти дунёда куфр ва ширк ила зулмга юрган кишилар учун ёнини оладиган дўст ҳам, гапига қулоқ соладиган шафоатчи ҳам бўлмайди.)
У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.)
Аллоҳ ҳақ ила ҳукм қилур. Ундан ўзга илтижо қилаётганлари эса, ҳеч нарса билан ҳукм қилмаслар. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир.
Ахир улар ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Ўшалар улардан кўра қувватлироқ ва ер юзида асарлари кўпроқ бўлган эдилар. Бас, Аллоҳ ўшаларни гуноҳлари сабабли тутди. Уларга Аллоҳдан ўзга бир сақловчи бўлмади.
Бундай бўлишининг сабаби шуки, уларга Пайғамбарлари келар эдилар, улар эса, куфр келтирдилар. Бас, Аллоҳ уларни тутди. Албатта, у кучли ва иқоби шиддатли зотдир.
Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оятларимиз ва очиқ ҳужжат ила юбордик.
Фиръавнга, Ҳомонга ва Қорунга. Бас, улар: «(Бу) сеҳргар ва каззоб», дедилар.
Мусо уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ ила келган чоқда, улар: «У билан бирга иймон келтирганларнинг ўғилларини қатл қилинглар, қизларини тирик қолдиринглар», дедилар. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдан бошқа нарса эмас. (Бани Исроилни ўзига қул қилиб олган Фиръавн бу халққа турли азоб-уқубатларни ёғдирар, нима қилиб бўлса ҳам, уларни қулликда ушлаб туриб, ўз фойдаси учун ишлатишга уринар эди. Ўзига қарши ёш йигитлар бош кўтариши мумкинлигини яхши билганидан, қолаверса, атрофидаги гумашталаридан, мулкига Бани Исроилдан туғиладиган бола завол бўлишини эшитганидан кейин Бани Исроилда туғиладиган қиз болага тегмасдан, ўғил болаларни ўлдиришга фармон берган эди. Мусо алайҳиссалом келиб, Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар этиб юборилганларини айтганларидан кейин Фиръавннинг хавфи яна ҳам зиёда бўлди ва Бани Исроилнинг, яъни, Мусо алайҳиссаломга қўшилиб, иймон келтирганларнинг ўғил болаларини ўлдириш ҳақидаги фармонини янгилади.)
Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Роббига дуо қилсин. Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди. (Мантиқ билан муваффақиятга эриша олмаган, Пайғамбарни сеҳргар, каззоб, деб ҳам бирор наф топмаган золим подшоҳ энди куч ишлатишга ўтди. Туғёнга кетган ҳукмдор ўз тахтидан ажраб қолишдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашликка тайёр эканини кўрсатди. Ҳақ йўлга даъват қилувчини ўлдиришда Аллоҳни ҳам эътиборга олмаслигини билдирди. Роббига дуо қилса, қилаверсин, мен барибир уни ўлдираман, деди. Шу билан бирга, энг қизиғи, динни ҳимоя этаётган қилиб кўрсатди ўзини. Ер юзида бузуқилик бўлмаслиги учун курашяпман, деб иддио қилди.)
Мусо: «Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлган зотдан ҳисоб кунига иймон келтирмайдиган ҳар бир мутакаббирдан паноҳ сўрайман», деди.
Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етади. Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас. (Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссаломнинг «Аллоҳ Роббимдир» деган сўздан бошқа даъволар йўқ эди. Бу дегани Аллоҳ менинг яратгувчим, ризқ бергувчим, тадбиримни қилгувчи тарбиячим, дегани эди. Бу эътироф оддий ҳақиқат эди. Бунинг ёмон жойи йўқ эди. Буни ҳамма тан олиши керак эди. Бу нарса соф қалб ва оддий мантиқнинг тақозоси эди. Шунинг учун соф қалб эгаси бўлган киши томонидан бу ҳақиқат эълон этилди.)
Эй қавмим, бугунги кунда мулк сизникидир. Ер юзида юзага чиқиб турибсизлар. Агар бизга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизга ким ёрдам беради?!» деди. Фиръавн: «Мен сизга ўзим кўраётган нарсадан бошқани кўрсатмасман ва сизларни тўғри йўлдан бошқага йўлламасман», деди. (Яъни, меникидан бошқа фикрни қабул қилишингизга рози эмасман, билиб қўйинг, фақат менгина сизни тўғри йўлга бошлайман, деди.)
Иймон келирган киши: «Эй қавмим, албатта, мен сизга ҳам бошқа фирқалар кунига ўхшаш кун...
Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш ҳол бўлишидан қўрқаман. Аллоҳ бандаларга зулмни ирода қилмас.
Эй қавмим, албатта, мен сизларга нидолашув кунидан қўрқаман.
У кунда ортга қараб қочасиз. Сиз учун Аллоҳдан ҳеч бир қутқаргувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас.
