Мусо уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ ила келган чоқда, улар: «У билан бирга иймон келтирганларнинг ўғилларини қатл қилинглар, қизларини тирик қолдиринглар», дедилар. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдан бошқа нарса эмас. (Бани Исроилни ўзига қул қилиб олган Фиръавн бу халққа турли азоб-уқубатларни ёғдирар, нима қилиб бўлса ҳам, уларни қулликда ушлаб туриб, ўз фойдаси учун ишлатишга уринар эди. Ўзига қарши ёш йигитлар бош кўтариши мумкинлигини яхши билганидан, қолаверса, атрофидаги гумашталаридан, мулкига Бани Исроилдан туғиладиган бола завол бўлишини эшитганидан кейин Бани Исроилда туғиладиган қиз болага тегмасдан, ўғил болаларни ўлдиришга фармон берган эди. Мусо алайҳиссалом келиб, Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар этиб юборилганларини айтганларидан кейин Фиръавннинг хавфи яна ҳам зиёда бўлди ва Бани Исроилнинг, яъни, Мусо алайҳиссаломга қўшилиб, иймон келтирганларнинг ўғил болаларини ўлдириш ҳақидаги фармонини янгилади.)