Батаҳқиқ, бундан олдин Юсуф очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келди. Бас, сиз у ўзингизга келтирган нарсага шак келтириб, туриб олдингиз. Ниҳоят, у вафот этган пайтда: «Аллоҳ ундан кейин Пайғамбар юбормас», дедингиз. Аллоҳ шундай қилиб, исрофчи ва шубҳачи бўлган кимсани залолатга кетказди. (Эй қавмим, сиз Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига шубҳа қилиб, иймон келтирмай туриб олдингиз. Хуллас, Юсуф алайҳиссалом вафот этганида, ундан қутулдик, Аллоҳ томонидан Пайғамбар бўлиб келдим, дейдиган одам энди бўлмайди, дедингиз. Аллоҳ Юсуф алайҳиссалом ҳақида шубҳада туриб олган ўша ота-боболарингизни залолатга кетказгани каби, ҳар бир хусусда исрофгар бўлган ва динда шубҳа қилганларни ҳам залолатга кетказди. Мусо ҳақида исрофчи ва шубҳачи бўлманг, яна Аллоҳ сизни ҳам залолатга кетказиб қўймасин.)
Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўровон қалбни муҳрлар», деди.
Фиръавн деди: «Эй Ҳомон, менга бир баланд қаср бино қил, шояд сабабларга етсам.
Осмонларнинг сабабларига етсам, сўнгра Мусонинг Илоҳига боқсам. Албатта, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали зийнатланди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макр-ҳийласи зиёнкорликдан бошқа нарса эмас. (У вазири Ҳомонни баланд қаср қуришга буюрди. У қаср нима учун керак бўлиб қолганини ҳам айтди, осмонларга чиқадиган сабабларга, йўлларга етишсаму чиқиб Мусонинг худосини кўрсам. Мен Мусонинг Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбар эканига ишонмайман, ўзим осмонга чиқиб, унинг ёлғончи эканини исботламоқчиман, деди. Фиръавннинг бу гаплари қайси томондан олиб қаралганда ҳам қавмни алдаш, ўзини олий мақом қилиб кўрсатиш ва Аллоҳнинг динини инкор этишдан иборат экани билинади. Бу гаплар унинг инсофга келиб, тўғри йўлга тушмаслигидан дарак берарди.)
Иймон келтирган киши: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан.
Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир.
Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар.
Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?! (Мен сизни Аллоҳга, Унинг юборган Пайғамбарига иймон келтириб, нажотга эришишга чорласам, сиз мени куфрга чақирмоқдасиз, куфрга чақиришингиз дўзахга чақиришингиздир.)
Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз. Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман. (Сиз мени Аллоҳни инкор этиб, унга ибодат қилмасликка, худолигини билмаганим нарсани унга ширк келтириб, ўшанга ибодат қилишимга чақирмоқдасиз. Бу чақириғингиз асоссиз ва фойдасиздир.)
Ҳеч шубҳа йўқки, албатта, сиз мени унга чақираётган нарсанинг дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳаққи йўқдир. Албатта, қайтиб бораримиз Аллоҳгадир. Албатта, исрофчилар, айни ўшалар дўзах эгаларидир.
Ҳали мен сизга айтаётган гапларни эслайсизлар. Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир», деди.
Бас, Аллоҳ уни макрлари ёмонликларидан сақлади ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди. (Аллоҳ таоло мазкур мўмин кишини Фиръавн ва унинг одамлари макр-ҳийлаларининг ёмонликларидан қутқарди. Фиръавн аҳлини эса, ёмон азоб ўраб олди.)
У оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлганида эса: «Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар», дейилур. (Демак, ўша Фиръавн аҳлини ўраб олган ёмон азоб бир оловдир. Улар ўша оловга доимо, эртаю кеч кўндаланг қилиб туриладилар. Яъни, қабрларида қиёматгача олов билан азобланадилар.)
Ўшанда улар дўзахда бир-бирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга: «Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах насибамиздан бирор бўлагини даф қиласизларми?!» дерлар.
Мутакаббирлик қилганлар: «Албатта, ҳаммамиз унинг ичидамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ бандалар орасида ҳукм чиқариб бўлди», дерлар. (Бўлар иш бўлди, энди бу саволни бериб нима қиласизлар. Бу ерда у дунёдагига ўхшаб катта-бошлиқ ёки заифлигига қараб эмас, қилган амалига қараб ҳукм чиқарилар экан. Биз ҳам куфр келтирдик, сиз ҳам куфр келтирдингиз ва қилганимизга яраша ҳаммамиз жазоимизни олдик. Аллоҳ ҳукмини чиқариб бўлди. Ҳаммамиз жаҳаннамга тушдик.)
Дўзахда турганлар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин», дедилар.
Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар. Булар: «Ҳа», дейишди. Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар. (Жаҳаннам қўрқинчлари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар.